Бош саҳифа » Биласизми? » Тошкентликлар. Қаффол Шоший (Ҳастимом)

Тошкентликлар. Қаффол Шоший (Ҳастимом)

ҚАФФОЛ ШОШИЙ (тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Исмоил Қаффол аш-Шоший ал-Кабир; 904–976) – шофиъийлик мазҳабининг етакчи олимларидан бири, муҳаддис, фақиҳ. Ҳазрати Имом (қисқача – Ҳастимом) номи билан машҳур. Манбаларга кўра, у оғирлиги 0,5 г келадиган жажжи қулф-калит ясагани учун «Қаффол» («Қулфчи») лақаби берилган. Чуқур билими, улкан ишлари эвазига Имом ал-Кабир («Улуғ имом») деб таърифланган. Шош (Бинкат)да ҳунарманд оилада туғилди. Самарқанд, Бухоро, Термиз шаҳарларида бўлиб, ўзидан аввал ўтган алломалар мероси билан танишди. Таниқли муҳаддис ва илоҳиётчи Ҳайсам ибн Кулайб қўлида таълим олди. Араб Шарқи мамлакатлари бўйлаб узоқ сафарда бўлди, анча вақт Бағдодда яшади. Куфа, Дамашқда бўлган. Машҳур имом Абул Аббос Аҳмад ибн Умар ибн ас-Сурайжий (850–918)нинг шогирди бўлган. Халифаликда турли лавозим, вазифаларни адо этган. Қаффол Шоший дипломат, шоир сифатида ҳам машҳур бўлган. Византия қўшинлари халифалик пойтахтига таҳдид солиб турганда (10-асрнинг 60-йиллари) лашкарбоши Тағфур халифага назмда битилган ультиматум-мактуб жўнатган. Қаффол Шоший халифа топшириғига кўра унга муносиб жавоб ёзган. Қаффол Шоший Мовароуннаҳрда, хусусан, Шошда шофиъийлик мазҳабини тарғиб этиб, диний билимларнинг тарқалишига, шариат асослари қарор топишига ҳисса қўшди. У қонуншунослик, мантиқ каби соҳаларга оид «ал-Жадал ал-ҳасан» («Диалектика гўзаллиги») номли баҳс-мунозарага оид асар ёзган. Шунингдек, унинг «Китоб фи усул ал-фиқҳ» («Фиқҳ усуллари китоби»), «Шарҳ ар-рисола» («Рисола шарҳи») асарлари бор. Қаффол Шошийнинг «Жавомиъ ал-калим» («Ҳикматли иборалар тўплами»), «Адаб ал-Қози» («Қозининг одоби»), «Далоил ан-нубувват» («Пайғамбарлик далиллари»), «Маҳосин аш-шариат» («Шариат гўзалликлари») каби асарлари тўғрисида манбаларда қайд этилган. Афсуски, бу асарлардан бирортаси мамлакатимиз китоб хазиналарида мавжуд эмас. Фақатгина марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари 1970 йил Суриянинг Дамашқ шаҳридаги «Зоҳирия» кутубхонасида сақланадиган Қаффол Шошийнинг «Жавомиъ ал-калим» асарининг қўлёзмасидан фото нусхасини олиб келганлар, холос. Қаффол Шоший шеърлар ҳам ёзган. Улардан айрим парчалар олим Тожиддин ас-Субкийнинг «Табақот аш-Шофиъия» («Шофиъийлик мазҳаби даражалари») китоби ор­қали сақланиб қолган.

Қаффол Шоший Тошкентда вафот этган. Унинг қабри устига мақбара қурилган. Кўҳна Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида жойлашган Имом Қаффол Шоший зиёратгоҳи бевосита у зотнинг номлари билан боғлиқ бўлиб, халқ орасида «Ҳастимом» (Ҳазрат Имом) деб аталади.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Тошкентнинг тоғли ҳудудидан Турк хоқонлиги даври қабристони топилди

Post Views: 507 Тошкент шаҳридан 100 км шимоли-шарқда, Ғарбий Тяншан тоғларининг денгиз сатҳидан 1000 метр …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *