Бош саҳифа » Тошкентнома » Тошкент ўрдалари

Тошкент ўрдалари

Ўрда – Туркий ва мўғул халқларида ҳарбий-маъмурий манзилгоҳ, Ўрта асрларда олий ҳукмдор қароргоҳи, арки. Йирик Туркий ва мўғул давлатлари ҳамда кўчманчи қабилалар иттифоқлари (Олтин ўрда ва Нўғой ўрда кабилар)нинг номи шундан келиб чиққан. Подшоҳ, хон ёки бирор олий мартабали шахснинг саройи. Айрим ҳолларда «арк» ҳам деб аталган.

Мавжуд маълумотларга кўра, қадимий Тошкентнинг бешта ўрдаси ўрни аниқланган:

1. Шаҳримизнинг ҳозирги Мовароуннаҳр, Саид Барака, Моштабиб ва Фарғона йўли (аввалги Пролетар, Павлов, Клара Цеткина ва Куйбышев) кўчалари оралиғида каттагина майдонни эгаллаган қадимги Шошнинг пойтахти харобаларидан бизнинг давримизгача фақат 100х40 метрли кичик бир қисмигина сақланиб қолган Мингўрик деб аталган тепаликда ўтказилган археологик қазилмалар натижада, бу ерда қадимги Шош давлати пойтахтининг 0,5 гектарга тенг ўрдаси эканлиги маълум бўлди. Ўрда мудофаа деворлари ва ўз шаҳристонига ҳам эга бўлган. 713 йилда Чочга кириб келган араб қўшинлари томонидан шаҳар вайрон қилинган. 1830 йилларда Қўқон хонлиги даврида шаҳар қолдиқлари ўрнида ўрикзорлар барпо қилинган. Ёдгорликнинг «Мингўрик» деб аталишининг сабаби шундан. Мингўрик Шайхонтоҳур даҳасининг мавзеларидан бири бўлган. Тошкентнинг 2200 йиллик юбилейи муносабати билан консервация қилиб қўйилди.

2. Тошкентнинг иккинчи ўрдаси ҳозирги Эскижўва майдони ҳудудида бўлган (IХ—ХVI асрлар). Х аср тарихчилари Ибн Хавқал, Мақдисий, Истархий қолдирган малумотларга кўра, Тошкентнинг ўрдаси алоҳида девор билан ўралиб, 2 дарвозадан иборат бўлган, биридан работга, иккинчисидан шаҳристонга чиқилган. Ўрда ичида хон саройи, зарбхона ва қамоқхона жойлашган бўлиб, ўрда деворига ташқаридан жоме масжиди туташган. Умумий майдони 1 гектар атрофида бўлган. Шаҳристон аркка қараганда катта ҳудудни эгаллаб, у ҳам девор билан ўралган. Шаҳристоннинг Абул Аббос, Гумбаз, Қаср номли уч дарвозаси бўлган. Дарвозалардан бири ҳозирги Аброр Ҳидоятов номли театр биноси олдида жойлашган. Шаҳристонда ҳунармандларнинг маҳаллалари, мулкдорларнинг кўшк ва қўрғонлари, савдо дўконлари бўлган. Шаҳристоннинг Гулбозор маҳалласида бутун Туркистонда ва Хуросонда пири муршидларнинг бири мақомига кўтарилган, номи ислом дунёсида улуғланган Хожа Аҳрор Валий ҳазратлари томонидан жоме масжиди ва мадрасаси қурилган (ХV аср).

Шаҳристоннинг жанубий-ғарбий қисмида кейинчалик Кўкалдош мадрасаси қурилган.

3. ХV-ХVII асрлар шаҳар ҳудуди Бешёғоч ва Ўрда томонларининг кенгайиши муносабати билан Бешёғоч даҳасининг Қоратош ва Олмазор маҳаллари ҳудуди ўрнида Янги ўрда қурилган. Шаҳар атрофи янгитдан ягона девор билан ўралган. Ўрда ҳудудида маъмурий бинолар ва хон саройи бўлган. ХVII аср бошларида Бухоро хони шаҳар билан ўрдани бутунлай вайрон қилган. Натижада, марказий бошқарилаётган катта шаҳар инқирозга юз тутиб, тўрт даҳага бўлиниб кетган, ҳар бир даҳада алоҳида-алоҳида хонлар шаҳарни ўз ҳолича бошқара бошлаган (бу давр чорҳокимлик номи билан тарихда қолган). ХIХ асрда бу ердаги маҳалла Эскиўрда маҳалласи номи билан машҳур бўлган. Эски ўрдадан ўша даврга хос Қоратош ҳаммоми харобалари сақланиб қолган эди.

4. Тўрт даҳа (Бешёғоч, Себзор, Кўкча ва Шайхонтоҳур) хонликлари ўртасида тез-тез низолар чиқиб турарди. Чорсу бозорини кесиб ўтган Жангоб ариғи бўйларида ва Жанггоҳ маҳаллари ҳудудларида (ҳозирги А. Қодирий номли истироҳат боғининг бир қисми) даҳалар ўртасида очиқ жанглар бўлиб ўтди. Бу жангда Шайхонтоҳур даҳасининг ҳокими Юнусхўжа ғолиб кела бошлади ва шаҳар, вилоят ҳокимлигини қўлга киритади. ХVIII асрнинг 80-йилларида Юнусхўжа Шайхонтоҳур даҳасида мудoфаа деворлари билан ўралган кичик ўрда қурдиради. Айрим маълумотларга қараганда, бу ўрда Анҳорнинг ўнг соҳилидаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги биноси атрофларида бўлган.

ХIХ асрнинг бошларида Қўқон хони Олимхон томонидан Тoшкент босиб олингач, бу ўрда ҳам вайрон қилинади.

ХIХ асрнинг 30-йилларида Қўқон хони Анҳор каналининг чап соҳили (таҳминан ҳозирга Мустақиллик майдони ўрнида) янги ўрда қурдиради. Ўрда ичида мустаҳкамланган қаср, гарнизон казармалари, қурол-яроғ омборлари, ҳаммом ва мамурий бинолар жойлашган эди. Ҳаммом 1966 йилда бузилган. («Анҳор» кафесининг орқасида эди). Ҳаммом деворлариниг ғиштлари 1985 йили Абулқосим мадрасаси таъмирига ишлатиш учун олиб келинган.

Ўрда қалъаси 10 минг аскар сиғишига мўлжалланган эди. Ўрда шаҳар ва вилоят ҳокими учун махсус қўрғон-қароргоҳ бўлган. Кейинчалик қўшимча мудофаа деворлари қурилиши билан шаҳар таркибига киритилган. Қўқон хонининг Тошкентдаги нойиби – бекларбегининг маҳкамаси ва хон саройи ҳам шу ерда эди. Қўқон хони Тошкентга келганида жуда дабдаба билан кутиб олинар эди.

Тошкент Россия қўшинлари томонидан босиб олингач, (1865) Черняев ўз штаби билан ўрдадаги хон саройига, босқинчи аскарларнинг бир қисми сарой ёнидаги сарбозлар ётоқхонасига жойлаштирилди. Офицерлар эса ўрда ташқарисидаги эгасиз қолган Қашқар маҳалладаги хонадонларга жойлаштирилади. Лекин, мустамлакачилар ўша йили зудлик билан қурилган Тупроққўрғонга кўчиб ўтадилар. Ўрдадаги хон саройи, мудофаа деворлари кейинчалик бузиб ташланади ва янги шаҳарга қўшиб юборилади.

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
“Тошкентнома”. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шайхонтоҳур даҳаси. Қашқар, Қиёт, Қорёғди маҳаллалари

Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли, илоҳиёт ва тариқат илмининг йирик намоёндаларидан бири, улуғ валиуллоҳ Шайх Хованди …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *