Бош саҳифа » Тошкент шаҳри » Тошкент шаҳри табиати (рельефи, геологик тузилиши, иқлими, гидрографияси, тупроқлари, ўсимликлари, ҳайвонот дунёси)
Тошкент шаҳри табиати (рельефи, геологик тузилиши, иқлими, гидрографияси, тупроқлари, ўсимликлари, ҳайвонот дунёси)

Тошкент шаҳри табиати (рельефи, геологик тузилиши, иқлими, гидрографияси, тупроқлари, ўсимликлари, ҳайвонот дунёси)

Тошкент шаҳрининг табиати кўп жиҳатдан унинг географик ўрни, ён-атрофи ер юзасининг тузилиши билан боғлиқ. Шаҳар Fарбий Тяньшаннинг Қоржонтов, Угом, Писком, Кўксув ва Чатқол тизмалари орасидан оқиб чиқадиган Чирчиқ дарёси водийсининг ўрта қисмида, дарёнинг ўнг томонидаги паст-баланд тоғ олди текислигида жойлашган. Бу ҳудуд ўзининг табиий географик шароитига кўра шимолий яримшардаги субтропик чўллар зонасининг Турон табиий географик провинцияси таркибига киради.

Рельефи. Тошкент рельефи, асосан, ўрта плейстоцен (Тошкент цикли)да шаклланган паст-баланд тўлқинсимон аллювиал-пролювиал лёссли текисликдан иборат бўлган дастлабки юзада ҳосил бўлган. Бу юза шимоли-шарқдан жануби-ғарб томонга нишаб. Шаҳар рельефи ана шу дастлабки юзанинг Чирчиқ дарёси ўйиб ҳосил қилган водий ва ундан юқори плейстоцен (Мирзачўл цикли)да ҳамда голоцен (Сирдарё цикли)да ҳосил бўлган террасалар билан тавсифланади.

Шаҳарнинг шимоли-ғарбий каттароқ қисмида дастлабки юза, яъни Чирчиқ дарёсининг Тошкент циклида шаклланган юзаси яхши сақланган. Унинг рельефида Қорақамиш, Бўзсув, Салор каби қад. каналлар ҳосил қилган водийлар ва уларнинг тик жарликлардан иборат ёнбағирлари ажралиб туради.

Шаҳарнинг жануби-шарқий, яъни Шота Руставели кўчасидан жануби-шарққа томон, то Чирчиқ дарёсигача бўлган қисми эса, асосан, дарёнинг иккинчи қайир усти ва қисман учинчи қайир усти террасаларида жойлашган. Ушбу террасаларнинг юзаси нисбатан текис бўлиб, лёсс ва лёссимон ётқизиқлардан тузилган. Учинчи қайир усти терраса ҳам Чирчиқ ўзанига яқинлашган жойларда 15–20 м тик жарлик ҳосил қилиб тушган. Чирчиқнинг иккинчи қайир усти террасаси юзаси текис, майдони кенг бўлиб, Салор каналидан Чирчиқ дарёси бўйларигача чўзилган. Сергели туманининг жан. қисми ҳам шу террасада жойлашган. Шаҳарнинг энг баланд жойи (515 м) унинг шим.-шарқий чеккасида, Мирзо Улуғбек туманидаги «ТТЗ» автобус бекати яқинида, энг паст жойи эса (380 м) Сергели туманида, Чирчиқ дарёси соҳилидадир. Шаҳар ҳудудининг ўртача мутлақ бал. 447,5 м га тенг.

Геологик тузилиши. Тошкент Ўрта Тяньшаннинг, асосан, герцин магматизми билан тавсифланадиган Чатқол-Қурама геологик зонасида жойлашган.

Шаҳарнинг геологик кесмасида иккита катта қаватни яққол ажратиш мумкин. Остки қават ёки фундамент юқори палеозойга оид эффузив жинслардан тузилган бўлиб, унинг юзаси 1,5–2,5 км чуқурликда ётади.

Шаҳарнинг шимолий ва жанубий қисмларида олиб борилган махсус бурғилаш натижасида фундамент юзаси 2300 м (Бошлиқ даҳаси яқинида) ва 1390 м (Шредер номидаги боғдорчилик илмий текшириш институти яқинида) чуқурликда учраганлиги маълум. Бурмаланган фундамент шимоли-шарқий йўналишдаги геологик ёриқлар ва Қурама тизмалари ёнбағирларида ер юзасига чиқиб ётади. Палеозой фундаментининг устки қатламлари кучли бурмаланган метаморфик оҳактошлар, туфлар, туфо-брекчиялар ва турли порфиритлардан иборат.

Устки қават, асосан, мезозой ва кайнозой эраларига оид ғовак жинслардан тузилгандир. Палеозой фундаментининг қисман нураган юзасида номувофиқ ҳолда мезозой ётқизиқлари, асосан, бўр даврининг денгиз ётқизиқлари гил, қум, қумтош ва конгломератлари жойлашган. Уларнинг умумий қалинлиги 600–800 м атрофида. Ушбу ётқизиқлар орасида кучли босимли термал сувлар учрайди. Шу жумладан Тошкент минерал суви ҳавзаси ҳам бўр даврининг гил ва алевролит аралашган қум-шағалли сеноман қатламларида, ер юзасидан 800–2100 м чуқурликда жойлашган.

Кайнозой эрасининг палеоген даври денгиз ётқизиқлари қумтош, оҳактош, гил ва конгломератлардан иборат бўлиб, уларнинг умумий қалинлиги 120–130 м атрофида. Уларнинг устида неоген даврига мансуб бўлган қизғиш континентал ётқизиқлар, яъни мергел, алевролит, қумтош ва конгломератлар ётади.

Шаҳар ҳудудидаги энг ёш геологик ётқизиқлар тўртламчи даврга оид бўлиб, улар тўртта эрозия-аккумуляция цикллари давомида шаклланган. Уларнинг умумий қалинлиги 300 м дан ортиқ бўлган энг остки қатламлари алеврит, гравелит, конгломерат, қаттиқ тошсимон лёсс («шох») ва лёсслардан тузилган бўлиб, нанай эрозия-аккумуляция циклида (Q1) ётқизилган. Уларнинг устида умумий қалинлиги 100 м дан ортиқ бўлган, тошкент эрозия-аккумуляция цикли (Q2)да ётқизилган шағал, конгломерат ва лёсс жинслари учрайди. Лёсс ётқизиқларининг қалинлиги 60–70 м, Янгийўл ш. яқинида эса 90 м дан ошади. Мирзачўл эрозия-аккумуляция цикли (Q3)да ҳосил бўлган қатламлар ҳам ости шағал, усти лёссимон жинслар билан тавсифланади. Уларнинг умумий қалинлиги 45–50 м атрофида. Сирдарё эрозия-аккумуляция цикли (Q4)да шаклланган ётқизиқлар эса, асосан, Чирчиқ дарёсининг қайир қисми ва биринчи, иккинчи қайир усти террасаларини ҳосил қилган. Улар табиий қум, шағаллардан иборат бўлиб, қурилиш хом ашёси сифатида фойдаланилади. Тошкент циклига оид лёсс ва лёссимон ётқизиқлар эса ғишт ишлаб чиқаришда яхши хом-ашёдир.

Иқлими. Шаҳар иқлими континенталдир, қиши совуқ, ёзи эса иссиқ ва қуруқ бўлади. Иқлим элементларининг тавсифини метеорология ст-яси маълумотларининг таҳлилидан олиш мумкин.

Тошкент серқуёш шаҳарлардан. Қуёш нур сочиб турадиган вақт йилига ўртача 2870 соатни ташкил қилади. Йил давомида эса 110 соатдан (декабрда) 390 соатгача (июлда) ўзгаради. Қуёшсиз кунлар бир йилда ўртача 36 кун. Ўртача йиллик ҳаво ҳарорати эса 13,8 градусга тенг. Тошкент об-ҳавоси ёзда иссиқ ва барқарордир. Йилнинг энг иссиқ ойи – июль, ўртача ҳаво ҳарорати 27 градус. Ёзги ҳаво ҳароратининг энг юқори кўрсаткичи 44,6 градусга тенг бўлиб, 1997 йил кузатилган. Қиш об-ҳавоси нисбатан беқарор ва ўзгарувчан. Энг совуқ ой – январдаги ўртача ҳаво ҳарорати –0,6 градусга тенг, энг паст ҳаво ҳарорати эса –29,5 градусга (1930–1931) тенг.

Тошкент ҳавосининг ўртача йиллик нисбий намлиги 58% бўлиб, қиш ойларида 73–74% дан ёзда 40–44% гача ўзгаради. Энг паст нисбий намлик 5% га тенг бўлиб, 1938 йил ноябрда ва 1961 йил фев.да кузатилган. Ёз ойларида ҳаводаги нисбий намлик миқдори кундузлари кам ҳолларда 80% дан ортади ва ҳаво дим бўлади. Масалан, 1970 йилнинг 21 июлида ҳаво ҳарорати 19,6° бўлганда нисбий намликнинг 90% га етгани аниқланган.

Тошкент атмосфера ёғинларининг ўртача йиллик миқдори 423,4 мм га тенг. Аммо бундан кўп ҳам, оз ҳам бўлиши мумкин. Масалан, 1969 йилда 802,5 мм ва 1916 йилда 206,2 мм ёғин ёққани кузатилган. Атмосфера ёғинлари миқдори йил давомида ҳам нотекис тақсимланган. Йиллик ёғиннинг каттароқ қисми (305 мм) йилнинг совуқ қисмига (октябрь–март), кичик қисми (119,4 мм) эса йилнинг илиқ қисмига (апрель–сентябрь) тўғри келади. Йиллик ёғиннинг 41% дан ортиқроғи баҳорда, қолган қисми эса қишда (36%), кузда (18%) ва ёзда (5%) ёғади. Т.да атмосфера ёғинларининг катта қисми (66%) ёмғир тарзида, 11% қисми қор тарзида ва 23% қисми қор-ёмғир аралаш ҳолда тушади. Қишда қор қопламининг ўртача баландлиги 14 см бўлса-да, айрим вақтларда 20–50 см га ҳам етиши мумкин. Қор қопламининг максимал бал. (54 см) 1969 йил 31 январда кузатилган. Тошкент бўйича 1900–2006 йиллардаги ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 0,018 градусга, қиш фаслидаги ўртача ҳаво ҳарорати эса 0,024 градусга ортганлиги, шунингдек, йиллик ёғин миқдори ҳам 60 мм га ортганлиги маълум бўлди.

Шаҳарнинг географик ўрни ва ер юзасининг тузилишига боғлиқ ҳолда ёзги (июль) шамолларнинг асосий қисми шимолдан (20%), шимоли-ғарбдан (19%) ва шимоли-шарқдан эсади. Қишда (январь) эса, асосан, шимоли-шарқий (30%) ҳамда шарқий (20%) шамоллар эсади.

Гидрографияси. Тошкент шаҳрининг гидрографияси бир қатор сунъий каналлар ва ариқлардан шаклланган. Улар шаҳарнинг суғориш тизимини ташкил қилади. Бўзсув, Қуйи Бўзсув, Кайковус, Қорақамиш, Салор, Бўрижар, Анҳор, Қорасув каби йирик каналлар анча қад. ҳисобланади. Уларнинг кўпчилиги лёсс қатламларини ўйиб, чуқур канъонсимон водийлар ва уларда 2 тагача кичик террасалар ҳосил қилган. Каналларнинг умумий йўналиши шим.-шарқдан жан.-ғарб томон бўлиб, ҳудуднинг умумий нишаби йўнилишига мос келади ва сувнинг табиий оқимидан фойдаланилади. Шаҳар ҳудудини кесиб ўтган канал ва йирик ариқларнинг аксарияти ҳам суғориш учун, ҳам қайтган сувларни, жала тарзида ёққан ёмғир ёки эриган қор сувларини чиқиб кетишига хизмат қилади. Улардан энг каттаси – Бўзсув канали. Қолган каналларнинг аксарияти Бўзсув каналидан сув олади. Ҳаммаси бўлиб 23 минг гектар ерни суғоришда фойдаланиладиган каналларнинг 37 таси биринчи тартиблидир. Уларнинг умумий узунлиги 126,3 км. Қолган 56 таси эса иккинчи тартибли каналлар. Шаҳар ҳудудида сунъий кўллар ҳам барпо қилинган. Ўзбекистон миллий боғидаги (9 гектар), Fафур Fулом номидаги маданият ва истироҳат боғидаги (4 гектар), «Ўзэкспомарказ» дам олиш зонасидаги кўллар шулар жумласидан. Канал ва кўллар атрофи ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ўзига хос микроиқлимга эга бўлиб, аҳоли дам олишига қулай масканлардир.

Тупроқлари. Тошкент ўзининг географик ўрнига кўра, бўз тупроқлар зонасида жойлашган. Шаҳарнинг катта қисми – Чирчиқ дарёсининг тўртинчи ва учинчи қайир усти террасаларида жойлашган қисми типик бўз тупроқлар билан тавсифланади. Бу тупроқ инсоннинг хўжалик фаолияти таъсирида кучли ўзгарган. Антропоген ётқизиқларнинг қалинлиги ҳар ерда ҳар хил. Рельефга боғлиқ ҳолда 4–6 м дан 10–12 м гача, айрим жойларда 20 м гача етади. Чирчиқ дарёсининг биринчи ва иккинчи қайир усти террасаларида эса ўтлоқ ва суғориладиган ўтлоқ тупроқлар тарқалган.

Ўсимликлари. Тошкент геоботаник жиҳатдан эфемер ва эфемероид ўсимликлар билан тавсифланадиган адир минтақасида жойлашган. Бу минатақага хос бўлган табиий ўсимликлар – ранг, қўнғирбош, қоқиўт, майиншувоқ, қўйпечак, мингбош, каррак, қўзиқулоқ, лолақизғалдоқ, читир, келинсупурги, оқшувоқ, арпағон, ажриқ, ёввойи беда кабилар канал ва ариқ бўйларида, йўлларнинг чеккаларида, тепалик ва жарликларнинг ёнбағирларида учраб туради. Шаҳарниг ўсимлик қоплами асосини маданий ва манзарали ўсимликлар ташкил этади. Мевали дарахтлардан олма, нок, гилос, олча, ўрик, балх тути, шотут, шафтоли, хурмо, олхўри, узум, анжир, ёнғоқ, анор ва бошқалар тарқалган. Манзарали дарахт ва бута ўсимликларидан 200 хилга яқини маълум. Кўп учрайдиганлари арча, акация, заранг, қайрағоч, эман, чинор, жасмин, савр, тобулғи, мажнунтол кабилардир. Турли ўлка ва мамлакатлардан келтириб экилган ноёб ўсимликлардан қўнғир эман, лола дарахти, магнолия, америка шумтоли, гинкго билоба, шамшод, туя, сохта каштан ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. Атиргул, райҳон, гултожихўроз, қизил ҳамда тарғил лолалар, арғивонгул, кўзагул кабилар ҳам манзарали ўсимликлардан.

Ҳайвонот дунёси. Шаҳар ҳудудида 200 хилга яқин умуртқали ҳайвонлар, шу жумладан 20 тур сутэмизувчи (уй сичқони, каламуш, шаҳар чеккаларида эса сариқ юмронқозиқ, кўрсичқон, дала сичқони, тулки, бўрсиқ ва бошқалар), қушларнинг 170 хили (мусича, чумчуқ, жиблажибон, майна, зағизғон, қорашақшақ, қора узунқанот ва ҳ.к.), судралиб юрувчиларнинг 12 хили (туркистон геккони, чўл илонқуйруқ, илдам калтакесакча, сувилон, чипорилон, сариқилон ва б.), амфибияларнинг 2 хили (кўк қурбақа ва кўл бақаси) учрайди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Хўжа Аламбардор мақбараси

Хўжа Аламбардор мақбараси

Post Views: 2 ХЎЖА АЛАМБАРДОР МАҚБАРАСИ (Камолон кўчаси, 109а-уй) – меъморий ёдгорлик (19-аср). Маҳаллий ривоятга …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *