Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент меъморий ёдгорликлари тарихидан

Тошкент меъморий ёдгорликлари тарихидан

Ҳақли равишда “Шарқ дарвозаси” номига мушарраф бўлган Тошкент — нафақат Марказий Осиё, балки жаҳондаги қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, дунё цивилизацияси ривожига ўз муносиб ҳиссасини қўшган. Шаҳар муҳим савдо карвонлари кесишган, Буюк ипак йўли тармоғида жойлашган эди. Бу ўз навбатида шаҳар маданий ҳаёти ва ривожига ижобий таъсир кўрсатди. Тошкент XIX аср бошларига келиб Қўқон хонлиги ҳудудига киритилиб, хонликнинг асосий шаҳарларидан бири мақомига эга эди. XIX асрга келиб шаҳарда 12 та дарвоза мавжуд бўлиб, шаҳар аҳолиси 80.000 га яқин кишини ташкил этган. XIX аср ўрталарига қадар шаҳар асосини Кўкча, Себзор, Бешёғоч ва Шайхонтоҳур даҳалари ташкил этган. Ҳар бир даҳа кўплаб маҳаллалардан ташкил топган бўлиб, уларнинг сони ХХ аср бошларига келиб 260 тани ташкил этган[1]. Шаҳар ҳудудидаги масжидлар сони 1899 йили 180 та, 1912 йили – 345 тани ташкил этган бўлса, мадрасалар 1912 йилга келиб – 16 тани ташкил этган. Христиан черковлари 1910 йили – 15 тани, бошқа динга мансуб ибодатхоналар – 6 тани ташкил этган[2].

Тошкентда мавжуд бўлган Абулқосим, Кўкалдош, Бароқхон, Бекларбеги, Эшонгузар мадрасалари маълум ва машҳур бўлган илм марказлари сафидан жой олган эдилар. Тошкент шаҳри 1865 йили Россия империяси томонидан забт этилганидан сўнг, Бўзсув канали чап соҳилида “янги” шаҳарга асос солинди. Шаҳарнинг бу қисмида мустамлака маъмурияти жойлашган ҳамда Россиядан кўчиб келган аҳоли яшайдиган жойга айланган эди.

XIX аср охири — ХХ аср бошларида шаҳарнинг “янги” қисмида қурилган энг машҳур бинолардан ўша даврдаги Давлат банки, аёллар гимназияси (ҳозирги Тошкент давлат юридик институти), Тошкент эркаклар гимназияси, Кадетлар корпуси (ҳозирги I Тошкент тиббиёт академияси ҳудуди), Княз Николай Константинович саройи (ҳозирги Ташқи ишлар вазирлигининг қабулхонаси), Реал билим юрти, Каплан дорихонаси, Тошкент шимолий вокзали, Туркистон давлат палатаси ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин[3]. Империя маъмурияти “янги” қисмга ривожланиш учун маблағ ажратган ҳолда, аксарият туб аҳоли яшайдиган “эски” қисмга деярли ҳеч қандай маблағ ажратмади. Шаҳарнинг “эски” қисми ўрта асрлар қиёфасида, пастқам, эгри — бугри кўча ва ҳовлилардан иборат ҳолда сақланиб қолди.

Совет ҳукмронлиги даврига келиб, шаҳар қурилиши тизимига ғоявий – мафкуравий жиҳатдан ёндашув устун бўлиб қолди. Аксарият шаҳардаги жой номлари, мавзе ва кўчалар маҳаллий халқ тарихига алоқаси бўлмаган, коммунистик партия ва совет давлати раҳбарлари номи билан атала бошланди. Маҳаллий халқ анъаналари, жуғрофий ва иқлим ҳусусиятлари эътиборга олинмаган ҳолда шаҳарда структуравий ўзгаришлар амалга оширилди. Асосан маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган “эски шаҳар” қисми империя давридан деярли фарқ қилмайдиган ҳолда ўзгаришсиз қолаверди. Бу қисмда яшовчи аҳоли ичимлик суви, газ, иситиш тармоғи, канализация тизимидан бебаҳра ҳолатда яшашни давом эттирди.

ХХ аср 20-30-йилларида бошланган динга ва диний эътиқодга қарши кураш кампанияси шаҳардаги мавжуд меъморий обидалар тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Масжид, мадраса, черков, ибодатхона, синагог ва бошқа диний иншоотлар ёпилиб, улар ўрнига омборхона, дўкон, ётоқхона, турли цехлар ва ҳоказолар ташкил этилди. Бу ҳолни алоҳида олинган собиқ даҳалар мисолида кўрсак янада ёрқин тасаввур пайдо бўлади. Бешёғоч даҳасида ҳозирги Республика ўқувчилари саройи атрофида бўлган Муҳаммадкаримҳожи мадрасаси эҳтиёж бўлмаган ҳолда 1924 йили бузиб ташланган. Ҳозирги Миллий боғ дарвозаси ўрнида бўлган Ҳалимтой мадрасаси эса 30-йиллар бошида бузиб ташланиб, унинг ғиштлари турли мақсадларга ишлатилиб юборилган[4]. Даҳадаги машҳур Абулқосим мадрасаси 1919 йили ёпиб қўйилиб, ўн йилдан сўнг, 1929 йили Самарадан кўчиб келтирилган, очарчиликдан азият чеккан 70 оила бу ерга жойлаштирилиб, тарихий ёдгорлик ётоқхонага айлантирилган. 1974 йили эса бинога Тошкент ўйинчоқ фабрикасининг филиали жойлаштирилиб, бино қиёфаси буткул ўзгариб кетади. 1946 йилги Чотқол зилзиласи бир қатор тарихий иншоотларга салбий таъсир кўрсатиб, жумладан мадраса биноси ҳам ярим вайрона ҳолатига келган эди. Шундай тақдир XVI аср тарихий ёдгорлиги бўлган Кўкалдош мадрасасига ҳам тегишли бўлган. Хожа Аҳрор жоме масжиди, Хайробод Эшон комплекси, Чўпонота масжиди ва бошқалар ҳам хароба ҳолатга келиб қолган бўлиб, улардан турли мақсадларда фойдаланилган.

Кўкча даҳасида кўзга кўринган ёдгорликлардан бири Шайх Зайниддин бобо мақбараси бўлган. XII асрда яшаган ушбу машҳур диний арбоб қабри устида XIV аср охирларида Амир Темур муҳташам мақбара барпо этган эди[5]. Мазкур мақбара атрофида қабристон ва масжид бўлиб, шўролар даврида мақбара буткул қаровсиз аҳволга тушиб қолган эди. Қабристонга туташ тарзда кичик масжид ёнида кинотеатр очилиб, кўнгилочар муассаса ўйин-кулгилари билан қайғу-аламга чўккан қабристон ёнма-ён турар эди. Даҳадаги Ҳофиз Кўҳакий масжиди ёғоч омбори, Тўхтабой масжиди шиша омборхонасига, Қўштут масжиди боғчага айлантирилган. Шунингдек, XIХ аср архитектура ёдгорлиги бўлган Бекларбеги мадрасаси 30-йиллар бошида бузиб ташланиб, унинг ўрнига совет давлати раҳбарларидан бири бўлмиш М. Калинин ҳайкали ўрнатилган майдон ташкил этилган.

Себзор даҳасидаги машҳур ёдгорлик — бу Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси ҳисобланади. Мажмуа совет даврида мутлақо қаровсиз қолиб, ундаги барча масжидлар ёпиб қўйилиб, мадраса фаолияти тўхтатилган эди. XVI аср ёдгорлиги бўлмиш Қаффоли Шоший мақбараси нураб, аянчли ҳолатга тушиб қолган. Намозгоҳ масжиди кейинчалик шофёрлар ўқитиладиган мактабга, Бароқхон мадрасаси эса Атеизм музейига айлантирилган[6]. Кейинчалик мажмуа ўртасида кинотеатр ва мактаб қурилиб, бу шундоқ ҳам аячли кўринишига эга бўлган мажмуа қиёфасига салбий таъсир кўрсатди. Ҳазрати Имом (Хастимом) майдони фақат мустақиллик даврига келиб, том маънода ўз обрў ва мавқеини қайта тиклади. Республика Президенти И. Каримовнинг ташаббуси ва раҳбарлигида Хастимом мажмуаси 2007 йили қайта қурилиб, ўзининг янги, муҳташам кўринишига эга бўлди. Жумладан, майдонда янги қурилган Ҳазрати Имом жомемасжиди ноёб архитектура ёдгорлиги қаторидан жой олди.

ХХ аср бошида Тошкент меъморий ёдгорликлари ичида Шайхонтоҳур зиёратгоҳи алоҳида ўрин тутган. Шайхонтоҳур шаҳарнинг энг гавжум ва файзли жойларидан бири бўлиб, бу ерда бир неча меъморий обидалар, шифобахш булоқли Лангар ҳовузи, савдо расталари ўрин олган эди. Зиёратгоҳ Ҳайит ва Наврўз байрамларида халқ сайли бўладиган ерга айланар, кенг халқ оммаси тўпланадиган маскан ҳисобланар эди. Кейинчалик ушбу зиёратгоҳ 1924 йили ёпиб қўйилди.

Тошкентнинг сақланиб қолган Шайхонтоҳур дарвозаси ХХ аср 40-йилларида Навоий кўчасининг кенгайтирилиши муносабати билан олиб ташланган эди. Юқорида қайд этилганидек, Шайхонтоҳурнинг кўча бўйлаб кириш жойида ХIХ аср 40-йилларида қурилган Эшонгузар мадрасаси бўлган. Совет даврида бу ерга киностудия жойлаштирилиб бир қатор, жумладан, “Алишер Навоий”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддин Бухорода” номли фильмлар айнан шу студияда яратилган[7]. Мадраса Навоий кўчасининг кенгайтирилиши баҳонаси билан 60-йилларда бузиб ташланди. Мажмуадаги Хотин масжид ўзининг ноёб ўймакорлиги ва нақшлари билан ажралиб турарди, у кейинчалик болалар кутубхонасига айлантирилган. 1967 йили Хотин масжиди ва Занжирлик масжиди, 1975 йили Оврат масжиди турли баҳоналар, чунончи ободонлаштириш баҳонасида бузиб ташланган[8]. Ундан аввалроқ эса, архитектура жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган Ғариббой ва Саидазимбой масжидлари 30-йиллардаги динга қарши кураш кампанияси вақтида бузиб ташланган эди. ХХ аср 80йилларига келиб Шайхонтоҳур мажмуасида атиги 3 та меъморий иншоот — Юнусхон, Шайх Ҳованди Тоҳур ҳамда Қалдирғочбий мақбаралари сақланиб қолди, холос.

Ундан ташқари шаҳарда мавжуд бўлган ўнлаб маҳалла масжидлари, зиёратхона, ҳонақоҳ ва бошқалар турли сабаб ва баҳоналар остида бузиб ташланган эди. Тошкентдаги бир қатор христиан ва бошқа динлар ибодатхоналари ҳам совет диний сиёсатининг салбий оқибатларини бошидан кечирганлар. Масалан, 1888 йили қурилган Спасо-Преображенский черкови 1930 йили бузиб ташланади[9]. Шаҳардаги католик, лютеран черковлари ҳам ночор аҳволда бўлган. Жумладан, ХIХ асрда қурилган евангел-лютеран черкови 1937 йили ёпилиб, 1990 йилга қадар омборхона, геология бошқармаси, итбоқарлар жамияти ва бошқа муассасалар ихтиёрида бўлган. Бино бир неча маротаба ёнғинга учраб, 1966 йилги зилзиладан сўнг бузиб ташлаш ҳам режага киритилган. Ушбу хароба черков фақат мустақиллик шарофати билан қайта тикланиб, Республика Президенти И.А. Каримовнинг 1993 йил 3 майдаги фармони билан евангеллютеран черкови ихтиёрига берилди[10]. 1991 йилдан бошлаб мустақил Ўзбекистон пойтахти бўлмиш Тошкент, истиқлол шарофати билан қадимийлик ҳамда замонавийлик уйғунлашган, жаҳондаги илғор шаҳарсозлик анъаналарига мос равишда ривожланаётган шаҳар даражасига эришди.

А.А. Одилов

К истории архитектурных памятников Ташкента

В данной статье на основе научной литературы рассмотрена и освещена история некоторых архитектурных памятников города Ташкента, а также охарактеризовано их состояние в советский период.

А.А. Odilov

To the history of architectural monuments of Tashkent

In this article on the base of science literature are considered and covered the history of several architectural monuments of Tashkent as well as their condition during sovet period.

[1] Муҳаммадкаримов А. Тошкентнома. Тарихий топонимик лавҳалар. Биринчи китоб. Тошкент: Мовароуннаҳр, 2004. 14-бет

[2] Бўриева Х.А. Толерантликнинг топонимларда акс этиши (Тошкент шаҳри мисолида) // Ёшлар тарбиясида — толерантлик давр талаби. Республика илмий-амалий анжуман материаллари. Тошкент, 2008. 79-80-бетлар

[3] Исмоилова Ж. XIX асрнинг иккинчи ярми — ХХ аср бошларида Тошкентнинг “янги шаҳар” қисми тарихи: Тошкент: Fan va texnologiya, 2004. 11–бе

[4] Муҳаммадкаримов А. Тошкентнома… 15-16–бетлар

[5] Муҳаммадкаримов А. Тошкентнома …. 41-42-бетлар

[6] Ўзбекистон Республикаси МДА; Р-94 фонд, 5-рўйхат, 1182-иш,17-варақ

[7] Муҳаммадкаримов А. Тошкентнома …. 76-бет

[8] Муҳаммадкаримов А. Тошкентнома … 78-бет

[9] Муҳаммадкаримов А. Тошкентнома … 134-бет

[10] Иноятова Д. Из истории Ташкентской лютеранской общины (ХIХ-ХХ вв.) // Ёшлар тарбиясида толерантлик давр талаби. Республика илмий-амалий анжуман материаллари. Тошкент, 2008. 115-бет

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *