Бош саҳифа » Биласизми? » Тошкентликлар. Бароқхон (Наврўз Аҳмадхон)

Тошкентликлар. Бароқхон (Наврўз Аҳмадхон)

БАРОҚХОН (ҳақиқий исми Наврўз Аҳмадхон) (туғилган йили номаълум–1556) – Шайбонийлар сулоласидан бўлган хон. Абулхайрхоннинг невараси, Тошкент хони Суюнчхўжахоннинг кичик ўғли. Отасининг вафотидан кейин Тошкент (1533–51), сўнгра Мовароуннаҳр (1551–56) хони. Бароқхон ёшлигида Восифийдан шеърият, мусиқа, ашула, вазн ва назмдан таълим олган. Айни вақтда чавандозлик ва ҳарбий машқлар билан кўпроқ машғул бўлган. Бароқхон ўз салтанатини кенгайтириш учун кўп ҳарбий юришлар уюштирган. Абдуллатифхон вафотидан сўнг (1551) Самар­қанд тахтига ўтирган ва Наврўз Аҳмадхон номи билан Мовароуннаҳрни бошқарган. Унинг номи билан танга пуллар зарб этилган. Бароқхон ободончилик ишларига эътибор берган, мадрасалар қурдирган. Ҳасанбек Румлунинг «Аҳсан ут-таворих» («Тарихлар сараси») асари (1572–77)да айтилишича, «Шоҳруҳия дарёси (Сирдарё)дан Самарқанд томонга канал чиқариб, унинг атрофига ўз улусидан йигирма минг кишини жойлаштиришга қарор қилган». Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» асарида қайд этилишича, Бароқхон 1556 йили Зарафшон дарёсидан бошланган Дарғом каналининг бош иншооти – Равотхўжа тўғонини тузаттириш учун келган ва шу ерда тўсатдан вафот этган. Самарқандда дафн этилган. Бароқхон даврида Мовароуннаҳр билан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари, Ҳиндистон, Хитой, Сибирь ўртасида савдо-сотиқ, элчилик муносабатлари ривожланган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Тошкентнинг тоғли ҳудудидан Турк хоқонлиги даври қабристони топилди

Post Views: 507 Тошкент шаҳридан 100 км шимоли-шарқда, Ғарбий Тяншан тоғларининг денгиз сатҳидан 1000 метр …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *