ТОШКЕНТ ДЕКЛАРАЦИЯСИ (1966) – 4–10 январь кунлари Тошкентда Покистон президенти М.Айюбхон билан Ҳиндистон бош вазири Л.Б.Шастри ўртасида собиқ иттифоқ Министрлар Советининг раиси А.Н.Косигин иштирокида имзоланган. Учрашув Кашмир ҳудудида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида рўй берган қуролли тўқнашув (1965 йил август–сентябрь) туфайли юзага келган кескинликни тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида уюштирилган. Тошкент декларацияси бу хусусда бир қанча амалий тадбирларни кўзда тутган; ҳар иккала мамлакат қуролли кучларини қуролли тўқнашувдан олдин эгаллаб турган жойларига қайтариш, дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тиклаш, ҳар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва савдо муносабатлари ва бошқалар. Тошкент декларацияси Ҳиндистон билан Покистон муносабатларидаги жанжалли масалаларни тинч йўл билан ҳал этишга асос бўлган.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил