Бош саҳифа » Тошкентликлар » Тошкент алломалари ва тарихий шахслари. Қаффол Шоший

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари. Қаффол Шоший

«Ўрта асрларда Тошкентдан етишиб чиққан йирик алломалардан бири машҳур қонуншунос, файласуф, тилшунос ва забардаст адиб Қаффол Шоший эди. У ҳижрий 291, милодий ҳисоби билан 903 йили Тошкент шаҳрида дунёга келди».

Бундан бир неча йил бурун, Xалқаро “Олтин Мерос” хайрия жамғармасининг Тошкент шаҳар ва вилоят бўлимлари раёсатининг қўшимча мажлисларидан бирида, Тошкент ва унинг атрофида яшаб ўтган алломалар, тариxий шаxслар, муқаддас қадамжолар, топонимик маълумотлар, арxитектура ва арxеологик ёдгорликларимиз ҳақидаги туркумий китобларни чоп эттириб бориш масаласида келишиб олинди.

Шарқшунос олим Қомиддин Мунировнинг розилиги ва қисман тузатишлари билан “Тошкент тариxида баъзи сиймолар” номли китобчаси туркумий китобларимизнинг дастлабки “Тошкент алломалари” қисмига асос қилиб олинадиган бўлди. Раёсатимиз аъзоси Марxум Турғун Файзийев ҳам қатор мақолалари билан қатнашиб туришга розилик берди. Маълумотларни тўплаб китобни чоп эттириб боришни жамғарманинг Тошкент шаҳар бўлими ўз зиммасига олди. Бу борада қатор ишлар амалга оширилди: Абулқосим мадрасаси, Бебаҳо маънавий мерос, Тошкент бўйлаб топонимик саёҳат, Юнусобод даҳаси, Гўзаллик маскани (Ўзбек, рус ва инглиз тилларида), Тошкентнома (ўзбек тилида), Тошкентнома (Инглиз тилида) шулар жумласидандир.

Мана ниҳоят кенгашимизнинг “Табаррук замин алломалари ва тариxий шаxслари”га бағишланган қисмини ёритиш вақти келди. Гарчи розиликларини ололмаган бўлсак ҳам, олимларимиздан Эргаш Xожийевнинг мустақил Тошкент давлати тузишга ҳаракат қилган, қатор масжид ва мадрасалар қурдирган Тошкентнинг сўнгги ҳокимларидан бири Юнус Xўжаxон, журналист Маъруф Отаxоновнинг “Абу Бакр Шайx Шиблий” ҳақидаги муҳим маълумотларини китобнинг иккинчи қисмига киритишга жазм қилдик.

ҚАФФОЛ ШОШИЙ

Ўрта асрларда Тошкентдан етишиб чиққан йирик алломалардан бири машҳур қонуншунос, файласуф, тилшунос ва забардаст адиб Қаффол Шоший эди. У ҳижрий 291, милодий ҳисоби билан 903 йили Тошкент шаҳрида дунёга келди.

Қаффол Шошийнинг манбаларда учраган тўла номи Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол аш-Шошийдир. Ҳатто бу кишининг ҳурматини бажо келтириш мақсадида исми ёнига «ал-кабир» (катта, улуғ ва муҳтарам маъносини билдирадиган) сўзини ҳам қўшиб айтишган.

Қаффол Шоший ҳунармандлар оиласида дунёга келган бўлса керак, чунки унинг исми бунга далолат қилади. «Қаффол» — қулфсоз дегани (арабча «қуфл» — бизнинг тилимизга ўтиб бузилган ва «қулф» шаклида талаффуз қилинади). Манбаларда сақланиб қолган баъзи ривоятларга қараганда, Шоший қулф ясашга жуда уста бўлиб, ҳатто пашшанинг оёғига кишан-қулф ясай олган, вазни чорак кумуш танга оғирлигидек жажжи қулф ясаган экан. Бу гаплардан Шоший ўз ишига пухта бўлган деган маъно ўқиш мумкин.

Шоший дастлабки таълимни ўз юртида олди, кейин Ўрта Осиё шаҳарларига саёҳат қилди. Самарқандда яшади ва таълим олди. Дастлаб у фиқҳшуносликни ўрганди. Бу фан Шарқда жуда кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга эди, чунки ҳар бир мамлакатда бу фан соҳибига зарурият катта. Булар ва уни пухта эгаллаган киши ўта қадрланарди.

Қаффол Шоший мана шундай илм соҳиби эди. Мерос тақсим қилиш, савдо-сотиқ, олди-берди, ё бўлмаса қўйди-чиқди каби сон-саноқсиз жанжалли масалаларнинг адолатли, тўғри ҳал қилиниши фиқҳшуносликка боғлиқ эди. Буни ҳал қилиш учун ғоят фаросатли, юксак дид ва нафосатли, илм-маърифатдан атрофлича хабардор, замонасининг барча масаларини ўз фикр доирасида сингдира оладиган шахслар бўлиши керак эди. Қаффол Шоший мана шундай фазилатларга эга бўлиш билан бирга, у фалсафа, мантиқ каби фанларини ҳам пухта эгаллади, уларда мунозара қиладиган даражага эришди.

Кейин у илм чашмасидан кўпрок баҳраманд бўлиш мақсадида Яқин Ўрта Шарқ мамлакатларига саёҳат қилди. Ҳижоз, Бағдод, Дамашқ каби шаҳарларда бўлди ва у ерда замонасининг кўзга кўринган олимлардан таҳсил олди. Шошийнинг устозларига қараб, ҳам унинг қандай фанлар ўрганганлиги ҳақида маълум хулосага келиш мумкин. Тарихий манбаларининг шоҳидлик беришича, Шошийнинг фиқҳшунослик ва тарих соҳасидаги устози машҳур олим ва тарихчи ат-Табарий (839-923) эди. Маълумки, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий Шарқ, мамлакатларининг энг йирик тарихчиси бўлиб, кўп жилдли асарлар ёзган. Асли у киши Табаристондан бўлиб, илм-ҳикмат талабида Рай, Бағдод, Басра, Куфа, Ҳижоз, Дамашқ, Коҳира каби шаҳарларни кезиб, уларда таълим олган. У Шарқ тарихчилари орасида машҳур бўлган «Элчилар ва подшоҳлар тарихи» китобининг муаллифи эди. Бу асар бизга тўла ҳолида етиб келмаган, қисқарган нусхасигина мавжуд. Лекин ундан кейин яшаган Ибн Мискавейх, (1030 йилда вафот этган), Ибн ал-Аср (1234 йилда вафот этган) каби тарихчилар ўзининг умумий тарихига оид кўп жилдли асарларини ёзишда ундан тўла фойдаланганлар. Унинг «Тарих ар-рижол» («Йирик кишилар тарихи»). «Жомъ ал-баён» таржимаси каби асарлари ҳам бўлган.

Қаффол Шошийнинг иккинчи устози Абу-л-Ҳасан ибн Абу Муса ал-Ашъарий (873-941) эди. Бу киши Шарқда каломчилар оқимининг асосчиси бўлиб, бу тўғрида анчагина асарлар ёзган ва Шарқда ашъария (ҳар иккиси ҳам ислом фалсафаси — Ред.) оқимининг асосчиси сифатида машҳур. Араб олими Тожиддин ас-Сабкийнинг ёзишича, илм талабида бўлган «Қаффол Шоший ал-Ашъарийдан калом илмини ўрганар экан, ўз навбатида, ал-Ашъарий ундан фиқҳшуносликни ўрганди».

Қаффол Шошийнинг учинчи устози Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Умар ибн Сўрайж (861-928) эди. Бу киши ҳам замонасининг йирик олими бўлиб, тўрт юздан ортиқ асарлар таълиф қилган машҳур аллома эди.

Умуман Қаффол Шоший кўп ўлкаларга саёҳат қилиб, қайси мамлакатларда зўр олим бўлса, улардан билганларини ўрганишга интилар эди. Араб олими Ибн Халликон (1211-1182) ўзининг «Вафаёд-ал-аъён» («Улуғ кишилар вафоти») асарида Қаффол Шоший ҳақида шуларни ёзади: “Қаффол Шоший ҳадис илмини билган, тилшунос, шоир эди. Ўша вақтда Мовароуннаҳрда у кишига тенг келадиган олим йўқ эди. Бу киши Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва бошқа ўлкаларга саёҳат қилиб, ҳамма ерда ҳам ном таратди… у кишининг кўп асарлари бўлган.”

Қаффол Шоший «Адаб ал-қози» («Қози феъл-атвори») деган асар ёзган. Шу билан бирга у «Одоб ал-баҳс» деган асар муаллифи ҳамдир. Бу ҳақида араб олими Ибн Халликон шуларни ёзади:
“Қонуншунослардан дастлаб чиқиб «Ҳусни Жадал» («Диалектика ҳусни») деган асар ёзган киши ҳам шу Қаффол Шоший эди.”

Бағдодга келгач, Муҳаммад ал-Хоразмий асос солган «Ҳикмат дониш» (Байтул ҳикма)да илмга машғул бўлади. Орадан бир оз вақт ўтгач, ўзидаги фавқулодда истеъдод ва чуқур билими билан алломалар орасида шуҳрат қозонади. Айниқса, фиқҳшунослик илмига қаттиқ киришади. Зеро, фиқҳ илми мусулмон оламида кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этган фанлардан бири эди. У фиқҳ илмини эгаллаш билан бирга фалсафа, мантиқ, адабиёт каби фанларни ҳам пухта ўзлаштирган эди. У араб, лотин ва ҳинд тилларини ўз она тилидек биларди. Бинобарин, мазкур тилларга оид мукаммал луғатлар ёзган.

Фиқҳ илмида (шариат крнуншунослиги) Қаффол аш-Шоший ўз замонасида — Бағдодда ягона аллома бўлган. У кўп муддатлар «Байтул ҳикма»га раҳбарлик қилган. Қаффол аш-Шошийнинг довруғи халифа мунтасир қулоғига етиб, уни саройга таклиф этиб, вазири аъзамлик лавозимига тайинлайди. Қаффол аш-Шоший бир неча йиллар вазирлик мансабида адолатни мезон қилиб сиёсат юритди.
Қаффол Шошийнинг давримизгача сақланиб қолган шеърий ижодларидан бири Тожиддин ас-Сабкий асарига кириб қолган манзумасидир.

Византия императори Бағдод халифасига шеър билан хат ёзади. Хат Византия ҳукмдоридан ҳошимийлар хонадонидан бўлган ва ҳукмронлик ўрнида ўтирган халифага деб ёзилган.
«Биз шердек отилиб ўз ерларимизни фатҳ этдик, Дамашқ бўлса ота-бобомиз маскани эди, биз бу диёр мол-мулкига эга бўламиз. Мисрни ҳам қиличимиз билан эгаллаймиз. Ҳижоз, Бағдод, Шероз, Рай, Хуросон, Куддус, Шарқу Ғарб ҳаммасини фатҳ этамиз», деб халифа ва унинг саркардаларига дағдаға солади, уларни қўрқитмоқчи бўлади. Мана шу пайтда Қаффол Шоший Бағдодда бўлади. Халифаликда, сарой аъёнлари ўртасида яхши қонуншунос, забардаст олим, иқтидорли арабийнавис шоир сифатида танилган бўлади. Византия ҳукмдорининг лашкарбошиси Тағфур (араб манбаларида — Тақфур) хатига жавоб ёзишни халифалик номидан Қаффол Шошийга топширади.

Шоший мактубни кўриб, ўша мактуб вазнида ва ўша тарздаги қофияда давом этдириб Тағфурга араб тилида жавоб ёзади. Бу жавобнинг етмиш тўрт байти (148 йўл) ас-Сабкийнинг юқорида зикр қилинган асари ичида сақланиб қолган. Ас-Сабкийнинг ёзишича, Шошийнинг бу жавоб шеърини ўқиган Византия аъёнлари таажжубда қолишибди, кейин улар бир-бирларидан сўрашибди:
«Буни ёзган киши ким ўзи, қайси юртдан экан, халифаликда биз бундай зот борлигини билмас эдик-ку?». Воқеанинг нима билан тугаганлигининг аҳамияти йўқ, лекин бу мисолдан Қаффол Шоший забардаст арбоб, ҳозиржавоб шоир эканлигига қаноат ҳосил қиламиз.

Қаффол Шоший шундай улуғвор ва довюрак, ажойиб шахс эди. Унинг адиблик, шоирлик, тилшунослик фаолияти билан деярли ҳеч ким шуғулланмади, унинг диалектикага оид асари ҳам ўрганилган эмас. Унинг фиқҳшуносликка доир Шофиъия мазҳабига тегишли асари ва бу соҳадаги фикр-мулоҳазаларигина давр тақозосига кўра ислом тарқалган Шарқ мамлакатларида кенг кўламда ёйилди. Мана шу соҳадаги фикр-мулоҳазалари туфайли аллома Қаффол Шоший минг йил мобайнида одамлар ҳурматига сазовор бўлиб келди. Унинг шоирлик, тилшунослик ва мантиқшунослик соҳалари ҳам йирик олим эканини тасдиқлайди.
Манбаларнинг кўрсатишича, Бағдодлик Хўжа Муҳаммад Номий деган олим Қаффол Шошийнинг қўлида ўқиган ва ҳатто у билан жуда қалин бўлиб кетган эди. Бу киши ўз оиласи билан бирга Шошийга эргашиб, Тошкентга келади ва умрининг охиригача бу шаҳарда қолиб кетади. Қаффол Шоший 976 йили Тошкентда вафот этган.

Ҳамшаҳарлари уни илму дониш, адолатли ва фуқаропарварлиги туфайли эъзозлаб, унга мақбара бунёд этадилар. Ул зотнинг қабрлари атрофида Тошкент тарихига даҳлдор бўлган машҳур ва мўътабар зотлар абадий уйқудалар.

Ҳозир Тошкентликлар иборасида “Хастимом” деб аталадиган жой шу мўътабар зотга нисбат бериб айтиладиган «Ҳазрати Имом» сўзининг қисқарган шаклидур.
1541-42 йилларда нураб қолган дастлабки мақбара ўрнига ҳозирги мақбара Тошкент ҳокими Бароқхон тахаллусли Наврўз Аҳмадхон топшириғи билан сарой меъмори Ғулом Хусайн лойиҳаси асосида қайта қурилган.

Тошкент алломалари ва тарихий шахслари (иккинчи китоб)

Абдулазиз Муҳаммадкаримов
«Тошкентнома». 2009 йил

Ўхшаш мақола

Шош воҳаси фақиҳлари мероси

Post Views: 231 Фиқҳ илми исломшуносликнинг етакчи тармоқларидан бири. Айни пайтда кам ўрганилган соҳаси саналади. …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *