Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Тошкентнинг Ўрта Осиёда кечган сиёсий ва иқтисодий жараёнларда тутган ўрни (XVI-XIX асрнинг биринчи ярми)

Тошкент-2200. Тошкентнинг Ўрта Осиёда кечган сиёсий ва иқтисодий жараёнларда тутган ўрни (XVI-XIX асрнинг биринчи ярми)

XVI асрдан бошлаб Тошкент турли сиёсий воқеликлар тизимига тортилиб, дастлаб Шайбонийлар, сўнгра Аштархонийлар давлатининг чекка ўлкаси ҳисобланган бу ҳудудда ўзига хос сиёсий жараёнлар кечган. XVIII асрнинг биринчи ярмида Бухоро хонлигида юзага келган сиёсий ҳаёт инқирози унинг турли вилоятлари тараққиётига таъсир кўрсатган. Шундай ҳудудлардан бири ҳисобланган Тошкентда шу асрнинг бошларида маҳаллий хўжаларнинг мавқеи ортиб борган. Натижада шаҳарда тўрт даҳа хўжалари томонидан идора этилган бошқарув тизими шаклланган. Бу тизим 1784 йилда Тошкентда “шаҳар-республика”га ўсиб ўтган. XIX асрнинг биринчи ўн йиллигида шаҳар ва унинг ҳудуди Қўқон хонлиги, 1865 йилда эса Россия империяси қўшинлари томонидан босиб олинган.

XVI–XIX асрнинг биринчи ярмида Тошкентнинг Ўрта Осиёдаги йирик иқтисодий марказларидан бири сифатидаги аҳамияти ортиб борди. Бунга шаҳарда мавжуд бўлган кўп тармоқли ҳунармандчилик, савдо асос бўлди. Бу ерда ҳунармандчиликнинг турли соҳалари – тўқимачилик, кийим-бош ишлаб чиқариш, чармгарлик ва оёқ кийимлар тайёрлаш, пўстиндўзлик, кулолчилик, металлга ишлов бериш ва металл буюмлар ишлаб чиқариш, заргарлик, кулолчилик, дурадгорлик, уй-рўзғор буюмларини тайёрлаш ва бошқалар кенг ривожланган эди.

Асосан маҳаллий аҳолининг ички эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган турли маҳсулотлар товар характерига эга бўлган. Бунда Тошкентнинг турли карвон йўлларида жойлашганлиги муҳим роль ўйнаган. Тошкент ҳудудидан Сибир, Хитой, Қозоқ даштига олиб борувчи йўлларнинг ўтганлиги унинг иқтисоди ривожланишига, бу ерда айнан хорижий истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган ҳунар турларининг тараққиётига туртки бўлган. Буни айрим ҳунармандчилик соҳалари мисолида кузатиш мумкин. Хусусан, бир хил рангдаги бўз (карбас)га қолип ёрдамида турли ранглардаги гулларни босиш орқали ҳосил қилинган мато – чит бунга мисол бўла олади. Чит ишлаб чиқариш анча мураккаб иш жараёни бўлиб, у ҳунарманддан катта маҳоратни талаб этган[1]. XIX асрда Тошкент бўзга гул босишнинг йирик марказларидан бирига айланган эди. Қўқон хонлиги шаҳарлари ва Қашғардан Тошкентга жуда катта ҳажмда оқ бўз келтирилиб, читгарларга топширилар эди.

Турли матолар ва бошқа маҳсулотларга ранг беришда турли маҳаллий бўёқлар – кўк, сафсар, мош ва қизил ранглар билан бирга Ҳиндистондан келтирилган нил (индиго) бўёғидан кенг фойдаланилган. Мато ва бошқа маҳсулотларни қора ёки тўқ кўк рангга бўяшда фойдаланилган бу бўёқнинг Ўрта Осиё шаҳарларига келтирилиши айниқса XVIII асрнинг иккинчи – XIX асрнинг биринчи ярмида жуда кенгайди. Қарши, Шаҳрисабз, Бухоро, Хива каби шаҳарлар билан бир қаторда Тошкент карвонсаройлари ҳам бу мол билан тўла эди.

Шаҳарда ривожланган ҳунармандчилик соҳаларидан бири металлга ишлов бериш бўлиб, бу ҳунар тури билан машғул ҳунармандлар томонидан яратилган маҳсулотларга нафақат ушбу марказ, балки узоқ ва яқин ҳудудлар аҳолиси орасида ҳам талаб катта эди. Бундай ҳунар турларидан бири заргарлик эди. Тошкентлик заргарлар турли металл ва қимматбаҳо тошлардан хилма-хил Тошкент зирак, сочпопуклар, баргак, тиллақош, тумор, бурунбулоқ, билагузуклар, ҳатто кумушдан паранжи тугмасини ҳам ясаганлар[2]. Улар аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва қўшни дашт аёллари учун арзонроқ металлар – кумуш ва мисдан зеби зийнат буюмлари – зирак, билагузук, тўғноғичлар ҳам ясаганлар.

Тошкентлик заргарлар томонидан ясалган маҳсулотларга талаб катта бўлиб, улар Марказий Осиёнинг турли ҳудудларига олиб кетилган.

Шаҳарда тараққий этган ҳунар турларидан яна бири – кўнчилик бўлиб, ҳунармандлар шаҳар ҳамда қўшни дашт аҳли томонидан етиштирилган чорва моллари – “от, қўй, ҳўкиз, туя” териларига ишлов берганлар ва турли чарм навлари — пойафзалнинг тагчарми, қора эчки чарми – қайроқи, оқ замша, сағри тери ишлаб чиқарганлар. Бу маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда талаб катта эди. Хусусан, Тошкент кавушдўзлари томонидан яратилган сағри теридан тикилган кавушлар жуда машҳур бўлган. ХХ аср бошларида олдинги даврлардаги каби шаҳарда “олифталар ҳам, кам таъминланган одамлар ҳам ўзларига тиниқ барг ранг сағридан маҳаллий ҳунармандлар тикадиган кавушларга буюртма берганлар. Бу сағричиларнинг олтин асри эди”[3], – деб қайд этилади.

Савдогарлар Тошкент орқали турли йўналишларда Қозоқ дашти, Сибирь, Россиянинг турли йирик савдо-иқтисодий марказлари, Хитой ва улар орқали бошқа ўлкаларга етиб олишлари мумкин эди. Бу ўлкаларнинг савдогарлари эса ўз навбатида Тошкент орқали Қўқон, Бухоро, Хива хонликлари шаҳарларига боришлари мумкин эди. В.В. Вельяминов-Зернов: “Қўқон Тошкент билан ҳеч ҳам рақобатлаша олмайди. Бунинг сабаби оддий. Хонлик пойтахтида эмас, Тошкентда муҳим савдо йўллари туташиб кетган эди”[4], – деб ёзганида ҳақ эди.

1741 йили Тошкентга келган савдогарлар Ш. Арслонов ва М. Юсупов Тошкент қалмиқ (жуда кўп чорва – қўй, сигир ва отларни олиб келадиган) ва қашғарлик савдогарлар келиб тўхтайдиган марказ эканлиги, улардан ташқари Тошкентда Бухоро, Хўжанд ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларидан келган савдо аҳлини кўплаб учратиш мумкинлигини қайд этган эдилар[5].

Тошкентлик савдогарлар ҳам Жунғория, Шарқий Туркистон, Хитой ҳудудларига ўз савдо карвонлари билан борганлар. Чунончи, XVIII аср ўрталарида уларнинг мева, олтин, рус буюмлари ва бошқа моллар билан юкланган карвонлари Ғулжа ва Чугучак шаҳри бозорларига борган. Шунингдек, улар томонидан Шарқий Туркистоннинг Қашғар ва Ёркенд шаҳарларига рус темири, дока, шойи газлама, олтин, гилам ва рўян олиб борилган. Улар ўзлари билан бирга Тошкентга олиб келган молларнинг асосий қисмини чой, новшадил, чинни идишлар ташкил этган. Улар Хитой ва Шарқий Туркистондан кумуш ёмбу олиб келишга ҳаракат қилганлар. 1760 йилнинг 10 ойида Оқсув орқали Қумулга кетаётган тошкентлик савдогарлар карвонини Хитой назоратчилари ушлаб қолган. Музокаралардан сўнг савдогарлар уларни Хитой моллари ва кумуш ёмбулар сотиб олиш учун рухсатнома беришга кўндирганлар. Тарихий манбалар тошкентлик савдогарларнинг, ҳатто, 1759 йилда Тибетга ҳам борганлигини кўрсатади[6].

Ҳар йили Тошкент орқали Қашғар ва Хитойдан Россияга турли моллар олиб ўтилган ва бу карвонлар рус ва Европа молларини олиб Тошкент орқали яна Хитойга қайтган.

Қўқон хонлигининг бутун ташқи савдоси Тошкентда марказлашган эди. Бу ерга хонликнинг бошқа шаҳарларидан “пахта, ипак, мевалар, туз, қурилиш ёғочлари, бўз, канаус, жун маҳсулотлар, чарм-тери, бўёқлар ва бошқа нарсалар келтирилар эди”[7]. Жумладан, бу марказга Қўқон ва Марғилон ҳунармандлари етиштирган ва тўқиган ипак газламалар келтирилар эди. Қўқонга эса Тошкентдан рус мануфактура моллари, шакар, темир ва бошқалар; Бухородан эса чой, индиго, дока, Бухоро ҳунармандлари тўқиган ипак газламалар келтирилар эди[8].

Тошкентлик савдогарлар Бухоро хонлигининг Бухоро, Самарқанд, Қарши, Шаҳрисабз, Кўлоб ва бошқа шаҳарларига ўз карвонлари билан қатнар эдилар. Бунда Тошкентдан Бухорога Қўқон хонлигининг марказий шаҳарлари – Марғилон, Андижон, Наманган ҳамда Тошкентнинг ўзида ишлаб чиқарилган бўз, хом ипак, русларнинг темир, чўян ва пўлатдан ясалган буюмлари, тамаки, ипак, баъзи хитой ва маҳаллий ипак газламалар ва Хитой моллари – кумуш ёмбилари, чой ва чинни пиёлалар олиб борилган. Бу маҳсулотлар ичида Хитой чойининг турли навлари – туқтачой (ғишт чой), оққуйруқ (кўк чой) муҳим ўрин тутган. XIX асрнинг 30-йилларида Бухорода бўлган И.В. Виткевич шаҳардаги “Барра саройи”да тошкентлик ва қўқонлик савдогарлар тўхташи, уларни чой савдогарлари, деб аталишини қайд этган эди. Тошкентдан келтирилган бу моллар аксарият ҳолатларда узоқ юртларга ҳам олиб кетилган. Хусусан, Қашғардан Тошкент орқали Бухорога олиб келинган кумуш ёмбулар ҳинд саррофлари орқали Кобулга жўнатилган[9]. Тошкентда етиштирилган “дармана уруғи” эса Бухоро орқали Эрон ва Туркияга, у ердан “немис ерлари”га олиб кетилган[10].

Бухородан эса савдогарлар Тошкентга ўсимликлар бўёғи, қоракўл тери, пахта ва бошқа молларни келтирганлар[11]. Савдогар Шубай Арслоновнинг кўрсатишича, XVIII асрнинг 30-йилларида Бухородан Тошкентга қоракўл, қизил ва қора бахмал, қимматбаҳо шойи газламалар, парча, рўмоллар келтирилган[12].

Савдогарлар Тошкентдан Россияга ҳам тез-тез қатнаб турганлар. Шаҳарни Сибирдаги Омск, Троицк, Ямишевск, Петропавловск каби марказлар ва Оренбург билан боғлаган йўллар орқали фаол савдо алоқалари олиб борилган. Бу ерларда «Тошкент моллари» билан кенг савдони амалга оширганлар. Жумладан, 1746 йили Ямишевскга Тошкентдан 137 бўлак зандана, 18 бўлак бўз, 81 та парда олиб келинган. Худди шу йили, архив маълумотларида кўрсатилишича, бухоролик савдогар Дургей Кокин томонидан Сибирнинг йирик савдо-иқтисодий маркази Томскка 100 бўлак Тошкент ип газламаси келтирилган[13].

Тошкент Қўқон хонлигининг турли шаҳарларини бошқа ҳудудлар, хорижий давлатлар билан боғловчи марказ ҳам эди. Қўқон Тошкент орқали Бухоро, Хива хонликлари, Россия, Эрон ва Ҳиндистондан келтириладиган молларни олар эди. Жумладан, Тошкент орқали Бухородан Қўқонга “Ҳиндларнинг баққоллик моллари, Кобул белбоғлари ва саллалари” келтирилган.

Тошкентда ҳам, бошқа шаҳарлар мисолида кузатилгани каби, сиёсий нотинчлик йилларида карвон йўлларидаги тартибсизликлар авжига чиқиб, ишлаб чиқариш ва савдонинг ривожланиши орқага кетарди. Масалан, «Москва савдо компанияси» вакили инглиз Антоний Женкинсоннинг ёзишича, унинг Ўрта Осиёга (1558-1560 йилларда) қилган сафарига қадар уч йилдан бери Тошкент-Қашғар савдо йўли вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган эди[14]. Бу ҳолатдан икки шаҳар – Тошкент ва Қашғар катта иқтисодий талофат кўрган эди.

Шаҳарнинг иқтисодий алоқалари унда муайян бозор инфраструктурасининг ривожланишига олиб келган. Жумладан, шаҳарда хорижий савдогарларнинг тўхташлари учун карвонсаройлар мавжуд эди. XIX асрнинг 60-йилларида шаҳарда уларнинг сони 17 та атрофида бўлган. Турли мамлакатлар савдогарлари муайян карвонсаройларда яшаганлар. Хорижий савдогарларнинг катта қисмини ташкил қилган ҳиндлар Ширин Хожа Раис саройида тўхтаганлар. Шаҳар карвонсаройларидан бири “Яҳудийлар карвон-саройи” номи билан маълум эди.

Тошкент йирик савдогарлар шаҳри эди. Улар шаҳар карвонсаройларида хорижий савдо аҳли билан бир қаторда ўз молларини сақлар ва улар билан улгуржи савдони амалга оширар эдилар. Хусусан, Исабек, Шоҳбек, Дастурхончи, Абдурасул ва Мулла Омонбой раис номи билан машҳур саройларда улгуржи савдо билан шуғулланувчи тошкентлик бой савдогарлар ўз молларини сақлаганлар[15].

Аксарият ҳолатларда карвонсаройлар маълум хил маҳсулот ёки хом ашё турини сақлаш учун ҳам омборхона вазифасини ўтаган. Жумладан, Тошкентнинг “Майиз саройи” фақатгина қуруқ меваларни сақлашга ва улар билан улгуржи савдони амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, унда савдогарларнинг яшаши учун шароит йўқ эди[16].

Карвонсаройларнинг яна шундай бир тури ҳам мавжуд бўлиб, улар одатда бошқа саройлардан ҳажм жиҳатидан кичиклиги билан ажралиб турар ва уларда асосан камбағал йўловчилар, юксиз савдогарлар, ўз туяларида савдогарларнинг юкини ташиб берувчилар тўхтар эдилар. Бундай саройлар асосан Тошкентда мавжуд бўлиб, уларда кўпинча ўз туяларини чўлда сақлаган Россияга юк ташувчилар тўхтар эдилар[17].

Тошкентнинг Ўрта Осиёдаги савдо-иқтисодий алоқаларида бозорлар муҳим ўрин тутган. Уларда турли мамлакатлар савдо аҳли ўзаро мулоқотга киришган. Шаҳар бозорлари бошқа Ўрта Осиё шаҳарларида кузатилгани каби бирор турдаги маҳсулотни сотишга ихтисослашган эди. 1735 йилга оид Нур Муҳаммад Алимов кўрсатмасидан аён бўладики, Тошкентда “…ҳар бозорда бир хилдаги мол” сотилган бўлиб, “унда бошқа нарса йўқ… пахта, ипак, … этик… ипак парчалар турли бозорларда”[18] сотилган. Бу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, бозорларнинг бундай ихтисослашуви сотиладиган моллар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, уларнинг сифати яхшиланиши ва нархининг пасайишига олиб келган. XIX асрга оид аниқ маълумотларга кўра, шаҳар марказида жойлашган бош бозор “узунлигига 400 саржин, энига 100 саржин” бўлиб, 2400 дўконга эга эди. Уларда турли-туман маҳсулотлар билан савдо қилиниб, бу маҳсулот тури ушбу бозорнинг номини белгилаган эди. Булар — баққол бозори, арпа бозор, ун бозор, гўшт бозор, нонвой бозор, кафш бозор, ёғоч бозор, кўрпа-гилам бозори, темир бозори, мис бозори, шам бозори, чойпуруш-аттор бозори, чит бозори, адрас бозори, пичоқ бозори, пахта бозори, тамаки бозори, товоқ бозори, заргарлик бозори, сағри бозори ва ҳ.к. Шаҳарнинг ташқи иқтисодий алоқалари бозорлар номланишида ҳам ўз аксини топган. Маҳаллий аҳолининг дашт аҳли билан муносабатлари натижасида қозоқпуруш бозор, кўн бозор, қўй бозор ва бошқалар вужудга келган эди. Уларда шаҳарлик ва қўшни даштлик савдогарлар ўзаро савдо-сотиқни амалга оширганлар.

Шаҳарда асосан кундузи, баъзан тунда ҳам савдо қилинган. Бундай савдо асосан баъзи байрамлар, ҳайит кунлари ва рўза пайтида амалга оширилган. “Тарихи жадидайи Тошкент” асарининг муаллифи Муҳаммад Солиҳ XIX асрда Тошкент ҳақида ёзар экан, “Бозорнинг дўкон расталари Чорсудаги қандолатпазлик дўконигача давом этади. Рамазон ойида, бу ерда кечаси ҳам бозор бўлади, халқ савдо-сотиқ, ҳар хил ўйин-кулгу қилади”, деб қайд этади[19].

Ташқи ва транзит савдо шаҳарда хорижлик савдогарлардан бож ундириш борасида муайян тартибнинг шаклланишига олиб келган. Хусусан, шаҳарга яқинлашган карвон маълум белгиланган ерда тўхтаб, ўзи ҳақида хабар бериши лозим эди. Масалан, Тошкентга Қўқон ва Бухоро шаҳарларидан келадиган карвонлар, XIX аср муаллифи А.К. Гейнснинг кўрсатишича, Қоплонбек, Чиноз ва Чирчиқ ёнида яшаган закотчилар томонидан текширилган ва карвон ҳақида шаҳарга хабар етказилган[20].

Бу шаҳарга хос асосий хусусиятлардан бири шу эдики, шаҳар аҳлининг кўпчилик қисми шаҳар атрофидаги ерларда деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланиш имконини берадиган ер участкаларига эга эди. Бундай ер участкалари жойлашган ҳудудлар, одатда, “мавзелар” деб аталар эди. Бундай ерлар ёзда гавжум бўлиб, аҳоли шаҳарлардан кўчиб чиқиб бу ерларда яшар эди. Бундай мавзеларнинг катта рўйхатини келтирган Н.Г. Маллицкий улар жумласида Оққўрғон, Дархонариқ, Ялонғоч, Айрилиш, Оқтепа, Юнусобод, Қорасарой, Ўнқўрғон, Ачавот, Бешқайрағоч, Қорасув, Қурбақаобод ва бошқаларнинг номларини келтиради. Шу муаллифнинг кўрсатишича, шаҳарнинг Шайҳонтаҳур қисмига 31 та, Себзор қисмига 65 та, Кўкча қисмига 45 та, Бешёғоч қисмига эса 36 та мавзе қараган[21].

Тошкент аҳолиси томонидан шаҳар ва унинг атрофидаги ерларда етиштирилган деҳқончилик, боғдорчилик маҳсулотлари ва айрим чорва моллари кўп ҳолларда товар характерига эга бўлган. Бу маҳсулотлар шаҳар аҳолисининг ички эҳтиёжларини қондириш билан бирга, узоқ ва яқин ҳудудларга, хусусан, қўшни даштга ҳам олиб борилган. Шунингдек, бу маҳсулотлар маҳаллий ҳунармандлар томонидан яратиладиган турли буюмлар учун асосий хомашё вазифасини ўтаган. Шаҳарнинг бу хусусияти унинг Марказий Осиёдаги иқтисодий мавқеини ўсишига хизмат қилган.

Шундай қилиб, XVI-XIX асрнинг биринчи ярмида Тошкент Ўрта Осиёда кечган мураккаб сиёсий жараёнларда муҳим ўрин тутган, турли ҳунармандчилик соҳалари, ички, ташқи ва транзит савдо ривожланган, ўзига хос савдо маданиятига эга йирик марказлардан бири эди. Турли карвон йўллари туташиб кетган ҳудудда жойлашган бу шаҳар Марказий Осиёда кечган сиёсий, иқтисодий жараёнларда муҳим ўрин эгаллаб, турли халқларнинг иқтисодий интеграциясига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ва ўзи ҳам ривожланиб борган.

Г. А. Агзамова

Место Ташкента в политических и экономических процессах Средней Азии (XVI — первая половина XIX в.)

Доклад посвящен раскрытию роли города Ташкента в политических и экономических процессах, происходивших на протяжении XVI – первой половины XIX в. На основе разнохарактерных источников показывается статус этого центра в государстве Шайбанидов, Аштарханидов и процесс образования в Ташкенте своеобразной формы управления, которая в последней четверти XVIII столетия переросла в «город-республику». Анализируется экономический потенциал города. В частности, детально рассмотрены вопросы, связанные с состоянием различных ремесел, показаны особенности этой части экономической жизни города. Анализируются проблемы городской торговли, сельского хозяйства и т.д., выявлены общее и особенное с точки зрения градостроительной культуры и городской жизни Средней Азии.

G.А. Agzamova

The place of Tashkent in political and economic processes of Central Asia (the 16th — first half of the 19th century)

The report is devoted to disclosing of the role of Tashkent in political and economic processes occurring throughout the 16th – first half of the 19th century. On the basis of various sources the status of this centre in the Shajbanid’s and Ashtarhanid’s states and formation process in Tashkent of an original form of government which in last quarter of 17th century has outgrown in «city-republic» is shown. The economic potential of the city is analyzed. In particular, questions connected with a condition of various crafts are considered in details; features of this part of an economic life of the city are shown. And also problems of city trade, agriculture are involved in the detailed analysis, and are revealed the general and especial from the point of view of townplanning culture and a city life of Central Asia.

[1] Мукминова Р.Г. Очерки по истории ремесла Самарканда и Бухары в XVI в. Ташкент: Фан, 1976. С. 66-67

[2] Гейер И., Назаров И. Кустарные промыслы в Ташкенте. Тетрадь 1. Ташкент: Изд. В.М. Ильина, 1903. С. 9-16

[3] Ўша асар. 16-бет

[4] Вельяминов-Зернов В.В. Сведения о Кокандском ханстве // Вестник Географического общества. СПб., 1856. Т. 18. С. 129

[5] Ходжиев Э.Х. Экономические и политические связи Ташкента с Россией. Ташкент, 1982. С. 16-17

[6] Saguchi Toro. The Eastern trade of Khokand khanate. Tokyо. 1963. Р. 80

[7] Кун А. Некоторые сведения о Ферганской долине // Туркестанский сборник. Т. III. СПб., 1876. С. 442

[8] Хорошхин А. Очерки Коканда // Сборник статей, касающихся до Туркестанского края А. Хорошхина. СПб., 1876. С. 43

[9] Записки о Бухарском ханстве (Отчеты П.И. Демезона и И.В. Виткевича). М.: Наука, 1983. С. 108

[10] Извлечения из «Лексикона Российского, исторического, географического, политического и гражданского» В.Н. Татищева (30-40-е годы XVIII в.) // История Узбекистана в источниках. Ташкент, 1988. Книга II. С.96

[11] Вельяминов–Зернов В.В. Сведения о Кокандском ханстве… С. 131

[12] Ташкент в описании Шубая Арсланова // История Узбекистана в источниках. Ташкент, 1988. Кн. II. С.108

[13] Ходжиев Э.Х. Экономические и политические связи Ташкента с Россией… С.10

[14] Дженкинсон А. Путешествие в Среднюю Азию 1558-1560 гг. // Английские путешественники в Московском государстве в XVI в./Пер. с англ. Ю.В. Готье. М., 1938. С. 184-185

[15] Тетевревников А.Н. Очерки внутренней торговли киргизской степи. СПб., 1867. С. 311

[16] Ўша асар. 312-бет

[17] Тетевревников А.Н. Очерки внутренней торговли киргизской степи… С. 311

[18] Рассказ сарта Нур-Мухамета, записанный в марте 1735 года в оренбургской экспедиции, о киргизских ханах, городах Ташкент, Туркестан и разных других предметах // Материалы по истории России. Оренбург, 1900. С. 85

[19] Қаранг: Ўринбоев А., Бўриев О. Тошкент Муҳаммад Солиҳ тавсифида. Тошкент, 1983. 40-бет; Муҳаммаджонов А. Қадимги Тошкент. Тарихий ва археологик лавҳалар. Тошкент, 1988. 59-бет

[20] Гейнс А.К. Управление Ташкентом при Кокандском владычестве // Гейнс А.К. Собрание литературных трудов. СПб., 1898. Т.II. С. 488

[21] Маллицкий Н.Г. Ташкентские махалля и маузе // В.В. Бартольду – туркестанские друзья, ученики и почитатели. Ташкент, 1926. С. 114-121

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

Post Views: 2 XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *