Бош саҳифа » Биласизми? » Тошкент мадрасалари. Абулқосим мадрасаси

Тошкент мадрасалари. Абулқосим мадрасаси

АБУЛҚОСИМ МАДРАСАСИ (Истиқлол майдони) – Абулқосим эшон, Маъдихон қози, Янги маҳалла мадрасаси деб ҳам аталган. Ўрта Осиё меъморлиги анъаналарида қурилган. Абул­қосим эшон 1850 йилда қурдирган, шу сабабли унинг номи билан аталади. Бинонинг энг эски қисми – хонақоҳи Мўйи Муборак Абулқосимнинг отаси Эшонтўрахон томонидан 1820 йилда бун­ёд этилган. Хонақоҳ ичидаги равоқли меҳроби тепасига ишланган китобасида араб тилида шундай ёзув битилган: «Бу арк каби бинода Расулнинг латиф мўйи бор». Абулқосим мадрасаси дастлаб бир қаватли бўлган. Ўзига туташган масжид ва ҳаммом билан бирга қадимги Бешёғоч даҳасидаги маҳалла гузарини ташкил қилган. 1864 йил ҳовли қисмида иккинчи қавати қурилган.

Бинони безашда асосий эътибор бош тарзига қаратилган. У чорси пишиқ ғиштдан икки қаватли қилиб, шарққа қаратиб қурилган. Бош тарзининг ўрта қисмида мадраса девори сиртидан 1,82 м бўрттириб чиқариб, баландлиги 16 м ли пештоқ ишланган. Унинг икки ёнида гулдаста минора қад кўтариб, уларнинг тепа қисмида 16–17-асрга хос мезана бор. Пештоқнинг олд ва ён томонлари (то даҳана асосигача) ва деворнинг кунгурадор қисми чорси пишиқ ғиштдан текис қилиб ишланган. Унинг юқори қисми эса шарафа ҳамда китоба билан безатилган.

Мадраса дарвозасидан кираверишдаги чап ва ўнг томонда дарсхоналар бўлган. Ҳовлининг чап томонида ҳаммомга ва ўнг томонида Абулқосим эшон ҳовлисига олиб чиқувчи йўлакчалар бўлган. Ҳовли ўртасида сардоба, тўрда эса Мўйи Муборак хонақоҳи (6,1х6,1 м) жойлашган. Мадраса чортоқ тарҳли (55х46 м), ҳовлиси (22х28 м), атрофида миёнсарой, дарсхона ва хонақоҳлардан ташқари шаҳар ташқарисидан келиб ўқийдиган талабаларга мўлжалланган 60 дан ортиқ ҳужралари бўлган.

Абулқосим мадрасасида Абдулла Қодирий, Мунаввар­қори Абдурашидхонов, Fулом Зафарий ва Абдурауф Фитрат маълум вақт таҳсил олганлар.

1919 йилда барча диний ташкилотлар қаторида мадраса ҳам ёпилган. Мадраса олдидаги ҳовуз ва мадрасанинг ўнг томонидаги ҳаммом 1940 йилда, чап тарафидаги устунли масжид 1981 йилда бузилган. 1946 йилда рўй берган кучли Чатқол зилзиласи Абулқосим мадрасасини қаттиқ шикастлантирди. 1974 йил мадрасага Тошкент қўғирчоқ фабрикасининг филиали жойлаштирилди. Натижада бино таниб бўлмас даражада хароба ҳолга келиб қолди.

Абулқосим мадрасаси 1982–87 йиллар давомида қайта таъмирланди. 1983 йилдан мадрасада Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамиятининг Тошкент бўлими, 1996 йилдан Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамғармасининг Тошкент шаҳри бўлими ва унинг халқ амалий санъатига ихтисослаштирилган Устоз-шогирд йўналишидаги мактаби жойлашган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Тошкент герби

Post Views: 10 ТОШКЕНТ ГЕРБИ – илк ўрта асрлардаёқ Тошкентнинг ўзига хос рамзи юзага келган. …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *