Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Тошкентнинг босиб олиниши (1865)

Тошкентнинг босиб олиниши (1865)

19-аср ўрталарида Россия чор ҳукумати ўзбек хонликларини босиб олиш мақсадида Туркистон ўлкаси томон ҳарбий юриш бошлади. Бу вақт­да Тошкент ҳокимлиги Қўқон хонлиги таркибида эди. Рус қўшинлари Тошкент ҳокимлигига қарашли Оқмасжид (1853), Пишпак, Тўқмоқ, Янгиқўрғон (1860–61), Авлиёота, Туркистон ва Чимкент (1864) шаҳарларини қаттиқ жанглардан кейин босиб олди. Шундан кейин душман қўшинлари учун Тошкент томон юришга йўл очилди. Бу даврда Тошкент йирик иқтисодий, сиёсий ва стратегик шаҳар бўлиб, Қўқон–Россия савдо карвонлари Тошкент орқали ўтарди.

1864 йил 27 сентябрда генерал М.Г.Черняев бошчилигидаги рус қўшинлари Тошкентни эгаллаш учун Чимкентдан йўлга чиқадилар. Тошкент аҳолиси ҳам шаҳар мудофаасига тайёргарлик кўра бошлайди. Шаҳар қалин ва баланд девор билан ўралган бўлиб, 12 дарвозаси бор эди. Девор таш­қарисидаги чуқур хандақлар бу гал ҳам душман ҳужумини қийинлаштириш учун сувга тўлдирилади. 1864 йил 1 октябрь куни 8,5 ротадан иборат рус аскарлари Юнусобод томондан шаҳарга яқинлашиб Оққўрғон тепалиги (ҳозирги Тошкент обсерваторияси жойлашган тепалик)да ўрнашадилар, сўнгра шаҳарни қамал қиладилар ва тўплардан ўққа тутадилар. Тошкентликлар шаҳарни қаттиқ туриб ҳимоя қиладилар. Тошкент қамали ҳақида Қўқонга хабар берилгач, Қўқон хонлигининг лашкарбошиси Мулло Алим­қул тезда кўп минг кишилик қўшин тўплаб Тошкентга келади. Черняев қўшинлари билан Чимкентга чекинишга мажбур бўлади. Алимқул қўшини тошкентликлар билан биргаликда Туркистон шаҳри, бошқа шаҳар, кент ва қалъаларни душмандан озод қилиш учун 1864 йил ноябрда йўлга чиқадилар. Улар Туркистон шаҳри яқинидаги Иқон қишлоғида Тошкентни разведка қилиш учун жўнатилаётган рус қўшинларининг 100 кишидан иборат казак отрядини тор-мор қиладилар. Бироқ Алимқул ҳарбий юришни давом эттирмай Тошкентга қайтади. Бунга Қўқон хонлигидаги ички вазиятнинг кескинлашуви сабаб бўлган эди. Мулло Алимқул қўшинлари билан Қўқонга қайтиб кетади.

1865 йил 27 апрелда генерал Черняев қарийб 2000 кишилик қўшин ва 12 тўп билан яна Тошкент томон йўлга чиқиб Чирчиқ дарёси ёнидаги Ниёзбек қалъасини жанг билан эгаллади. Черняев айрим маҳаллий хоинларнинг, хусусан Абдураҳмонбек деган кимсанинг маслаҳати билан шаҳарни сувсиз қолдириш мақсадида Ниёзбек қалъаси ёнидаги Кайковус ариғи (Бўзсув канали) сув оладиган тўғонни буздириб ташлайди. Лашкарбоши Алимқул ўз қўшини билан Тошкентга етиб келади ва Ўрда саройида катта йиғин ўтказиб шаҳарни ҳимоя қилишга чақиради. Алимқул Бухоро амири Музаффархонни рус босқинчи қўшинларига қарши кураш ишига путур етказаётганликда айблайди.

Генерал Черняев 1865 йил 7 майда Ниёзбекда бир гарнизон қолдириб, қолган қўшинлари билан Тошкентга яқинлашиб келади. Қўқон қўшинининг Сиддиқ Тўра бошлиқ илғор (разведка) бўлими душманнинг бир отлиқ ва бир пиёда отряди бир тўп билан Қорасув бўйидаги Шўртепадан чиқиб Олтинтепа (ҳозирги «Буюк Ипак йўли» метро станцияси яқинида бўлган) орқали Салор ариғига томон келаётганлигини хабар қилади. Алимқул ҳам кўрсатилган йўналиш бўйича ўз қўшинларининг маълум қисми билан Дархонсой­ота ариғининг ўнг соҳили (ҳозирги тахминан Мустақиллик шоҳкўчаси билан Оққўрғон кўчаси туташган жой)да душманга муқобил туради. Бош қўмондон ҳарбий қароргоҳи ҳам Дархон соҳилига жойлаштирилади. Душман қўшинлари Салор сувидан ўтиб Тошкент ҳимоячиларига қарата тўпдан ўқ уздилар. Икки томон ўртасида қаттиқ жанг бошланиб кўп қурбонлар бўлди. Жангда Алимқул катта мардлик кўрсатди. Рус отряди Тошкент ҳимоячилари ҳужумига бардош бера олмай яна Тошкентнинг шимоли-шарқидаги Шўртепа манзилига чекинишга мажбур бўлади. Бу ғалаба шаҳарда катта шоду ҳуррамлик билан қарши олинса-да, ҳали ҳал қилувчи жанглар олдинда эди.

9 май куни эрталаб Шўртепада Тошкент ҳимоячилари душманга қарши ҳужумни бошлаб юбордилар. Жанг даҳшатли тус олиб, ҳар икки тарафдан кўп қурбонлар ва ярадорлар бўлди. Жангда Мулло Алимқул милтиқ ўқидан оғир ярадор бўлиб Тошкентда вафот этди ва 1865 йил 10 майда Шайхонтоҳур қабристонига дафн этилди. Сардорсиз қолган ҳимоячилар ўртасида парокандалик ва ваҳима бошланади ва улар Салор бўйига чекинадилар. Қўқон хонлиги аскарлари шаҳардан чиқиб ўз юртларига кетдилар. Тошкентда Қўқон хонлигининг қарийб 60 йиллик ҳукмронлиги тугади.

Тошкентда умумий тартибсизлик бошланиб, шаҳарда амалда ҳокимият барҳам топди. Лекин Черняев қўшинлари билан шаҳар ичига дарҳол бостириб киришга журъат этмади, қолган аскарлари тор-мор этилишидан қўрқди, чунки шаҳардаги ички аҳвол ҳали унга номаълум эди. Шу сабабли рус қўшинлари яна Шўртепага қайтиб, 17 майгача ўша ерда турди. Шу аснода Тошкент аъёнлари Қўқонга, Бухоро амири Музаффархонга ва Хива хонига ёрдам сўраб мурожаат қилади. Қўқонликлар ёрдам беришдан воз кечиб рад жавобини берди. Бухоро амири агар Тошкент ҳокимияти Бухоро ҳукм­ронлигини тан олса ва яқинда Тошкент хони этиб сайланган Султон Саидхонни амир қароргоҳига юборсагина Тошкентни ўз ҳимоясига олишни айтиб мактуб йўллади. Тошкент аъёнларида бирлик йўқ эди. Бир гуруҳи ҳамон Қўқонга, иккинчиси Бухорога умид боғлар эди. Учинчи гуруҳ асосан нуфузли савдо аҳли бўлиб, уларда савдо манфаатлари устун эди. Ниҳоят Бухоро тарафдорлари гуруҳи устун чиқиб, Тошкент хони Султон Саидхонни Бухорога жўнатдилар ва Бухоро амирлиги паноҳига ўтганликларини изҳор этдилар. Бу Тошкент ҳимоячиларининг руҳини тушириб юборди. Шаҳар ўз қисматига ташлаб қўйилди. Генерал Черняев фурсатни бой бермаслик учун Тошкентни қамал қилиб, Бухоро амирининг бетараф бўлишини истаб, унга хат йўллади. Бу хатда у Қўқон хонлигига қарашли ерларнинг деярли ярмини босиб олганини таъкидлаб, қўқонликлар тинчимасдан Иқонга ҳужум қилганини ёзади, уларни жазолаш мақсадида Тошкент остонасига рус қўшинини олиб келганини айтади. Айни вақтда Черняев ўзини амирга хайрихоҳ қилиб кўрсатади, агар зарур бўлса унга ёрдам беришга тайёр эканини айтиб, Қўқон тахтига Худоёрхонни ўтказишни таклиф қилади. Генерал босиб олинган ерлардан махсус Туркистон области тузилганини, ўзи областга ҳарбий губернатор қилиб тайинланганини ҳам ёзади. У Бухоро амирининг жавобини Тошкент остоналарида кутишини билдиради. Бу хатни олган Бухоро амири Тошкентни бос­қинчилардан ҳимоя қилиш учун тошкентликларга ёрдам беришга журъат этмайди ва Худоёрхонни Қўқон тахтига ўтказишга кўмаклашишга ҳаракат қилади. Шундай қилиб, генерал Черняев Тошкентни яккалаб қўйишга эришади.

Тошкентликларнинг барча ҳимоя кучларини шаҳар девори бўйлаб тарқатиш ва марказда ҳимоя кучларини қолдирмаслик мақсадида Черняев ўз қўшинлари билан шаҳар атрофида айланиб ҳужум қилиш учун қулай жой қидираётгандек бўлади. Мудофаачилар шаҳардан ташқарига чиқиб рус қўшинларига ҳужум қилмадилар. Черняев Тошкентни очарчилик ва сувсизлик воситаси билан олмоқчи бўлди. Шаҳарда фақат қудуқлар сувидан фойдаланиб турилди, озиқ-овқат заҳираси тугади.

1865 йил 6 июндан 7 июнга ўтар кечаси Черняев шаҳарга ҳужум қилишга уриниб кўрди. Шаҳарда умумий тартибсизлик кучайиб борди. Бундан фойдаланган генерал Черняев аскарлари 1865 йил 14 июнда шаҳарга бостириб киришга муваффақ бўлди. Ҳужум тонг саҳарда Қўқон дарвозаси ёнида тўплардан ўт очиш билан бошланди. Айни вақтда душманнинг асосий кучлари Камолон дарвозасидан кириб келди. Бир ярим соат давом этган оғир жангдан сўнг рус аскарлари дўкон ва уйларга ўт қўйиб, Шайх Шибли ариғи ор­қали қалъа деворининг шимол томонига ўтиб ўрнашди. 15 июнда душман яна ҳужумга ўтди. Тошкентликлар қаттиқ қаршилик кўрсатди. Хусусан, Абдураҳим ясовул бошчилигида «Қиёт» маҳалласи аҳолиси душманга қарши шиддат билан жанг қилди. Мардлик кўрсатган мудофаачилар орасида Мирюсуф Мирсултон боғбон ўғли, Умархон Тўрахон ўғли, Мирсодиқ Миршоди ўғли, Нормуҳаммад ва Муллашер Мерган каби оддий халқ вакиллари бор эди. Улар душман ҳужумини бир неча бор қайтариб, охири шаҳар четига чиқиб кетишга мажбур этдилар. Лекин нисбатан яхши қуролланган ва қаттиқ ҳарбий интизомга бўйсунган рус қўшинлари устунликни қўлга киритди. Шаҳарга бостириб кирган отряд дар­ҳол Ўрда томонга ҳаракат қилди ва соат 7 яримда Ўрда саройини эгалладилар. Хон саройи ўт ичида қолди. Рус аскарлари айрим хоин кишилар орқали шаҳардаги ўқ-дори омборини топиб, уни портлатишга муваффақ бўлди. Бу шаҳар мудофаа тақдирини ҳал қилган омиллардан бири бўлди. 16 июнда Краевский бошлиқ босқинчилар гуруҳи Ўрда саройи деворлари ва истеҳкомларни портлатди. Уч кун давом этган мислсиз жанг, 42 кун сувсизлик, очлик ва ўқ-дори етишмаслиги, қурбон ва ярадор бўлганларнинг сони ортиб бориши натижасида мудофаачиларнинг тинкаси қуриди. Жуда кўп одам қурбон бўлди. Черняевнинг буйруғи билан уйлар ёндирилди, эгалари отиб ташланди, милтиқ найзаси билан санчиб ўлдирилди, бирорта ҳам ёшу қарига шафқат қилинмади. Шайхонтоҳур, Бешёғоч ва бошқа жойларда тўпларини ўрнатган генерал Черняев, агар Тошкент мудофаачилари таслим бўлмаса шаҳарни тўпга тутиб вайрон қилишини айтди.

1865 йил 17 июнда эрталаб тошкентликлар душман ҳужумларига бардош бера олмай таслим бўлдилар. Шундан сўнг шаҳар аъёнлари Тошкентнинг 12 дарвозаси расмий олтин калитларини Черняевга топширдилар. Шундай қилиб, шаҳарда ва унга қарашли атроф ерларда чор Россиясининг ҳукмронлиги ўрнатилди. Черняевнинг мақсади Тошкентни босиб олгач, навбатдаги босиб олишлар учун уни Россия империясининг жанубидаги ҳарбий таянч пунктига айлантириш эди. Лекин генерал Черняев чор ҳукуматининг рухсатисиз ўзбошимчалик билан Тошкентга юриш бошлаган эди. Унинг ғалабаси Санкт-Петербург­да зўр мамнуният билан қабул қилинган бўлса ҳам, таваккалига иш юритиши оқибатида катта зиён келтириши мумкин эди. Унинг ўзбошимчалиги оқ подшо аъёнларининг нафсониятига тегиб норозилик туғдирди.

Дарҳақиқат Тошкентнинг қўққисдан босиб олиниши халқаро матбуотда шовқин-сурон кўтарилишига ва рус ҳукуматига нисбатан Европада норозилик кучайишига олиб келди. Ҳукумат доиралари ва матбуотда чор Россияси Туркистондан кейин Ҳиндистонни босиб олмоқчи, деган хабар тарқалди. Бу айниқса, Англиянинг норозилигини уйғотиб, унинг Россия билан муносабатини жиддий тус олдирди. Шу сабабдан генерал Черняев ўз босқинчилигини оқлаш мақсадида гўё Тошкент ихтиёрий равишда рус қўшинларига бўйсунганлиги ҳақида шаҳар аъёнлари номидан қалбаки ҳужжат уюштиришга киришди. Бу «Ҳужжат» охирида шундай жумла бор эди: «… фуқаро ва мамлакат тинчлиги учун тамоми ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус сардорлари ва аскарларини олиб келиб уларга шаҳарни топширдик». Бундан кўриниб турибдики, тошкентликлар шаҳар мудофааси учун бўлган қаттиқ жанглар ва берилган қурбонларни тамоман инкор этиб, «ихтиёрий» равишда рус аскарларига бўйсунганликларини тан олишлари лозим эди. Қалбаки ҳужжатнинг мазмуни баён этилгандан кейин, ўша давр тарихчиси Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, илғор фикрли шаҳар аъёнларидан Домла Муҳаммад Солиҳбек Охунд шундай жавоб қилган:

Солиҳбек Охунд жавоби:

«Бизлар воқеа ва ҳодисаларни бекитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмасжидгача ва бу ердан Fулжагача бўлган шаҳар ва қалъалар Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан, муҳлатсиз ва сўзсиз олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг 12-кунигача, яъни 42 кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдирилди. Мулло Алимқул лашкарбоши шаҳид бўлгандан кейин (ҳимоячилар) сардорсиз қолди. Бухоро, Хоразм ва фарғоналиклар ёрдам бермадилар. Тошкентликлар ватани ва дини учун қаттиқ туриб урушни давом эттирди. Сешанба куни ярим кеча ўтгандан кейин, саҳарга яқин рус аскарлари Хиёбон дарвозаси ва қалъанинг девори устидан фуқаро уйқудалиги вақтида бостириб кирди. Шундан кейин яна урушга киришиб, пайшанба кунгача икки кеча-кундуз урушиб турдилар. Бу ўртада кўп иморатлар, дўконлар ва уй-жойларга ўт тушиб оч, ташна, сувсиз яккама-якка уруш бўлиб охирида ярашиш сулҳи тузилди».

Бу ҳақиқий аҳволни акс эттирувчи жавоб генерал Черняевни ғазабга келтирди. У Домла Муҳаммад Солиҳбек Охунд сўзига қўшилувчи кишиларнинг бир тарафга ўтишларини буюрди. Шундан кейин шаҳар катталаридан 6 киши (Ҳакимбой, Бердибой, Азимбой, Мулла Мирзааълам Охунд, Мулла Музаффархўжа ва Мулла Файзинор Домла) Домла Муҳаммад Солиҳбек Охунд сўзини қувватлаб кўрсатилган тарафга ўтди. Улар ва Домла Муҳаммад Солиҳбек Охунд дарҳол рус аскарлари томонидан ўраб олиниб қамоққа жўнатилди. Бу ҳолат тўпланган шаҳар аъёнларига таъсир кўрсатган бўлса керак, улар генерал Черняев айтган аҳдномани у талаб қилган мазмунда тайёрлаб беришни зиммаларига олдилар. Ҳакимхўжа қози калон аҳдномани безаш ва тузишни Абдусаттор Қорабош ўғлига топширди. Аҳднома тайёрлангандан сўнг унга шаҳар катталари ва савдогарлари қўл қўйиб ва муҳр босиб генерал Черняевга топширилди. Генерал Черняев Домла Муҳаммад Солиҳбек Охунд ва унинг тарафдорларини Сибирнинг Томск шаҳрига сургун қилди.

Генерал Черняев аҳдномани Абусаид ва Ходихўжа исмли савдогарлар қўлига бериб, Санкт-Петербургга подшога олиб боришни буюрган. Рус ҳукумати бу аҳдномани босқинчиликни яшириш ва жаҳон матбуотида Туркистон, жумладан Тошкентнинг Россия империяси томонидан босиб олинганлиги ҳақидаги хабарларини бартараф қилиш мақсадида чет эл мамлакатларига тар­қатди. Жумладан, Туркиядаги рус элчихонаси аҳднома нусхаларини кўпайтириб Истанбул кўчалари, бозорлари ва дўконларига ёпиштириб қўйган.

Шундай қилиб, генерал Черняев Тошкентни босиб олгандан сўнг аҳдномани, яъни сулҳ шартлари ва ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатувчи қалбаки ҳужжатни тузишга эришди. 1865 йил сентябрь ойида Оренбург генерал-губернатори Крижановский Тошкентга келиб шаҳар Россия империяси тасарруфига ўтганлигини эълон қилди. Буни у Тошкентни Бухоро ва Қўқон хонликлари таъсирига берилиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида қилган эди. Чунки шаҳарда айрим гуруҳларнинг ўша хонликлар ёрдамида урушни давом эттириш ҳаракати сезилмоқда эди. Бухоро хони Музаффар Тошкентга элчи юбориб шаҳардан рус қўшинларини олиб чиқиб кетишни Черняевдан талаб қилган эди.

Fалабалардан димоғи кўтарилган Черняев ўз бошлиғи Крижановский билан муносабатларини кескинлаштириб, ўзбошимча хатти-ҳаракатларни авжига чиқариб юборди. Бундай ҳаракатлар Санкт-Петербург ҳукумати юқо­ри раҳбарларига ҳам ёқмади. Бунинг устига Черняев 1866 йил февраль ойида Жиззахда Бухоро қўшинларидан енгилиб қайтди. Натижада Крижановскийнинг таклифи билан подшо маъмурияти 1866 йил март ойида генерал Черняевни чақириб олди ва ўрнига Д.И.Романовскийни тайинлади. Тошкентни босиб олгани учун чор Россияси ҳукумати М.Г.Черняевга олтин қилич ва кейинчалик 10 минг сўм мукофот ва ҳар йилига 3 минг сўмдан бир умрлик нафақа тайинлади.

1866 йил август ойида Россия императорининг Тошкент Россия тобелигига олинганлиги ҳақида расмий фармони эълон қилинди. 1867 йил эса Сирдарё ва Еттисув областларини ўз ичига олган Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиб, генерал Кауфман губернатор этиб тайинланди. Тошкент шаҳри Туркистон генерал-губернаторлигининг сиё­сий, иқтисодий ва маданий маркази бўлди. Анҳорнинг чап соҳилида мустамлакачи тўралар ва ҳарбийлар учун Янги шаҳар қурила бошлади. 1865 йил август – октябрь ойларида Анҳор бўйида, Тошкентнинг Кўймас дарвозаси яқинида ҳарбий қалъа – Тошкент Тупроқ­қўрғони барпо этилди. Янги шаҳарда подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини шаф­қатсизларча амалга оширувчи ҳарбий ва граждан маъмурий идора ва маҳкамалари ўрнашди. Шу вақтдан тарихий Тошкент Эски шаҳар деб атала бошлади. Янги шаҳар аҳолиси асосан руслар ва бошқа европаликлардан иборат эди. Тошкентнинг Россия империяси қўшинлари томонидан босиб олиниши бутун Туркистон (Ўрта Осиё) тақдирини узил-кесил ҳал қилди. Чор ҳукумати бу шаҳарда куч тўплаб бирин-кетин Қўқон, Бухоро ва Хива хонликларини босиб олди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого была насыщена многообразными …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *