Бош саҳифа » Замонавий Тошкент » Тошкент шаҳри. Катта мақола

Тошкент шаҳри. Катта мақола

Тошкент шаҳри 2200 йилликдан ортиқ тарихи давомида мудофаа девори билан ўралган қадимий қалъадан жаҳондаги йирик пойтахт шаҳарлардан биригача бўлган йўлни босиб ўтди. Асрлар давомида шаҳар ўзининг тинч ҳаётидаги муҳим воқеаларни ва суронли жангу жадалларни, юксалиш ва инқироз даврларини бошидан кечирди. Неча бор шаҳар вайрон бўлиб, қайта қад кўтарди. Аввалги ўрнидан неча бор силжиб, номи ҳам бир неча марта ўзгарган.
Тошкентнинг узоқ ўтмиши ва у қад кўтарган қадимги Чоч ёки Шош вилояти ҳақидаги маълумотлар ёзма манбаларда жуда хилма-хил ҳамда узуқ-юлуқ тарзда акс этган. Зардуштийларнинг қадимий муқаддас китоби «Авесто»да Сирдарё ҳавзасидаги мамлакат «Турон», аҳолиси эса «тур»лар деб юритилган. Бу ўлкада тур қавмлари уруғ ва қабила оқсоқолларининг диний ва сиёсий қароргоҳи Қанғха (Қанға) шаҳри борлиги тилга олинади. Сўнгги археологик маълумотларга кўра (С.Баратов), милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 1-ярмида Тошкент воҳасида «амюргий саклари» (дарё орти саклари) яшаган.
Тошкент ҳақидаги дастлабки аниқ маълумотлар милоддан аввалги 2-аср – милодий 5-асрларга мансуб Хитой манбаларида учрайди. Уларда Тошкент вилояти қадимда Лоюени, Юни, сўнгра Чжеше, Чжэчжен, Чжеси ва Шиго деб номланган. Бу атамалар (аввалги иккитасидан ташқари) «Чоч» сўзининг хитойча талаффуз этилиши натижасида ҳосил бўлиб, ҳатто охирги «Ши» топоними хитойчада «Тош» маъносини англатган. Аммо бу сўз айрим тадқиқотчилар (хитойшунос А.Хўжаев) фикрича, «тоғ жинси» маъносини эмас, шаҳар ҳукмдори номини англатган. Туркий халқларда «темир» ва «тош» атамаси иродаси мустаҳкам, қатъиятли, ҳурматли кишиларга қўйилган исмлардан саналган. Бир қанча Хитой йилномалари («Бэй ши», «Суй шу», «Синь Тан шу» ва «Тайпинг хуаньюй цзи»)да қайд этилишича, «(Ши давлати) ҳукмдори унвони Ши, исми Ние бўлган». Унинг қароргоҳи Чжэчжи ш.да эди. «Цихай» энциклопедик луғатига кўра «Шиго қадимги давлат номи бўлиб, унинг ҳудудига Тошкент ҳам кирган. Ҳукмдор унвони Ши деб номланган». Демак, «Ши» иероглифи ҳукмдор исми ва «го» давлат, мулк маъносини англатган, ҳукмдорнинг Ши (Тош) исми кейинчалик араб манбаларига Шош шаклида ўтган бўлиши мумкин.
Милоддан аввалги 3-асрда қадимги Чоч вилоятида ташкил топиб, милоднинг 3-асргача ҳукм сурган «Қанғ» («Қонгқа» ёки «Қанғха») давлати Хитой ёзма манбаларида «Кангкия» номи билан тилга олинади. Қадимги тохарлар тилида «қанғ» сўзи ҳам «тош» маъносини англатган. Бу давлатнинг пойтахти – Битянь шаҳри бўлиб, у Иоша дарёси (Сирдарё) бўйида жойлашган. Битянь шаҳри Даван (Фарғона водийси)дан 1510 ли (528 км) масофада бўлган. Битянь шаҳрининг бизгача сақланиб қолган харобалари маҳаллий аҳоли ўртасида «Қанқатепа» номи билан машҳур. У ҳозирги Тошкентдан 70 км жан.да – Сирдарёга яқин ерда, Оҳангарон дарёсининг қадимий ўзани бўйида жойлашган. Қанқатепа милоддан аввалги 3-асрдаёқ атрофи мудофаа девори билан ўралган аркли шаҳар бўлиб, майдони 160 гектарга тенг. Қадимги Қанғ давлатининг фуқароси ҳам «қанғар», «қанзар», кейинчалик «қанғи», «қанғли» ёки «қаъни» деб номланган. Улар ҳиндларнинг қадимги китоби «Маҳабҳарата»да саклар ва тохарлар номлари қаторида тилга олинади. Милоддан аввалги 2–1-асрларда Қанғ давлати ниҳоятда кучайиб, унга бешта давлат: Тошкент (хитой манбаларида Юни), Қашқадарё (Сусйе), Зарафшон (Фуму), Бухоро (Ги), Хоразм (Юегань) тобе бўлган.
Ўрта аср ёзма манбалари (Табарий, Беруний асарлари ва бошқалар)да келтирилишича, Тош¬кент¬нинг қадимги номи «Чоч» бўлган. «Чоч» номи илк маротаба (суғдча С , С шаклида) Култепа шаҳар харобаси (Чимкент шаҳри яқинида)дан топилган (2006) пишиқ ғиштлардаги ёзувда учрайди. Топилма милодий 2–3-асрнинг биринчи ярмига оид деб белгиланган. Сосонийлар шоҳи Шопур I нинг «Зардушт Каъбаси» қоясига ўйилган ёзувида «Кўҳи Чоч» («Чоч тоғи») номи қайд этилган. Шаҳар араблар тасарруфига ўтгач, арабий асарларда «Шош» деб юритилган. Илк ўрта асрларда у «Чоч», «Шош», «Шошкент», «Мадинат уш-Шош», «Бинкат» ва «Таркан» деб номланган.
Тошкент ҳақидаги дастлабки маълумотлар 9-асрдан бошлаб араб муаллифлари асарларида учрайди. 9-аср математиги ва астрономи Хоразмий, тарихчи Табарий, 10-аср араб географи Истаҳрий асарларида айниқса қимматли маълумотлар келтирилади. Истаҳрийнинг «Китоб ал-масолик вал-мамолик» («Йўллар ва мамлакатлар тўғрисида китоб») асарида Шошнинг бош шаҳри Бинкат деб кўрсатилади. 10-асрда ёзилган (муаллифи номаълум) «Ҳудуд ул-олам» («Оламнинг чегаралари») китобида «Чоч – бу катта вилоят, халқи жанговар ва сахийдир. У ерда камон ва ўқ-ёй ясалади. Бинкат Чочнинг пойтахти ҳисобланади. Бу катта шаҳар, айни вақтда подшонинг қароргоҳидир», деб таърифланади. Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида Чоч ўзининг камон ва ўқ-ёйлари билан машҳурлиги ҳақида мисралар бор.
Шаҳар «Тошкент» номи билан даставвал 11-асрнинг машҳур алломалари – Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Кошғарийнинг асарларида тилга олинади. Беруний «Ҳиндистон» асарида «Тош» сўзи асли туркча бўлиб, арабчада «Шош» шаклини олган. «Тошканд» – тошли қишлоқ демакдир» (Абу Райҳон Беруний, Танланган асарлар – Т., 1963, 2-ж., 232-бет), деб изоҳлайди. Маҳмуд Кошғарийнинг маълумоти бўйича Тошкент шаҳри 11–12-асрларда «Таркан» деб ҳам юритилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома»да Тошкент номи устида тўхталиб, «… асарларда Тошкент номини Шош, баъзан Чоч деб ёзадилар», деб қайд этади. Бироқ 16-аср охири ва 17-аср бошларида Тошкент топоними шуҳрат топиб, унинг қад. номлари Чоч, Шо6ш ва Бинкат атамалари аста-секин муомаладан чиқади. 17-асрда яшаган олим Маҳмуд ибн Вали шундай ёзади: «Шош – Сайхун (Сирдарё)нинг у томонига жойлашган шаҳар ва у Туркистон (вилояти)га қарайди… Уни Чоч деб ҳам атайдилар. Бироқ ҳозирги вақтда у Тошкент номи билан машҳурдир».
Тошкент воҳасида шаҳар маданиятининг шаклланиши, шаҳарларнинг қад кўтариши шу ўлкада яшаган қад. чорвадор ва деҳқонларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётидаги улкан тарихий жараён бўлиб, бу жараён, шубҳасиз, ўлканинг ўзлаштирилиб обод этилиши, айниқса, унда чорвачилик ва деҳқончилик хўжаликларининг ташкил топиши ҳамда ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдонинг ривожланиши тарихи билан узвий боғлиқдир. Бу жараённинг тарихий манзараси ниҳоятда кенг бўлиб, у ёзма манбаларга нисбатан кўпроқ археологик тадқиқотлар воситаси билан тикланмоқда. Шунинг учун ҳам Тошкент ҳудудида олиб борилган археологик тадқиқотларнинг натижалари қадимги ва ўрта асрларга оид манбалардаги маълумотларни тўлдириб, уларга аниқлик киритмоқда.
Археологик ёдгорликларнинг гувоҳлик беришича, милоддан аввалги 2-минг йилликнинг бошларида кўчманчи чорвадор аҳолининг ўтроқлашуви кучайиб, деҳқончилик кенгая бошлаган. Тошкентнинг дастлабки деҳқонлари дарё тошқинлари ва адирлардан келган сувлардан ҳосил бўлган ирмоқлар бўйида, табиий захоб ерларда деҳқончилик қилганлар. Ҳозирги Тошкентнинг Қорасув, Салор ва Жўн ариғидан суғориладиган жанубий қисми ибтидоий деҳқончилик маданияти ташкил топган ана шу қадимги ўтроқ ҳудудга кирган. Тошкентнинг бу ибтидоий деҳқончилик маданиятининг излари даставвал шаҳардан 30 км жанубда Бурганлисой ёқасида топилиб, тадқиқ этилгани туфайли Бурганлисой маданияти номи билан шуҳрат топган.
Милоддан аввалги 6–4-асрларда Қорасув, Салор ва Жўн ариғи ёқаларида дастлабки илк қишлоқлар қад кўтарган. Шулардан бири Жўн ариғи бўйидаги Шоштепанинг остки қатламидан қазиб очилган қалъа харобасидир.
Кейинги йилларда олиб борилган археологик қазиш ишлари милоддан аввалги 6–4-асрлар ва 2–1-асрларда Шоштепадаги ривожланиш босқичларини аниқлашга имкон берди. Бир томони Жўн ариғига ёндашган бу қадимий жой атрофи даставвал тупроқ марза билан ўралиб, қадимий ибора билан айтганда, «кат», яъни қишлоқ қиёфасини олган. Қишлоқдаги турар жойлар марказида ўчоқлар ўрнатилган ярим ертўла уйлар бўлган, аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Маданий қатламларда учраган уй ҳайвонлари суякларидан маълум бўлишича, Шоштепанинг қадимий аҳолиси чорвачиликда қорамолчилик, йилқичилик, қўйчилик ҳамда туячилик билан шуғулланган. Қадимги шоштепаликлар жез ва темирдан қурол-яроғ ва асбоблар ясашни, кулолчилик ҳамда тўқимачиликни яхши билган. Шубҳасиз, бу ва унинг атрофидаги бошқа қишлоқлар кейинчалик Тошкент воҳасида шаҳар маданиятининг шакл¬ланишига, қадимги Тошкент шаҳрининг аста-секин қад кўтаришига замин бўлди.
Милоддан аввалги 2–1-асрларда Шоштепада қадимги шаҳар белгилари пайдо бўлди. Бу ердан топилган суякдан ясалган ёзув таёқчаси (стиль) 15 см ли бўлиб, бир томони ёзиш учун учли қилиб, иккинчи, ўчирғич томони эса илон бошига ўхшаш қийшиқ кўпбурчак шаклида куракча қилиб ясалган. Бу топилма милод бошларидаёқ Тошкент воҳасида ҳам саводхонлик ҳамда хаттотлик мавжудлигидан гувоҳлик беради.
Шоштепадаги археологик обидалар: шаҳарнинг мустаҳкам мудофаа девори, ҳашаматли меъморий мажмуа, ҳунармандчилик буюмлари, хат-савод ва савдодан далолат берувчи топилмалар 2200 йил муқаддам Тошкент воҳасида шаҳар маданияти ривожланиб, Шоштепадаги қадимги қишлоқ шаҳар қиёфасини ола бошлаганини кўрсатади. Қадимий қишлоқ харобалари устида атрофи қалин айланма девор билан ўраб олинган доира шаклидаги қалъа (қўрғон) қад кўтаради. Шоштепани ўрганиш Тошкент ҳудудида шаҳар маданияти тарихи худди шу даврдан бошланган, яъни унинг ёши 22 асрдан кам эмас деб баҳолашга имкон берди.
Милодий 1-асрга келиб Чирчиқ, Салор, Қорасув бўйларидаги воҳанинг қарийб ярмидан кўпроғи ўзлаштирилиб, обод этилган. Салор ёнида жойлашган шаҳар – Мингўрик бу даврда ҳар томонлама етакчи мавқега эга бўлиб, уни муаррихлар ҳақли равишда милоднинг бошларидаги Тошкентнинг асоси деб ҳисоблайдилар. Бу шаҳар 6–8-асрларда айниқса равнақ топган. Шаҳарнинг Турк ҳоқонлиги таркибига кириши, унинг Қорамозор тоғларидаги конлар яқинида жойлашгани, ҳунармандчилик маҳсулотларига доимо муҳтож дашт кўчманчиларининг ёндошлиги, шунингдек, асосий карвон йўллари, хусусан Буюк ипак йўли воҳанинг шимолий қисмларидан ўтиши уни Чоч давлатининг пойтахти бўлиб қолишига имкон берди. Манбаларга кўра, шаҳар айланаси 4 км дан ортиқ бўлиб, ичида сарой, ибодатхона бўлган арк, амалдорларнинг уйлари жойлашган шаҳристон, ҳунармандлар маҳаллалари ўрнашган рабоддан иборат эди. Шаҳар атрофида озод жамоаларнинг кенг экин ерлари, қишлоқлари, зодагонларнинг қўрғон ва боғ-роғлари, истеҳкомлар пайдо бўлган. Экин-тикин қилинадиган ерлар чеккасида – кўчманчилар даштига туташ чегараларда мудофаа истеҳкомлари қурилган. Тасвирланаётган бу жойлар ҳозирги Тошкент ҳудудида эди.
Араб манбалари (Истаҳрий, Мақдисий, ибн Ҳавқал асарлари)да бу шаҳар Чочнинг пойтахти – «Мадинат уш-Шош» (Шош шаҳри) деб аталган. Чоч пойтахти ҳунармандлари металлдан меҳнат қуроллари, яроғ-аслаҳалар, зеб-зийнат ва рўзғор буюмлари ясашган, кўнчилик билан шуғулланишган, пахта ва жундан матолар тўқишган, сопол ва шиша идишлар, заргарлик буюмлари ясаб, ички ва ташқи савдони таъминлашган.
Шаҳар қизғин савдо-сотиқ маркази ҳам бўлган. Fарбда Византиядан тортиб, шарқда Хитойгача бўлган давлатларнинг Тошкент ҳудудидан топилган тангалари шундан далолат беради. Чоч ҳокими ҳам ўз тангаларини зарб қилдирган. 3–8-асрларда Чочда мис ва кумуш тангалар чиқарадиган зарбхона бўлган. Қад. Чоч ҳукмдорлари олд томонига мулкдорнинг суврати, орқасига думини гажак қилиб, ҳужумга тайёрланиб турган шер ёки қоплон тасвири ёки сулолавий айри тамға туширилган пулларни зарб этган. Чочнинг худди шу даврда зарб этилган баъзи тангалари орасида ҳукмдор билан ёнма-ён турган малика тасвири туширилган пуллар ҳам учрайди. Бу, шубҳасиз, Чочнинг илк ўрта аср ижтимоий ва иқтисодий, айниқса сиёсий ҳаётида ҳукмрон табақа аёлларининг анча-мунча нуфузга эга бўлганлигини кўрсатади. Савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик билан бирга маданият ҳам юксалган. Манбаларга кўра, тасвирий санъат, мусиқа, айниқса рақс санъати ривож топган. Турк ҳоқонлиги даврида Чоч ўз тили ва маданиятига эга эди. Тангалардаги ҳокимларнинг унвонлари ва номлари (Артачака, Шчаниябаға, Тарновча) ҳамда расмий ҳужжатлар шу тилда ёзилар эди. Чоч маркази ибодатхоналар (деҳқончилик маъбудаси, оташпарастлик, аждодларга сиғиниш) маркази ҳам эди. Мажусийлар ибодатхоналарининг харобалари ўша даврга оид бошқа ёдгорликларда ҳам сақланиб қолган. Дафн маросимлари зардуштийлик (оташпарастлик) русуми бўйича амалга оширилган. Паррандалар ва одам қиёфаси акс эттирилган, нақшлар билан безатилган остадонлар ясаш ҳунармандчилик ва санъатнинг алоҳида тури ҳисобланган.
Араб қўшинлари Чочга илк бор 713 йилда етиб келган. 9-асрга келиб, шаҳар аввалги ўрнидан 4–5 км шимоли-ғарброқда, Бўзсув каналидан чиқарилган Кайковус ариғи ёнида қайтадан вужудга келди ва яна Чочнинг пойтахтига айланиб, жадал тараққий эта бошлади. Шаҳарда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ тез ривож топди. Янги шаҳар араб манбаларида Бинкат деб тилга олинади. Бу ном 9–10-асрларда (Шош Сомонийларга тобе бўлган даврда) зарб этилган кумуш ва чақа тангаларда «Шош» ва «Мадинат уш-Шош» номлари билан бир қаторда учрайди. Бинкатда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривож топди. Ҳосилдор ерларни кўчманчилар босқинидан муҳофаза қилиш мақсадида 8-асрнинг 70-йилларида Чирчиқ водийсининг шимоли-ғарбий чегаралари бўйлаб, Сойлиқ қишлоғи ёнидаги тоғлардан то Сирдарёгача девор қурилган. Унинг харобалари Канпирдевор номида сақланиб қолган.
9–10-асрларда Шош Сомонийлар, 10-аср охири – 12-аср ўрталарида Қорахонийлар давлати таркибига кирган. 1215 йилда Муҳаммад Хоразмшоҳ қорахитойлар қўшини ҳамда найманлар хони Кучлуқ билан жанг қилиб, Шош вилоятини улардан тортиб олди ва вилоят душманлар қўлига ўтмаслиги учун Шош маркази аҳолисини кўчиртириб юборди. Шу боис мўғуллар 1220 йилда шаҳарни қаршиликсиз қўлга киритган бўлиши мумкин. Жувайнийнинг мўғуллар босқини ҳақидаги хабарида Тошкент шаҳри тилга олинмаган. 13–14-асрнинг 1-ярмида Тошкент Чиғатой улуси таркибида, 14-асрнинг 2-ярми – 15-асрнинг 80-йилларигача Амир Темур ва Темурийлар давлати таркибида бўлди. 1404 йилда Улуғбекга мулк тарзида берилди.
Темурийлар даврида Тошкент воҳа билан дашт чегарасидаги кучли қалъага айланди, унинг ҳудуди кенгайди, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, маданият ривожланди. Регистон, Шайхонтоҳур ансамблидаги мақбаралар, Жоме масжиди, Шайх Зайниддинбобо мақбараси, Зангиота мажмуаси ва бошқалар қурилди.
Тошкент 1485 йилда Мўғулистон хони Юнусхон ихтиёрига ўтди ва унинг қароргоҳига айланди. Ундан сўнг тахтни ўғли Султон Маҳмудхон бошқарди. 16-асрда Тошкент яна ободонлашиб, Туркистоннинг ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва маданий марказларидан бирига айланди. Меъморий обидалар қад кўтарди, уларнинг айримлари (Шайх Хованди Тоҳур мақбараси, Кўкалдош, Бароқхон мадрасалари) ҳозирги кунгача етиб келган. Ҳунармандчиликнинг тараққиёти савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига олиб келди. 1558 йилда Тошкент қирғиз-қайсоқлар қамалига бардош берди.
16-асрнинг 2-ярмида Тошкент билан Рус давлати ўртасида савдо алоқалари, элчилик муносабатлари ривожланди. 1579 йилда Тошкентни Бухоро хони Абдуллахон II босиб олди. Аштархонийлардан Имомқулихон 1611 йилда ўғли Искандарни Тошкентга ноиб қилиб тайинлади. Бироқ шаҳар аҳолиси исён кўтариб, қочиб кетаётган Искандарни тутиб ўлдирди. Бундан ғазабланган Имомқулихон Тошкент аҳолисидан шафқатсиз ўч олган. Катта Ўрда ва қалмоқларнинг ҳужумлари оқибатида Тошкент кўп шикастланган (1758).
18-аср ўрталарида Тошкент 4 даҳа (қисм)га – Шайхонтоҳур, Себзор (Қаффоли Шоший), Кўкча (Шайх Зайниддин), Бешёғоч (Зангиота)га бўлиниб, уларнинг ҳар бирини мустақил ҳоким бошқарган. Тошкент тарихида бу давр «Чор¬ҳокимлик» деб аталади. Чорҳокимлик даврида Тошкент аҳолиси атрофдаги шаҳар ва қишлоқлар, Дашти Қипчоқнинг чорвадор аҳолиси ҳамда Сибирь билан савдо алоқаларини узмаган. Бироқ бу даврда Тошкентдаги ички зиддиятлар ва нотинчликлардан фойдаланган кўчманчилар шаҳарга бир неча марта ҳужум қилган. Шу боис савдо-ҳунармандчилик аҳлининг илғор фикрли вакиллари ўртасида шаҳарни ягона ҳоким қўл остида бирлаштириш ғояси вужудга келган. 1740 йили Россиядан Тошкентга келган поручик Миллер шаҳарнинг 8 дарвозасини санаб ўтган.
1784 йил Шайхонтоҳур даҳаси ҳокими Юнусхўжа қолган 3 та даҳа ҳокимлигини ҳам ўз тасарруфига олиб, мустақил Тошкент давлатини ташкил этган. Бир неча ҳарбий юришлардан кейин у Катта Ўрдадан Тошкент атрофидаги қишлоқларни қайтариб олишга, Тошкент аҳолисига тинчлик бермаётган кўчманчи қозоқ қабилаларини бўйсундиришга муваффақ бўлган. 1799 йилда Қўқон хонлиги қўшинлари Тошкентни қамал қилдилар, аммо тошкентликларнинг кучли зарбасига учраб, орқага қайтдилар.
Тошкент давлати ташқи кучлар, айниқса, Қўқон хонлари тазйиқида бўлса-да, 20 йилдан зиёд мавжуд бўлган. Ушбу давлатни «волийи вилоят» лавозими билан Юнусхўжа бошқарди.
Юнусхўжа шимолда Тошкентга туташган Дашти Қипчоқ ҳудудини ҳам ўз тасарруфига олган, Чимкент ва Сайрам шаҳарларини (кейинчалик Туркистон шаҳрини ҳам) Тошкент давлати таркибига киритган. Ниёзбек, Олтинтепа, Қорабулоқ, Сарапон, Темир мавзелари ва бошқа ўнлаб қишлоқлар Тошкентга тобе бўлган.
1800 йилда Тошкент давлатининг чегараси жануб ва ғарбдан Сирдарё бўйлаб, шимолдан Туркистон ва Қоратоғ ёнбағирлари орқали ўтган. Шарқда Сайрам тизмаси ва Угом дарёсининг ўнг соҳили, жануби-шарқда Чатқол-Қурама тоғ тизмаларини ёқалаб Сангир қишлоғигача чўзилган.
Тошкент даҳалари, ўз навбатида, бир қанча маҳалла ва гузарлардан ташкил топган; даҳаларда маҳаллалар сони ва уларнинг катта-кичиклиги турлича бўлган. Аҳоли сони ўсган сайин маҳаллалар кенгайган ёки янгилари пайдо бўлган. Маҳалла маъмурий ҳолати жиҳатидан ўз ички тартиб-қоидалари бўлган жамоа ташкилоти саналган ва уни маҳалла аҳолиси томонидан сайланган бошлиқ (оқсоқол) бошқарган.
19-асрнинг 2-ярмига оид ёзма манбаларда Тошкент маҳаллалари ҳақида статистик маълумотлар мавжуд. Уларда қайд этилишича, бир маҳаллада 50 тадан 150 тагача хонадон бўлган. Баъзи маҳаллаларнинг номлари ўша жойда ривожланган касб-ҳунарни англатган (Пичоқчилик, Дегрез, Этикдўз); бошқалари этник атамалар (Ўзбекмаҳалла, Тожиккўча, Мўғулкўча) ёки жойнинг муайян белгиси (Чуқуркўприк, Баландмасжид ва ҳ.к.) орқали ифодаланган.
Тошкентнинг энг гавжум қисми унинг бозорлари ҳисобланган. Эскижўва, Чорсу ва Кўкалдош мадрасаси оралиғида Регистон, Чорсу ва Каппон (ғалла) бозорлари жойлашган. Регистон бозорида хонликларда ишлаб чиқарилган моллар билан бир қаторда Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон, Қашқар, Хитой ва Россиядан келтирилган моллар ҳам сотилган. Тошкентдан савдо карвонлари Сибирь шаҳарлари, Қашқар, Хитой, Ҳиндистон, Афғонистон ва Эрон томон қатнаган. Тошкент давлати ташқи ва ички савдони ривожлантириш мақсадида олд томонида «Муҳаммад Юнусхўжа Умарий» деб ёзилган, сиртига лочин ёки йўлбарс тасвирлари туширилган ўз тангаларини зарб этиб, мустақил ички ва ташқи сиёсат юритган, савдо-сотиқни кенгайтиришга интилган.
Тошкентнинг қалъа девори 19-аср бошларида Юнусхўжа фармони билан таъмирланди.
Юнусхўжа вафот этгач, унинг ўғли Султонхўжа Тошкент ҳокими бўлди. Юнусхўжанинг ўлимидан фойдаланган Қўқон хони Олимхон ўз укаси Умарбек қўмондонлигида қўшин тортиб, Тошкентни эгаллади ва унга Султонхўжанинг укаси Ҳамидхўжани ҳоким қилиб тайинлади. Ҳамидхўжа Қўқонга бўйсунмай қўйди. Натижада Олимхон шахсан ўзи қўшин тортиб, Тошкентни Қўқон хонлигига узил-кесил қўшиб олди. Шундан бошлаб, Тошкентга ноиб сифатида фақат Қўқон хони томонидан бекларбеги тайинланадиган бўлди. Бу даврда шаҳар ҳудуди 16 км2 ни, аҳолиси 80 минг (баъзи манбаларда 100 минг) кишини ташкил этган. Лашкар Қушбеги даврида шаҳар атрофи бўйлаб Қўймас, Қўқон, Қашқар, Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон ва Бешёғоч каби 12 дарвоза бор эди. Шаҳарнинг шарқий дарвозасидан то ғарбий дарвозасигача 8500 қадам, шим.дан жанубга эса 8100 қадам масофа ҳисобланган. Ҳар бир дарвозадан шаҳар маркази – Регистон бозорига элтувчи кўчалар ва улардан эса кўплаб тор кўчалар шохлаб кетган. Шаҳарда ҳунармандчилик, тўқимачилик, ёғоч ўймакорлиги, дегрезлик, темирчилик, кўнчилик, косибчилик, кулолчилик ва бошқалар ривожланган.
19-аср ўрталарида чор Россияси ҳукумати йирик стратегик мавқега эга бўлган Тошкентни босиб олиш мақсадида ҳарбий юриш бошлади. Бу вақтда Тошкент ва Тошкент вилояти Қўқон хонлиги таркибида эди. М.Г.Черняев бошчилигидаги рус қўшинлари 1864–65 йиллардаги бир неча бор уринишлардан сўнг 1865 йил 17 июнда шаҳарга бостириб киради. Шаҳар мудофаасида фаол қатнашган тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжа «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида ёзишича, тошкентликлар душманга қаттиқ қаршилик кўрсатганлар. Жуда кўп одам қурбон бўлган. Шу тарзда чор Россияси қўшинларининг махсус отряди Тошкентни босиб олишга муваффақ бўлган. Тошкент мудофааси жангларида Қўқон хонлигининг ҳарбий лашкарбошиси Алимқул оғир яраланиб, ҳалок бўлади. Босиб олинган шаҳарни ҳуқуқий жиҳатдан мудофаа этишда шаҳар зодагонларидан – уламо, мударрис Солиҳбек Охунд фидокорлик кўрсатади. У генерал Черняевнинг чор Россияси хоҳишига мос келадиган 2-шарт¬номасига имзо чекишдан бош тортади. Шу сабабли у 9 нафар шериги билан Сибирга сургун қилинади. Тошкент ва унга қарашли барча ҳудудларда Россия давлатининг ҳукмронлиги ўрнатилган. Тошкент чор Россиясининг кейинроқ Туркистон хонликларини босиб олиши учун таянч пунктга айлантирилган. 1866 йил августда Россия империясининг Тошкент Россия тобелигига олинганлиги ҳақида расмий фармони эълон қилинган. Тошкент ва унинг атрофлари янги ташкил этилган Сирдарё вилояти таркибига киритилган. Анҳорнинг чап соҳилида рус маъмурлари ва ҳарбийлари учун европача услубдаги янги шаҳар қурила бошлаган. Янги шаҳар ҳудудида маъмурий идора ва маҳкамалар жойлаштирилган. Анҳорнинг ўнг соҳилидаги қадимий Тошкент Эски шаҳар деб атала бошлаган. Бу ҳол ҳам мустамлакачилик тузумининг ёрқин белгиларидан бири эди. Бутун Туркистон ўлкасида бўлгани каби, Тошкентда ҳокимият рус ҳарбий маъмурияти томонидан амалга ошириларди, шаҳарда ҳарбий губернатор томонидан тайинланган бошлиқ раҳбар эди.
Янги саноат корхоналари, савдо-сотиқ идоралари ва маданий-маъмурий муассасалар шаҳарнинг янги қисмида жамланди. Эски шаҳар деярли қайта қурилмади. Туркистоннинг бошқа шаҳарлари сингари, Тошкентга ҳам Россиядан ерсиз деҳқонлар аста-секин кўчиб кела бошлади. Уларга энг яхши ерлар ажратиб берилди, улар бу ерда чор маъмуриятининг таянчи бўлиб қолди.
Чор маъмурлари Туркистонда ўз манфаатларини кўзлаб, жуда катта ҳудуддаги маҳаллий аҳолига, жумладан Тошкент аҳолисига нисбатан жабр-зулм ва ҳақсизликларни кучайтириб, мустамлакачилик сиёсатини олиб борди. 1892 йилда тошкентликлар мустамлака зулмига қарши, 1916 йил июлда чор ҳукуматининг мардикорликка олиш ҳақидаги фармонига қарши қўзғолон кўтарди.
1899 йил Закаспий темир йўли Тошкентгача узайтирилди. 1906 йил эса Тошкентни Россия маркази билан боғловчи энг яқин йўл – Оренбург–Тошкент темир йўли қурилди. Тошкент асосий темир йўл чорраҳаси, савдо ва транзит пунктига, Туркистон ўлкасининг маъмурий-сиёсий марказига айланди. Шаҳарда кичик саноат корхоналари, банклар юзага кела бошлади. 1885–95 йилларда 28 янги саноат корхонаси пайдо бўлди, 20-аср бошларига келиб, саноат корхоналари сони 53 тага етди. Улар орасида 10 пахта тозалаш, 9 кўнчилик, 4 пиво пишириш, 3 чўян қуйиш ва бошқа корхоналар бор эди. Турли савдо фирмалари, маданий муассасалар, ҳарбийлар ва бошқарув идоралари учун бинолар қурилиши бошланди. 1901 йил кўнка ишга туширилди. Туркистон чор Россияси томонидан босиб олиниши билан, албатта, биринчи навбатда, мустамлакачилик империясини мустаҳкамлаш мақсадида ўлканинг табиий бойликларини, унинг тарихий-маданий ўтмиши ва ҳозирги кунини ўрганиш ва тадқиқ қилиш жадаллашди. Тошкентда бир қанча тўгараклар, жамиятлар, жумладан Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги, Россия география жамиятининг Туркистон бўлими, Туркистон тиббиёт жамияти ва бошқаларга асос солинди. Китоб босиш ва газета нашр этиш ишлари йўлга қўйилди. Илмий муассасалар (Тошкент астрономия расадхонаси, Туркистон қишлоқ хўжалик тажриба ст-яси) ташкил қилинди, шифохоналар ва дорихоналар очилди.
19-аср охири ва 20-аср бошларида бутун Туркистонда бўлгани каби, Тошкентда жадидчилик ҳаракати юзага келди. Илғор маҳаллий зиёлиларни бирлаштирган бу ҳаракат намояндалари чор Россиясининг мустамлакачилик, хусусан руслаштириш сиёсати моҳиятини англаб етдилар, жамиятни ислоҳ қилиш заруриятини тушундилар ва бу йўлда амалий ишлар олиб бордилар. Тошкентда жадидларнинг «Шўрои исломия», «Турон», «Шўрои уламо», «Иттифоқи муслимин» ташкилотлари фаолият кўрсатди. Тошкент жадидлари тепасида Мунавварқори Абдурашидхонов, А.Авлоний, У.Асадуллахўжаев ва б. турдилар. Улар янги усулдаги мактаблар очиш, дарсликлар яратиш, театр гуруҳлари, маърифатчилик жамиятлари тузиш, газеталар нашр этиш ишига бошчилик қилишди. Тошкентда шундай мактаблардан биринчисини Мунавварқори Абдурашидхонов «Намуна» номи билан ташкил этди. 1910 йилга келиб шундай мактабларнинг сони 11 тага етди. 20-аср бошида Тошкентда «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат», «Осиё», «Тужжор» сингари илғор ғояларни илгари сурган газеталар нашр этилди.
Россияда Октябрь тўнтариши ҳақидаги хабар Тошкентга етиб келгач, большевиклар ва сўл эсерлар ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаш учун курашдилар. 1917 йил 28 октябрь (10 ноябр)да Бош темир йўли устахонасининг маҳаллий миллатга мансуб бўлмаган ишчилари ҳамда аскарлар қўзғолон бошладилар. Улар темир йўли депоси, товар омборлари, 1-Сибирь полки казармаларини ишғол қилдилар. Шаҳар маркази қўзғолончилар қўлига ўтди. 1 (14) ноябрда Тупроққўрғон ҳам ишғол қилингач, Тошкентда шўролар ҳокимияти ўрнатилди. Шу тариқа Тошкентда Россиядан бадарға қилинган большевиклар 1917 йил 1 (14) ноябрда темир йўл мастеровойлари ёрдамида тўнтариш ўтказиб, ҳокимиятни эгалладилар.
1918 йилнинг 30 апрелидан бошлаб Тошкент Туркистон АССР пойтахти бўлиб қолди. Шу йилнинг июнь ойида Тошкентда большевикларнинг 1-ўлка съезди бўлиб ўтди. Бу съезд партия ташкилотларини Туркистон Коммунистик партиясига ташкилий жиҳатдан расмийлаштириш жараёнини ниҳоясига етказди. Туркистон (кейинчалик Ўзбекистон) Компартияси Россия (кейинчалик Совет Иттифоқи) Коммунистик (большевиклар) партиясининг таркибий қисми бўлиб қолди.
Фуқаролар уруши йилларида (1918–20) Тошкент зўрлик билан Туркистон миқёсида большевикларнинг зўравонликка асосланган тартибини қабул қилмаган кучларга қарши кураш марказига айлантирилди. Тошкентда Бутун Россия МИК ва РСФСР ХКС нинг Туркистон комиссияси иш олиб борди. 1924 йилда Ўзбекистон пойтахти Самарқандга кўчирилди. 1930 йилдан Тошкент яна пойтахт бўлди.
Тошкент доимо ўзбек миллатига хос саховат ва инсонпарварликнинг рамзи бўлиб келган. Шаҳар ўзининг боғ-роғлари, тўкинчилиги билан машҳур. 20-асрнинг 20–30-йилларида шўролар тузуми томонидан қишлоқ хўжалигида «ҳарбий коммунизм» сиёсати жорий этилиши натижасида ўз қишлоқларини ташлаб кетишга мажбур бўлган минг-минглаб жабрдийдалар Тошкентга келгачгина очлик туфайли муқаррар бўлган ўлимдан халос бўлдилар. Шу сабабли шаҳар очарчилик йилларида «Тошкент – нон шаҳри, ризқ-рўз шаҳри», деб ном чиқарди.
20-асрнинг 30–40 йилларида Тошкентда металл¬созлик, машинасозлик, электр энергетикаси ва нефть маҳсулотларидан тортиб, турли-туман енгил саноат ва тўқимачилик маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқарадиган завод ва фабрикалар барпо этилди. Бўзсув, Қодирия, Бўржар ГЭСлари қурилди. Тошкент Ўрта Осиёнинг маданият марказига ҳам айлана борди. 1918 йил 12 майда Тошкентда Мусулмон халқ дорилфунуни, унинг негизида Туркистон халқ университети, 1919 йилда Туркистон ун-ти ташкил этилди. Мазкур университет Ўрта Осиёда мутахассис кадрлар тайёрланадиган энг катта илм маскани бўлиб қолди. Унинг асосида урушгача 16 олий ўқув юрти барпо этилди.
Тошкентда саноат районларининг пайдо бўлиши шаҳарни янгидан қайта қуришни тақозо этди. 1939 йилда Тошкентни реконструкция қилиш биринчи бош плани ишлаб чиқилди. Унга асосан шаҳар шимоли-шарқ ва жануби-ғарбга томон кенгайди (урушдан кейинги йилларда шаҳар бош плани бир неча бор қайта тузилди). Бош план асосида кўплаб турар жойлар, жамоат бинолари, болалар ва тиббиёт муассасалари қуриш бошланди. Транспорт магистраллари схемаси ишлаб чиқилди, боғлар, хиёбонлар, сунъий кўллар барпо этилди. 1939 йилда Тошкент ҳудуди 90 км2 ни, аҳолиси 556 минг кишини ташкил этди. Совет ҳокимияти амалга оширган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар: индустрлаштириш, қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш бутун республика сингари Тошкент шаҳрининг ривожланишига ҳам салбий таъсир қилди. Шаҳар ўринсиз равишда моҳир тадбиркорларидан, энг яхши хўжалик юритувчиларидан маҳрум бўлди. 30–50-йиллардаги сталинча қатағонлар оқибатида Тошкент зиёлилари ҳам қатли ом қилинди. Улар орасида Тошкентда яшаб ижод этган Абдулла Қодирий, Боту, Усмон Носир, Чўлпон ва б. бор эди.
2-жаҳон урушининг дастлабки кунлариданоқ шаҳар саноати олдида муҳим ва шошилинч вазифалар пайдо бўлди. Шаҳар маҳаллий саноати ва ҳунармандчилик корхоналарининг асосий қисми армия учун зарур кийим-кечак тикишга мослашди. 1942 йилнинг бошларига келиб, Тошкент саноат корхоналарининг қарийб ярми тўлиқ ёки қисман ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришди. Шу билан бирга, СССРнинг ғарбий фронтга яқин ҳудудларидан 50 дан ортиқ корхона қисқа муддат ичида шаҳар ҳудудига кўчириб келтирилди ва ишга туширилди. Бу корхоналар орасида В.Чкалов номидаги Москва авиация заводи, «Ростсельмаш», «Электрокабель» ва б. корхоналар бор эди. Ҳарбий аҳамиятга эга бўлган корхоналарни жойлаштириш учун 150 минг м2 дан ортиқ ишлаб чиқариш бинолари қурилди ва реконструкция қилинди. 1943 йил Тошкент саноати 1940 йилдагидан 3 баравар ортиқ маҳсулот берди.
Тошкент маҳнаткашларининг ташаббуси билан қисқа муддат ичида Шимолий Тошкент канали қазиб тугалланди (1942 йил 5 майда ишга туширилди).
Уруш йилларида шаҳарда 20 га яқин госпиталь (7650 ўринли) ташкил этилди. Тошкентга кўчириб келтирилган болалар уйларини жойлаштириш учун шаҳарнинг энг яхши бинолари ажратиб берилди. Етим болалар алоҳида ҳисобга олинди, ўсмирлар фабрика-завод шогирдлик мактабларига, ҳунар ва темир йўл билим юртларига юборилди. Шаҳар болаларга ёрдам кўрсатиш комиссияси шаҳар аҳолиси ўртасида маблағ тўплаш, болаларга кийим-кечаклар йиғиш ишларини олиб борди. Тошкент хотин-қизларининг чақириғига биноан, эвакуация қилинган болаларни асраб олиш бўйича оммавий ҳаракат бошланиб кетди, кўплаб оилалар бу чақириққа қўшилдилар. Тошкент меҳнаткашлари уруш йиллари 300 минг кишини, шу жумладан 100 мингга яқин болани ўз бағрига олдилар.
Уруш йилларида Тошкентда СССР ФАнинг 375 йирик олим ва илмий ходимлари ишлади. 1943 йил 4 ноябрда Ўзбекистон ФА ташкил этилди. Тошкентда олий ўқув юртлари, шунингдек, Москвадан эвакуация қилинган геодезия, аэрофотосъёмка ва картография инженерлари, автомобиль йўллари қурилиши, архитектура, планлаштириш институтлари, Киев индустрия институти ва б. ишлаб турди.
Тошкентда бошқа шаҳарлардан эвакуация қилинган машҳур композиторлар, ёзувчи, адабиётшунос, таржимонлар яшаб, ижод этдилар. Тошкентда яшаган машҳур меъморлар шаҳарнинг меъморий ривожига муайян таъсир кўрсатдилар. Навоий номидаги театр, Муқимий номидаги театр бинолари қурилиши бунга мисол бўла олади.
Тошкентликлар фронт майдонларида ҳам қаҳрамонлик кўрсатдилар. Тошкентликлардан 13 киши Уруш Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.
Урушдан сўнг Тошкент саноати, асосан, тинчлик даври эҳтиёжлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришди. 1946–50 йилларда барча машинасозлик корхоналари техник жиҳатдан қайта жиҳозланди, кенгайтирилди. 1950 йил саноат ишлаб чиқариш ҳажми урушдан олдинги даврдагига нисбатан 2,9 марта ортди.
Тошкент ҳудуди анча кенгайиб, 1946 йил 130 км2 ни ташкил этди. 1950-йиллар охири – 60-йиллар бошларида кўп қаватли янги турар жойлар, саноат зоналари барпо этила бошлади. Ободонлаштириш ишларига, водопровод, канализация тармоқларини қуришга бирмунча аҳамият берилди. 1947 йилдан шаҳар кўчаларида троллейбус қатнай бошлади. 1946–58 йиллар давомида 1 млн. м2 дан ортиқ уй-жой қурилди.
1966 йил 26 апрелда Тошкентда юз берган зилзила натижасида шаҳар жиддий шикастланди. Зилзила оқибатлари қисқа муддат (3,5 йил)да тугатилди. Шаҳар қиёфаси бутунлай ўзгарди. Боғ ва экинзорлар ўрнига кўплаб турар жой массивлари, жамоат бинолари қурилди. Лекин улардан маҳаллий аҳолидан кўра кўпроқ «қурилиш баҳонасида» марказдан келганлар баҳраманд бўлишди.
1973 йил Тошкентда метрополитен қурилиши бошланди. 1977 йил 6 ноябрда унинг 1-йўлининг 1-қисми фойдаланишга топширилди.
Азим шаҳримиз Тошкентнинг шон-шуҳрати қанчалик юксак бўлмасин, Советлар тузуми даврида унинг мавқеи, ривожланиш суръатлари умуман йирик шаҳарлар даражасидан орқада қолмоқда эди. Шаҳарда уй-жой қурилиши суръати, касалхоналарда ўринлар сони талаб даражасида эмасди. Зилзиладан кейин қурилган кўп қаватли биноларнинг сифати бирдек талабга жавоб бермасди. Айниқса, пойтахтнинг Эски шаҳар қисми хўжалигида ҳал қилинмаган муаммолар жуда кўп эди. Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод туманлари меҳнаткашларининг марказий иссиқлик таъминоти, канализация, газ таъминотидан фойдаланиш имкониятлари чекланган эди. Кўпгина йирик корхоналар ва мавзелар маҳаллий иқлим шароитлари, демография ва экология вазиятини ҳисобга олмай қурилганлиги сабабли аҳоли азият чекарди.
Тошкент саноати қанчалик ривожланмасин, умуман шаҳар хўжалиги собиқ марказдан ва б. ривожланган минтақалардан тайёр маҳсулот етказиб берилишига бутунлай қарам бўлиб қолган эди. Шўро давлати ҳукмронлиги шаҳардаги миллий қадриятларнинг йўқолишига, шаҳар қиёфасида шарқона кўринишларнинг нураб боришига ҳам олиб келмоқда эди. Давлатнинг мустамлакачилик сиёсати, айниқса, шаҳардаги туман, кўча, майдонлар ва б. объектлар номланишида, ҳайкаллар ўрнатилишида яққол намоён бўлмоқда эди.
1991 йил 31 августда Тошкентда Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди. Ҳозирги Тошкент – Ўзбекистон Республикасининг пойтахти, сиёсий маркази. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қароргоҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, ижтимоий ҳаракат ва партияларнинг марказлари, чет эл элчихоналари, БМТга қарашли ташкилотлар ваколатхоналари жойлашган.
Тошкент – қадимдан тинчлик, дўстлик шаҳри бўлиб келган. Бу ерда ўтказилган ҳар қандай анжуман тинчлик, ижтимоий тараққиёт, дўстлик ва ҳамкорлик, байналмилалчилик, демократизм руҳи билан суғорилиши одат бўлиб қолган.
1966 йил Ҳиндистон билан Покистон раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви ва бу учрашувда улар бир битимга келиб, Тошкент декларацияси қабул қилиниши икки давлат – Покистон ва Ҳиндистон ўртасида тинчликка эришиш имконини берди. 1989 йилда Тошкент халқаро тинчлик йили тадбирларида фаол иштирок этганлиги туфайли Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан шаҳарга «Тинчлик элчиси» фахрий унвони берилди.
Мустақиллик йилларида Тошкентнинг халқаро майдондаги нуфузи беқиёс ортди. Истиқлолнинг биринчи кунларидан бошлаб мустақилликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, ўта муҳим таш¬қи сиёсий ва иқтисодий муносабатлар соҳасида энг мақбул йўллар Тошкентда топишга киришилган. Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва б. давлат бошқарув органлари тузилди, дипломатик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими яратилди. Тошкентда 90 га яқин элчихона ва савдо ваколатхонаси аккредитация қилинган (2009).
Тошкентда жаҳон мамлакатлари, БМТ ташкилотлари, МДҲ ва Марказий Осиё давлатларининг турли муҳим мавзулардаги семинар, симпозиум ва қурултойлари ўтказиб турилади. Хусусан, Тошкентда минтақавий хавфсизлик бўйича бўлиб ўтган анжуман (1995 йил сентябрь), ядросиз ҳудуд масаласига доир халқаро саммит (1997 йил сентябрь), Президент И.Каримов ташаббуси билан 1999 йил 18–20 июль кунлари Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича «6+2» гуруҳининг олий даражадаги учрашуви жуда катта халқаро аҳамиятга эга бўлди. Бу учрашувда қабул қилинган «Тошкент декларацияси»га БМТ Бош ассамблеяси томонидан инсоният тақдири ва келажагига дахлдор бўлган муҳим сиёсий ҳужжат мақоми берилди. Шу муносабат билан БМТ Тошкентга яна бир бор «Тинчлик элчиси» шарафли унвонини берди.
Тошкентликлар дунёнинг кўпгина шаҳарлари билан узвий дўстлик алоқалари ўрнатганлар. Тошкент Сиэтл (АҚШ), Тунис (Тунис), Патиала (Ҳиндистон), Карочи (Покистон), Триполи (Ливия), Марокаш (Марокаш), Скопье (Македония), Урумчи (ХРР) ва б. шаҳарлар билан биродарлашган. Тошкент – биродарлашган шаҳарлар жаҳон федерацияси аъзоси. Бу ерда ижтимоий тараққиёт, фан, техника, тиббиёт, маданият ва санъат масалаларига бағишланган анжуманлар мунтазам ўтказилади.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Тошкентда Ўзбекистоннинг бошқа вилоят ва шаҳарларида бўлгани каби бошқарувнинг тарихий-миллий шакли – ҳокимият ўрнатилди. 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси пойтахти – Тошкент шаҳри мақоми ва давлат ҳокимияти органлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Тошкентда шаҳар ҳокими лавозими жорий этилди. Тошкентнинг Ўзбекистон мус¬тақиллиги давридаги герби 1996 йилда тасдиқланган. 2003 йилда герб тасвирига қисман ўзгартиришлар киритилган.
Тошкентда мустақиллик шарофатидан келиб чиқиб, ҳам иқтисодиёт, ҳам маънавият соҳасида туб ислоҳотлар қилина бошлади. Иқтисодиёт соҳасида бозор муносабатларига ўтилиши талаблари асосида бизнес, тадбиркорликни, хорижий сармоялар киритишни рағбатлантириш, янги банк-кредит тизимини барпо этиш, мулкни хусусийлаштиришга доир бир қанча амалий тадбирлар кўрилди. Шаҳарда хорижий мамлакатлар ишбилармонлари билан ҳамкорликда қўшма корхоналар, фирмалар очиш ривож топа бошлади.
Тошкент мамлакатнинг энг йирик саноат марказига айланган. Тошкент саноати тараққиёти илдизини узоқ тарихга эга бўлган ҳунармандчилик ташкил этади. Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва б. шаҳарлар каби Тошкентда майда ва йирик ҳунармандчилик қадимдан ривож топган. Ҳақиқий маънодаги саноатнинг пайдо бўлиши 19-асрнинг 2-ярмига тўғри келади. Ўша вақтда пахта тозалаш, вино, арақ, консерва, пахта мойи заводлари пайдо бўлди. Кейинги 100 йил давомида электроэнергетика, газ, нефть, кўмир, қора ва рангли металлургия, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, кимё, цемент, қурилиш материаллари, тўқимачилик, озиқ-овқат ва б. саноат тармоқлари шаклланди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Тошкент саноатида туб ислоҳотлар амалга оширилди, кўпгина тармоқлардаги саноат корхоналари давлат тасарруфидан чиқарилди ва хусусийлаштирилиб, давлат акциядорлик, корпоратив, жамоа, хусусий ва б. ташкилий-ҳуқуқий мулк шаклларига айлантирилди, кўплаб, кичик ва ўрта корхоналар ташкил топди.
Бозор иқтисодиётига ўтишнинг дастлабки йилларида шаҳар ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ишлаб чиқаришнинг пасайиши кузатилган бўлса, 1995 йилдан бошлаб ҳолат барқарорлашиб, саноат ўсиш йўлига кирди.
Мамлакатда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 14,7% Тошкент ҳиссасига тўғри келади. Пойтахт саноатида 16 дан зиёд асосий тармоғига мансуб 145 та йирик саноат корхонаси мавжуд. Саноат ишлаб чиқаришда ёқилғи, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноатлари етакчи ўринни эгаллайди. Тошкент саноат корхоналарида 2008 йилда 3473 млрд. сўмлик товар маҳсулотлари ва 1432,7 млрд. сўмлик халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди. Шаҳар саноатида пахтачилик учун қишлоқ хўжалиги машиналари мажмуаси, мебеллар, станоклар, экскаватор, самолётлар ва б. халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилади. Мазкур тармоқларнинг энг замонавий технологиялар билан қайта жиҳозлангани ва модернизация қилингани туфайли жаҳон бозорида харидоргир, юқори сифатли маҳсулотлар тайёрланмоқда.
2008 йил шаҳар умумий саноат маҳсулот ҳажмининг 92,3% нодавлат сектори корхоналари томонидан ишлаб чиқарилди. Ҳозирги кунда умумий шаҳар инвестициясининг 25,0% давлат мулк¬чилик шаклидаги, мувофиқ равишда 75,0% нодавлат сектори корхоналарига тўғри келади. Ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши ортиб бормоқда. Тошкентда 100 дан зиёд хорижий мамлакат фирма ва компаниялар билан ҳамкорликда фаолият юритаётган корхоналар сони 3160 тага етиб, улар томонидан ишлаб чиқарилган ва кўрсатилган хизматлар ҳажми 2098,1 млрд. сўмдан ошди (2008).
2008 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 136,8% га ўсди, ташқи савдо айланмаси 6993,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди, экспорт ҳажми 3183,0 млн. АҚШ долларига етди, бу 2007 йилга нисбатан 122,6% ни ташкил этди.
Тошкентда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларига нафақат МДҲ, балки бошқа хориж давлатларида ҳам талаб катта. Шаҳар саноат корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар: мис симлар Германия, Гонконг, Венгрияга, турли моделдаги тракторлар Хитой, Корея, Аф¬ғонистон, Сербия, пахта териш машиналари Африкадаги мамлакатларга, пластмасса буюмлар Италия, Голландия, Болгария, Ливан, Литвага, пахта толаси Бельгия, Швейцария, Франция, Германия, АҚШ ва б. давлатларга экспорт қилинади.
Тошкент – Ўрта Осиёдаги энг йирик транспорт чорраҳаси. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Шаҳарда 2 темир йўл вокзали, 2 аэровокзал, автовокзал, 5 автостанция ишлайди. Бу ердан Тошкент–Оренбург–Москва, Тошкент–Туркманбоши, Тошкент–Наманган–Андижон ва бошқа темир йўллари ўтган. Тошкент–Янгийўл, Тошкент–Хўжанд, Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Бухоро, Тошкент–Гулистон йўналишида электр поездлари қатнайди. Тошкентдан МДҲ мамлакатлари шаҳарларидан ташқари Лондон, Франкфурт-Майн, Тель-Авив, Жидда, Деҳли, Карочи, Истанбул, Бангкок, Пекин, Урумчи, Нью-Йорк, Амстердам, Шаржа (БАА), Куала-Лумпур, Теҳрон, Афина, Дубай, Сянган шаҳарларига мунтазам ҳаво йўллари, Ҳалаб, Сеул шаҳарлари, Осиё ва Европанинг кўпгина шаҳарларига чартер йўловчилар ташувчи рейслар ўтган. Шаҳардан бир неча муҳим автомобиль йўли бошланади. Уларнинг энг йириги – Катта Ўзбекистон тракти. Тошкентда кичик ва катта ҳалқа автомобиль йўллари мавжуд. Шаҳар йўловчилари ички қатнови метрополитен, троллейбус, автобус, трамвай, таксилар орқали амалга оширилади.
Шаҳар тарихий-меъморий ёдгорликларидан Қаффол Шоший мақбараси (10–16-асрлар), Кўкалдош мадрасаси (16-аср), Бароқхон мадрасаси (15–16-асрлар), Хўжа Аламбардор мақбараси (тахминан 10-аср), Абулқосим мадрасаси (19-аср), Юнусхон мақбараси (15-аср охири), Шайх Хованди Тоҳур мажмуаси (15-аср), Қалдирғочбий мақбараси (15-асрнинг 1-ярми) ва б. сақланган.
Тошкентда кўп азиз-авлиёлар ўтишган. Шиблиота, Зангиота, Чўпонота, Иброҳимота, Саидота, Ваққосота, Қўйлиқота, Сузукота, Чилонзорота, Яланғочота шулар жумласидандир.
Тошкент қадим-қадимдан инсоният тафаккури хазинасига жуда катта улуш қўшган олиму фузалолар ватани ҳисобланади. Қаффол Шоший, Абу Бакр Шоший, Шайх Умар Боғистоний, Хожа Аҳрор Валий, Абу Сулаймон Банокатий, Ҳофиз Кўҳакий каби буюк алломалар шу ҳудудда яшаб, ижод этганлар. 20-асрда Тошкентда Ҳабиб Абдуллаев, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Обид Содиқов, Саъди Сирожиддинов, Яҳё Fуломов, Собир Юнусов, Восит Воҳидов, Fани Мавлонов ва б. илм-фаннинг турли йўналишлари бўйича илмий мактаб яратдилар. Мустақиллик йилларида Тошкентнинг илмий салоҳияти кескин ошди. 30 дан ортиқ илмий текшириш муассасаларини бирлаштирган Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси пойтахтда фаолият кўрсатиб келмоқда. Халқ хўжалиги ва маданий ҳаётнинг тобора ортиб бораётган талабларидан орқада қолаётган илмий текшириш институтлари тугатилиб, турмуш тақозо қилган янги институтлар очилди. Илм аҳли чет элдаги олимлар билан мустаҳкам илмий-ижодий алоқалар ўрнатди.
Тошкентда мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичи талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси, Тиббиёт академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ислом университети, Миллий рассомлик ва дизайн институти, шунингдек, Москва давлат университети, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси, И.М.Губкин номидаги Россия нефть ва газ университетининг филиаллари, Тошкент Халқаро Вестминстер университети, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва б. олий ўқув юртлари ташкил этилди. Тошкент давлат университети барпо этилиши юзасидан тарихий ҳақиқат тикланиб, Марказий Осиёдаги бу энг табаррук олий ўқув юртига «Миллий университет» мақоми берилди.
Тошкентда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури изчил амалга оширилмоқда. Шаҳарда 289 умумий таълим мактаби, 37 академик лицей, 38 мусиқа ва спорт мактаблари, 79 касб-ҳунар коллежи, 29 олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда (2009).
Тошкент ва Тошкент воҳаси Шарқ адабиётининг қадимий марказларидан. 14–16-асрларда Бадриддин Чочий, Зайниддин Восифий Тошкентда яшаб ижод қилганлар. Кейинги йилларда шу заминдан Алмаий, Камий, Авлоний, Нозимахоним, Мирмуҳсин Шермуҳаммедов, Сидқий Хондайлиқий, Хислат, Мискин, Тавалло, Элбек каби ижодкорлар етишдилар. Тошкент адабий ҳаётида 20-асрнинг 20–30-йилларида – Абдулла Қодирий, Ойбек, Fафур Fулом, Абдулла Қаҳҳор, Уйғун, Боту, Зиё Саид, Fайратий, Ойдин, кейинги йилларда – Зулфия, Миртемир, Мирмуҳсин, Саид Аҳмад, Шуҳрат, Раҳмат Файзий, Шукрулло, Ҳамид Fулом, Асқад Мухторнинг ўрни катта.
Тошкент том маънода санъат маскани ҳисобланади. Бу ердан етишиб чиққан Тўйчи ҳофиз, Зокировлар, Ражабийлар, Шожалиловлар сулолалари, Ўзбекистон халқ ҳофизлари Муҳаммаджон Каримов, Фахриддин Умаров, Очилхон Отахонов, Ўзбекистон халқ артистлари Ориф Алимахсумов, Турғун Алиматов, Маҳмуджон Fафуров, театр арбоблари Шукур Бурҳонов, Зикир Муҳаммаджонов, Fани Аъзамов ва б. мамлакатимизда ифтихор билан тилга олинади.
Тошкентда маданий-маърифий муассасаларнинг кенг шохобчалари мавжуд. Шаҳарда 24 музей (Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи, Амалий санъат музейи, Адабиёт, Ўзбекистон кино санъати, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш музейлари ва б. музейлар), 115 кутубхона, 9 концерт ташкилоти, 54 маданият уйи, 13 театр бор. Тошкент циркида 1940 йилдан бошлаб машҳур ўзбек дорбозлари – Тошканбоевлар сулоласи фаолият кўрсатиб келмоқда. Шаҳарда 12 маданият ва истироҳат боғи бор. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий боғи бутунлай янгитдан барпо этилди. Боғнинг энг кўркам, баланд ерига халқимизнинг буюк шоири Алишер Навоийга муҳташам ҳайкал ўрнатилган.
Шўролар тузуми даврида шаҳар марказида «Инқилоб хиёбони» деб аталган боғ мустақилликдан сўнг «Амир Темур хиёбони» деб ўзгартирилди ва бу ерда соҳибқироннинг салобатли ҳайкали ўрнатилди. Темурийлар тарихи давлат музейи қурилди. Академиклар шаҳарчасида Мирзо Улуғбекка ҳайкал қўйилди. Шаҳарнинг кўркам жойларида Абдулла Қаҳҳор, Fафур Fулом, Зулфияга ҳайкаллар ўрнатилди.
Тошкентни кўкаламзорлаштиришга, умуман ободонлаштиришга катта аҳамият берилмоқда. Шаҳарнинг табиий муҳитини бузадиган корхоналар, ташкилотлар замонавий асбоб-ускуналар билан қайта жиҳозланди ёки шаҳардан ташқарига кўчирилди. Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши ишга туширилди. Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида жойнинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиб, асосан 1995 йилдан бутун инфратузилмани комплекс ривожлантиришга киришилди. 1997 йилда 2015 йилгача бўлган Тошкент шаҳри Бош плани схемаси ишлаб чиқилди. Маҳаллалараро алоқаларни сақлаб қолиб, шаҳарнинг тарихан таркиб топган қисмини тубдан таъмирлаш ва ободонлаштириш йўлида катта ишлар қилинди. Жумладан, Эски шаҳарнинг Қорасарой, Сағбон, Форобий ва б. кўчалари кенгайтирилиб, қайта очилди. Бу кўчаларда транспорт қатнови яхшиланди. Катта ҳалқа йўли, Кичик ҳалқа йўли лойиҳа асосида кенгайтирилиб, тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Фарғона йўли, шунингдек, Тошкентни Қозоғистон билан боғловчи Келес кўприги ва б. қайта қурилди. «Туркистон» саройи, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Республика биржа маркази, Республика кўчмас мулк биржаси, Болалар ижодиёти уйи, Ўзбек либослари галереяси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Халқаро бизнес маркази, «Интерконтиненталь Тошкент» ва б. бир қанча меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, темир йўл вокзали, «Шаҳидлар хотираси» хиёбони, Хотира майдони, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат бинолари, Ўзбекистон тасвирий санъат гале¬реяси, Ёшлар ижод саройи ва б. иншоотлар фойдаланишга топширилди. «Олой», «Эскижўва», «Фарҳод», «Бешёғоч», «Миробод», «Аския», «Отчопар», «Паркент», «Кўкча» бозорлари қайта қурилди.
Шаҳар қиёфасининг шарқона тус олишига аҳамият берилмоқда. 1991 йил 1 сентябрдан Тошкентдаги Марказий майдон Мустақиллик майдони деб аталди. Бу майдонда Мустақиллик ва эзгулик монументи ўрнатилди.
Тошкент шаҳрида кўплаб касалхона, поликлиника, дорихона аҳолига хизмат кўрсатади. Республика аҳамиятидаги шошилинч тиббий ёрдам, урология, кўз микрохирургияси, кардиология, жарроҳлик, онкология марказлари Тошкентда жойлашган. Шаҳарда санаторий, санаторий-профилакторий, дам олиш уйлари бор. Тошкент яқинида Тошкент минерал суви бальнеологик курорти жойлашган.
1994 йилда Тошкентда «Юнусобод» теннис саройи қурилиб, теннис бўйича катта халқаро мусобақалар ўтказилмоқда. Шаҳарда Республика Марказий ҳарбий спорт клуби (МҲСК), «Ўзбекистон», «Жар», «Универсал» ва б. спорт мажмуалари жойлашган. Бу спорт иншоотларида хал¬қаро спорт талабларига жавоб берадиган, нуфузли халқаро спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Тошкентдаги «Пахтакор» ва «Бунёдкор» футбол жамоалари Осиё чемпионлар лигаси мусобақаларида қатнашмоқда. Ўзбек кураши бўйича Тошкентда икки бор жаҳон чемпионати ўтказилди. 2004 йил июль ойида тошкентлик Рустам Қосимжонов шахмат бўйича жаҳоннинг энг кучли шахматчиларини енгиб, Жаҳон чемпиони унвонини олиши ўзбек шахмат спортининг буюк ғалабасидир.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш ҳақида»ги фармон (1998) ва қонун (1999), «Обод маҳалла йили» дастури (2003) асосида Тошкент маҳаллалари ўз ҳуқуқий мақомига эга бўлди. Уларнинг фаолият доираси кенгайди. Маҳаллалар юридик шахс сифатида ўз мулкига, молиявий бюджетига, банкдаги ҳисоб рақами-жамғармасига эга бўлиб, раҳбарият (оқсоқол, котиб)нинг нуфузи ортди, вазифалари аниқ белгиланди. Маҳалла гузарлари ободонлаштирилди. Шаҳарда 450 дан зиёд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи – фуқаролар йиғини, маҳалла қўмитаси ишлайди.
Пойтахтда коммунал хўжалик тубдан ислоҳ қилинаётганлиги натижасида хусусий иморатлардан ҳам, кўп қаватли бинолардан ҳам фойдаланишда ўзгаришлар рўй берди. Турар жой мавзеларида аҳоли билан шартнома асосида ишлайдиган хўжалик ҳисобидаги ширкатлар ташкил этилди. Шаҳарда коммунал хизматни яхшилаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тошкент аҳолиси хонадонлари тўла газлаштирилган, уй-жойларни иситиш яхшиланган.
Тошкентда телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришда туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шаҳарда 1992 йилдан мобиль алоқа хизматидан кенг фойдаланилади. Бугунги кунда пойтахтда дунёнинг етакчи алоқа компаниялари билан ҳамкорликда тузилган трансмиллий корхоналар фаолият юритади.
Тошкентда 19 номда республика газеталари, 2 вилоят газетаси («Тошкент ҳақиқати» – «Ташкент¬ская правда»), 2 шаҳар газетаси («Тошкент оқшоми», «Вечерний Ташкент») нашр этилади. 67 номдаги журналнинг 62 таси Тошкентда чиқади. 4 та ахборот агентлиги фаолият кўрсатади. Ўзбекистондаги нашриётларнинг асосий қисми Тошкент шаҳридадир.
Ўзбекистон радиоэшиттиришларида «Тошкент» телерадиоканали давлат унитар корхонасининг «Дўстлик» радиоканали шаҳар ва вилоят радиотингловчилари учун ҳар куни махсус эшиттиришлар беради. Шу корхонанинг «Тошкент» телеканали Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси учун махсус кўрсатувлар тайёрлайди.
2007 йил январда Ислом конференцияси ташкилоти таркибидаги муассасалардан бири – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) Тошкентни Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилди. Шу муносабат билан шаҳарда кенг кўламда бун¬ёдкорлик ишлари авж олдирилди. Ҳазрати Имом мажмуаси тубдан қайта тикланди. Жумладан, Ҳазрати Имом жоме масжиди бунёд этилди. 16-асрнинг нодир тарихий обидаси – Мўйи Муборак мадрасаси тубдан қайта таъмирланиб, Усмон мусҳафи музей-кутубхонасига айлантирилди. Ушбу мўътабар масканда халифа Усмон р.а. даврида (644–656) кийик терисига кўчирилган қадимий Қуръони карим (Усмон мусҳафи) сақланмоқда.
Бугунги кунда Тошкентда 120 дан зиёд масжид фаолият кўрсатади. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, диний бағрикенглик Тошкент аҳолисининг муҳим фазилатларидан биридир. Пойтахтда Ислом дини билан биргаликда бошқа кўпгина ноисломий диний конфессиялар мавжуд. Улар ҳеч қандай тўсиқларсиз эмин-эркин фаолият кўрсатиб келмоқдалар. Тошкентда 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзанд-ларидек аҳил ва иноқ, ўзаро тинч-тотув яшамоқдалар, мамлакатда сиёсий барқарорлик ва иқтисодий фаровонликка эришишда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Мустақилликка эришилган дастлабки кунларданоқ Тошкентда Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганлиги худди шу олийжаноб мақсадларга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 апрелдаги «Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига биноан мамлакат пойтахтида жуда катта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шаҳарнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга доир белгиланган тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Тошкентнинг қадимги Мингўрик шаҳар харобасининг қолдиқлари консервация қилинди; Кўкалдош мадрасасининг кириш пештоқи ва олд қисми сатҳи, Сузукота мақбараси таъмирланди; «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи қурилишининг 2-навбати тугалланди; Ёшлар ижод саройи, Тошкент Ислом университининг янги ўқув биноси қурилди; «Пахтакор» марказий стадиони тўла рекон¬струкция қилинди; Амир Темур шоҳкўчаси, Абдулла Қодирий, Паркент, Шаҳрисабз, Тараққиёт кўчаларида кенг кўламда реконструкция ишлари олиб борилди, Тошкент шаҳри марказида энг муҳташам «Ўзбекистон» анжуманлар саройи қад кўтарди ва шаҳарнинг янги куранти қурилди.
Тошкент шаҳрида ўзгариш ва қурилишларнинг ташаббускори, аксарият иншоотларнинг муаллифи Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовдир.
2009 йил 2–10 апрель кунлари ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган юбилей тантаналари бўлиб ўтди. 2009 йил 26–27 майда Тошкент шаҳрида «Тошкентнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилди. 2009 йил сентябрь ойида ЮНЕСКО иштирокида Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги кенг нишонланди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Кайковус

Post Views: 272 КАЙКОВУС – қадимий канал, Бўзсувнинг ўнг тармоғи. Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) ва …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *