Бош саҳифа » Тошкент-2200. Қадимги Чоч ёдгорликларида олиб борилган кимёвий-технологик ва таъмирлаш ишлари таҳлили

Тошкент-2200. Қадимги Чоч ёдгорликларида олиб борилган кимёвий-технологик ва таъмирлаш ишлари таҳлили

1966 йил 1 февралда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих ва археология институти таркибида махсус илмий лаборатория ташкил этилди. Унга республикамизда очилаётган археологик ёдгорликларда топилаётган ноёб санъат асарлари, турли ҳунармандчилик маҳсулотлари ва меъморий ёдгорликларни табиий фан усуллари ёрдамида ўрганиш, уларни таъмирлаш ва сақлаш усулларини яратиш ва зарурий амалий ишларни бажариш юклатилган эди. Мазкур мақола шу илмий лаборатория, кейинроқ (1970 йилдан) Ўз ФА Археология институти бўлимининг илмий ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида олиб борилган илмий изланишлар таҳлилига бағишланади. Бу марказнинг ташкил этилиши ўша даврларда Ўзбекистон археологиясида кузатилаётган кенг кўламли қазилма ишлари, йирик археологик кашфиётлар билан боғлиқ эди. Булар қаторига Қадимги Қува шаҳристонида очилган будда ибодатхонаси, у ерда топилган одам ва от ҳайкаллари, керамика ва шишасозлик устахоналари, ноёб ва нафис идишлар, айниқса, Самарқанднинг қадимги ўрни – Афросиёбда тўрт деворида турли тарихий воқеа ва лавҳалар тасвирланган ҳоким саройини киритиш мумкин.

Лаборатория ходимларининг бу вақтдаги вазифаларидан бири – бу қисқа вақт ичида жаҳон реставрация талабларига тўла-тўкис жавоб берадиган қадимги обидаларни таъмирлаш ва сақлаш усулларини яратиш эди. Бу соҳадаги ишлар илк бор 1967-1969 йилларда Тошкент темир йўл вокзали яқинидаги VII асрга мансуб бўлган Минг-Ўрик қасрининг тураржой хоналари деворларига чизилган геометрик безак нусхаларини қотириш усулларидан бошланди. Бу ерда бир қанча кимёвий моддаларни (препарат К4, ПБМА ва ПБМК-5 сополимерини) безак туширилган майдонларга шимдириш орқали уларни таъмирлаш талабларига жавоб бериш масаласи ўрганилди, айрим майдонлардан намуналар олинди, шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа ёдгорликларида олинган синов натижалари асосида таъмирлашнинг янги усули яратилди [Абдураззаков А.А., Зайнутдинов С.С. Способ покрытия пористых поверхностей. А.с. № 212410 от 13.ХII.1967]. Уни қўллаш натижасида қадимги санъат асарларига кимёвий моддаларнинг чуқур сингиши сабабли анча юқори қаттиқликка, бўёқлар ёрқинлиги ва рангининг асл ҳолатини сақлаб қолишга ва ташқи муҳитни бузувчи омилларга чидамлилиги таъминланди.

Таъмирлаш соҳасидаги йирик муаммолардан яна бири – бу республикамиз ҳудудида очилаётган лойдан бунёд этилган археологик ёдгорликларни сақлаш усулларини яратиш ва шу йўл орқали уларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш эди. Маълумки, республикамиз вилоятларида 5391 та археологик ёдгорлик мавжуд бўлиб, уларни ер остидан очилиши аста–секин емирилиб йўқ бўлиб кетишига олиб келар эди. Шу сабабли бу масала ҳеч кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан ҳисобланарди. Бу соҳадаги илмий изланишлар лаборатория шароитида олинган натижаларни дала шароитида синашдан иборат бўлди. Бундай амалий ишларни республикамизнинг турли вилоятларида иқлим шароитлари ҳар хил бўлганлиги сабабли маълум ёдгорликларни танлаб олиб ўша ерларда ўтказишга қарор қилинди. Бундай изланишлар 1979-1980 йилларда Тошкент вилояти Тошкент абразив заводи яқинидаги Оқтепа ёдгорлигида бошлаб юборилди.

Бу ёдгорлик илк ўрта асрлар йирик қалъалик қўрғонларидан бўлиб, у V-VIII асрларга мансуб ҳашаматли бинолар, ибодатхона ва хўжалик иншоотларидан иборат бўлган. Бурчакларида донжон-миноралари бўлиб, улар айланма йўлаклар билан бирлаштирилган. Асосий ишлар айланма йўлаклар ва учта хўжалик бинолари — донхоналарда олиб борилган. Ҳамма хоналарнинг тушиб кетган деворлари ва айрим токчалар қайта тикланиб ТДИ 65:35 мономерини ксилолдаги эритмаси сепиб чиқилди. Деворларга қуёш нурлари яхши тушиб турганлиги сабабли қотириш жараёни яхши кечди. 1979 йили ҳаммаси бўлиб 25 кв.м майдон кимёвий қотирилди. Шу йили тажриба майдони янада кенгайтирилди. Донхоналарнинг ташқи хоналари девори уч қисмга бўлиб чиқилди ва уларда дон амалиётида қўлланилиб келинаётган учта қотириш усуллари синовдан ўтказилди. Биринчи майдонга–ТДИ 65:35 ксилолли эритмаси, иккинчисига этилсиликатга гидролиз спирти ва хлор кислотаси қўшилган (65:34:1 нисбатларда) Ироқ ва Италия мутахассислари таклиф этган таркиб ва учинчисига–суюқ шиша эритмаси. 1980 йили синов майдонлари қайта кўздан кечирилди. Юқоридаги икки таркиб бир қишнинг ўзидаёқ батамом бузилиб, тўкилиб кетган бўлса, ТДИ 65:35 билан ишлов берилган деворлар анча яхши сақланган ва бу усулни анча самарадорлиги аниқланган. Шу сабабдан тажриба ишлари янада кенг майдонда давом эттирилди. Эски ва янги очилган хоналарда тушиб кетган жойлар қайта тикланиб уларнинг усти ва айниқса, деворларнинг тароқсимон қирралари қайтадан тикланиб, сомонли лойлар билан суваб чиқилди.

Тикланган донхонанинг шимолий деворида тажриба ишлари давом эттирилиб, қотирувчи таркибларни ишлов беришнинг янги тартиблари ва усуллари синовдан ўтказилди. Улар ичида қуйидаги вариантлар мавжуд:

1. ТДИ 65:35 тримерли эритмасининг 65 фоизли ацетон эритмасига 5 фоиз катализатор-триэтиламин қўшиб шимдирилганда девор сатҳи юқори қаттиқликка эришиши маълум бўлди, лекин рангини бироз қорайиши аниқланди;

2. ТДИ 65:35 тримерини ўзининг мономерида ёритиш орқали юқори қаттиқликка ва рангини анчагина очилишига эришилган бўлса-да барибир деворлар сарғишроқ кўринишга эга. Бу вариант таъмирлаш ишларининг заҳарлик даражасини анча камайишига олиб келди;

3. Деворнинг қолган қисми илгариги вариант – ТДИ 65:35 мономерини ксилолдаги эритмаси билан шимдириб чиқилди. Бунинг натижасида қиёсий ўрганиш имконияти туғилди.

1983-1984 йилларда Оқтепадаги тажриба ишлари янада кенгайтирилди. Олдинги қотирилган деворлар ҳолати синчиклаб ўрганилиб чиқилгандан кейин янги хоналарда, асосан, эски вариантлар ва бир қатор янги қотириш усуллари ўрганилди. Девор юзларини сақланиши қониқарли даражада бўлмай, кўпгина жойларида уқаланиб, тўкилиб кетаётган қатламлар мавжудлиги учун тажриба ишлари асосан икки вариантда олиб борилди. Биринчисида, девор юзларига аввал 5 фоизли глицериннинг сувдаги эритмаси ва маълум вақт ўтгандан кейин 30 фоизли диизоцианатнинг М-ксилолдаги эритмаси ва 1 фоиз катализатор қўшиб шимдирилди. Иккинчисида эса, бунинг тескариси – аввал деворларга 30 фоизли толуилендиизоцианатнинг М-ксилолдаги эритмаси ва катализатор аралашмаси ва сўнгра 5 фоизли глицериннинг сувдаги эритмаси берилган. Тажрибалар биринчи вариантни анча афзалликларини-қаттиқлиги, рангларни ўзгармаслиги ва чидамлилиги қониқарли даражада эканлигини кўрсатди. Лекин, иккинчи вариантда девор юзларида очроқ рангдаги доғлар пайдо бўлиб, ёдгорлик кўринишини анча ўзгартирди ва шу сабабли уни амалиётга тавсия этилмади. Шундай қилиб, 85 кв.м. майдонда олиб борилган таъмирлаш ишлари 5 йилдан кейин кузатилганда очиқ ҳавода, турли об-ҳаво шароитида турганига қарамай, деворлар турғунлиги, ранги, доғлар, туздан емирилган майдонлар, микроорганизмларнинг салбий таъсирлари кўринмади. Шундай қилиб, 1979-1980 ва 1983-1984 йилларда Оқтепа шаҳристони қалъасида 600 кв.м. дан ортиқ майдондаги қадимги деворлар кимёвий қотирилди ва улар устида назорат давом эттирилмоқда.

Бу йилларда лойли археологик ёдгорликларни қотириш орқали сақлаб қолишнинг янги усулларини яратиш ва такомиллаштириш ишлари давом эттирилди, хусусан 2,4 толуилендиизоцианат ва уни изомерларидан бўлган ТДИ 65:35 синовдан ўтказилиб яхши натижалар олинди. Модел намуналарда–лёссли кубикларда ва эритмаларда реакция механизмлари ва ҳосил бўлувчи маҳсулотлар инфрақизил спектроскопия усулида ўрганилди. Олиб борилган комплекс таҳлиллар шуни исботладики, лойли археологик ёдгорликларни қотиришда ароматик диизоцианатлардан фойдаланганда, қадимги деворларда уларнинг димерли, тримерли ва бошқа полимерлари ҳосил бўлиб, таркибида уретанли, мочевинли, биуретли ва аллофенатли гуруҳлари юзага келди.

Қотирилган материаллар таркибидаги мавжуд бўлган намлик миқдорига қараб озод изоцианат гуруҳларига эга бўлди. Бу гуруҳлар девор ғовакликларида тўпланади. Ҳаво ҳарорати, қуёш нурлари ва ташқи об-ҳаво омиллари таъсирида уларнинг ўзаро бирикиши ва полимер ҳосил қилиши давом этиб, қаттиқлашиш даражаси янада ўсиши аниқланди. Бунинг натижасида мустаҳкам хемо, нур ва ёруғлик, намлик ҳамда бактерияларга чидамли, Марказий Осиё иқлимига бардош бера оладиган композициялар ҳосил бўлади.

Турли воситалар ёрдамида қотирилган лойли намуналарни иссиқлик ва намликка бўлган чидамлилигини ўрганишга бағишланган тажрибалар диизоцианат мономерларининг учта вакили – ГМД, П-102 ва ТДИ 65:35 ёрдамида олинган қотирувчи моддаларни 25-250°С да 1 ойдан 4 ойгача чидамли эканлиги ва уларни ташқи кўринишида ҳеч қандай ўзгаришлар кузатилмаганлигини кўрсатди. Қотирилган намуналарни 60°С ҳароратда ва 60 фоизли ҳавони нисбий намлигидан 1440 соат ушланганда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганлиги аниқланди. Қотирилган кубикларни махсус прессларда мустаҳкамлик (сиқишга чидамлилик) даражаси ўрганилганда уларнинг ҳаммасида юқоридаги шароитларда (60°С – температура ва 60 фоиз — ҳаво намлиги) 100 соат ушлангандан кейин дастлабки кўрсаткичга қараганда, анчагина юқорилашганлиги маълум бўлди. Шу воситалар ёрдамида қотирилган намуналарни совуққа чидамлилик даражаси – 15 цикл ва тузлар эритмасида ушланганда – 160 суткага бемалол бардош бера олиши аниқланди.

1984 йили Тошкент шаҳридаги Шоштепа ёдгорлигида ҳам таъмирлаш-қотириш тажрибалари олиб борилди. Бу ёдгорлик Тошкент вилоятида яшаган қадимги ўтроқ қабилалар томонидан қурилган қароргоҳлардан бўлиб, мил.авв. II-I асрларга мансуб эди. Олдинги йил тажрибаларини эътиборга олиб бундай қотириш ишлари 100 кв.м майдонда – ёдгорликни шарқий қисмида – арки аълони ташқи деворида ўтказилди. Бунинг учун аввал 5 фоизли диэтиленгликолнинг сувли эритмаси ва маълум вақт ўтгандан кейин толуилендиизоцианатни 65:35 изомерига триэтиламин катализаторини қўшиб шимдирилди. Бу объект 1988 йили қайта кузатилганда натижалар аъло даражада эканлиги маълум бўлди.

Бундай тажрибалар Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган Қанқа шаҳристонида ҳам олиб борилган. У ерда хомғиштдан қурилган пештоқли йўлакли биноларнинг очилиши муносабати билан пештоқларни таъмирлаб қотириш ишлари олиб борилди. Бундай консервация 30 фоизли ТДИ 65:35 мономерига 70 фоиз ксилол ва катализатор-триэтиламин қўшилган эритмани шимдириш орқали амалга оширилди. Булардан ташқари бу жараён бошқа жойдаги 10 кв.м майдонда ТДИ 65:35 ва 5 фоизли турли спиртлар ва катализаторлар ёрдамида амалга оширилди. Булардан ташқари шу ёдгорликда топилган ва жиддий бузилишларга учраган меҳроб ҳам таъмирдан чиқарилди. Уни қотиришда лабораторияда яратилган кимёвий усуллардан кенг фойдаланилди.

Шундай қилиб, Тошкент воҳаси ёдгорликларида олиб борилган илмий-тажрибалар катта муаммоларни ҳал қилишга йўл очди ва дунёда илк бор лойдан қурилган қадимги иншоотларнинг сақлаш усулларини яратиш имконини берди [Абдураззаков А.А. и др. Способ закрепления пористого материала. А.с. № 325822 от 12.Х.1971; Абдураззаков А.А. и др. Способ закрепления древних пористых материалов. А.с. № 938526 от 23.II. 1982; Абдураззаков А.А. и др. Способ закрепления древних пористых материалов. А.с. № 1330952 от 15.IV. 1987; Абдураззаков А.А. и др. Способ закрепления древних пористых материалов. А.с. № 1580780 от 22.III.1990].

Йирик иншоотларда олинган натижалар археологик топилмаларни сақлаб қолишда ҳам кенг қўлланилди. Бундай амалий ишлар 1987 йилда Тошкент воҳаси Шохжувартепа бинолари ичида ётган ХI-ХII асрлар лойдан ишланган қирқма безак тахтачаларини сақлаб қолишда фойдаланилган. Улар, асосан, оч қизил ва кўкиш кулранг лойлардан ишланган бўлиб, юзларига ўсимликсимон, геометрик ва эпиграфик кўринишдаги нақшлар туширилган. Лойлар кимёвий таҳлил қилинганда улар бир хил таркибли эканлиги ва оч қизил ранг эса бино ичида ёнғин содир бўлганлигини маълум қилди. Бу тахтачаларни қотиришда асосан ТДИ 65:35 мономерига глицерин ва катализатортриэтиламин қўшилган эритмалар шимдирилган. Тескари томонига лабораторияда ПБМА полимерини 20 фоизли эритмаси дока билан ёпиштирилган.

Таъмирлаш лабораториясининг илмий йўналишидан яна бири – археология қазилма ишлари даврида топилган қадимги ва ўрта аср топилмаларининг кимёвий-технологик жиҳатларини ўрганиш бўлди. Бу соҳада еростидан топилган металл, керамика ва шишадан ишланган ҳунармандчилик маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш қолдиқлари ўрганилди. Олинган натижалар Тошкент воҳасининг шишасозлик соҳасида алоҳида ўрни борлигини аниқлади. Бу ерда шиша мунчоқлар мил. авв. II — милодий I асрларда учраган бўлсада ишлаб чиқариш илк ўрта асрларда (VI-VIII аа.) йўлга қўйилганлиги ва ўрта асрларда жуда кенг тарқалганлиги маълум бўлди. Ўрта аср шишалари воҳанинг 30 дан ортиқ ёдгорликларида топилганлиги, мўғул истилоси даврида бироз инқирозга учраса-да бу ҳунар милодий ХVI-ХVII асрларгача муттасил ривожланиб борганлиги аниқланди. Воҳанинг 9 та ёдгорлигида топилган 79 та шиша намуналарини ўрганиш орқали VII-VIII асрлардан то ХIV-ХVI асрларгача 6 та кимёвий таркибли шиша маҳсулотлар тарқалган бўлиб, уларнинг асосий қисми (61 таси) битта гуруҳга – 6 таси кимёвий оксидли таркибга мансуб эканлиги аниқланди. Олинган бу маълумотлар Тошкент воҳасини Марказий Осиёнинг йирик шишасозлик марказларидан бири эканлигидан дарак беради [Abdurazakov A.A. Medieval Glasses from the Tashkent Oasis Journal of Glass Studies, New-York, USA, 1969. Voc.XI. Pp. 31-36; Абдуразаков А.А. Древние и средневековые стеклянные изделия из городов и селений Ташкентского оазиса // Города Центральной Азии на ВШП. ТД. Самарканд. С. 8-9].

Бундай тадқиқотлар меъморий ёдгорликлар ашёлари устида ҳам олиб борилди. Жумладан вилоятда жойлашган Зангиота мақбараси ( ХV а.)нинг ва Қозоғистон ҳудудининг Жамбул шаҳридаги Ойша Биби (ХII а.) ёдгорликлари безак тахтачалари ва уларнинг юзларидаги сир-глазурлар таҳлил этилди.

Лаборатория иш фаолиятида амалий ишлар–топилмаларни сақлаб қолиш ва таъмирлаш катта ўрин эгаллайди. 1968 йили 250 дан ортиқ тангалар, йирик бронза идишлар ва Қанқа шаҳристонида топилган мис муҳрлар кимёвий усулларда тозаланиб музейларга топширилди. Бундай ишлар ҳажми кейинги йилларда янада кенгайтирилди.

Шундай қилиб, Тошкент воҳаси ёдгорликларида таъмирлаш соҳасида қизиқарли ва сермазмун тадқиқотлар олиб борилган ва амалиётга жорий этилган.

А.А. Абдураззоқов

Анализ химико-технологических и реставрационных работ, проведенных на памятниках Древнего Чача

В статье излагаются результаты химико-аналитических и реставрационных работ, проведенных специальной лабораторией, организованной в 1966 году в составе Института истории и археологии АН РУз, а затем ставшей в 1970 году Отделом реставрации Института археологии АН РУз.

A. Abdurazzaqov

Analysis of chemical-technological and restoration works, conducted on the sites of Ancient Chach

The article presents the results of chemical-analytical and restoration works, conducted by special laboratory, established in 1966 as a part of the Institute of History and Archaeology of the Academy of Sciences of Uzbekistan, which later, in 1970, became the Department of Restoration of the Institute of Archaeology of the Academy of Sciences of Uzbekistan.

Манба:
Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*