Бош саҳифа » Тошкент тарихи » Тошкент қозикалони (Себзор даҳаси қозиси Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолияти)

Тошкент қозикалони (Себзор даҳаси қозиси Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолияти)

Себзор даҳаси қозиси Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолияти

2200 йиллиги нишонланган Тошкент шаҳрининг тарихи, тарихий топографияси ва бошқа жиҳатларини ўрганишда мозий муаррихлари томонидан яратилган тарихий асарлар билан бир қаторда ҳужжатлар тадқиқи ҳам маълум аҳамиятга эгадир. Бундай ҳужжатлар тўпламларининг айримлари муайян шахслар номи билан боғлиқдир. Масалан, Ўзбекистон Марказий Давлат архивида Ф. И-164 рақами остида сақланаётган “Тошкент қозикалони” деб аталувчи ҳужжатлар жамғармаси 1869-1892 йилларда орада айрим узилишлар билан Тошкент шаҳрининг Себзор даҳаси қозиси бўлган Муҳаммад Муҳиддинхожа номи билан боғлиқдир. Мазкур жамғармадаги 58 жилдда жами 800 дан ортиқ ҳужжат сақланиб, улар асосан ўзбек ва форс-тожик, қисман эса рус тилидадир. Ҳужжатлар замон жиҳатидан 1822 йилдан 1922 йилгача бўлган даврни қамраб олади.

Мазкур ҳужжатларда Тошкент шаҳрининг ўша даврдаги бир қатор маҳалла, кўча, анҳор, гузарлари номи зикр қилинади. Қозилик ҳужжатларида ҳуқуқий шахс сифатида иштирок қилган кишилар исми шарифи, баъзан ёши, касбу кори, ҳатто, жисмоний белгилари ҳақида ҳам маълумот берилади. Ҳужжатларни мазмунига кўра олди-сотти, ибро, ижара хати каби турларга ажратиш мумкин.

Жамғарманинг “Тошкент қозикалони” деб аталишининг сабаби эса ундаги қатор ҳужжатлар 1863 йили Қўқон тахтига ўтирган Султон Сайидхон томонидан Тошкент шаҳри қозикалони мансабига тайинланган ва 1865 йилда Тошкент руслар тарафидан ишғол қилингач ҳам ўз мансабида қолган Ҳакимхожа Эшон ибн Норхожа, яъни Муҳаммад Муҳиддинхожанинг отаси фаолиятига оидлигидадир.

1869 йили Туркистон генерал-губернатори К.П. фон Кауфман (1867-1881) Тошкентда қозикалон мансабини бекор қилади ва шу йили ўз вазифасидан четлаштирилган Ҳакимхожа Эшон вафот этади. Унинг ўғли Муҳаммад Муҳиддинхожа Себзор даҳаси қозилигига сайланади. У ўз даврининг маърифатли кишиларидан бўлиб, шоир Фурқат билан дўстона муносабатда бўлган. Фурқат ўз эсдаликларида Тошкентда бўлганида Муҳаммад Муҳиддинхожа хонадонида ҳам тургани, қозининг ақраболари ва ёру дўстлари билан бирга театр томошосига борганлиги ҳақида маълумот беради[1]. Муҳиддинхожа ўз шахсий кутубхонасига ноёб қўлёзма китобларни йиққани ҳам маълумдир. Масалан, Шарафиддин Али Яздийнинг Зафарнома асарининг XVII асрда Самарқандда кўчирилган ва нафис мусавваралар билан безатилган бир нусхаси унинг кутубхонасида сақланган[2]. Кейинчалик ушбу нусха асарнинг 1972 йили Тошкентда амалга оширилган факсимиле нашрига асос бўлди.

Шуни таъкидлаш лозимки, ота-ўғил қозилар Ҳакимхожа Эшон ва Муҳаммад Муҳиддинхожанинг фаолиятларига оид ноёб ҳужжатлар ҳалигача кенг қўламда тадқиқ этилмаган эди. Биз Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган “Тошкент қозикалони” жамғармасидаги Муҳаммад Муҳиддинхожа фаолиятига оид 200 дан зиёд ҳужжатнинг илмий тавсифини амалга оширидикУшбу тавсифларнинг бир қисмини Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги муносабати билан севимли журналимиз саҳифалари орқали эътиборингизга ҳавола этмоқни раво кўрдик.

Ҳужжатлар тавсифи

№1

Ўзбек тилида, 1865 й.

Ариза. Генерал-губернатор М.Г. Черняев номига, унинг тарафидан гўёким дин асосларини мустаҳкамлаш ва шариат қонунларини тартибга солиш учун тузилган “Янги низом ва тартиб мажлиси”га тайинланган аъзолар Юнусхон Эшон ибн Хонхожа Эшон, Мулла Мир Низомиддинхожа Абдулғаффорхожа ўғли, Раҳматуллоҳхожа Азимхожа ўғли, Қори Фазлуллоҳ Миржалол ўғли, Сайидбоқижон Абулқосимжон Эшон ўғли ва Баҳодурхожа Имом Муҳаммадхожа ўғли номидан ёзилган аризада улар аъзоликка тайинланганликлари учун ташаккур билдириб, губернаторнинг “Мажлис”га раис (садр-нешин) сайлаш ҳақидаги топшириғига биноан ҳаммалари иттифоқликда қилган қарорларига кўра Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшон валади марҳум қозикалон Муҳаммад Ҳакимхожа Эшонни раисликга тайинлаш ҳамда мажлисни “Маҳкамат ул-ислом”, раисни “Садр уш-шари‘а” ва аъзоларни “Аминиддин” деб аташни илтимос қилишган.

Муҳрлар: 1) Юнусхон Эшон ибн Хонхожа Эшон муфтий аълам, 1285/1869-70 й.; 3,5 см (думалоқ);

2) Қозийи шаҳри Хўқанд Саримсоқхожа Абдусамиъхожа марҳум, 1301/1884-85 й.; 4 см (думалоқ);

3) Мулло Мир Фазлуллоҳ ибн Мулла Миржалол муфтий марҳум, 1291/1874-75 й.; 22х30 см. (суйри);

4) Мулло Баҳодурхожа мударрис, 1293/1876-77 й.; 1,5х2 см. (суйри);

5) Сайидбоқихон қози 1291/1874-75 й.; 1,6х1,6 см. (саккизбурчак).

Ўлчами: қоғоз 35,5х22 см; матн 19,5х16,2 см; 17 сатр. [2: рўйхат 1а, йиғма жилд 2: в.1а].

№ 2

Ўзбек тилида, 1888 й.

Васиқа. Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа қози Ҳакимхожа ўғлининг Тошкент уездига қараган Ниёзбек волостига тобеъ Тиканликмозор мавзесидаги ота-боболаридан қолган мерос ерининг чегаралари ва унинг кўфас (купец) Гавриил Михайлович Беляковга тўрт юз сўмга узил-кесил сотилгани ҳақида.

1888 йил 27 ҳутда ўз имзо ва муҳрларини қўйган съезд қозилари: 1) Занги ота ва Чиноз қозиси Мулла Эшонхожа қози садрнешин, 2) Искандар ва Қўшқўрғон қозиси мулла Муҳаммадсафо, 3) Ниёзбек қозиси Мулла Мансурхожа, 4) Еттикент қозиси Мулла Ойхожа қози уезд ҳокимининг 6 ҳутда берган 1526-рақамли фармойишига кўра тошкентлик сарт Мулла Муҳиддинхожа қози Ҳакимхожа ўғлининг Тошкент уездига қараган Ниёзбек волостига тобеъ Тиканликмозор мавзесидаги ота-боболаридан мерос қилиб олган ва кўфас Гавриил Михайлович Беляковга сотган ери бошига бориб, қўшниларини ҳозирлаб текширганлар ва тўрт тарафини саржинлаб ўлчаганлар: мазкур ернинг қибла тарафи 130 саржин бўлиб, ҳаммаси Солор ариғига туташган; кунчиқар тарафи баъзиси Пирмуҳаммад матрукаси (мерос қолган мулк), баъзиси Ёрбобо матрукаси[3], баъзиси мазкур кўфас ерига, баъзиси Абдужаббор Мулла Абдуллоҳ ўғли ерига, баъзиси Мир Акбарали ерига туташган ва жами 760 саржин; Туркистон (шимолий) тарафи 126 саржин бўлиб, баъзиси Хазиначи Тўра ерига туташган; Хўжанд (жанубий) тарафи баъзиси мазкур кўфас мулкига, баъзиси катта йўлга туташган ва 59 саржиндир. Мазкур ерни мулла Муҳиддинхожа кўп муддат тасарруф қилиб, мазкур кўфасга 400 сўмга узил-кесил сотиб, пулини тўла олган. Мазкур ер вақф ёки чекликдан эмас. Мазкур ер қўшнилари: 1) Миракбар, 2) Абдрауфхожа Абдураҳимхожа ўғли, 3) Мулла Зокир Мулла Бадалмуҳаммад ўғли, 4) Мулла Мирзамуҳаммад Мулла Бадалмуҳаммад ўғли, 5) Абдулазиз Рўзимуҳаммад ўғли хабар берадиларки, мазкур ерда уларнинг жанжал ва даъволари йўқ ҳамда Мулла Муҳиддинхожа қозининг ўз отасидан қолган мерос ерни мазкур кўфасга сотмоғи дурустдир.

Йиғилганларнинг илтимосига кўра ҳужжатга Хожахон муфтий ва бошқа гувоҳлар: Мулла Муҳаммадёқуб, Мулла Сайидазизхожа имзо қўйишган.

Мазкур ер 80 таноб экан. Зангиота қозиси Мулла Эшонхожа қози садрнешин, Искандар қозиси Мулла Муҳаммадсафо, Ниёзбек қозиси Мансурхожа ва Еттикент қозиси Ойхожа қози ўз муҳрларини босишган.

1) Қози Эшонхожа ибн Маҳмудхожа Эшон Умарий, 1305/1888 й.; 3,5 см (думалоқ);

2) Қози Муҳаммадсафо ибн Мулла…., 1291/1874 й.; 3,5 см (думалоқ);

3) Қози Ойхожа ибн Офоқхожа Алавий, 1304/1887 й.; 3,1 см (думалоқ);

4) Қози Мулла Мансурхожа ибн Раҳмонхожа. 3 см (думалоқ).

Ўлчами (матн 3а-варақда саҳифанинг чап тарафи ярмига ва 3б-варақда ўнг тарафи ярмига ёзилган бўлиб, саҳифанинг қолган ярмига 1888 йилда амалга оширилган русча таржима битилган): 3а-в. қоғози 35,5х22,5 см, матни 33,5х 10,7 см; 3б-в. матни 10х10,5 см, сатр: 3а в. 26, 3б в. 9 [3: рўйхат 1а, йиғма жилд 6: в. 3а-б].

№ 3

Ўзбек тилида, 1883 й.

Васиқа. Тошкент ҳокими фармойишига биноан Себзор оқсоқоли гувоҳлар иштирокида Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа валади марҳум қозикалон Муҳаммад Ҳакимхожанинг Тошкент шаҳрига тобеъ Қизилқўрғоннинг Тиканликмозор мавзесидаги ерларининг чегаралари, уларнинг ҳақиқатдан ўз мулки эканлигини тасдиқловчи васиқаларни текширгани ҳақида тузилган ҳужжат. Себзор оқсоқоли номидан ёзилган бўлиб, остига унинг муҳри босилган.

1883 йил 25 декабрда Себзор оқсоқоли қуйидаги гувоҳлар: Авлиёхожа ибн Шоҳ Юнусхожа, Усмонхожа Додахожа ўғли, Мирсоатбой Усмонбой ўғли ва Сойибназар Эшназар ўғли билан Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа валади марҳум қозикалон Муҳаммад Ҳакимхожанинг Тошкент шаҳрига тобеъ Қизилқўрғоннинг Тиканликмозор мавзесидаги ерларига бориб, ушбу васиқани ёзган.

1-бўлак ер: мазкур мавзедаги Лабзаҳ ариғи соҳилида. Қибла тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 1149 саржин; жануб тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 1108 саржин; шимол тарафи ҳаммаси Гавриил Михайлович Беляков мулкига туташган ва 382 саржин; шарқий тарафи баъзиси Абдурауфхожа валади Абдураҳимхожа мулкига туташган ва 105 саржин.

2-бўлак ер: мазкур мавзеда жойлашган бўлиб, алоҳида қўрғонча, иморат ва дарахтлари бор. Қибла тарафи ҳаммаси Солор ариғига туташган ва 297 саржин; шарқ тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 240 саржин; жануб тарафи Солор ариғининг хос йўлига туташган ва 103 саржин; шимол тарафи ҳаммаси Солор ариғининг тўғонига борадиган йўлга туташган ва 169 саржин.

3-бўлак ер: мазкур мавзеда жойлашган. Қибла тарафи ҳазрат Миён Рофеъ валади ҳазрат Калон мулкига туташган ва 197 саржин; шимол тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 169 саржин; шарқий тарафи баъзиси Зайниддинхожа валади Раҳматуллоҳхожа мулкига туташган ва 169 саржин, баъзиси Ганчтепа ва Орқакўча маҳалласи одамлари мулкига туташган ва 73 саржин; жануб тарафи ҳаммаси мазкур маҳалла одамлари мулкига туташган ва 122 саржин.

4-бўлак ер: мазкур мавзеда жойлашган. Шимол тарафи ҳаммаси катта йўлга туташган ва 410 саржин; шарқ тарафи баъзиси Ойхожа Эшон матрукасига туташган ва 150 саржин, баъзиси Орқакўча маҳалласи одамлари мулкига туташган ва 21 саржин; жануб тарафи ҳаммаси мазкур маҳалла одамлари мулкига туташган ва 220 саржин; қибла тарафи ҳаммаси мазкур маҳалла одамлари мулкига туташган ва 200 саржин.

Юқоридаги ерлар текширилиб, гувоҳлар хабаридан маълум бўлдики, ҳаммаси Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшоннинг хос мулклари экан. Мазкур ерларга ҳеч кимнинг дахли ва даъвоси йўқ экан. Муҳиддинхожанинг қўлида кўп хат ва васиқалари бор экан. Жумладан: 1-васиқа 1081/1670 йилга оид, яъни тузилганига 220 йил бўлган; 2-васиқа 1150/1737 йилга оид, яъни тузилганига 151 йил бўлган; 3-васиқа 1210/1795 йилга оид, яъни тузилганига 91 йил бўлган; 4-васиқа 1289/1872 йилга оид, яъни тузилганига 13 йил бўлган экан. Мазкур ерда бошқа ҳеч бир одамнинг ҳаққи ва даъвоси йўқ. Уни қандай тасарруф қилиш мазкур мулк эгаси ихтиёридадир. Мазкур ерларнинг баҳоси 1500 сўмдир.

“Таҳқиқ қилиб, манга маълум бўлган ҳодисани ёзиб, гувоҳнома қилиб Себзор оқсоқоли муҳрим босдим”.

Муҳр: Тошкент Себзор оқсоқоли Муҳаммад Субҳон. 1,6х2 см (саккизбурчак).

Ўлчами (матн 6а-б-варақнинг чап тараф ярмига битилган бўлиб, варақнинг қолган ярмига русча таржимаси ёзилган): в. 6а: қоғоз 35,5х22 см; матн 32х9,5 см; 23 сатр; в. 6б: матн 31х10 см; 23 сатр. [4: рўйхат 1а, йиғма жилд 6: в. 6а-б].

№ 4

форс/ўзбекча.1295/1295 й.

Васиқа (нусха). Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшоннинг Қизилқўрғон мавзесидаги Тиканлик-мозордаги ерларининг чегаралари хусусида.

Қизилқўрғон ерлари Тошкент шаҳри ташқарисидаги Тиканлик-мозорда жойлашган бўлиб, ғарб тарафдан баъзан Бўзсув анҳорига, баъзан Солор анҳорига, баъзан Фоҳира ариғига, баъзан Бодкиён деҳқонлари ерларига туташган; шимол тарафдан бутунлай мазкур Бўзсув анҳорига ва шарқ тарафдан баъзан Фоткат ариғига, баъзан Ёбас мавзеси ерларига, баъзан Ёбас ариғига, баъзан Кўҳна Тархон[4] ариғи қирғоғига туташган; жануб тарафдан баъзан Ҳазрат Шайх Хованд Таҳур – Оллоҳ қабрини мунаввар қилсин – нинг вақф ерларидан бўлган Чироқчи Ёбас ерларига, баъзан Яланғоч мавзеси ерларига баъзан мазкур Тархон ариғи соҳилига, баъзан Нашиб ариғига, баъзан мазкур деҳқонлар ерларига туташган. Оралиқдаги чегара Нашиб ва Тархон ариқларидир.

1295 йил рамазон боши/1878 й. август охирида қуйидагилар тўғри ва шаръий иқрор бўлишган: Шоҳюнусхожа валади Эшон Раҳимхожа, Эшон Муҳаммадхожа валади Эшон Камолхожа, Эшон Имомхожа валади Эшон Дониёлхожа, Убайдуллоҳхожа валади Эшон Абдураҳмонхожа қози шахсан ўзлари учун;

Мазкур Эшон Шоҳюнусхожа умумий шаръий вакил сифатида Тўрахожа валади Хожа Азизлар ва мазкур Хожа Азизларнинг қизлари – Ойимхон ойим, Подшоҳхон ойим, Шарофатхон, Тожнисо ойим ва мазкур Абдураҳмонхожанинг қизлари – Роҳила подшоҳ, Руқия подшоҳ ва Эшон Қўзихоннинг қизи Ойим подшоҳ ва Эшон Шодихожанинг қизи Азима подшоҳнинг шаръий иқрорларини айтган. Ҳаммалари қатъий таъкидлаганларки, мазкур ҳудуднинг ғарб тарафидаги чорак қисми бутун ҳуқуқ ва мурофиқлари[5] билан қози Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшоннинг ҳаққи ва меросий мулкидир. Мазкур чорак қисмда бизнинг ҳаққимиз, даъвомиз ва хусуматимиз йўқ.

Гувоҳлар: Шоҳсайидхожа валади Шоҳобидхожа, Абдухолиқхожа валади Муҳаммад Ғозихожа – ҳар иккаласи мақбул ва таниқли одамлар. Васиқа аслидан хато ва ўзгартиришларсиз кўчирилгани таъкидланган. Асл васиқада қуйидагиларнинг муҳрлари борлиги қайд этилган: Қози Мулла Муҳаммадшарифхожа Эшон, Қози Сайидбоқихон Эшон, Қози Мулла Абдуллоҳхон махдум, Азизлархожа Эшон аълам, Мулла Абдурасул аълам, Нажмиддинхожа аълам, Мулла Зоҳир аълам, Иброҳим махдум муфтий, Умаралихожа муфтий, Мулла Орифхон муфтий. 1301 йил шаввол/1884 й. июль ойида мазкур васиқа Тошкент шаҳридаги подшоҳлик маҳкамасига топширилди.

Васиқанинг охирги сатрида ўзбек тилида қуйидаги жумла битилган: “Шаҳар ҳокими амри била кўфия (копия) учун ёзилиб муҳр қилинди 1884 йилда 26 июль ойида”.

Муҳрлар:

1) Қози Муҳаммадшарифхожа ибн Подшоҳхожа Умарий, 1288/1871-72. 4,5 см (думалоқ);

2) Начальник города Ташкента. 3 см (думалоқ).

№ 5

Форс тилида.

Даъво. Муҳаммад Муҳиддинхожанинг вакили шундай арз қилган: ҳужжатга кўра Абдукаримжон номли киши зиммасида мен вакил бўлган кишининг ҳаққи бор: юқорида айтилган маблағнинг 99 сўм 60 тийини Гулбозор растасидаги ҳужралик бир дўконнинг ижараси ва мазкур маблағдан 165 сўм Оққўрғон мавзесида жойлашган марҳум қозикалон Исохожа Эшон мадрасаси ерларининг 14 йиллик танобона солиғидир. Мана шу маблағнинг ҳаммаси, ушбу ҳужжатга кўра, дарс бергани ҳаққи сифатида мен вакил бўлган кишига тааллуқлидир ва вакил сифатида менга тўланиши лозим. Мен уни шаръий асосда ўз муаккилимга (вакил бўлган кишимга) топшираман. Агар улар (яъни, Абдукаримжон) бундан бош тортсалар, сиз муҳтарам ислом қозилари ва ҳокимлардан адолатли ҳукм чиқаришингизни талаб қиламанки, то ҳақ ўз жойида қарор топсин. Шунингдек, мен вакил бўлган кишининг ушбу ҳужжатга кўра бошқа даъвоси ҳам бор.

№ 6

Форс тилида. 1275/1859 й.

Васиқа. Ҳакимхожа Эшоннинг қизи Катта Ойимнинг бир бўлак ер ва унда жойлашган тегирмонларга эгалик ҳуқуқини тасдиқлашга оид.

Тошкент шаҳрида Хожакўчаси маҳалласида жойлашган бир бўлак ерда икки жуфт тегирмон ва унинг тош, темир ва ғиштдан бўлган асбоб-анжомлари мавжуд. Мазкур ернинг чегаралари: ғарб тарафдан бутунлай умумий йўлга туташган; шимолда умумий ариқ ўзанига, шарқда баъзан Норбўтанинг матрукасига, баъзан хусусий йўлга, жанубда бутунлай хусусий йўлга туташган. Мазкур тегирмон сувининг кириш жойи шимолда ва чиқиш жойи жанубдадир. 1280 йил зулқаъда/1864 й. май ойида ўзи касал бўлган Эшон Муҳаммадхожа валади шаҳид Эшон Юсуфалихожа қозининг шаръий вакили бўлган Исмоил валади Бўронбой тўғри ва шаръий асосда иқрор бўлган: жами тегирмонлар ва уларнинг асбоб-анжомлари ҳамда мазкур ер бўлаги барча ҳуқуқ ва мурофиқлари билан Катта Ойим бинти Ҳакимхожа Эшон мударриснинг мулкидир. Бу мулкга бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи ва даъвоси йўқлигини тасдиқловчи мақбул гувоҳлар: Ҳомидхожа Эшон валади Азизхожа Эшон ва Аюбхожа валади Муҳаммад Зоҳидхожа Эшон.

Муҳрлар:

1) Мулла Абдурасул ибн Мулла Мирашур муфтий, 12…?. 2,2×2 см (саккизбурчак);

2) Мулла Мирхолдор ибн Мулла Раҳимжон охунд муфтий,1289/1872-73 й.; 3 см (думалоқ);

3) Муҳаммад Иброҳим махдум ибн Домулла Султон муфтий аълам, 1283/1866-67 й. 1,8х2,2 см (саккизбурчак);

4) Маҳмудхожа қози ибн Хонхожа Сиддиқий, 1275/1858-59 й.;. 4 см (думалоқ);

5) Умаралихожа ибн Норхожа Эшон муфтий, 1276/1859-60 й.; 2,4х2,8 см (суйри).

№ 7

Форс тилида. 1292/1875 й.

Ибро. Йўлдошмуҳаммаднинг ўз отасидан мерос қолган 209 тангани Муҳиддинхожадан олгани ҳақидаги иқрори.

1292 йил 10 жумод ул-охир/1875 й. 14 июлда 17 ёшли қалин қошли, чап кўзида жароҳатдан қолган доғ ва томоғида бўқоғи бор Йўлдошмуҳаммад валади Мулла Абдукарим жарчибоши тўғри ва шаръий асосда иқрор бўлган: ўзимнинг меросий ҳаққим бўлган марҳум отамнинг матрукасидан 209 дона еттилик вазндаги тангани Домулла Муҳиддинхожа қози валади марҳум Ҳакимхожа қозикалондан шаръий асосда тўла олганман. Мазкур қозининг зиммасида менинг ҳаққим қолмади ва унга бу маблағ юзасидан ҳеч қандай даъвом йўқ. Мен бу даврда ёки келажакда ушбу маблағ юзасидан ёки бошқа важдан бирон даъво қилсам, ислом қозилари ушбу васиқага биноан иш кўрсинлар. Иқрор бўлувчининг бу сўзларини унинг онаси Санам биби бинти Сотиболдибой тасдиқлади.

Муҳр:

Қози Абдуллоҳжон ибн қози Бобожон марҳум, 1288/1871-72 й.; 4 см (думалоқ).

№ 8

Форс тилида. 1294/1877 й.

Ибро васиқаси. Эшон Ҳодихожанинг қизи Сора поча 20 тилла маблағ ва битта сигир эвазига ўзининг ҳовли ва ердаги ҳиссасидан Ҳодихожанинг ўғиллари Сайидумархожа ва Сайидусмонхожа фойдасига воз кечиши.

Тошкент шаҳри Қизилқўрғон маҳалласидаги бир ҳовлининг чегаралари: ғарбда бутунлай умумий йўлга, шимолда ва шарқда бутунлай Муҳиддинхожа қози валади марҳум Ҳакимхожа Эшон қозикалон, жанубда худди ғарбдагидек (умумий йўлга) туташган. Оралиқдаги барча белгилар маълум.

1294 йил зулҳижжа охири/1877 й. декабрда Сора поча бинти Эшон Ҳодихожа тўғри ва шаръий асосда иқрор бўлган: Умархожадан олинган 20 тилла маблағ ва битта сигир эвазига мазкур Ҳодихожанинг ўғиллари Сайидумархожа ва Сайидусмонхожага бўлган жами даъволаримдан воз кечдим. Эшон Ҳодихожа матрукасидаги ўз ҳиссамга бўлган даъвомдан, мазкур (юқоридаги) ҳудудга бўлган даъвомдан ҳам улар иккаласи фойдасига воз кечдим. Менинг ҳеч қандай ҳаққим қолмади.

Муҳрлар:

1)Қози Сайидбоқижон ибн Абулқосимхон Эшон Алавий, 1291/1874-75 й.; 4 см (думалоқ);

2) Мулла Абдурасул валади Мирашур аълам, 1282/1862 й.; 3 см (думалоқ);

3) Қози Муҳаммадшарифхожа ибн Подшоҳхожа Умарий, 1288/1871-72 й.; 4,5 см (думалоқ);

4) Қози Абдуллоҳжон ибн қози Бобожон марҳум, 1288/1871-72 й.; 4 см (думалоқ);

5) Қози Муҳаммад Муҳиддинхожа ибн Муҳаммад Ҳакимхожа Эшон қозикалон 1286/1870 й.; 4 см (думалоқ);

6) Муҳаммадкарим махдум ибн Домулла Султон муфтий аълам, 1283/1866-67 й.; 1,2х2,2 см (саккизбурчак).

№ 9

Форс тилида. 1296/1879 й.

Ижара васиқаси. Муҳаммад Муҳиддинхожа қозининг ўз ерларининг бир қисмини 4 ойда тўланиши шарт бўлган 150 рус сўми эвазига 6 ой муддатга Қаландархожа ва Нормуҳаммадбойга ижарага берганлиги ҳақида.

Тошкент шаҳри ташқарисидаги Қизилқўрғон мавзесидаги Лабзаҳ ариғи бўйидаги турли зироатлар экса бўладиган бир бўлак ернинг чегаралари: ғарбда бутунлай Фосира ариғига, шарқда бутунлай бошқа хожаларнинг умумий ерига, шимолда бутунлай марҳум Хожа Эшоннинг ворислари мулкига, жанубда бутунлай Қаромутнинг умумий йўлига туташган.

Мазкур мавзеда жойлашган яна бир бўлак экинзор ернинг чегаралари: ғарбда баъзан умумий йўлга, баъзан Мулла Мирраҳим валади Содиқбойнинг дардаст ерига, шарқ ва жанубда бутунлай Нашиб ариғига, шимолда бутунлай мазкур Қаромутнинг умумий йўлига туташган. Оралиқдаги барча белгилар маълум.

1296 йил рабиъ ус-соний бошида/1879 й. март ойининг охирида Қаландархожа валади Саримсоқхожа ва Нормуҳаммадбой валади Турдибой Мирзо тўғри ва шаръий асосда ушбу мазмунда иқрор бўлишган: биринчи ҳудуд тўлалигича ва иккинчи ҳудуднинг ғарб тарафдаги чораги Муҳаммад Муҳиддинхожа қози валади марҳум Ҳакимхожа Эшон қозикалоннинг ҳаққи ва меросий мулкидир. Биз мазкур ҳудудларни ҳар бири 5 тангалик еттилик вазндаги соф кумушдан бўлган 150 рус сўмига тўрт ой муддатда тўлаш шарти билан мазкур санадан бошлаб, 6 ойга шаръий асосда ижарага олдик. Мазкур ерлар биз иқрор бўлувчиларнинг қўлида ижара тариқасидадир, тамлик[6] тариқасида эмас. Бизнинг бу ерларга (ижара ҳуқуқидан) бошқа ҳеч қандай ҳаққимиз, алоқамиз ва даъвомиз йўқ.

Муҳр:

Қози Муҳаммадшарифхожа ибн Подшоҳхожа Умарий, 1288/1871-72 й.; 4,5 см (думалоқ).

№ 10

Форс тилида. 1293/1876 й.

Ибро. Убайдуллоҳ валади марҳум Мулла Камол ва унинг онаси Латифа биби бинти Иззатуллоҳнинг Эшон Муҳаммад Муҳиддинхожа қозининг қўлида сақланаётган 106 тилла маблағ ҳисобидан олган пуллари ҳақида.

1293 йил муҳаррам/1876 й. февралда 17 ёшли Убайдуллоҳ валади марҳум Мулла Камол тўғри ва шаръий асосда иқрор бўлган: ҳар бири бир шаръий мисқол бўлган 16 тиллани Эшон Муҳаммад Муҳиддинхожа қози валади Ҳакимхожа қозикалондан унга менинг васийим Мулло Ғилмон топширган 106 тилла маблағ ҳисобидан бир йиллик озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа сарф-харажатлар учун олдим. Менинг онам Латифа биби бинти Иззатуллоҳ тўрт йил мобайнида озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа сарф-харажатлар учун 41 тилла ва 30 фулус[7] маблағни турли вақтларда олган ва биз бунга шаръий асосда иқрор бўлганмиз. Мазкур 106 тилла маблағдан Эшон Муҳаммад Муҳиддинхожа қўлида 49 тилла қолган. Менинг ва мазкур Латифа бибининг бошқа ҳеч қандай даъвомиз йўқ.

Муҳр:

Қози Абдуллоҳжон ибн қози Бобожон марҳум, 1288/1871-72 й.; 4 см (думалоқ).

№ 11

Форс тилида. 1295/1878 й.

Ибро. Холиқбек мутаваллининг Эшон Муҳиддинхожа қозидан Жуманбий мадрасасининг вақфига тегишли бўлган 56 рус сўмини олганлиги ва талаб қилишганда уни дарҳол тўлашга розилиги ҳақида.

1295 йил рамазон/1878 й. августда Тахтапул маҳалласида яшовчи Холиқбек мутавалли валади Мўминбек тўғри ва шаръий асосда иқрор бўлган: Жуманбий мадрасасининг вақфига тегишли бўлган 56 рус сўмини Эшон Муҳиддинхожа қози валади Ҳакимхожа қозикалон қўлидан олдим. Мен иқрор бўлувчи, вазифадорлардан кимки вақфнома васиқаси орқали мазкур маблағни мендан талаб қилса, уни дарҳол тўлайман.

Муҳр:

Қози Абдуллоҳжон ибн домулла қозикалон Бобожон марҳум, 1304/1886-87 й.; 4 см (думалоқ).

№ 12

Форс тилида. 1295/1878 й.

Ибро. Абдураҳмоннинг отаси Бўрибойнинг матрукасига оид ва Оқилбой валади Боймуҳаммаднинг зиммасида бўлган 16 тилланинг Эшон Муҳиддинхожа воситачилигида қарздор Оқилбойнинг ҳовлисини сотиш орқали ундирилиши.

1295 йил ражаб ойи бошида/1878 й. июнь ойи сўнгида Жанггоҳ маҳалласида яшовчи 43 ёшлик сариқдан келган, сарғиш соқоллик ва қалин қошлик Абдураҳмон валади Бўрибой тўғри ва шаръий асосда иқрор бўлган: мен 66,5 кумуш тангани Эшон Муҳиддинхожа қози валади Ҳакимхожа қозикалон қўлидан олдим. Бу пул отамнинг матрукасига оид 16 тилла ҳисобидан бўлиб, мазкур маблағ Оқилбой валади Боймуҳаммад зиммасида қарз эди. Қарздор Оқилбойнинг ўзи ҳозир бўлмагани учун унинг шаръий тилхати асосида мазкур Оқилбойнинг мулкига қарашли чегаралари маълум бир ҳовли йирик уламолар ривоятларига асосан Бўрибойнинг қарзини узиш учун мазкур 16 тилла маблағга сотилди. Хуллас, иқрор бўлувчининг мазкур матрука юзасидан Эшон Муҳиддинхожа қози зиммасида ҳеч қандай ҳаққи қолмади ва унга нисбатан бошқа даъвоси йўқ.

Муҳр:

1) Қози Абдуллоҳжон ибн домулла қозикалон Бобожон марҳум, 1304/1886-87 й.; 4 см (думалоқ);

2) Қози Сайидбоқижон ибн Абуқосимхон Эшон Алавий, 1291/1874-75 й.; 4 см (думалоқ).

№ 13

Ўзбек тилида.1879 й.

Тилхат. Муҳаммадгирой Бухорўфнинг Мирюсуф Бекчуринга тегишли пулни ваколат хати асосида Эшон Муҳиддинхожа қозидан олгани ҳақида.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни:

Менки, Мулла Муҳаммадгирой Мулло Муҳаммадали ўғли Бухорўф Кошғар маҳалласидаги анҳор сувини бўйидаги Мирюсуф тўра Бекчуринни ҳовлисини Тошканд шаҳрини қозиси Муҳаммад Муҳиддинхожа Муҳаммад Ҳакимхожа Эшон қозикалон ўғли вакил бўлиб, мазкур Бекчуринни тарафидан мазкур ҳовлини 1550 сўмга сотганлари учун мазкур қозидан мазкур пулни ҳаммасини мен мазкур Бухорўф тўра мазкур Бекчурин тўра тарафидан бул ҳужжат хати орқасига ёзилган ваколат хат била қўлимға олдим. Эмдиликда мазкур пулдан мазкур қозида ҳеч бир нимарса қолмади. Шул эрди бўлган ҳодиса, ростлигина ман Бухорўф тўра қўлим қўйиб муҳрим босдим. 23 май 1879 йилда.

Муҳр:

Мухамедъ Гирей Бухорўф, 2,5 см (думалоқ).

№ 14

Форс тилида. 1305/1887 й.

Ибро. Бурчмулла қишлоғида яшовчи Мулла Азиз валади Имоммуҳаммаднинг бозорда йўқотиб қўйган 17 сўм пулни Эшон Муҳиддинхожадан олгани ва бошқа ҳеч қандай ҳаққи ва даъвоси йўқлиги ҳақида.

1305 йил 23 рабиъ ус-соний/1888 й. 7 январда Бурчмулла қишлоғида яшовчи 53 ёшлик Мулла Азиз валади Имоммуҳаммад валади Раҳимбой тўғри ва шаръий асосда ушбу мазмунда иқрор бўлган: мен ўзимнинг ҳаққим ва мулким бўлган, подшоҳлик бозорида йўқотганим ҳар бири еттилик вазндаги беш тангага баробар бўлган 17 сўм рус қоғоз ақчасини жаноб ислом қозиси Эшон Муҳаммад Муҳиддинхожа валади Ҳакимхожа қозикалондан олдим. Мазкур маблағ юзасидан мен иқрор бўлувчининг бундан буён ҳеч қандай ҳаққи ва даъвоси йўқ.

Асл тошкентлик бўлган иккинчи иқрор бўлувчи Муҳаммадносир валади Муҳаммадрасул ўзининг мулозими мазкур Мулло Азизни кафилликга олади. Ҳужжат остига туркийда қўл қўйганлар: Мулла Азиз валади Имом Муҳаммад, Муҳаммадносир валади Муҳаммадрасул ва Мастон валади Худойназар.

Муҳр:

Муҳаммад Муҳиддинхожа қози ибн Муҳаммад Ҳакимхожа Эшон қозикалон Алавий, 1304/1886-87 й.; 4 см (думалоқ).

№ 15

Ўзбек тилида. 1314/1897 й.

Васиқа. Сайидалихожанинг ўз амакиси таъсирида Муҳиддинхожа Эшонга қилган туҳмат ва бўҳтонларидан воз кечиб тавба қилгани ҳақида.

1897 й. 19 май /1314 йил 29 зулҳижжада Тошкент шаҳри Себзор даҳаси Қозикўча маҳалла фуқароси 25 ёшлик Сайидалихожа марҳум Зайниддинхожа читфуруш ўғли ўз ихтиёри билан шаръий иқрор қилди: мен иқрор бўлувчи ўз амаким Мансурхожа Раҳматуллоҳхожа Эшон ўғли иғвоси туфайли Себзор даҳаси қозиси жаноб Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшон валади Ҳакимхожа қозикалоннинг устларидан беҳуда ва ёлғон аризалар бериб, бўҳтон ва туҳмат даъволар қилиш учун мазкур Мансурхожани вакил айлаган эдим. Энди мен шунга иқрорманки, менинг мазкур қозига нисбатан ҳеч қандай ҳаққим ва даъвом йўқ ва мен иқрор қилгувчи мазкур Мансурхожанинг ваколатини бекор қиламан. Қилган бўҳтон ва туҳматларим учун тавба ва истиғфор келтираман деб ишончли кишилар ҳузурида ушбу васиқа тузилди.

Гувоҳлар: Абдурауфхожа Эшонхожа ўғли, Насридддинхон Баҳриддинхон ўғли.

Тошкент шаҳри Кўкча даҳаси қозиси Абдурашидхожа Яқубхожа аълам ўғли қўл қўйиб муҳр босган.

Муҳрлар:

1) Народнаго судъи Кукчинской части гор. Ташкента Сыръ-дарьин обл. 3,5 см (думалоқ);

2) Тошкент шаҳри Кўкча даҳаси қозиси.

№ 16

Ўзбек тилида. 1316/1898 й.

Тилхат. Ражаббек тўқсобанинг полковник Бобобекнинг ворислари васийси сифатида полковник Бобобекнинг қарзини тўлашга ажратилган аробани Муҳиддинхожа Эшонга сотиб, пулини тўла олганлиги ҳақидаги иқрори.

1898 й. 12 сентябр/1316 йил 8 жумод ул-аввал ойида мен тубанда қўл қўйувчи Шайх Хованд Таҳур даҳаси эски Яккабозор маҳалласи фуқароси марҳум полковник Бобобекнинг жами ворислари мутасаддиси ва шаръий васийси Ражаббек тўқсоба марҳум Ҳакимбек парвоначи ўғли мазкур полковник Бобобекнинг қарзига хатланиб сотилиб беришга тайин қилинган бир ўрўсий аробани рессорлик ва тўшаклик асбоблари билан жаноб Себзор даҳаси қозиси Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшон валади Ҳакимхожа қозикалонга 300 рус сўми эвазига узил-кесил сотдим ва пулини тўла олдим. Мазкур аробани асбоблари билан жаноб қозига топширдим. Эндиликда мазкур ароба ва унинг пули юзасидан мазкур қози зиммасида ҳеч қандай ҳаққим ва даъвом йўқ. Муҳаммадражаббек Ҳакимбек ўғли қўлим қўйдим.

№ 17

Форс тилида. 1304/1887 й.

Ибро. Суюндукбой қозоқ Қоратойбой ўғлининг 9 ойлик хизмат ҳаққини Мулла Муҳаммад Муҳиддиндан тўла олганлиги ва бошқа даъвоси йўқлиги ҳақидаги иқрори.

Тўлиқ матни: тарих 1304 йил жумод ул-аввал ойининг 19 кунида/1887 й. 12 февралда Суюндукбой қозоқ аз жамоа-и Букачи ўз иқрори билан 29 ёшга кирган соқоли йўқ, қўй кўзлик, ўнг чаккасида кичкина холи бор, Оқсув бўлиси Мусабекга қараган Норбек истаршина қўл остида турғувчи Қоратойбой ўғли Тошкент қозихонасиға келиб, ўз ихтиёри ва ризолиги бирлан иқрори шаръий қилиб айтдики, Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшон қози жаноб домулла Муҳаммад Ҳакимхожа Эшон қозикалон-и марҳум ўғилларида 9 ойлик хизмат ҳаққим бор эрди. 3,5 тилло-и ройиж ул-вақт ҳар қайси тиллоси 19 танга-и нуқра-и Хўқанд эрди, қўлимға қабз-и шаръий қилиб олдим. Эндиликда мазкур Эшон-и қозида ҳеч важҳдин ва ҳеч сабабдин ҳаққим қолмади. Ўз ихтиёрим ва ризолигим бирлан Эшон-и Қози-йи мазкур ҳавлиларидан чиқиб, ўз оғоларим Нурлибек Қоратойбой-и мазкур ўғли ва яна Момойбой Жонғосиқбой ўғиллари бирлан ўз юртимға кетаман, деди. Сурати ҳодиса шул эрдики, Себзор қозихонасида бир неча мусулмонлар ҳузурида хат ёзилиб, муҳр босилди. Суюндик-и мазкур хат билмаган сабабли илтимоси бўйича ман Абдурауфхожа Абдураҳимхожа ўғли ёзиб қўлим қўйдим. Нурлибек-и мазкур хат билмагани сабабли тамғам солдим. Ман Момой-и мазкур тамғам босдим. Сешанба 31 далвда 1887 йил.

Муҳр: Қози Муҳаммадшарифхожа ибн Подшоҳхожа Умарий, 1288/1871-72 й.; 4,5 см (думалоқ).

№ 18

Форс тилида. 1306/1889 й.

Иқрорнома. Муҳаммадалининг Муҳаммад Муҳиддин қози хонадонида илм ўрганиш учун турганида қозининг хизматларини бажаргани учун хизмат ҳаққи талаб қилмаслиги ҳақидаги иқрори.

Тарих 1306 йил 22 жумадул аввал/1889 й. 23 февралда Охунд Гузари маҳалласида яшовчи 18 ёшлик Муҳаммадали валади марҳум Баҳодир нўғай ўз ихтиёри билан тўғри ва шаръий асосда ушбу мазмунда иқрор бўлган: шул хусусдаким, мен иқрор бўлувчи Мулла Муҳаммад Муҳиддинхожа Эшон қози валади домулла Муҳаммад Ҳакимхожа Эшон қозикалон уйида ўқиш ва илм ўрганиш учун турар эканман, қўлимдан келганча жаноб қозининг хизматларини хизмат ҳаққисиз ва бирон нарса талаб қилмасдан бажараман. Мазкур қози рухсатисиз ҳеч қаерга бормайман. Агар мен иқрор бўлувчига самовий офатлар етиб касал бўлсам ёки ўлиб қолсам, мазкур қозига нисбатан ҳеч қандай шикоят ва даъвом йўқ. Ушбу Муҳаммадали ва Муллажон валади Абдулатифамак мазкур ишга рози бўлиб, илтимос қилганлари сабабли мен Мулла Тошмуҳаммад Султонбой ўғли қўлим қўйдим.

Гувоҳлар: Усмонхожа Дадахожа ўғли, Мулла Жамолиддин Бекмуҳаммад ўғли, Мулла Муҳаммадқосим Муҳаммадолим ўғли.

Манки Кўкча қозиси мазкур кишиларни бо мубоширати Муллажон-и мазкур вилоят ба вилоят умумат бе иқрори мазкур муқир-и мазкур дар мажлиси мазкур холис гувоҳ айлаб, ушбуни исботини қўлим қўйиб муҳрим босдим.

Муҳр: Қози Абдуллоҳжон ибн қози Бобожон охунд марҳум, 1288/1871-72 й.; 4 см (думалоқ).

№ 19

Ўзбек тилида. 1897/1315 й.

Васиятнома. Тошкент шаҳри Хожакўча маҳалласидаги бир бўлак ернинг Сабринисо ойим тарафидан вафотидан сўнг сотилиб, пули дафн маросими харажатларига ишлатилиши учун ўз укасига васият қилингани ҳақида.

Тошкент шаҳри Хожакўча маҳалласидаги хона дафтарида 931-номерда бўлган ичида тегишли асбоблари билан ишлаб турган 2 та тегирмони бўлган, майдони 354 саржинлик бир бўлак ернинг чегаралари: ғарб тарафи 70 газ-аршин ҳаммаси умумий катта кўчага, шарқ тарафи ҳам 70 газ бўлиб, баъзан Исобой Нурбой ўғли мулкига, баъзан Зиёбой Бекбўта ўғли мулкига, баъзан хусусий ўтиш йўлига, шимол тарафи 28 газ бўлиб, баъзан мазкур Исобой мулкига, баъзан катта сувга, баъзан катта кўчага, жануб тарафи 63 газ бўлиб, баъзан хусусий ўтиш йўлига, баъзан катта сувга туташган. Тўрт тарафи маълум.

1897 йил 7 июлда, яъни 1315 йил 19 сафарда 46 ёшлик Сабринисо ойим марҳум Муҳаммадаминхожа Эшон қизи ўз розилиги ва ихтиёри билан сиҳатлик вақтида мазкур муҳр босувчи қози ҳузурида ҳозир бўлиб, шаръий ушбу мазмунда иқрор бўлган: мен иқрор бўлувчи шуни васият қиламанки, ўз иним Сайидаҳмадхожа Эшон Муҳаммадаминхожа ўғлини васий-и ом қилдим, шу мазмундаким мазкур васий мен иқрор бўлувчи ўлганимдан сўнг менинг меросий мулким ва сотиб олган ҳақ ва мулким бўлган мазкур баён қилинган ҳудуднинг 140 бўлагидан 33 бўлагини сотиб, пулини менинг гўр, кафаним, маърака ва ундаги шаръий садақаларга сарф қилиб, ортганини ўзи олсин. Мазкур васиятни мазкур васий қабул қилди. Ҳодиса шул эрди ёзилди. Васият қилувчи тарафидан Мулла Муҳаммадраҳимхожа ҳожи муфтий Саримсоқхожа Эшон ўғли қўл қўйган. Гувоҳлар: Мулла Алимуҳаммад Ортиқшайх ўғли, Усмонхожа Дадахожа Эшон ўғли. Тошканд шаҳрини Себзор даҳасини қозиси Муҳаммад Муҳиддинхожа қози имзоси.

Муҳр: Судья Сибзарской части города Ташкента Сиръ-Даръинский области., 3 см (думалоқ).

Шовосил Зиёдов, т.ф.н.
Ғулом Каримов

[1] Юсупов Ш. Тарих ва адаб бўстони. Тошкент: Маънавият, 2003. – 65 бет.

[2] Ўринбоев А. Шарафиддин Али Яздий ва унинг Зафарнома асари қўзлёзмаси // Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. Нашрга тайёрловчи, сўзбоши, изоҳ ва кўрсаткичлар муаллифи А. Ўринбоев. Тошкент: Фан. 1972. – Б. 9-20.

[3] Матрука – мерос олинган ер-мулки.

[4] Тархон ариғининг номи ҳужжатларда Дархон шаклида ҳам ёзилган. Унинг қадимги номи Тархон бўлиб, Дархон кейинчалик ўзгарган шаклидир.

[5] Яъни, эгалик ҳуқуқидан келиб чиқадиган жиҳатлар.

[6] Тамлик – бирон нарсанинг хусусий мулк сифатида инъом қилиниши.

[7] Фулус – майда мис чақа.

Ўхшаш мақола

Динамика состава населения города Ташкента в первой четверти ХХ века

Город Ташкент является одним из древнейших городов Центральноазиатского региона, многовековая история которого была насыщена многообразными …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *