Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Тошкент воҳаси урбанизация жараёнини космик суратлар орқали ўрганиш

Тошкент-2200. Тошкент воҳаси урбанизация жараёнини космик суратлар орқали ўрганиш

Қадимдан ҳозирги кунга қадар Марказий Осиё халқлари суғорма деҳқончилик орқали озиқ-овқатга бўлган талаб ва эҳтиёжларини қондириб келган. Деҳқончиликка бундай боғлиқлик натижасида, аҳоли айнан ўша қишлоқ хўжалиги билан мунтазам шуғулланадиган ерларда жойлашган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, унинг сиёсати ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти тубдан ўзгарди ва бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнлари тўғридан-тўғри ёки баъзи воситалар орқали аҳоли ўсишига, давлат сиёсатига ва анъанавий ердан фойдаланиш тажрибаларига таъсир этди. Аҳоли сонининг ўсиши ва яшаш жойларининг кенгайиб бориши баъзи ҳолларда, қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг камайишига ҳам олиб келди. Ўзбекистон учун бу жиддий ҳолдир, чунки қишлоқ хўжалигига яроқли суғориладиган ерлар чекланган.

Ўрганилаётган ҳудуд Тошкент вилояти бўлиб, ер майдони 15600 км кв., ва аҳолиси 2400000 дан ортиқ. Бошқарув маркази Тошкент шаҳри, аҳолиси 2156300 киши. Шимол ва шимоли-шарқдан Чотқол тоғ тизмалари ўраб туради, вилоятнинг асосий қисми жануб ва жануби-ғарб томони эса денгиз сатҳидан 400-600 м баландликда бўлган адир ва текисликлардан иборат. Иқлими континентал, қиши нам, шу билан бирга юмшоқ, ёзи иссиқ ва қуруқ. Ўртача ҳарорат ёзда 26,8 ва қишда 1,3 даража атрофида [Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари давлат қўмитаси ахборотномаси. Тошкент, 2003; Ўзбекистон Республикаси ер ресурсларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш бўйича 2000 йил учун миллий ҳисобот. Тошкент, 2001]. Ҳудуднинг асосий дарёси Сирдарё бўлиб, Чирчиқ ва Оҳангарон ирмоқлари шу ҳудудда Сирдарёга келиб қуйилади. Дельталардаги чўкиндилар органик бирикмаларга бой бўлган қалин тупроқ қатламини ҳосил қилади ва континентал шароитда ушбу ҳудудларда унумдор тупроқли ва чучук сувга имконияти бўлган оазислар вужудга келади. Бу тупроқлар табиий қуруқ ва шўрланмаганлиги сабаб, деҳқончилик билан мунтазам шуғулланиш ва доимий яшаш учун жуда қулай шарт-шароит яратади.

Ушбу тадқиқотда 1989 ва 2000 йилдаги космик суратлар маълумотларини Масофадан зондлаш (Remote Sensing) ва Гео-ахборот тизими (Geographic Information system) технологиялари орқали кузатиб таҳлил қилинган. Ушбу икки давр учун маълумотлар тўпламининг етарлилиги уни муҳокама қилишда муҳим омилдир.

Тошкент вилоятида шаҳарларнинг кенгайиб бориши мавзуси халқаро ва маҳаллий матбуотда қисман ёритилган. Бундай илмий мақолаларнинг камлиги ушбу мавзуни ёритиш гео-маълумот таҳлили олиб бориш каби маълум жараённи талаб этади. Хариталаш ва ўрганилаётган ҳудудга доир даврий жиҳатдан кетма-кет олинадиган космик суратларни масофадан зондлаш орқали таҳлил қилиш шулар жумласидандир. Хуллас, бундай тадқиқотлар гео-ахборот тизимига асосланган таҳлилларда маълум компьютер дастурларидан, Жойни аниқлаб берувчи глобал тизим (GPS) бирликларидан ва мавжуд қоғоз хариталарни рақамли хариталашдан фойдаланишни тақозо этади. Шунга қарамасдан, масофадан зондлаш орқали шаҳарларнинг ер юзасида эгалланган қисмини таснифлаш халқаро миқёсда, кенг ўрганилган. Бу мавзудаги муҳим тадқиқотлардан бири, қуруқ иқлим шароитида аҳоли яшайдиган ҳудудлар ер юзаси кўринишини таснифлаш натижаларини маълумотлар тўпламидан фойдаланган ҳолда текширишдир [Dillabaugh et al. Landsat urban mapping based on a combined spectral-spatial methodology. In Remote Sensing of Environment., 2004; Ellis et al. Measuring long-term ecological changes in densely populated landscapes using current and historical high resolution imagery. In Remote Sensing of Environment. 2006]. Бу тадқиқотда гео-ахборот тизими ва масофадан зондлаш таҳлилларини бирга қўллашнинг афзалликлари ҳақида фойдали мулоҳазалар айтиб ўтилган. Сўнгги пайтда айрим мақолаларда аҳоли яшаш жойларида ўсимлик қопламини фарқлашнинг янги усулларидан фойдаланиш ҳақидаги тавсиялар ҳам ёритилган [Mesev V. Remote sensing of urban systems: Hierarchical integration with GIS. In Computers, Environment and Urban Systems. 1997].

Шуларга таянган ҳолда, гео-ахборот тизими ва масофадан зондлаш таҳлиллари асосида танланган ҳудудни ўрганишга киришилди. Тошкент вилояти учун гео-ахборот тизими маълумотлари тўлиқ бўлмаганлиги сабабли, ArcGIS 9.2 дастуридан фойдаланиб, янги қатламлар тузилди: 1:500000 масштабдаги топографик харита рақамлаштирилди, растр ва шейпфайлларга айлантирилди, шу асосида вилоят чегараси (полигон), туманлар чегаралари (полигон), шаҳар ва қишлоқлар (нуқтали ва полигон), дарё ва суғориш каналлари (чизиқли) шейпфайллари ишлаб чиқилди. Ҳамма хариталар WGS 1984 бошланғич нуқта ва Universal Transverse Mercator 42 шимолий минтақа координата тизимига гео-боғланган.

Таҳлилда University of Maryland Global Land Cover Facilityнинг веб-саҳифасида берилган ҳудудга доир даврий жиҳатдан кетма-кет олинадиган космик манбалардан фойдаланилган (http://glcf.umiacs.umd.edu): 1989 ва 2000 йилда олинган Landsat ТМ суратлари. Буларнинг ҳар бири 7 бэнддан иборат бўлиб, тиниқлиги 28,5 м/пиксел. Landsat ТМнинг ҳис қилувчи экранлари кўзга кўринадиган, инфрақизилга яқин ва ўрта инфрақизилдан радиотўлқингача бўлган тўлқин узунликлари ёрдамида ер юзасини кўрсатиб беради. Ушбу суратлар ҳам WGS 1984 бошланғич нуқта ва Universal Transverse Mercator 42 шимолий минтақа координата тизимига гео-боғланган. Уларни кўриб чиқишда Erdas Imagine (тасаввур дастури)дан фойдаланилди. Космик суратлар таҳлили пайтида Тошкент вилоятидаги асосан қишлоқ хўжалиги ерлари эгаллаган ҳудудлар қолдирилиб, тоғли қисм олиб ташланди ва харита янгидан рақамлаштирилди. Чунки баландлик қисмида қишлоқ хўжалиги майдонлари деярли кўзга ташланмайди, космик суратлардаги ҳар иккала йил учун аҳоли турар жой майдонлари ҳисоблаб чиқилганда сезиларли ўзгариш бўлмаган.

Таснифлаш жараёнининг биринчи босқичида ер юзаси қоплами бир нечта синфларга бўлинган, “энг кўп ўхшашлик” қонунияти орқали таснифланган ва аҳоли турар жойлари, экин майдонлари аниқлаб олинган. Синфларни янада аниқ бўлиши учун ушбу синфга тегишли 10 та жойдан кичик ҳудудлар ажратиб олинган ва уларнинг аниқлилик даражаси текширилган. Таснифлашнинг 2-босқичида “кластерлаш” усулидан фойдаланиб аҳоли турар жойларининг ер юзаси кўринишидаги аниқлик 80 фоизгача оширилган. 3-босқичда эса 5х5 пикселли ҳаракатланувчи ойна орқали сурат таҳлил қилиниб, ҳар бир пикселни “шовқин”дан тозалаш жараёни амалга оширилган. Кўпгина синовлардан сўнг, ер юзаси кўринишининг қониқарли таснифига эга бўлинди. Ушбу таснифга асосланиб, ҳар бир синф эгаллаган ҳудудни ҳисоблаш учун Erdas Imagine файлни ESRI GRID ва полигон шейп-файлларга айлантирилди. Сўнгги босқичда ҳар бир ҳудуд ҳисоблаб чиқилди. Фазовий ва спектрал таҳлиллардан кўринадики, 1989 йилда аҳоли яшаш жойлари ҳудуди 43860 гектарни ташкил этган бўлса, 2000 йилда бу кўрсаткич 60874 гектарни ташкил этган (расм).

tashkent_shosh
Tошкент воҳасида тураржой ҳудудининг кенгайиши таснифланган сурат (чапда 1989, ўнгда 2000 йил).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 10 йил ичида тахминан 16000 гектар ер аҳоли яшаш жойларига айлантирилган. Натижада, қишлоқ хўжалиги ер майдонлари қисқарган. Бу умумий майдоннинг 5 фоизини ташкил этади, бизнингча, бунга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерлари нафақат шаҳарларнинг кенгайиши оқибатида, балки шўрланиш, эрозия ва деградация оқибатида йўқотилишини ҳам назарда тутиш керак.

Д. Мақсудова

Исследование процесса урбанизации Ташкентского оазиса по космическим съемкам

В статье рассматриваются вопросы урбанизации Ташкентcкого оазиса и в период с 1989 по 2000 гг. Автор попытался рассчитать расширение урбанизированной зоны, используя новейшие технологии ГИС и Дистанционного зондирования. В результате данного исследования выявлена скорость трансформации сельскохозяйственных земель в зону городской застройки.

D. Maksudova

Studying the urban processes in the Tashkent Oasis using satellite imagery

The article deals with issues of urban development in Tashkent Province during 1989-2000. Author tries to calculate residential expansion using the newest GIS and Remote Sensing technologies. As a result of the study the rate of transformation of agricultural lands into urban use is revealed.

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*