Бош саҳифа » Тошкентликлар » Тошкентлик Муҳаммад Юнус Тоиб – биз билмаган қози

Тошкентлик Муҳаммад Юнус Тоиб – биз билмаган қози

Қози – мусулмон давлатларида ҳукмдор томонидан тайинланадиган, шариат асосида суд вазифасини бажарувчи, судъя, шаърий маҳкама раиси.

Ўрта Осиё хонликлари даврида қозилар хозирги суд, прокурор, нотариус вазифаларини бажарганлар, яъни фиқҳ (шариат қонунлари) асосида фуқаролик ишлари, жиноий ишларни кўриб чиққанлар, хар қандай битим, шартнома, васиятномаларни тасдиқлаганлар.

Тарихимизда муҳим ўрин тутадиган қозилар кўплаб учрайди. Жумладан, Туркистон жадидларининг йўлбошчиси, ўзбек миллий театрининг асосчиси, маърифатпарвар Маҳмудҳўжа Беҳбудий дастлаб Самарқанд шаҳри қозиси бўлган.

Бироқ хали фаолияти тўлиқ ўрганилмаган қозилар ҳам мавжуд.

Муҳаммад Юнус Тоиб Муҳаммад Амин ўғли 1830 йилда Тошкентда, Себзор даҳаси, Кунжак маҳалласида таваллуд топган. Дастлабки таълимни Тошкентда олиб, кейинчалик Қўқон мадрасаларида таҳсил олган.

B. Taylor. “Central Asia. Travels in Cashmere, little Tibet and Central Asia”
B. Taylor. “Central Asia. Travels in Cashmere, little Tibet and Central Asia”

Муҳаммад Юнус Тоиб – Қўқон хонлиги ҳамда Шарқий Туркистоннинг тарихи ва маданиятида катта из қолдирган шахслардан. У 1860 йили Қўқон саркардаси амирлашкар Алиқули (1830-1865) хизматига ўтиб, аввал мирзо, кейин мирзабоши, додхоҳ ва шиғовуллик (ташқи ишлар вазири) мансабига кўтарилади. Бундан ташқари, кейинчалик Муҳаммад Юнус Тоиб назорати остига бошқа муҳим амалдорлар ҳам берилади.

Муҳаммад Юнус Тоиб 1860-1865 йиллари амирлашкар Алиқулига шахсий маслаҳатчи бўлиб, Қўқон хонлигининг ички ва ташқи сиёсатига оид ишларда фаолият кўрсатган. Муҳаммад Юнус Тоиб маслаҳати билан 1860 йилларнинг бошларида Хитой, Афғонистон, Туркия, Англия ва Россияга элчилар юборилган. Муҳаммад Юнус Тоиб баъзи элчилар номзодини хон ва амирлашкар Алиқулига ўзи таклиф қилганини асарларида таъкидлаган.

У Авлиёота ва Туркистон ҳимоясида, Чимкент ва Тошкент мудофаасида фаол қатнашган. Тошкент руслар қўлига ўтгандан кейин 1865 йилнинг охирларида Муҳаммад Юнус Тоиб Шарқий Туркистонга бориб, Ёқуббек Бадавлат томонидан тузилган давлатнинг Ёркент шаҳрида ҳоким бўлади.

Ёқуббек Бадавлатнинг давлатига ғарб мамлакатларининг қизиқиши катта бўлган, шунинг учун элчиликлар ва сайёҳларнинг кети узилмаган. Мазкур меҳмонлар деярли барчаси Муҳаммад Юнус Тоиб билан суҳбатлашган, улар Муҳаммад Юнус Тоибнинг Ёркентдаги, Ёқуббек Бадавлатнинг давлатидаги фаолиятига баҳо берган.

Мисол учун Б.Тейлор (B. Taylor)нинг “Central Asia. Travels in Cashmere, little Tibet and Central Asia” (New York, 1874 y.) асарида инглиз сайёҳларининг Муҳаммад Юнус Тоиб билан суҳбати берилган, суҳбат жараёнида Муҳаммад Юнус Тоиб ўзининг дипломатик кўникмаларини намоён эта олган. Жумладан, 1857 йилда Шарқий Туркистонда Валихон тўра қўзғолони даврида Валихон тўра томонидан қатл эттирилган Адольф Шлагинвейт исмли немис олими учун узр сўраган. Мазкур китобда шунингдек Муҳаммад Юнус Тоибнинг расми ҳам берилган.

Лондонда нашр этиладиган “The Journal of the Royal Geographical Society of London”нинг 1871 йилги 41-сонида Ҳиндистондаги инглиз ҳарбий амалдори Т. Г. Монтгомерининг “Report of “The Mirzas”. Exploration from Caubul to Kashgar” номли мақоласида ҳам Муҳаммад Юнус Тоиб ҳақида қимматли маълумотлар берилган. Мақолада “Мирза” лақабли Англия давлати ходими 1869 йилда Қобулдан Қашқарга саёҳат қилганлиги, саёҳат давомида Ёркентда бўлганлиги, Ёркент ҳокими Муҳаммад Юнус Тоиб либерал қарашларга эга эканлиги, Ёқуббек Бадавлатнинг Шарқий Туркистон ҳукуматида барча (шу жумладан, Ёқуббек Бадавлат ҳам) Муҳаммад Юнус Тоиб билан ҳисоблашиши, Ёркентнинг шимолий қисмида Муҳаммад Юнус Тоиб масжид ва болалар мактаби қурдирганлигини баён этилган.

Шунингдек, Қашқардаги Россия консули А.Н. Куропаткин ўзининг “Кашгария” (Санкт- Петербург – 1879 й.) асарида Муҳаммад Юнус Тоиб ҳақида “Муҳаммад Юнус Тоибнинг маҳоратини қадрловчиларнинг бизга айтишича, агар истаса, Муҳаммад Юнус Тоиб жиддий ҳужжатни шундай ёзадики, сиз уни йиғламасдан ўқий олмайсиз” дейди.

1877 йилда Ёқуббек Бадавлатнинг сирли вафотидан сўнг, ички низоларга юз тутган унинг давлати Хитой томонидан босиб олинади. Натижада, Муҳаммад Юнус Тоиб Ёрканд шаҳрини ташлаб, Қўқон шаҳрига қайтиб келади. Муҳаммад Юнус Тоиб Қўқон шаҳрида ижод билан машғул бўлади, шу билан бирга 1897 йилда Қўқон шаҳри Қатағон даҳасининг қозиси этиб сайланади.

У киши истеъдодли шоир, муаррих, адиб, хаттот бўлиб, мукаммал девондан ташқари, “Тарихи Алиқули амирлашкар”, “Хадиқат ал-анвор” (Нурлар бўстони) ҳамда “Туҳфаи Тоййиб” каби асарларни ёзиб қолдирган.

Муҳаммад Юнус Тоиб 1905 йилда Қўқон шаҳрида вафот этган. Айрим манбаларда унинг фарзандлари, яқин қариндошлари ҳақида саёз маълумотлар учрайди.

Муҳаммад Юнус Тоибнинг “Тарихи Алиқули амирлашкар асари инглиз тилида “The life of Alimqul” номи билан 2003 йилда Англияда, “Туҳфаи Тоййиб” асари эса 2002 йилда инглиз тилида Японияда нашр этилган.

Муҳаммад Юнус Тоиб илмий меросини ўрганишда олимлардан Т. Бейсембиев (марҳум) ҳамда тарих фанлари доктори, профессор Ш. Воҳидовнинг хизматлари ниҳоятда катта.

Миркомил Мирмақсудов,
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди раиси

Ўхшаш мақола

Ўзбекистон Олий судининг биринчи раиси ва унинг аянчли қисмати

Post Views: 3 031 Саъдулла Қосимов ёхуд «Қосимовчилик иши» Саъдулла Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *