Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Қадимги Чоч – Илоқ урбанизацияси тарихидан

Тошкент-2200. Қадимги Чоч – Илоқ урбанизацияси тарихидан

Қадимги Туроннинг иккинчи йирик сув манбаи ҳисобланган Сирдарёнинг ўрта ҳавзасида шаклланган Чоч – қадимда Ўрта Осиёнинг шимоли-шарқий ҳудудларидаги йирик мулклардан бири бўлган. Чирчиқ ва Оҳангарон воҳасидаги унумдор ерларни ўз ичига олган Тошкент воҳаси унинг маркази эди. Бу воҳа уч томондан, шимоли-ғарб, шарқ ва жануб томондан Ғарбий Тяншань, Чотқол ва Қурама тоғлари билан ўралган. Чочнинг тоғлари турли қимматбаҳо маъданларга бой бўлиши билан бирга чорвачиликнинг ривожи учун ҳам қулай эди.

Географик жиҳатдан Чоч Марказий Осиё халқларининг савдо-иқтисодий ва маданий-этник чорраҳасидаги қулай жойда жойлашган бўлиб, бу ҳудуд зироаткор эллатлар ва кўчманчи қабилалар яшайдиган даштлари яқинидаги фаол алоқалар зонаси эди. Иккинчи томондан, Чотқол, Қурама ва Қорамозор тоғларидан қазиб олинадиган маъданларнинг, аввало, қимматбаҳо тошларнинг кўплиги ҳам воҳага хос хусусият эди. Чунончи, олтин, кумуш ва феруза Чочнинг Шарқ ва Европа мамлакатларига чиқазадиган асосий хом ашёси ҳисобланган.

Чоч-Илоқ воҳасининг қадимги тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу ерда дастлабки зироаткорлар тахминан бундан уч минг йил илгари пайдо бўлади. Мил. авв. IX-VII асрларда ҳозирги Туябўғиз сув омбори ўрнида илк деҳқонларнинг манзилгоҳлари мавжуд эди. Уларнинг моддий маданияти Бургулик (Бурканлик) сой бўйидан илк маротаба аниқланиб, шу ном остидаги маданият сифатида фанга киритилган.

Илк ёзма манбалар Сирдарё-Яксарт ҳавзасини деҳқончилик аҳолиси ва кўчманчилар ўртасидаги чегара сифатида изоҳлайди. Страбоннинг маълумот беришича, Яксарт суғдийлар ва кўчманчиларни ажратиб туради. Дионисий Перигет эса Суғдиёна ортида Яксарт оқими бўйлаб саклар жойлашганлиги ҳақида ёзади.

Мил. авв. I мингйиллик Тошкент воҳасидаги кўчманчи аҳоли ҳақида маълумотларга эга бўлсак-да, Оҳангарон ва Чирчиқ воҳаларида Бургулик маданияти мисолида ўтроқлашган чорвадорлар масканлари кузатилади. Бу маданиятга оид тураржойлар ертўла ва ярим ертўлалардан иборат бўлса, моддий маданият буюмлари қўлда ишланган сопол идишлар, бронза меҳнат қуроллари, жанговар қуроллар ва тақинчоқлардан иборат. Уларнинг моддий маданияти ғарбда Сирдарёнинг чап қирғоғи, шарқда Еттисув, Олтой ва Сибиргача бўлган ҳудудлардаги маданият билан ўхшашлик топади.

Бургулик маданиятининг сўнгги босқичида Тошкент воҳасининг жануби-ғарбидаги ярим ертўлалар ўрнида мустаҳкам қалъа ва қалъа деворларига эга бўлган шаҳар қад кўтаради. Ушбу кўҳна шаҳарнинг деворлари ва миноралари квадрат шаклидаги ғиштлар ва пахсалардан бунёд этилади. Кўҳна шаҳарнинг режавий тузилиши, мудофаа иншоотлари услублари ва бу қатламдан топилган сопол буюмлар қадимги деҳқончилик маданиятининг Ғарб антик меъморчилик анъаналарини эслатади. Бундан хулоса чиқарган Ю.Ф. Буряков, ушбу кўҳна шаҳарни манбаларда эслатилган ва мил. авв. IV-III асрлар қалъаси Яксарт орти Антиохияси билан боғлайди.

Юқорида эслатганимиздек, антик давр муаллифлари Яксарт-Сирдарёни суғдийлар ва саклар ўртасидаги чегара сифатида тасвирлаб, ўтроқ суғдийлардан фарқ қилган ҳолда, сакларнинг кўчманчи турмуш тарзида ҳаёт кечирганлигини таъкидлайдилар. Археологик маълумотлар натижаларига кўра, кўчманчи саклар ўтроқлашиб, Бургулик маданиятига асос соладилар. Аммо, мил. авв. III асрга келиб, бу маданият қишлоқлари бўшаб қолади. Чунки айнан мана шу даврда Евроосиё даштларидаги халқларнинг катта кўчишлари (миграция) бўлиб ўтади ва бу миграция жараёнлари Ўрта Осиё ҳудудларига янги қабилаларнинг кириб келишига сабаб бўлади.

Ёзма манбалар маълумотларига кўра, Сирдарё-Яксартнинг юқори оқими бўйлаб Тошкент воҳасига қадимги дунёнинг кучли уюшмаларидан бири бўлган даҳлар конфедерациясига кирувчи қабилалар гуруҳи кириб келади. Бу конфедерацияга кирувчи айрим қабилалар Сирдарёнинг қуйи оқимларида, Қадимги Хоразм цивилизацияси таъсирида бўлмагани боис, мил. авв. IV-II асрлардаёқ улар шаҳар маданиятидан хабардор эдилар. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Тошкент воҳасига кириб келган кўчманчилар тўлқини Бургулик маданияти қишлоқларига чек қўяди. Шу билан биргаликда, бу ҳудудларда кўп сонли аҳолининг ўз маданияти, деҳқон-чорвачилик кўринишидаги анъаналари асосидаги ўтроқлашув жараёнлари бўлиб ўтади.

Бу воҳага илк шаҳарсозликни Сирдарё-Яксартнинг қуйи оқимларидан чиққан, ўзлари билан хом ғишт ва пахса қурилиши анъаналарига эга аҳоли олиб келди. Нисбатан қадимги шаҳарлардан бири Сирдарё-Яксартдан 80 км узоқликда, унинг ўнг қирғоғида бунёд этилган Қанқа шаҳридир. Айрим тадқиқотчилар бу кўҳна шаҳарни Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида деб ҳисоблайдилар. Ҳозирги Тошкент шаҳри ҳудудларида ҳам мил. авв. II асрга келиб, шаҳар — манзилгоҳига асос солинади. Тошкент ҳудудидаги ҳалқа деворлар билан ўраб олинган Шоштепа айнан мил. авв. II асрга оиддир.

Хитой манбаларидан “Катта Хан сулоласи тарихи” маълумотларига кўра, Тошкент воҳаси Юни ёки Юйничен номи остида тилга олинади. Йоша (Яксарт) дарёси бўйидаги бу мулк ярим кўчманчи Қанғ иттифоқининг бешта кичик мулки таркибида бўлган. Қанғ таркибида Юни кўплаб мустаҳкамланган қишлоқлари ва шаҳарлари бўлган урбанизациялашган мулклардан бири ҳисобланган.

Тошкент воҳасининг Қанғ таркибида бўлиши ички иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига туртки бўлган бўлса, унинг карвон савдо йўллари туташган жойда жойлашганлиги урбанизация жараёнларининг ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлди. Бу йўл Хитой ва Шарқий Туркистондан Ўрта Осиё воҳалари орқали Яқин Шарқ, Кавказ, Жанубий ва Шарқий Европага олиб борган. Илк босқичларда асосий трассалар Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудларида шаклланган бўлса-да, айни вақтда, ўша илк шаклланган даврдан бошлабоқ, савдо йўлининг тармоқларидан бири Сирдарё орқали ўтган. Бу йўллар маданиятлар алмашинуви ва иқтисодий алоқаларда катта аҳамиятга эга бўлиб, бу ҳолатни Тошкент воҳасидаги урбанизация жараёнларида ҳам кузатишимиз мумкин.

Урбанизациянинг илк босқичларида Юни мулкининг нисбатан йирик илк шаҳарлари Қанқа, Шоҳруҳия кабилар бунёд этилади. Юни мулкининг пойтахти Юйничен шаҳрини айрим тадқиқотчилар ҳозирги Тошкент ўрнида жойлаштирсалар, айримлари ЙошаЯксарт воҳасидаги Қанқа ўрнида деб биладилар. Фикримизча, иккинчи тахмин тўғри бўлиши мумкин. Чунки ёзма манбалар ҳам бу даврга оид шу ҳудудлардаги ягона шаҳар маркази ҳақида маълумотлар беради. Айнан мил. авв. I асрдан бошлаб, бу кўҳна шаҳар кенгайиб боради ва Қовунчи маданияти даврига келиб, майдони 150 гектарга етади. Қанқа Бақтрия ва Суғднинг шаҳарлари каби чунончи, қуйи ва ўрта Сирдарё ҳавзасидаги энг йирик шаҳарлардан бири эди.

Айрим тадқиқотчилар Қанҳани Қанғ ҳукмдорларининг қишки қароргоҳи бўлган деб ҳисоблайдилар. Хан сулоласи Хитой солномалари маълумот беришича, “Қанғ ҳукмдори Қанқага тез-тез ташриф буюришдан мамнун бўлган”.

Сосонийлар даври манбаларида Тошкент воҳаси Чоч (Чочистон) номи билан тилга олинади. Бу воҳа кўп қиррали иқтисодиёт ва урбанизация жараёнларининг  ривожи учун қулай ҳудуд ҳисобланган. Шу билан бирга муҳим савдо-иқтисодий алоқалар ва этник кўчишлар чорраҳасида жойлашган. Минтақа тоғлари турли фойдали қазилмалар ва маъданларга, аввало, олтин ва кумуш ҳамда фойдали минералларга ниҳоятда бой эди.

Археолог М.И. Филанович ёзма ва моддий маълумотларни қиёсий ўрганиши асосида мил.  авв. I  аср охирларида Тошкент ўрнида шаҳар мавжуд бўлганлиги ҳақида хулоса чиқаради. Унинг фикрича, бу даврда шаҳар Мингўрик ҳудудларидан чиқиб, анча кенгаяди. Пойтахт кўчишининг асосий сабабларидан бири – Буюк ипак йўли асосий тармоқларидан бири йўналишининг шимол томонга ўзгариши ҳисобланади. Хитой манбаларида ҳозирги Тошкент ўрнидаги шаҳар Ши номи билан тилга олинади. Манбалардан маълумки, бу мулк келиб чиқиши маҳаллий қабилалардан бўлган зодагонлар томонидан бошқарилган.

Ши даставвал Қанғ таркибига кирган бўлиб, III-VI асрнинг бошларида бу давлат кичик мулкларга бўлиниб кетгач, Ши-Чоч унча катта бўлмаган мустақил давлатга айланади. Аммо, орадан кўп ўтмасдан Ўрта Осиё ҳудудларида улкан давлатга асос солган эфталитлар томонидан босиб олинади.

Чоч воҳасининг қадимги ажралмас қисми ва мулки Оҳангарон водийсидаги Илоқ эди. Мустақил сиёсий уюшма сифатида Илоқ илк ўрта асрлар, яъни VII асрга оид манбаларда эслатилади. 630 йилда Чоч орқали ўтган Хитой миссионер-буддавийси СюанЦзяннинг маълумот беришича, Илоқда “ўз ҳарбий гуруҳларига эга бўлган зодагонлар вакиллари кўп, улар ўзаро урушлар олиб борадилар ва асосан Турк хоқонига бўйсунадилар”. Афтидан, айнан мана шу даврдан бошлаб, Илоқдаги “ҳукмрон деҳқон”ларнинг салоҳияти иқтисодий ҳаётда, биринчи галда, олтин ва кумуш конларига сафарбар этилади. Илк ўрта асрлар Оҳангарон водийсида тоғ-кон ишларининг жадал ривожланиши шаҳарсозлик маданиятига ҳам таъсир этди.

Таъкидлаш лозимки, маъданлар қазиб олишнинг кенг кўламда бўлиши Араб халифалиги учун ҳам муҳим эди. Чунки араблар Мовароуннаҳрни фатҳ қилгач, VIII асрдаёқ мулклардан марказий ҳокимият фойдасига махсус солиқлар жорий этилган. Қизиғи шундаки, ушбу мулклар орасида Чоч-Илоқ ва унинг кумуш конлари алоҳида солиқ тўловчи мулк сифатида ажратилган. Маълумотларга кўра, Чоч мулки 180 минг дирҳам солиқ тўлаган бўлса, унинг конлари уч марта ортиқча, 607 минг дирҳамгача солиқ тўлаган.

Асосий конлар Оҳангарон дарёси ҳавзасида жойлашган бўлиб, улардаги қазилмалар Илоқ тоғ-кон ҳунармандчилигининг асосини ташкил этган.

IX-X асрларга оид араб географларининг асарларида Илоқнинг Чочдан мустақил сиёсий вилоят бўлганлиги нисбатан аниқроқ кузатилади. Аммо, ҳар иккала вилоят ушбу манбаларда биргаликда, ягона тарихий-маданий ва сиёсий уюшма сифатида эслатилади. Булар орасида X асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган йирик араб географларидан бири Истахрийнинг маълумотлари айниқса, диққатга сазовордир. Унинг таъкидлашича, Мовароуннаҳрда Чоч ва Илоқ вилоятлари мавжуд бўлиб, ҳар иккала вилоятнинг ҳудуди 2-3 кунлик йўл ва “бутун Мовароуннаҳрда аҳоли сонига кўра бу вилоятларга тенг келадиган вилоят йўқ”. Истахрий асарининг араб тилидаги матнида берилишича, “бу вилоятларда қишлоқлар, ўзлаштирилган ерлар ва жомеъ масжидлари (арабларда мачитлар шаҳарларнинг асосий белгилари ҳисобланган – М.М.) жуда кўп ва улар текисликда жойлашмаган, яйловлари ва чорвалари ҳам жуда кўп. Чочда (арабчада – Шош) ва Илоқда дарвозалари, деворлари работлари ва қалъалари бўлган шаҳарлар кўп, каналлар шаҳарлар ичидан оқиб ўтади”.

Истахрий ўз асарида ҳар иккала вилоятнинг умумий чегараларини бериб, барча шаҳарларни санаб ўтади ва Туркистонда Шошдан катта вилоят йўқлигини таъкидлайди. Унинг ёзишича, “Шош ва Илоқ қўшилган бўлиб, улар ўртасида ҳеч қандай бўлиниш йўқ. Қурилишлар, боғлар, бўстонлар Илоқдан то Чоч воҳасигача (форс матнида) узлуксиз чўзилиб боради. Илоқда олтин ва кумуш конлари жойлашган”.

Орадан ярим аср ўтгач, бу минтақани яхши билган яна бир араб географи Абулқосим ибн Ҳавқал Истахрий маълумотларини деярли тўлиқ такрорлайди.

Чоч ва Илоқ ҳақида гапирар экан Ибн Ҳавқал бу вилоятларда бой шаҳарлар кўплигини таъкидлайди. Чоч-Илоқнинг шаҳар маданияти ривожи асосан, тоғ-кон металлургияси ишлаб чиқариши билан боғланади. Воҳадаги шаҳарларнинг нисбатан тўлиқ рўйхати ва уларнинг таснифи, шаҳар  маданиятининг  гуллаб-яшнаши X аср географлари томонидан (10 дан 17 тагача шаҳар марказлари) эслатилади.

Тадқиқотчилар томонидан айрим шаҳар марказлари Тункет, Абрлиғ, Намудлиғ, Кухисим кабиларни ўрганиш бўйича махсус тадқиқотлар ўтказилган.

Айрим шаҳарлар тадқиқотчи минтақадаги кон марказлари ҳақида олинган янги маълумотлар натижасида Илоқ шаҳарсозлигини янги асосларда ўрганиш ва уни Чоч – Илоқ урбанизацияси ривожланишидаги ўрнини белгилаш имконини берди.

Юқоридагилардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, воҳада илк шаҳарсозлик Сирдарёнинг маданий зонасида шаклланади: Бу сиёсий–иқтисодий ҳамда этномаданий алоқаларда катта аҳамият касб этади. Чирчиқ ва Оҳангароннинг ўрта оқимларида Чоч ва Илоқнинг асоси бўлган шаҳарсозлик маданияти жадал ривожланишида тоғ соҳаси билан боғлиқ ҳунармандчилик ва  воҳадаги зироатчилик муҳим ўрин тутган.

М. Маҳкамов

Фойдаланилган адабиётлар:

Филанович М.И. Ташкент: зарождение и развитие города и городской культуры. Ташкент, 1983.

Страбон. География в 17 книгах // Пер. и коммент. Г.А. Стратановского. М., 1964. XI. 8.8.

Древние авторы о Средней Азии (VI в. до н.э. – VI в. н.э.). Ташкент, 1940. С. 23.

Дуке Х. Туябугузские поселения Бургулюкской культуры. Ташкент, 1982.

Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса. Ташкент, 1982. С.103-106.

Мукминова Р.Г., Филанович М.И. Ташкент на перекрестке истории. Ташкент: Фан, 2001. С.13.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Т. 2. М.-Л., 1950. С.184.

Массон  М.Е. Прошлое Ташкента. Ташкент, 1954. С. 107; Филанович М.И. Зарождение и развитие города и городской культуры Ташкента. Ташкент, 1983. С. 35, 174-176.

Буряков Ю.Ф. Чач в свете новых письменных и археологических источников // Қадимги Ўрта Осиё тарихидан лавҳалар. Тошкент, 2008. 104-бет.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах…. Т. 2. С. 184.

Буряков Ю.Ф., Касымов М.Р., Ростовцев О.Р. Археологические памятники Ташкентского оазиса. Ташкент: Фан, 1992. С. 49.

Давидович Е.А. О загадочных дирхамах Мусейяби и Титрифи. Из истории монетного дела в Средней Азии IX-X вв. // Труды XXV Международного конгресса востоковедов. М.: Наука, 1960. С.90.

Истахри. Китаб масалик ал-мамалик.  Материалы по истории кыргызов и Кыргызстана. Бишкек, 2002. С. 24, 33-35.

Бетгер Е.К. Извлечение из книги «Пути и страны» Абул-Касыма ибн Хаукаля // Труды САГУ. Вып. Ташкент, 1957. С.22-24.

Буряков Ю.Ф. К исторической топографии средневекового Илака // СА. 1972. № 2. С. 51-62.

М. Махкамов

Из истории урбанизации Древнего Чача-Илака В статье рассматривается образование земледельческой культуры оазиса Чач-Илака и влияние этого процесса на развитие городов. Показаны роль и место урбанизации Чач-Илака в древней истории Средней Азии.

M. Makhkamov

From the history of ancient Choch-Ilak`s urbanization In given article is considered formation of early agriculture in the Chach-Ilak oasis and influence of this process on development of the cities. Also is illuminated place of the urbanization processes in Chach-Ilak in ancient history of Central Asia.

Манба: Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
«Фан» нашриёти
2009

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

Post Views: 33 XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *