Бош саҳифа » Замонавий Тошкент » Тошкент шаҳридаги замонавий биноларнинг архитектуравий-бадиий образи

Тошкент шаҳридаги замонавий биноларнинг архитектуравий-бадиий образи

Бугунги кунда юртимизда янги қурилаётган айрим биноларда миллийлик руҳи сезиларли даражада намоён этилган. Биноларда ишлатилаётган миллий орнаментлар ва уларнинг замонавий кўринишдаги талқини диққатимизни ўзига жалб этади. Шуни таъкидлаш лозимки, бинода хоҳ у тарзда бўлсин, хоҳ интерьерда, анъанавий декоратив графика элементларининг замонавий қиёфадаги кўриниши биноларимизнинг кўркига кўрк қўшиб турибди (Қодирова,2004). Бундай биноларимиз қаторига янги қурилган Халқаро форумлар саройи, Ёшлар ижод маркази, Либослар галереяси ва яна кўплаб мустақиллик йилларида бунёд этилган биноларимизни киритишимиз мумкин.

Юқорида санаб ўтилган бинолар ичида Халқаро форумлар саройи шубҳасиз Тошкентда амалга оширилган бунёдкорлик ишларнинг энг маҳобатли ва улуғвор кўринишларидан биридир.

forumlar-saroyi

Бинонинг ташқарисига назар ташласак, умуман олганда, у замонавий руҳда бажарилган. Аммо оқ мармардан ишланган анъанавий шаклдаги устунлар, бинонинг карнизидаги шарафа, ёғоч ўймакорлик эшиклар, турли миллий услубдаги декорлар анъанавий меъморчилигимиз билан боғлиқликни кўрсатади.

“Ёшлар ижод маркази” биноси тарзлари замонавий минимализм услубида ҳал қилинган. Асосий тарзнинг катта юзасини оқ деворларга контраст ҳолда тўқ тус берилган ойналар эгаллаган. Аммо бу тарздаги асосий кириш олдида миллий архитектурага хос бўлган устунли пештоқ ташкил қилинган. Устунлар шаклан кўпроқ замонавий, декоратив элементлар деярли ишлатилмаган.

yoshlar-ijod-saroyi

Бино карнизида элементлари йириклаштирилган шарафа тарзга ўзига хос шакл берган.

Эски Жувада қад кўтарган “Либослар галереяси” тарзлари, анъанавий жамоат биноларидаги каби, сувалмаган ва юқори қисми мовий гумбаз билан якун топган. Бинони ташқи кўриниши сарғимтир ғиштли девор, оқ рангли шарафа ва мовий ранг гумбазнинг композицион бирлиги воситасида хал қилинган. Асосий тарзда катта юзани замонавий архитектурага хос бўлган витражлар эгаллаган. Бинонинг асосий кириш қисмидаги иккита ёғоч ўймакорлик устунлари бу бино архитектурасини унинг орқасида жойлашган эски “Лайлакли” масжид архитектурасига янада яқинлаштиради. Аммо устунларни ёғочдан эмас тошдан ишланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

liboslar-galereyasi

Умуман олганда, “Либослар галереяси” эски шахар тарихий зонасида замонавий бинолар архитектуравий дизайни ечими қай тарзда бўлишига мисол бўла олади.

Пойтахтимиздаги яна бир диққатга сазовор жамоат биноларидан бири бу яқин ўтмишда Тошкент шаҳар ҳокимияти бўлган ҳозирги пайтда Республика Халқ банки бошқаруви биносидир.

halq-banki

Бинони “ТошкентбошрежаЛИТИ” институти лойиҳалаган, муаллиф арх.Ф.Турсунов. Ушбу бинода анъанавий декоратив орнамент элементлари кўп қўлланилган бўлиб, буни айниқса бинонинг бош тарз қисмида кўриш мумкин. Бош тарзнинг марказ қисмида ислимий нақш билан безалган пештоқ бинонинг архитектуравий образини тўла ифода этишга ёрдам берган. Пештоқдаги нақшларда, карниздаги шарафаларда асосан битта оқ ранг қўлланилган. Бу тамойил замонавий архитектурага хос ва мана шу бино архитектураси мустақиллик йиллари меъморчилигида ўзига хос йўналиш очиб берди.

“Ўзбекистон миллий академик драма театри” биносининг қайта таъмирланиши 2001 йил 30 августда битди.

Қайта таъмирлаш лойиҳасини “Ташгипрогор” институти бажарган, бино уч қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда вестибюль, иккинчи ва учинчи қаватларда эса театр тарихига оид музей жойлашган. Томоша зали 540 ўринли. Бинонинг ташқи қиёфаси анъанавий меъморчилигимизнинг замонавий талқини кўринишида ишланган.

Мармар тошдан нақшинкор қилиб ишланган устунлар, бино карниз қисмидаги орнаментлар, сержило ойналар, ёғоч ўймакорлиги услубида ишланган кириш эшиклар ва бино тепасидаги мовий гумбаз театр тарзига бетакрор чирой бахш этиб турибди. Театр биноси ички интерьери ҳам ташқи кўринишидан қолишмайди. Вестибюль шифтидаги гумбазнинг ички қисмига ганч ўймакор усталари томонидан моҳирона тарзда ўзгача жило берилган. Асосий томоша зали шифтидаги сферик гумбаз ичида мовий осмон тасвирланган. Деворлар безагида турли орнаментларимиздан фойдаланилган.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда қад кўтараётган кўп жамоат биноларда анъанавий меъморчилик орнаментлари, услублари қўлланиб қелмоқда. Меъморлар нафақат интерьер, балки тарз ечимларида хам ганч, ёғоч ўймакорлиги, сангтарошлик, гирих ва ислимий композицияларга ижодий ёндошиб замонавий ва шу билан бирга етук архитектуравий-бадиий образга эга бинолар яратишмоқда.

Саидов А.А., (ТАҚИ)

Адабиёт: Қодирова Т.Ф. Ўзбекистоннинг истиқлол йиллари меъморчилиги, Тошкент, 2004.

Мақолада мустақиллик даврида Тошкентда қурилган айрим жамоат биноларнинг архитектуравий-бадиий ечими тахлил қилинган.

В статье рассматривается архитектурно-художественное решение некоторых общественных зданий, возведённых в Ташкенте в период независимости.

The article describes architectural-artistic decision some of public buildings are erecting in period of independence in the Tashkent.

Таянч иборалар: меъморчилик, архитектуравий-бадиий образ, шарафа, декоратив орнамент, тарз, устун, пештоқ, гумбаз, ёғоч ўймакорлик, ислимий композиция, нақш.

 

Манба: АРХИТЕКТУРА. ҚУРИЛИШ. ДИЗАЙН илмий-амалий журнали, 2016 йил, 2-сони

Ўхшаш мақола

“Тошкент Сити” ишбилармонлик ҳудуди макети(ми?)

Қуйидаги суратнинг Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилаётган ишбилармонлик ҳудудига тегишлилиги айтилмоқда (сурат ижтимоий тармоқлардан олинган)

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *