Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Харашкет шаҳри иқтисоди тарихидан

Тошкент-2200. Харашкет шаҳри иқтисоди тарихидан

Тошкент воҳасида антик даврдаёқ шаҳар маданияти шаклланиб, Қанқа, Шоҳрухия, Киндиктепа, Қулота, Далварзинтепа, Қовунчитепа ва бошқа ўндан ортиқ шаҳарлар ўз даврида маданий-иқтисодий марказлар ҳисобланган. Ўрта асрлар даврида воҳада шаҳарлар сони бир неча баробар ўсиб, уларнинг иқтисодий имкониятлари кучаяди.

Воҳанинг йирик савдо-иқтисодий марказларидан бирининг ўрни ҳисобланган Қанқа мил. ав. III аср бошларида шаклланиб, XI асрнинг охирига қадар ҳаёт узлуксиз давом этган. Бу ёдгорлик ўрта асрлар даври муаллифлари асарларида келтириб ўтилган Харашкет билан қиёсланади. Ибн Хавқал ўз маълумотларида уни катталиги жиҳатидан воҳа шаҳарлари орасида Бинкетдан кейинги ўринда турганлигини таъкидлайди. Шаҳарда III-IV асрларда алоҳида мудофаа деворлари билан ўраб олинган учинчи шаҳристони шаклланади. VI-VII асрларда Ўрта Осиёнинг кўпгина шаҳарларида кузатилгани каби Қанқа майдонининг ҳам кескин қисқариш жараёни содир бўлиб, ички томонида мудофаа девори билан ўраб олинган иккинчи шаҳристони вужудга келади. Натижада VI-VII асрларда шаҳарнинг аркдан ташқари алоҳида мудофаа деворларига эга бўлган учала шаҳристони тўлиқ шаклланади. VII-VIII асрларда шаҳарнинг жанубий қисмида кулолчилик ишлаб чиқариши пайдо бўлиши билан унинг рабод қисми ҳам қарор топади.

Шаҳарнинг қадимги ва ўрта асрлар даври савдо ва ҳунармандчилик ишлаб чиқариш қисми ёдгорликнинг жанубий Сўғд дарвозасидан ичкарида, кўча бўйлаб иккинчи шаҳристон мудофаа деворига қадар тахминан 300 метр масофада жойлашган. Дарвоза яқинида ўтган асрнинг 70 йилларида амалга оширилган археологик қазиш ишлари давомида VII-VIII асрларга оид кулолчилик хумдонлари, X-XI аср биринчи ярмига оид кулолчилик, шишасозлик, суяк, темир, мис ва бошқа турдаги саккизга яқин ҳунармандчилик соҳалари учун хизмат қилган 30 га яқин хоналар ҳамда уларда уй-рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари, заргарлик буюмлари ва топиб ўрганилган.

Иккинчи шаҳристоннинг мудофаа девори яқинида ёдгорлик харобалари сатҳига нисбатан 710 метр пастда жойлашган текис жой, Ю.Ф.Буряковнинг тахминига кўра, шаҳар бозори бўлган.

Жанубий ва ғарбий кўчалар кесишган жойда шаҳар карвонсаройи (томонлари 95х95 м.) ўрин олган. Унда 1969–1972 йилларда К.Абдуллаев, 1993-1994 йилларда эса Г.И. Богомоловлар томонидан археологик қазиш ишлари олиб борилган.

Металлурглар маҳалласи ва карвонсаройда ушбу мақола муаллифи томонидан 2008 йилда археологик қазиш ишлари амалга оширилди. Металлурглар маҳалласидаги қазишма (3х3 м.) ишлари жанубий дарвозадан тахминан юз метр шимоли -ғарбда олиб борилди. Қазилманинг асосий қисми 2 метр, шимоли -ғарбий қисмида эса 1х1 метр жой материкгача (3,2 м.) қазиб тушилди. Унинг маданий қатламлари бўш тупроқ, кул қатлами, темир эритиш жараёнида ҳосил бўлган тошқотишмалардан иборат. Моддий топилмалар кулолчилик чархида ишланган сопол идишларнинг парчалари, симоб кўзачалар, тутатқидонлар, бойитилган темир бўлаклари, металларни болғалаш учун ишлатилган тош ва 24 дона ярим емирилган мис тангалар нусхаларини ташкил этади. Кулолчилик буюмлари Қовунчи маданиятидан (Қовунчи II) то X-XI асрларгача бўлган даврларга оид сополлари мажмуасидан иборат.

Мис тангалардан III-IV асрлар даври қадимги Чоч, VI аср охирги чораги-VII аср бошларига оид Чоч ҳукмдорлари ва VII аср иккинчи ярми –VIII аср бошларига оид ўртаси тешик Хитой тангаларининг нусхалари ажралиб туради.

Қазилмада ишлаб чиқариш билан боғлиқ иншоотлар излари аниқланмади. Лекин, ишлаб чиқаришга алоқадор металл буюмлар, тошқотишмалар, бойитилган темир бўлаклари ва бошқа ашёвий манбаларнинг аниқланиши металлурглар маҳалласида III-IV асрлардан бошлаб шаҳарнинг ҳунармандчилик ишлаб чиқариш қисмига айланганлигидан далолат беради.

Планиграфик мазмундаги иккинчи қазилма карвонсарой мажмуасининг ғарбийда ташқи деворининг ичкарисида амалга оширилди. Қазишма ишлари 2,5 метр чуқурликда қазиб ўрганилди. Қазилманинг ғарбий қисмидаги иккинчи ярусидан хом ғиштлардан (36х18х6-7см.) тўққиз қатор аралаш қилиб терилган девор сал кам икки метр баландликда сақланиб қолган. У пишган ғиштлардан (32х16х4 см.) уч қатор терилган девор устида жойлашган. Пастдаги деворнинг шимол томондаги тахминан бир метрдан ортиқ қисми етти қатордан иборат. Қазилманинг шарқий томонида эса хом ғиштлардан (40х20х8, 36х18х16, 37-36х16х9, 31х1514х8 см.) барпо қилинган қурилманинг узунаси 2 метрдан иборат бўлиб, 1,6 метр баландликда сақланиб қолган. Ташқи томондан сомон аралаш лойсувоқ қилинган. Унда бир неча маротаба таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ғарбий девор билан оралиқдаги 1,0 метр жойга пишган ғишт (32х16х4 см.) тўшаб чиқилган. Девор ва қурилмадан ташқари маданий қатламлари иморатнинг нураши натижасида ҳосил бўлган бўш тупроқдан иборат бўлиб, ундан пишган ғишт, чархда ишланган сопол парчалари ва сирти оқ ва мовий ранглардаги геометрик нақшлар билан безатилган лойсувоқ қолдиқлари аниқланди.

Ерга тўшалган ғиштларнинг тагидан бир дона мис танга топилиб, шунга ўхшаш тангаларни К.А.Абдуллаев VII аср иккинчи ярми –VIII аср бошлари билан, Ғ.Бобоёров эса VI аср охирги чораги –VII аср бошлари билан саналаган. Умуман, карвонсарой мажмуаси дастлабки тадқиқотлар натижасида VIII-XI асрларга оид, деган хулосага келинган, моддий манбалар таҳлилига кўра унинг шаклланиши қадимийроқ тарихга эга, деган хулосага келиш имконини беради. Жанубий Туркманистондаги Кишмантепа (IX-X) ва Аласкар (XII) манзилгоҳларида ҳам шунга ўхшаш карвонсаройлар ўрганилган.

Қанқа кўҳна шаҳри ҳунармандчилиги археологик жиҳатдан махсус тадқиқ этилмаган. Унга нисбатан мавқеи юқори бўлмаган Қулота, Киндиктепа, Шаматепа, Севилтепа, Қўрғонтепа ва Тункет каби шаҳарлар ва манзилгоҳларда ҳунармандчилик ишлаб чиқариш иншоотлари археологик жиҳатдан аниқланган. Агар IV-V асрларда металл эритиш қазиш пунктларида амалга оширилган бўлса, VI-VIII асрларда йирик шаҳар марказларининг ҳунармандчилик маҳаллаларида жамланади.

Тошкент воҳаси VI асрнинг иккинчи ярми –VIII аср бошларида Турк ҳоқонлиги таркибида бўлиб, халқаро савдо хоқонлик таъсирига ўтганлиги сабабли, воҳанинг Буюк Ипак йўлидаги мавқеи ошиб, Чотқол-Қурама тоғларидаги металлургия ресурсларини ўзлаштириш жадаллашади, X-XI асрларда эса унинг кўлами янада кенгайди.

Умуман олганда, мавжуд археологик маълумотларга асосланиб, шаҳарнинг учинчи шаҳаристони иқтисодий марказ сифатида III-IV асрларда шаклланиб, XI аср бошларига қадар йирик иқтисодий ишлаб чиқариш маркази сифатида фаолият юритган, деган хулосага келиш мумкин.

Р.З. Ибрагимов

Из экономической истории города Харашкета

Статья посвящена истории экономики города Харашкета. Освещены вопросы степени развития торговоремесленного производства города в древности и средневековье. Определено местонахождение ремесленных кварталов в шахристане III. Превлечены новые материалы, полученные автором в ходе археологических раскопок в металлургическом квартале и караван – сарае города.

R.Z. Ibragimov

About economical history of Harashkath

This article is devoted to history of economy of the ancient city Harashket. In this article is widely covered the questions of the development degree of trade – craft producing of the city in the ancient and medieval ages. Also is defined the localization of the craft works in the shahristan III. Moreover is given by author new materials which was taken during the archaelogical works in the karvan-saray and part of metal-works of the city.

Фойдаланилган адабиётлар:

Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса. Ташкент. Фан. 1982. С. 41; Его же, Бассейн Среднего Яксарта в древности и раннем средневековье // Городская культура Бактрии-Тохаристана и Согда. Античность, раннее средневековье. Материалы Советско-Французского коллоквиума (Самарканд 1986), Ташкент, 1987. С. 33-34; Древний и средневековый город Восточного Мавераннахра. Ташкент, Фан. 1990. С.118-119.
Массон М.Е. Ахангеран. Археолого-топографический очерк. Ташкент. 1953. С. 105.
Абу–л Касим ибн Хаукаль. Извлечения из книги «Пути и страны» Пор. Бетгера Е.К. // Труды САГУ. Вып. IV. 1957. С. 24.
Абдуллаев К.А. Археологическое изучение городища Канка (1968-1972) // ИМКУ. Вып. 12, Ташкент, 1975, С. 150.
Абдуллаев К.А. Квартал керамистов городища Канка // ИМКУ. Вып. 11. Ташкент, 1974. С. 83-92.
Абдуллаев К.А. Квартал керамистов городища Канка // ИМКУ. Вып. 11. Ташкент, 1974. С. 83-92.
Древняя и средневековая культура Чача. Ташкент. Фан. 1979. С. 93-109; Брусенко Л.Г., Галиева З.С. Материалы раскопок квартала X- начала XI вв на городище Канка // ИМКУ. Вып. 19. Ташкент, 1974. С. 124-136.
Древняя и средневековая культура Чача. Ташкент, Фан. 1979. С. 63.
Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса Ташкент., Фан, 1982 С. 77-82, рис. 7-8.; Левина Л.М. Керамика Нижней и Средней Сырдарьи (I тысячелетие н.э.) //ХАЭЭ. М.: Наука, 1971. С. 178-188. (рис.54; 239-240); Брусенко Л Г., Галиева З.С. Материалы раскопок квартала X- начала XI в. на городище Канка. //ИМКУ, Вып. 19, Ташкент., 1974, С. 124-136.
Древности Туябугуза. Ташкент., Фан, 1978, С. 164; Б а б а я р о в Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса (VI- VIII). Ташкент., 2007. С. 9; 21-22.
Абдуллаев К.А. Исследование городища Канка (Древний Харашкет городища в Ташкентском оазисе): Дис.. канд. ист. наук. Ташкент., 1975. С. 52.
Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса (VI- VIII). Ташкент., 2007, С. 9. 3 Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса Ташкент., Фан, 1982 С. 41. 4 Маньковская Л.Ю. Типологические основы зодчества Средней Азии (IX-начало XX в.) Ташкент., Фан. С.1980. 64.
Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития городской культуры Ташкентского оазиса. Ташкент: Фан,.1982 С.76; Буряков Ю.Ф., Филанович М.И. Чач и Илак // Средняя Азия и Дальний Восток в эпоху средневековья. Средней Азия в раннем средневековье. М., 1999 С. 86.
Ўша асарлар.154-155 бетлар; 80; бет.

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
«Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

Краткий этнодемографический очерк Ташкента конца ХIХ – начала XX века

В истории Ташкента XIX век – это век серьезных перемен и событий, кардинально изменивших не …

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *