Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент ғарблик дипломат нигоҳида

Тошкент ғарблик дипломат нигоҳида

1865 йилда рус подшоси қўшинлари генерал М.Г. Черняев бошчилигида Тошкент шаҳрини ишғол қилганларидан 8 йил ўтгач, ўлкада ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган бир давр – Қўқон ва Хива хонликларига қарши ҳаракатлар кучайган паллада – Санкт-Петербургдан Ўрта Осиёга АҚШнинг Россиядаги бош консули Евгений Скайлер[1] ташриф буюради.

Е. Скайлер Ўрта Осиё билан аввалдан 1868 йилдаёқ қизиқиб қолган эди. Ўшанда у москвалик савдогарлар билан яхши алоқалари туфайли Оренбургга ташриф буюриб, у ерда пахта савдосини ўрганган. Ўлкага келиш учун у расмий доираларнинг махсус рухсатномасини олади. Унинг саёҳатини рус ҳарбий маъмурлари А.М. Горчаков, Д.А. Милютин ва К.П. Кауфман маъқуллайдилар[2].

Евгений Скайлер Ўрта Осиёга ташриф буюрган ғарблик саёҳатчиларнинг дастлабки вакили бўлиши билан бирга АҚШ ҳукуматининг Россиядаги дипломатик вакили ҳам эди[3].

Е. Скайлер Туркистонга саёҳати натижаларини 1874 йил 7 мартда Санкт-Петербургдаги АҚШ элчиси Маршалл Джевеллга маълум қилган ва у ҳисобот шаклида ўша йили Вашингтонда “Қўшма Штатлар ташқи алоқалари” (“Foreign relations of the United States”) номли тўпламда расман нашр этилган.

У ўз ҳисоботида кенг қамровли масалаларни, жумладан Россия ҳукмронлиги остидаги Туркистондаги вазият, Россиянинг Ўрта Осиё хонликлари билан ўзаро муносабатлари, Туркистондаги рус ҳокимиятининг Афғонистон, Қашғар ва Ғўлжага оид сиёсий нуқтаи назарларини баён этган.

1875 йил 11 февралда “Голось” газетасида “Скайлер саёҳатномаси ва Туркистон бюджети” номли бош мақола эълон қилинади. У реакцион руҳда ёзилган бўлиб, рус маъмуриятининг Туркистонга ҳаддан ташқари ишонувчанлиги кескин танқид қилинади[4].

Чунки Е.Скайлер Туркистондаги 1868-1872 йилги беш йиллик мустамлака маъмуриятининг фойда ва харажатларини таққослаб, Ўрта Осиё мулклари Россия учун 19 миллион рубл зарар келтирганига амин бўлади. У бунинг сабабларини русларнинг ўлкадаги кўплаб фуқаро маъмурияти ва ўзини оқламайдиган улкан ҳарбий қўшинларида деб билади.

Кейинроқ 1876 йилда ушбу нашр муаллиф томонидан тўлдирилиб, ўзининг Сирдарё, Тошкент, Туркистон, Чимкент, Самарқанд, Зарафшон водийси, Хўжанд, Қўқон, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Иссиқкўл, Еттисув ва Ғулжага саёҳатлари натижасида кўрганбилганлари ҳамда эшитганлари асосида кенгайтирилиб, “Туркистон: Рус Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари” номли икки жилдли китоб ҳолида илк бор Лондон (Буюк Британия)да нашр этилади[5].

Шуни таъкидлаш жоизки, асар муаллифнинг кўрган-кечирганлари ва бевосита ўзи шоҳид бўлган воқеа ва манзаралар асосида ёзилганлигини эътиборга оладиган бўлсак, уни тарихий-географик, қолаверса саёҳатнома асар дейиш ҳам мумкин. Ваҳолонки, XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистон тарихига оид бу каби салмоқли манба на Россия ва, на Ғарб муаллифлари томонидан яратилмаган.

Тошкент муаллиф саёҳати даврида Туркистоннинг сиёсий-маъмурий маркази бўлганлиги боис асарда шаҳар ҳақидаги маълумотлар батафсил ёритилган. Улар асарнинг биринчи жилди, 3–5 бобларида берилган.

Жумладан, 3-бобда Тошкентнинг умумий тарихи баён этилган. Е.Скайлер Тошкентни ўраб турган девор ва дарвозалари, шаҳарнинг умумий кўриниши ҳақида шундай ёзади: “Айтишларича, Тошкент деворларининг узунлиги ўн олти милни[6] ташкил этиб, 12 дарвозаси бўлган. Шаҳарни Россия қўшинлари эгаллагандан сўнг унинг учтаси олиб ташланган. Баъзи жойларда девор баландлиги ўн икки ёки ўн беш футни[7] ташкил этиб, улар сувоқланган пахсадан иборат. Деворнинг пастки қисми тепасига қараганда анча қалин бўлиб, тепа қисми тўп ва замбараклар учун махсус жой ва тешиклардан иборат. Ичкаридан тепага чиқаверишда тор йўлакча ва майдонлар бўлиб, улар аскарларнинг туриши, тўп ва замбаракларнинг жойлаштирилиши учун қулайдир. Тор кўча деворни уйлардан ажратиб туради. Девор ташқарисида, шаҳардан олти мил нарида бир неча милга чўзилган боғлар бор. Шаҳарни бир неча метр масофада яшириб турувчи, дарахтлари зич жойлашган бу боғлар, гарчи Россия босқинидан катта талофат кўрган бўлса, ўша-ўша чиройлигича турибди. Вақтида бу боғлардаги дарахтлар савдо расталари қуриш учун кесилган, кесилган дарахтлар ўрнидан қўшин армиянинг ҳарбий машғулотлар ўтказадиган тажриба майдони сифатида фойдаланилган[8].

Ушбу бобда шаҳар аҳолиси ҳақида ҳам тўхтаб ўтган муаллиф унинг сонини аниқлаш жуда қийин эканлиги, улар тўғри рўйхатга олинмаганлигини таъкидлайди. Аммо шаҳарни яхши билган кишилар Тошкент аҳолисининг асосий қисми ўзбеклардан иборат бўлиб, унда 120 000 аҳоли бор деб ҳисоблашини, бундан ташқари тожиклар, татарлар, қирғизлар, ҳиндилар ва бошқа миллат вакиллари ҳам истиқомат қилишини ёзган[9]. Баъзи тарихий адабиётларда 1868 йилда шаҳарда 76 053 киши6, бошқа бирларида эса XIX асрнинг 70-йилларида шаҳарда 78 981 киши[10] истиқомат қилганлигини назарда тутадиган бўлсак, Е. Скайлер ташриф буюрган 1873 йилга келиб, 3-5 йил ичида шаҳар аҳолиси қарийб 40 000 дан ортиқ кишига кўпайиши мумкин эмас. Бу жиҳатдан муаллиф хатоликка йўл қўйганлигини эътибордан қочирмаслик керак.

Тошкентнинг минтақа шаҳарлари ичида Ислом анъаналарини ўзида сақлаб қолган марказ сифатидаги ўрни масалалари, шаҳардаги мусулмон ҳаётининг ўзига хос жиҳатлари 4-бобда ёритилган.

Е. Скайлер шаҳардаги тасаввуф оқимлари ва уларнинг диний урф-анъаналари ҳақида тўхталиб, шундай ёзади: “Тариқат биродарлиги Тошкентда ҳам мавжуд бўлиб, унинг энг машҳурларидан Нақшбандия, Хуфия, Жаҳрия, Қодирия ва Чистия бўлиб, энг охиргисига Қўқон ва Хўжандда ҳам амал қилинади. Мазкур тариқатларнинг пайдо бўлиши ва уларга асос солинишини аниқлаш жуда қийин. Ҳар бир тариқатнинг ўз афсонавий тарихи бўлиб, унга қатъий ишонилади ва ҳар бири маълум авлиёлар томонидан ҳимоя қилинади. Жаҳрия биродарлиги Тошкентнинг турли жойларида кундалик тадбир ўтказиб туради. Ўрда бозори яқинидаги Эшон Соҳиб Хўжа масжидида, пайшанба куни кеч соат 9 дан жума тонги соат 5-6 ларгача бўлиб ўтган маросимнинг гувоҳи бўлдим”[11].

Тошкентда мусулмончилик қонун-қоидаларига руслар монелик қилмаганликлари, генерал Кауфман ҳар қандай миссионерлик ҳаракатини аҳоли орасида олиб борилишини рад этганлиги ва Санкт-Петербургдан шу мақсадда келган бир-икки кишини дарҳол Тошкентдан чиқариб юборганлиги, чор маъмуриятининг бу ҳаракати таҳсинга лойиқ бўлиб, маҳаллий аҳоли ўз динларининг таъқиб қилинмаганидан мамнун эканликлари батафсил келтириб ўтилган[12].

Е. Скайлер Тошкентдаги таълимнинг бутун Ўрта Осиёдаги каби тўла диний шаклда эканлигини ёзиб, мактаблар икки хил:мактаб ёки бошланғич мактаб ҳамда мадрасадан иборат эканлигини қайд этади: “Мактабларнинг мударрисларига ота-оналар ҳақ тўлайдилар. Байрамларда, асосан, икки марта: Рамазон ва Қурбон ҳайитлари олдидан махсус совға ёки тўн берилади. Булардан ташқари, улар ҳар пайшанба куни нон ва кичик совғалар олиб турадилар. Мадраса талабалари таълим учун ҳеч қандай тўлов тўламайдилар, лекин улар ўз устозлари каби мадрасаларнинг вақф деб аталмиш мулкидан келадиган даромад ҳисобидан таъминланадилар.

Ўғил болалар 5-6 ёшларида бошланғич мактабларда ўқий бошлайдилар ва бу 7 йилга чўзилади. Улар ўқишни алифбодан бошлаб сўнг Қуръон пораларини ўтадилар. Улар орасида “Чор китоб”, “Мантиқ” ва “Форсийча” каби 6-7 та китобларни ўқийдилар. Бу етти китобни улар осонлик билан ўқишлари ва ёза олишлари шарт.

Мадрасада ўқиш 7 йил давом этади, аммо камдан-кам одам тўлиқ курсни битириб чиқади. Бунга эришганлар имом ёки масжид руҳонийси, мударрис, қозиларнинг котиблари (мирзо) бўлишлари ҳам мумкин…

…Бу ерда мадрасадан ташқари яна бир неча махсус мактаблар ҳам бор. Улар ибодатчиларни ўқитадиган “саловат хона”, “қори хона”лардан иборат бўлиб, ўқувчилар бу ерда Қуръонни ёд олишади. “Маснавий хона” ҳам бўлиб, у ерда шоирларнинг маснавий асарлари ўрганилади. Таълим фақат эркаклар билан чегараланиб қолмайди. Қизлар ҳам махсус мактабларда ўқиш ва ёзишга ўргатилади, улар 3 ёки 4 йил ўқийдилар, сўнг турмушга чиққунларига қадар 1 ёки 2 йил тикишни ўрганадилар”[13].

5-бобда эса Тошкент бозорлари ва савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ишларининг аҳволи таҳлил этилган.

Е.Скайлернинг Тошкентга ташрифи даврида шаҳар аҳолисининг кўпчилик асосини деҳқонлар ва ер эгалари ташкил қиларди. Улар ердан олинаётган даромад билан тирикчилик ўтказиб, бошқа ишлар билан шуғулланмасди. Шаҳар аҳолиси орасида ҳунармандлар анчагина қисмни ташкил қилиб, кўнчилар ва этикдўзлар, шунингдек, бўзчилар айниқса кўп эди.

Муаллиф Тошкентнинг ҳунармандчилик маркази сифатидаги ўрнига ҳам юқори баҳо берган. Жумладан, у бу ҳақда шундай ёзади: “Бу ерда (Тошкентда – З.С.) бошқа жойларда сингари ишлаб чиқариш бир неча тармоқларга бўлинади. Масалан, бир дўконда маҳсулот асоси қилинса, бошқалари бириктирганлар, яна бошқалари эса дасталар, қопқоқлар ясаганлар, ён тарафда безаклар тайёрлаш дўконлари кесишган ва ҳоказо. Бу қатор охирида эса Россиядан келтирилган ошхона буюмлари. Барча ишлатиладиган темир буюмлар ташқаридан олиб келинган, маҳаллий буюмлар кам, фақат пичоқ ва қилич ишлаб чиқариш бундан истиснодир. Темирдан қилинган пичоқ, қайчи ва устараларнинг катта қисми сотувга берилади, гарчи кўпчилик қайчиларнинг четлари пўлатдан пайвандланган бўлса ҳам, баъзилари эса бутунлай пўлатдан қилинган. Одатда эски қиличлар баланд нархда сотилади. Пичоқлар ҳар бир осиёликнинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Пичоқларнинг ишлаб чиқариш ва сотиш ишлари билан кўпчилик шуғулланади. Дасталар одатда суякдан қилинади ва безатилади. Деярли ҳар бир пичоқ ўзининг от терисидан қилинган ғилофига эга”[14].

Е.Скайлер Тошкентни Россия ва Қошғар билан боғлаб турувчи савдо ва карвон йўллари географиясини ҳам батафсил ёзган: “Эски карвон йўлларининг қарийб барчаси Тошкентдан Петропавловск ва Троицккача борган. Уларнинг кўплари ҳозирда Оренбургга йўналган бўлиб, почта йўли ҳам шу йўналишда. 1300 милни ташкил этувчи бу йўлни 60 кунда босиб ўтиш мумкин. …Троицкдан Тошкентгача 39 кунлик йўл қарийб 1200 милдан иборат.

Қошғар савдоси одатда Норин орқали Тўқмоқ ва Вернийга, лекин уларнинг баъзилари Теракдовон ва Қўқондан ўтган. Қошғардан Қўқонга қадар масофа 300 милдан зиёдни ташкил этиб, карвонлар бу йўлни 12-20 кунда босиб ўтишган”[15].

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, Е. Скайлернинг Туркистонга саёҳат қайдларидаги Тошкент тавсифи кўплаб маълумотларни ўзида жамлагани, Шарқнинг муҳим дарвозаси саналган шаҳар ва унинг ҳаёти бундан қарийб бир ярим аср илгари Ғарб китобхонига қизиқарли тарзда таништирилганлиги билан аҳамиятли саналади.

З. Саидбобоев

Ташкент глазами западного дипломата

В статье анализируются ценные сведения о Ташкенте, приводимые американским дипломатом Е. Скайлером, посетившим город во второй половине XIX в. и написавшем книгу о Туркестане. На базе этого источника анализируется социально-экономическая жизнь города.

Z. Saidboboev

Tashkent by the viev of foreign diplomat

In the is paper is considered valuable datas on Tashkent, which given by the American diplomat Е. Schuyler, visited city in second half of the 19th century and in his book about Тurkestan. On the basis of that source the socio-economic life of city is analyzed.

[1] Скайлер Евгений (Schuyler Eugene, 1840–1890) америкалик дипломат ва олим бўлиб, 1865 йилдан дипломатик соҳада фаолият кўрсатган. У 1867 йил 15 июлда АҚШнинг Москвадаги консули этиб тайинланади ва кейинроқ 9 йил давомида у Ревал, Санкт-Петербург ва Константинополда турли дипломатик лавозимларда ишлайди. 1880 йилда Руминияда АҚШ дипломатик ваколатхонасига бошчилик қилади. 1882 йилдан бир вақтнинг ўзида АҚШнинг Юнонистон, Руминия ва Сербиядаги бош консули вазифасини бажаради. Е. Скайлер 1884 йилда Қўшма Штатлар ташқи сиёсат маҳкамаларидан истеъфога чиқади ҳамда Жонс Хопкинс ва Корнуэлл университетларида дарс беради, мақолалар ёзиб туради

[2] Дмитриев Г.Л., Депеша Е. Скайлера и проблемы среднеазиатской политики царизма 70-х гг. XIX в. // Научные труды ТашГУ. № 517. Ташкент, 1976. С. 34

[3] Schuyler E. Turkistan: Notes of a Journey in Russian Turkistan, Kokand, Bukhara and Kuldja. Vol. I. London., 1876. Р. 9

[4] Дмитриев Г.Л., Депеша Е. Скайлера и проблемы среднеазиатской …. С. 45

[5] Schuyler E. Turkistan: Notes of a Journey in Russian Turkistan, Kokand, Bukhara and Kuldja. Vols. I-II. London., 1876

[6] Мил – инглиз узунлик ўлчов бирлиги бўлиб, 1,06 км. га тенг. Матнда 16 фут 16,9 км. га тенглиги назарда тутилган

[7] Фут – инглиз узунлик ўлчов бирлиги бўлиб, 1 фут 0,3 метрга тенг. Бу ерда деворлар баландлиги 12-15 фут дейилганда 3,6 дан 4,5 метрлар чамаси назарда тутилган

[8] Schuyler E. Кўрсатилган асар. -Р. 48

[9] Юқоридаги асар. Р. 51

[10] Ўзбекистон ССР тарихи. 4 томлик. 2-том. Тошкент: Фан. 1971. 126 бет. 7 Озодаев Ф. Тошкент тарихидан очерклар (XIX асрнинг иккинчи ярмида шаҳарнинг ижтимоийиқтисодий ва сиёсий ҳаёти). Тошкент: Ўз ФА нашриёти. 1960. 142 бет

[11] Schuyler E. Кўрсатилган асар. Р. 88

[12] Саидбобоев З. Тошкентда мусулмон ҳаёти // Имом ал-Бухорий сабоқлари. 2003, 4-сон. 215 бет

[13] Schuyler E. Кўрсатилган асар. Р. 91-94

[14] Schuyler E. Кўрсатилган асар. Р. 100-101

[15] Schuyler E. Кўрсатилган асар. Р. 115

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *