Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Ўрта асрларда Бинкат — Тошкентнинг сув билан таъминланишига доир мулоҳазалар

Тошкент-2200. Ўрта асрларда Бинкат — Тошкентнинг сув билан таъминланишига доир мулоҳазалар

Маълумки, қадимги Шош воҳаси ўзининг қулай географик ўрни, гўзал табиати, табиий бойликлари, ер-сув, ўсимликлар олами ва ҳайвонот дунёси билан ўта қадим замондан бошлаб ҳамма давр кишиларининг эътиборини ўзига жалб қилиб келган. Шу боис ҳудудда кишиликнинг ибтидоий, қадимги ва ўрта асрларига мансуб ёдгорликлари анча кенг тарқалган.

Воҳадан қадимги Парак — Чирчиқ ва Оҳангарон дарёлари оқиб ўтиб, Сирдарёга, яъни — Сайхун дарёсига бориб куйилади. Мазкур жой дарёлар, серунум тупроқли ерлар туфайли воҳанинг кўп жойларида илк қишлоқлар вужудга келиб, улар аста секин, шаҳарларга айлана борганлар. Буларнинг энг йириклари Шоштепа илк шаҳар ҳаробаси, Мингўрикдаги қадимги Тошкент, Оқтепа — илк ўрта аср қасри ва ниҳоят, Бинкат-ўрта асрлардаги Тошкент шаҳридир. Шак-шубҳасиз воҳадаги ҳамма қадимги ва ўрта аср қишлоқ ва шаҳарларининг аксарияти табиий ёки сунъий сув манбалари яқинида вужудга келган ва ривож топган. Чунончи Шоштепа Жўнариқ бўйида, Мингўрик Солар бўйида, Оқтепа қасри ва ниҳоят Бинкат ўрта асрлардаги Тошкент [У истоков древней культуры Ташкента. Ташкент: Фан. 1982. С. 91-129; 171-172] эса Парак-Чирчик дарёсидан сув олувчи Бўзсув анҳорининг Қайковус каналидан чиқарилган тармоқ ариқлардан келадиган сув билан таъминланган.

Аммо Бинкат — ўрта асрлардаги Тошкент калъаси ва шаҳристони эса йирик суғориш тармоқларидан бир оз узоқроқ ва баландликда бўлган. Айниқса унинг арки ҳозирги Чорсу бозори ҳудудида бўлиб, камида бозорнинг ер сатҳидан 10-15 метр баландда жойлашган бўлса керак. Сомонийлар даврида Шош ва Усуршонада Яҳё бинни Асад ва ундан кейин унинг авлодлари ҳукмронлик қилганлар. Бу даврда даставвал Шошнинг лойқа босиб, сувсизликдан қуриб қолган суғориш тармоқлари қайта тикланган.

Тарихчи Табарийнинг хабарига кўра, бу ишни амалга ошириш учун халифа Муътасим (833-842 йилларда ҳокимлик қилган) хазинадан икки миллион дирҳам маблағ ажратилган. Натижада халқнинг фидокорона қилган меҳнатлари туфайли вайрон бўлган Шош қишлоқ ва шаҳарларининг бир қисми қайта тикланган. Вилоятнинг марказий шаҳри ҳисобланган қадимги Тошкент ҳам бу даврда Салор суви соҳилидаги ўзининг қадимги ўрни Минг ўрикдан 4-5 километр шимоли-ғарбга томон силжиб, Бўзсув ва ундан бош олган Калковуз (Кайковус), Жарариқ ва Кўкча каналлари билан V-V1 асрлардаёқ суғорилиб обод этилган жойда янгидан қад кўтарган. Бу янги жойда қайта барпо этилган Шош вилоятининг бош шаҳри ўрта аср араб муаллифлари ва географларининг асарларида «Бинкат» номи билан тилга олинади.

Маҳмуд Кошғарий эса уни «Таркан» деган номини ҳам келтиради. В.В.Бартольд Шошнинг IХ-ХII асрдаги пойтахти Бинкат ҳозирги Тошкентнинг ўрнида бўлган деган фикрни биринчи бўлиб айтган эди. Тошкент шаҳрининг топографиясини ўрганган М.Е.Массон эса, Бинкат Тошкентнинг айнан ҳозирги «Эски шаҳар» деб аталган қисмига тўғри келади, деб ҳисоблаган [Массон М.Е. Прошлое Ташкента. Изд. АНССР. 1954. С. 105; Буряков Ю.Ф.Тошкент воҳасининг қадимги карвон йўллари. Тошкент: Фан, 1974. 42-47 – бетлар].

Маълумки, Тошкент зилзиласидан сўнг шаҳарда бошланган улкан қурилишлар муносабати билан деб ёзади А.Р.Муҳаммаджонов ўзининг «Қадимги Тошкент» рисоласида «Улуғ устоз Яҳё Ғуломов ташаббуси билан ташкил этилган махсус «Тошкент археологик экспедицияси» бу борада синчковлик билан тадқиқот ишларини олиб борди. Археологлар эски шаҳар ҳудудида қурилаётган ҳар бир иморат, ҳар бир иншоот коммуникация, пойдевор, зовурларда кузатиш ва қазишлар ўтказиб, Тошкентнинг IХ-ХII аср тарихий топографиясига кўпгина янгиликлар киритдилар [Муҳаммаджонов А.Р. Қадимги Тошкент. 35-43 бетлар; Пугаченкова Г.А, Ремпель Л.И. Выдаюшиеся памятники архитектуры Узбекистана. Ташкент; Гос. изд-во художественной литературы Уз. 1958. С.145148; Муҳаммаджонов А.Р . Қадимги Тошкент… 5-42 – бетлар].

Шунингдек, мазкур археологик экспедициянинг махсус бўлими Ғ.Дадабоев ва камина иштирокида Чирчиқ дарёсининг ўнг соҳилидаги ёдгорликларни ўрганишга киришди. Махсус бўлимнинг мақсади қадимги Чирчиқнинг ўнг соҳилидаги ерларни суғорилиш тарихи ҳақида маълумот тўплаш ва ўрганиш эди. Бу махсус гуруҳ Тошкент шаҳри ва унинг худудидан ўтказилган қадимги Бўзсув тармоқлари Зогариқ, Кичикқўриқ, Қайковус, Кўкча, Жарариқ, Хўжапархон, Салор, Жўн ва бошқа ариқ ва каналлар суғорган ерларни ҳамда улар қачон қазилгаиини аниқлашдан иборат эди.

Юқорида номлари зикр килинган ариқ, канал ва анҳорлар қадимги Бинкат шаҳрининг шаклланиши ва равнақида жуда катта аҳамиятга эга бўлган.

Археологик ашёлар ва ёзма манбаларни синчиклаб ўрганган археолог олимлар, хусусан академиклар Я.Ғуломов ва А.Р.Муҳаммаджоновлар ҳам Бинкат Тошкентнинг айнан ҳозирги «Эски шаҳар» деб аталган қисмига тўғри келади деб ҳисоблайдилар.

Ушбу Олимлар ёзма манбалар ва археологик тадқиқотларга асосланиб Бинкат алоҳида-алоҳида калин ва баланд деворлар билан ўраб олинган тўрт қисм: арк(ўрда), шаҳристон (ички шаҳар) ҳамда ички ва ташқи рабод (шаҳарнинг ҳунарманд, косиб ва савдогарлари яшайдиган қисм) лардан иборат эканлигини аниқлаб бердилар.

Академик А. Муҳаммаджоновнинг ёзишига кўра, шаҳарларнинг бўйи ҳам, эни ҳам бир фарсах (6-8 км) узунликка тенг бўлган. Шаҳарнинг маркази ҳисобланган арк ва шаҳристон қисмлари Тошкентнинг Хадра, Эски жўва ҳамда Чорсув майдонлари оралиғидаги ҳудудга тўғри келиб, ер сатҳидан анча баландда жойлашган. Аркнинг умумий саҳни бир гектар, шаҳристоннинг майдони эса 15 гектарга тенг бўлган. Аркнинг икки дарвозаси, шаҳристоннинг Абул Аббос, Қаср ва Гумбоз деб аталган учта дарвозаси бўлган. Бинкатнинг ички работининг ўнта, ташқи работининг еттита дарвозаси бўлган экан. Қадимги Тошкент шаҳар ҳокимининг саройи, қамоқхона, чақа ва тангалар сўқиладиган зарбхона арк (ўрда)нинг ичида бўлиб, ибодатхона унинг ташқарисига жойлашган. Ҳунармандлар, косиблар, савдогарларнинг маҳаллалари, амирларнинг қароргоҳлари, ердор деҳқонларнинг кўшк ва қўрғонлари, шунингдек, бозор Бинкат шаҳристони ҳамда ички ва ташқи рабод кисмларида бўлган. Ҳарбий чокар (аскарлар) нинг тураржойлари эса ташқи рабодда жойлашган бўлиб, у Чақардиза деб аталган. Бешёғоч ва Хадра аввалги Чақар маҳалласида бўлган.

Шаҳар деворидан ташқарида эса шаҳарликларнинг ва у ерда истиқомат қилувчи қишлоқ аҳлининг боғ-роғлари, токзор ва экинзорлари бўлган. Бу ерлар ҳозирги Самарқанд дарвоза, Чилонзор, Чўпонота, Қатортол, Назарбек, Дўмбиробод, Қаъни, Чимбой ва Аччиобод каби аҳоли яшайдиган ҳудудларга тўғри келади [Муҳаммаджонов А.Р . Қадимги Тошкент … 40-42; 66-67 – бетлар].

Маълумки, Шош воҳасининг асосий сув манбаи қадимда Парак, Чирс уви деб аталган Чирчиқ дарёси ҳисобланган.

Миср учун Нил, Мессопотамия учун Дажла ва Фрот, Ўрта Осиё учун Сайхун ва Жайхун қанчалик катта аҳамиятга эга бўлса Чирчиқ ва Оҳангарон дарёлари Шош ва Элоқ воҳаси аҳолиси учун ҳам шунчалик буюк аҳамиятга эга бўлган.

Маълумки, Яҳё Ғуломовнинг ташаббуслари билан 1966 ташкил этилган Тошкент археологик гуруҳининг тадқиқотларидан шу нарса маълум бўлдики, бундан уч минг йиллар илгари аждодларимиз Чирчиқ дарёсини тўсиб, кетмон, белкурак билан ариқ қазиб, Тошкентга сув олиб келиб, Шош воҳасини обод қилганлар.

Маълумки, Шош воҳаси, Бинкат ва унинг атрофлари тог олди ҳудудлари бўлиб, ерининг аксарияти ўр, қир ва тепаликлардан иборат анча мураккаб тузилишга эга бўлган.

Шу боис афсоналарда айтилишича, Тошкент-Бинкат етти сой ва етти қирлик устида қад кўтарган. Қадимги Бинкат қалъаси ҳам шу тепаликлардан бирининг устига бино қилинган. Таъкидлаш лозимки, Бинкат Урта Осиёдаги бошқа шаҳарларга қараганда сувга сероб ва боғ-роғларга бурканган шаҳар бўлган [Муҳаммадкаримов А. Тошкентнома. Тарихий-топономнк лавҳалар. Биринчи китоб. Тошкент: Мовароуннаҳр, 2004. 124-бет]. Бу эса қадимги Чирчиқ дарёсидан бош олган Бўзсув ва унинг Зоғариқ, Кайковус, Салор, Бўржар, Қорасув, Дарҳон, Анҳор, Жўнариқ, Кичикқўриқ (Қичқириқ), Човли ва бошқа ариқ каналларининг оқар суви туфайлидир.

Шуни таъкидлаш керакки, Тошкентда шунингдек, қадимги Бинкатда суғориш шахобчалари жуда яхши йўлга қўйилганлигини ёши улуғлар яхши биладилар. шаҳарда оқар сувли, ҳовузи бўлмаган маҳалла ёки гузар бўлмаган. Бу ҳовузлар аҳолини сув билан таъминлабгина қолмай жазирама ёз чилласида шаҳар ҳароратини меъёрлаб турган.

Ахборотчиларнинг маълумотларига кўра, шаҳарда 500 дан ортиқроқ ҳовуз бўлган экан. Баъзи ҳовузларнинг номлари халқ орасида ҳамон сақланиб қолган, улар Сассиқ ҳовуз, Катта ҳовуз, Ҳовузбоғ, Лангар ҳовуз ва бошқалардир [Муҳаммадкаримов А. Кўрсатилган асар. 124-бет].

У ёки бу текислик сув сатҳидан баландликда жойлашган майдон, маҳалла, шаҳарнинг шаҳристон ёки қаср, ўрда аркига туташ идишларда сув сатҳи бир текисликка кўтарилади деган физика қонунияти бўйича Кўтарма ва Қайнама деган сув иншоотлари ўтказилган ёки чархпарак сув узаткичлари ўрнатилган.

Шарқда қадимданоқ мироблар сувни сунъий йўл билан пастдан юқорига чиқариш усулини кашф этганлар. Сувни юқорига чиқаришнинг энг қадимги усули Мисрнинг шадуфлари бўлиб, улар қадимги Миср (Месопатамия)да ва Ҳиндистонда кенг тарқалган эди. Улар устунга дастак боглаб ҳавозага ўхшатиб ясалади ва одатда, дарё, канал соҳили ёки қудуқ тепасига қурилади. Дастакнинг бир томонига оғир тош ёки огир буюм, иккинчи томонига эса қовға (пақир, меш) ўрнатилган бўлиб, одатда у теридан ясалган. Сув ботириб олувчи дастак қовға мешни ботириб сув олади ва уни юқоридаги тарновли ҳовузчага тўкади, ундан сув экинзорга оқади. Маълумотларга кўра шадуф ёрдами билан бир соатда икки метр баландликка 3400 л, уч метр баландликка 2700 л, тўрт метр баландликка 2050 л, беш метр баландликка эса 1800 л сув чиқарилган экан.

Юқорига сув чиқаришнинг шадуф тизими Хиндистонда «денсли» номи билан тарқалган. Шунингдек, Ҳиндистонда «рати»деб юритиладиганлари ҳам кенг тарқалган бўлиб, булар Миср «атуэ»сига ўхшашдир.

Шундай қилиб, Шарқда сувни юқорига кўтариш тизимининг хилма-хил усуллари кашф этилган ва кундалик ҳаётда кенг фойдаланилган.

Ўрта Осиё, Хусусан Ўзбекистонда сувни юқорига чиқаришнинг ўзига хос чархпалак, кайнама тўғон ва туташ идишлар усулидан кенг фойдаланилган.

Яҳё Ғуломовнинг «Хоразмнинг суғорилиш тарихи» деган китобида Хоразмда канал ва ариқлардан далаларга сув чикаришнинг энг оддий усуллари «сепма», «депма» ва «нова»лар ҳакида анчагина маълумотлар бор.

Бундан ташқари Ўрта Осиёда суғориладиган ерларга сув чиқаришнинг жуда кўп усуллари бўлган [Ғуломов Я.Ғ. Хоразмнинг суғорилиши тарихи. Ўзбекистон Фанлар академияси нашриёти, Тошкент: Ўқитувчи, 1959. 258-275 — бетлар; Кабиров А. Всемирная история. Ташкент: Укитувчи, 2001. С. 48].

Шуни таъкидлаш жоизки, Бинкат қалъаси шаҳарнинг энг баланд қисмида шаҳарнинг Регистон майдонидан камида 10-15 метр баландликда, шаҳристон эса ундан пастроқ сатҳда жойлашган бўлса керак. Энг пастда эса ички ва ташқи работлар ўрин олган.

Бинкат шаҳрининг работлари ва атрофидаги ерлар хонадонлар, экин майдонлари Бўзсув каналидан сув олган Кайковус, Зоғариқ, Солар, Қорасув, Жўн, Дархон, Човли, Анҳор, Кўкча, Жарариқ, Хўжапархон, Тезариқ, Қайирма, Дамаччи, Тарновбоши, Лабзак, Регистон, Қичқириқ (Кичикқўриқ), Оққўрғон, Дарвозакент ва бошқа ариқ ва каналлар сувидан фойдаланганлар.

Бинкат қалъаси ва шаҳристон бозор майдони, ариқ ва каналлар сатҳидан баландда жойлашганлиги учун калъа остидан оқиб ўтадиган Регистон ариғидан сув чиқаришнинг имкони бўлмаган.

Аммо ўз вақтида Бинкат қалъаси ва шаҳристон сув билан тўла таъминланган эди.

Савол туғилади, сув арк ва шаҳристонга қаердан чиққан. Бу муаммо кўпдан бери археологлар дикқатини ўзига жалб қилиб келган. Аммо бу муаммонинг ечими ҳал бўлмай келар эди. Бу муаммо бизнинг ҳам диққат эътиборимизни ўзига жалб қилиб келарди.

1968 йилнинг қиш ва илк баҳор ойларида Тошкент археологик экспедициясининг Ғ.Дадабоев, Ў.Алимов ва А.Кабиров иштирокидаги кичик гуруҳи Тошкент шаҳри ва унинг атрофларидаги Зоғариқ, Ҳасанбой, Қичқириқ, Кайковус, Хўжапархон, Жарариқ, Чуқурсой (Қорақамиш), Дамаччи каби ирригация тармоқлари ва шахобчалари бўйлаб жойлашган Хўжанд тепа, Закат тепа, Сир-кечар ота, Чингизтепа, Шохнишинтепа (Шаршин тепа), Қулоқчин тепа, Чиғатой, Сағбон оқтепаси, Белтепа, Бўстон тепа ва Мўғулдархон тепа каби археологик ёдгорликларда қазув-қидирув ишлари олиб борилган эди.

Қидирув-қазув ишлари даврида биз Эски жўва бозори ҳудудида икки ер ости сув иншооти қолдиғига дуч келдик. Бу иншоотларнинг бири бозорнинг шимолида ҳозирги Шарқ ресторани яқинида, иккинчиси эса «Кўкалдош» мадрасасининг орқа томонидаги тепаликнинг ғарбий ён бағрида бўлиб, ҳозир у ерда бозор милиция бўлимининг идораси жойлашган.

Маълумки Эски жўва бозорига кириш бўсағасида «4-поликлиника» деган тиббий марказ бор. Бир вақтлар шу тиббий марказдан унча узоқ бўлмаган жойда автобусларнинг бекати бўлар эди.

Мазкур жойдан уч-тўрт қадам нарида эни-бўйи 2,5 — 3 метр, чуқурлиги тахминан 1,2 — 1,5 метр келадиган, кавланган жойга кўзимиз тушди. Чуқурни синчиклаб кўздан кечирар эканмиз, унинг шимол томонида катта -кичиклиги ҳозирги ғиштлардан ихчамроқ, сарғиш, пишган ғиштлар тизилмасига кўзимиз тушди. Қурилманинг юқори қисми конуссимон, ўткир бурчакли, икки ёни ва паст томони текис, тўртбурчак қилиб терилган. Қурилманинг баландлиги тахминан 70 — 75 см, эни эса 45 — 50 см атрофида. Жануб томонида қурилманинг излари кўзга ташланмади афтидан қурилманинг бу қисмини қазувчилар бузиб юборган бўлса керак. Қурилманинг шимол томони тўғри Кайковус ариғи томон, жануб томони эса ҳозирги болалар дунёси магазини ва Хожа Аҳрори Вали масжиди томон йўналган.

Тахминимиз бўйича бу қурилма ер ости сув иншоотининг қолдиғи бўлиб, шакшубҳасиз, бу иншоот Бинкат қалъаси, шаҳристони ва работлари бино бўлган даврда, яъни IХ-Х асрларда қурилган бўлса керак. Бу ер ости сув иншооти Ҳазрати Имомга ўтишдаги Қози кўча йўналиши бўйича Кайковуснинг чап соҳилигача давом этган бўлса керак.

Албатта бундай ер ости сув иншоотининг бошланишида тинитгич ҳовуз бўлган бўлиши керак. Кайковусдан қурилмага ўтгач лойқа сувни мироблар тинитиб, сўнг тиниқ сувни ер ости сув иншоотига ўтказганлар. Кайковуснинг ер ости сув иншоотига уланадиган жойи, албатта, Бинкат арки ва шаҳристонидан анча баландда бўлганки, сув ерости қурилмасидан оқиб бориб, фикримизча шаҳристон ёки арк ҳовлисидаги ҳовузга бемалол қуйиган. Бинкат арки билан Кайковус оралиғидаги масофа 1,5 км. Қадимги мироблар Ўрта Осиё ва Ўзбекистон ҳудудида баланд ва паст жойларга сув чиқариш учун тоғ дарёлари ва сой сувларидан усталик билан фойдаланганлар. Бунга соҳибқирон Амир Темур даврида Оқсаройга сопол қувурлар қурилмаси орқали чиқарилган сув иншооти мисол бўла олади. Буни ёзма манбалар ҳам тасдиқлайди.

Демак, Бинкат қалъаси ва шаҳристонига Қайковус анҳоридан сув чиқарилгани аниқ. Бу фикрни исботи сифатида шуни айтиш мумкинки, кунларнинг бирида гуруҳимиз билан Кўкалдош мадрасаси ёнидан Чорсу бозорига кирадиган йўлдан бозор сари ўтиб борар эдик. Дафъатан кўзимиз кўчанинг ўнг томонидаги дўнглик ёнбағрида йўналиши ғарб томонга қаратиб қурилган ер ости сув иншоотига тушди.

Бу иншоот ғиштлари Кайковус томон қурилган иншоот ғиштларига айнан ўхшаш. Унинг ичи ахлат уюми ва тупрок билан тўлган эди. Мазкур иншоот Бинкат арки ва шаҳристонидаги ҳовуз ва ортиқча сувларни ташқарига чиқиб кетишига мўлжалланган қурилма бўлса керак.

Бинкат қалъаси, шаҳристонига ер ости сув иншоотидан келиб ҳовузга қуйилган сувнинг ортиқчаси ва хонадонлардан чиққан чиқинди сувлар ташқарига чиқиб кетиш учун мўлжаллаб қурилтан мазкур ер ости иншооти орқали пастдаги Регистон ариғига оқизилган бўлиши керак.

50-60 йилларгача Эски жўва бозори ўртасидан чучук сувли булоқ қайнаб турар эди.

Бинкат қалъаси, шаҳристони, ички ва ташқи работи Кайковус анҳоридан бош олган катта-кичик ариқлар, булоклар ва ер ости сув иншооти орқали оби-ҳаёт билан таъминланган. Маълумки, яширин ер ости сув иншоотларининг хўжаликдан ташқари жуда катта мудофаа аҳамияти ҳам бўлганки, Бинкат душманлар гомонидан қамал қилинган вақтда аҳоли сув танқислигига учрамай, ер ости сув иншооти сувидан фойдаланиб шаҳарни маълум муддатга қадар мудофаа қила олган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, ер ости иншоотининг бош канал ва анҳорлардан сув олган жой кўпчиликдан, айниқса, душманлардан сир тутилган.

Шундай қилиб, IХ-Х қад кўтарган, кейинчалик ҳам Бинкат шаҳри арк, шаҳристон, работ ва унинг атрофидаги ерлар кейинги асрларда ҳам Бўзсув шоҳ каналидан бош олган Кайковус, Қичкириқ каналларидан чиқарилган ирригация шахобчаларидан келадиган сув билан суғорилган.

А.К. Кабиров

Некоторые размышления о водоснабжении средневекового Бинката – Ташкента

Данная статья посвящается проблеме обеспечения водой населения Бинката-крепости города Ташкента в средневековый период. Автор на основе различньгх письменньгх источников, археологических данных и собственньгх исследований описывает своеобразные методы в строении гидросооружений в средневековом Ташкенте.

A.K.Kabirov

Binkat- the problem of provision with water in medieval Tashkent

This article is devoted to the problem of provision with water the population of Binkat — the fortress of Tashkent in Middle Ages. Author on the basis of written source, archeological data and own researches described methods of building hydraulic work in medieval Tashkent.

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*