Бош саҳифа » Тошкентликлар » Тошкентликлар. Абдулла Авлоний

Тошкентликлар. Абдулла Авлоний

Абдулла АВЛОНИЙ (1878.12.7–1934.24.8) – маърифатпарвар, журналист, давлат ва жамоат арбоби. Тошкентда туғилган. 1906 йилдан шеърлари билан матбуотда қатнаша бошлаган. 1906 йил «Тараққий», 1907 йил ўз уйида (Тошкентда) «Шуҳрат» газеталарини чиқарган. Бу газеталар ёпиб қўйилгач, 1908 йил яширин равишда «Осиё» газетасини нашр этди. Тошкент шаҳрининг Миробод маҳалласида янги усул мактаби очиб (1908), ўзи она тили ва адабиётдан дарс берган. 1909 йил «Жамияти хайрия» тузиб, етим болаларни ўқитган. Шундан кейин Тошкентнинг Дегрез маҳалласида икки синфли мактаб очган (1912). Авлоний янги мактаблар учун қўлланма ва ўқиш китоблари ёзиб нашр қилдирган [масалан, «Биринчи муаллим», 1911; «Иккинчи муаллим», 1912; «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ», 1913; 4 жуз (қисм)ли «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» тўплами, 1909–15; «Мактаб гулистони», 1915; «Мардикорлар ашуласи», 1917 ва бошқалар]. Мунавварқори, Тавалло, Рустамбек Юсуфбеков, Шокиржон Раҳимий ва бошқа маърифатпарлар билан биргаликда «Нашриёт» (1914), «Мактаб» (1916) китоб нашр қилиш ширкатларини ташкил этган. 1913 йил «Туркистон» номли театр труппасини ташкил этишда ва унинг ишида фаол қатнашган. 1917 йил «Турон» газетасини нашр қилган. Авлоний «Иштирокиюн» газетаси ташкилотчиси ва муҳаррири. 1919–20-йилларда Шўро ҳукуматининг Афғонистондаги сиёсий вакили ва консули. «Касабачилик ҳаракати» журнали бош муҳаррири (1921). Эски шаҳардаги хотин-қизлар ва эрлар маориф билим юртлари (инпрослар)да мудир (1923–24), Тошкент ҳарбий мактабида ўқитувчи (1924–29). 1930–34 йилларда Ўрта Осиё университети тил ва адабиёт кафедраси мудири, профессори. Шу даврда ўзбек мактабларининг 7-синфи учун «Адабиёт хрестоматияси» тузиб, нашр эттирган (1933). Авлонийнинг шеърий тўпламлари, драматик асарлари нашр этилган. У танқидий ва илмий мақолалар, 4000 мисрадан ортиқ шеър ижод қилган. Боткин кўчасидаги қабристонга дафн этилган. Тошкентдаги кўчалардан бири, Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институти Авлоний номи билан аталади. Авлоний ёдгорлик музейи очилган.

АВЛОНИЙ ЁДГОРЛИК МУЗЕЙИ (Зиё кўчаси, 6) – дастлаб 1968 йил ташкил этилган. Бу уйда 1910–34 йилларда А. Авлоний яшаган. Ўзбекистон китобсеварлар жамияти ташаббуси билан 1988 йил декабрда Авлоний уй-музейи номи билан расмий равишда очилган. Кейинчалик музей А.Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институти биносига кўчирилган ва 1993 йил 26 декабрда Авлоний ёдгорлик музейи номи билан очилган. Музейда жами 682 та экспонат бор. Музей ёдгорлик ва адабий бўлимлардан иборат. Ёдгорлик бўлимида Авлоний яшаган турмуш шароити, шахсий буюмлари, ўзбек ҳамда рус тилларидаги китоблар сақланмоқда. Адабий бўлимда Авлонийнинг педагогик, маърифатпарварлик, журналистик, т-р ва адабиёт соҳасидаги ҳамда ижтимоий фаолияти билан боғлиқ фотосурат, ҳужжатлар, китоб ва журналлар мавжуд.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шош воҳаси фақиҳлари мероси

Post Views: 266 Фиқҳ илми исломшуносликнинг етакчи тармоқларидан бири. Айни пайтда кам ўрганилган соҳаси саналади. …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *