Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Чоч ва Сўғд: савдо-иқтисодий алоқалар тарихидан (илк ўрта асрлар даври мисолида)

Тошкент-2200. Чоч ва Сўғд: савдо-иқтисодий алоқалар тарихидан (илк ўрта асрлар даври мисолида)

4 Ўрта Осиёнинг Хитой ҳамда Шарқий Осиё ҳудудидаги бошқа давлатлар билан қадимги даврлардаёқ вужудга келган ижтимоий-сиёсий, маданий ва савдо-иқтисодий алоқалари илк ўрта асрларда, айниқса, VI-VIII асрларда ўзининг юқори чўққисига кўтарилди. Савдо — иқтисодий алоқалар ривожида, энг аввало, Ўрта Осиёнинг ривожланган ҳудудлари – Сўғд ва Чоч мулкликлари муҳим ўрин эгаллайди.

Сўғд – Ўрта Осиё икки дарё оралиғининг қадимги урбанизациялашган макони ҳисобланиб, ўз таркибида Зарафшон дарёси юқори ва ўрта оқимидаги деҳқончилик воҳаларини ишғол этган Самарқанд Сўғди, дарёнинг қуйи оқимида, шимолда Қизилқум саҳроси ва ғарбда Амударёга қадар чўзилган, ярим даштликлар билан чегараланган Бухоро Сўғди, шунингдек, Қашқадарё воҳасида Жанубий Сўғд ерларини ташкил этади. Манбаларда минтақанинг мазкур даврдаги Шарқ, хусусан, Хитой билан савдоиқтисодий алоқаларида Сўғдийларнинг фаол иштироки таъкидлаб ўтилган. Жумладан, америкалик хитойшунос Э. Шефер бу даврда Евроосиё карвон савдоси йўлларида тужжорларнинг халқаро сўзлашув тили Сўғдий бўлганлигини таъкидлайди. Бу бежиз эмас эди, чунки “… Ғарбда ва Узоқ Шарқда тараққий этган буюк цивилизациялар ўртасидаги ҳар томонлама (шу жумладан, савдо-иқтисодий алоқалар ҳам – А.А.) алоқаларнинг ривожланишида Ўрта Осиё аҳолиси – бақтрийлар, парфияликлар, хоразмийлар ва албатта, энг аввало, Сўғдийлар муҳим ўрин тутадилар”. Савдо-иқтисодий алоқаларда Сўғд тужжорлари Ғарб ва Шарқда ишлаб чиқарилган ўз даврининг энг харидоргир маҳсулотлари билан бир қаторда маҳаллий ҳунармандлар томонидан тайёрланган турли ҳунармандчилик маҳсулотлари билан ҳам савдо-сотиқ қилганлар. Зеро, “…улар (Сўғдийлар) Шарқий Туркистон воҳалари ҳамда Хитой шаҳарларига Сўғд цивилизациясининг кўплаб маданий ютуқларини ҳам олиб келганлар, бу ерларда ўз тамаддунларини яратганлар”. Булар орасида пахта хомашёсидан тайёрланган маҳсулотлар бўлганлиги шубҳасиз. Чунки, “…V-VI асрларда Шарқий Туркистон ва Ўрта Осиё ҳудудларида катта майдонларга ғўза экилган. Марказий Осиёнинг пахта толаси Хитойда ҳам машҳур бўлган”.

Минтақанинг мазкур даврдаги Шарқ мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларида кўчманчи қабилалар билан олиб борилган савдо-сотиқ муҳим ўрин тутади. Бу жараёнда савдо-сотиқнинг энг қадимги даврда шаклланган маҳсулот айрибошлаш тури кенг ёйилган эди. Жумладан, минтақанинг шимоли-шарқий сарҳадлари билан туташ ҳудудларда яшаган кўчманчи қабилалар орасида Сўғд ҳунармандлари томонидан тайёрланган, Ўрта Осиёнинг кушон-сосоний жамияти ихтироси бўлмиш ҳайвон суяги ёки шохлари билан безатилган мураккаб шаклдаги камонлар, баланд, оқ рангли жун (кигиз) бош кийимлари харидоргир бўлган. Ўз навбатида, Хитой манбаларида келтирилишича, Сўғдийлар кўчманчи қабилалардан ҳарбий кийим-кечакнинг атрибути ҳисобланган этикларни айрибошлаганлар. Ўтроқ аҳоли ва чорвадор қабилалар ўртасидаги йирик савдо-иқтисодий алоқалар асосан Ўрта Осиёнинг шимоли-шарқий туманларида амалга оширилган. Бу алоқаларда Чоч мулклиги алоҳида аҳамиятга эга эди.

Чоч – ўтроқ аҳоли ва кўчманчи қабилаларнинг фаол алоқалари зонасидаги қулай географик ареалда – Сирдарёнинг ўрта ҳавзаси ҳудудини ишғол этган бўлиб, қадимги даврларданоқ Марказий Осиё халқларининг савдо-иқтисодий ва маданий-этник алоқалари ривожида ўзига хос “кўприк” вазифасини ўтаган. Антик давр манбаларига эътибор берадиган бўлсак, айнан Сирдарёнинг ўрта ҳавзаси ўтроқ аҳоли ва чорвадор кўчманчи қабилалар ўртасидаги муайян муносабатлар макони бўлган. Жумладан, Страбон, “Яксарт Сўғдий ва кўчманчиларни ажратиб туради” деса, Дионисий Периэгит эса “Сўғдиёнадан сўнг Яксарт оқими бўйлаб камон билан жанг қиладиган, бехато отувчи энг моҳир камончилар бўлган саклар яшайдилар” деб маълумот берадилар. Ушбу маълумотларнинг ўзиёқ Чоч дашт кўчманчиларининг деҳқончилик воҳалари аҳолиси билан ҳар томонлама алоқалари жуда қадимги даврларга бориб тақалишини ифода этади. Бундан ташқари, Чочнинг Фарғона билан ҳам ўзаро алоқалари кучли бўлган. Бу ҳудудларда истиқомат қилган кўчманчи чорвадорлар мозор-қўрғонларида ҳам деҳқончилик, ҳам чорвадор қабилаларга оид турли ашёларнинг учраши мил. авв. I минг йиллик ўрталарида улар ўртасида ўзаро маҳсулот айрибошлаш савдосининг ривож топганлигини тасдиқлайди. Айрибошлаш савдосининг ривожида “Дашт йўли” муҳим аҳамиятга эга бўлган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу жараёнда кўчманчи чорвадор қабилалар тери, мўйна, жун ва жун маҳсулотлари ҳамда гўшт-сут маҳсулотлари эвазига ўтроқ аҳолидан ҳарбий қурол-яроғ ва от анжомлари, газлама ва кийим-кечак, зеб-зийнат буюмлари ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари айрибошлаганлар. Географларнинг тадқиқотларига кўра, айнан Чочнинг кўчманчи қабилаларга туташ ҳудудларидаги кўчманчилар терини ишлов берилмаган ҳолда олиб келар, кейин эса улар ўтроқ аҳоли томонидан қайта ишланар эди.

Мазкур давр арафасида Марказий Осиёда содир бўлган экологик инқироз (мил.II-IV асрлар) Сирдарёнинг ўрта ҳавзасидаги ижтимоий-иқтисодий, умуман, урбанизация жараёнларида муҳим босқични вужудга келтирди. Бундай вазият асосий хўжалиги чорвачилик бўлган кўчманчи қабилаларнинг шарқдан ғарбий ҳудудларга оммавий кўчишига сабаб бўлади, жумладан, Қуйи Сирдарё ҳудудларидаги қабилалар ҳам Юқори Сирдарёга, ундан эса ғарбга – Зарафшон ва Қашқадарё воҳалари йўналишида кўчиб ўтадилар. Натижада милодий III асрга келиб қадимги йирик давлатлардан бири бўлган Қанғ инқирозга учрайди ва Қанғ иттифоқи таркибидан алоҳида мустақил мулкликлар ажралиб чиқади. Айнан мана шу даврда Ўрта Сирдарё ҳавзаси тарихий харитасида Чоч мулки ва шу номли пойтахт пайдо бўлади. Чоч мулклигининг тараққий топишида Марказий Осиёда ушбу даврда юз берган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳам асосий ўрин тутади. Жумладан, Хитой империясининг ғарбий ҳудудларда ўз таъсир доирасини кенгайтиришга бўлган жиддий интилиши Ғарб, хусусан, Ўрта Осиё билан савдо-иқтисодий алоқалар ривожида ҳам муҳим омил бўлди. Милодий 121 йилда хунн қабилалари устидан йирик ғалабага эришгач, империя Ғарбий ўлкаларни фаол “ўзлаштириш”га киришади. Бу мақсадни амалга ошириш учун Хитой императорлари томонидан Ғарбий ўлкаларга йилига беш-олти, баъзи йилларда ўн мартадан кўпроқ йирик (таркибида бир неча юз киши) ва кичик (юздан ошиқ киши) элчилик миссиялари юборилган. Шубҳасиз, бу элчилик миссияларининг олдига қўйилган энг муҳим вазифалардан бири – Ғарбий ўлкалар билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш имкониятларини ўрганишдан иборат эди. Бу жараён минтақанинг шимоли-шарқий ҳудудлари, яъни, деҳқончилик воҳалари аҳолиси ва чорвадор қабилалар ўртасидаги энг муҳим ареал –Сирдарё ўрта оқими ҳавзасида “асосий фаолияти деҳқончилик ва чорвадор қабилаларнинг савдо-иқтисодий алоқаларига қаратилган”, Чоч мулклиги тараққиётида тараққиётида муҳим омил бўлди.

Сирдарё ўрта оқими ҳавзасида “асосий фаолияти деҳқончилик ва чорвадор қабилаларнинг савдо-иқтисодий алоқаларига қаратилган”, Чоч мулклиги тараққиётида тараққиётида муҳим омил бўлди. Сирдарёнинг ўрта оқими ҳавзаси, шунингдек, унинг ўнг ирмоқлари – Чирчиқ ва Оҳангарон воҳалари уч томондан ўзига хос, тақасимон шаклда осмонўпар Тяншань тоғининг ғарбий тизмалари – Чотқол, Қурама ҳамда Қурама тизмасининг Сирдарёга қадар чўзилган тармоғи Қорамозор тоғлари билан ўралган. Географик жиҳатдан Фарғона ва Талас воҳаларига ўтиш учун жуда қулай довонларга эга бўлган Чоч тоғ ёнбағирлари нафақат йирик, балки кичик туёқли чорва моллари, балки зотдор отлар етиштириш учун ҳам анча қулай бўлган. Милодий III асрдан эътиборан Сирдарё водийсига туташ бўлган текислик ва тоғолди ҳудудларида янги ерлар, шунингдек, Оҳангарон воҳасининг жанубий ҳудудлари ҳам фаол ўзлаштирилади. Бу эса чорвадор аҳоли ўртасида ўтроқ турмуш тарзига ўтиш кучайганлигидан далолат беради. Ҳудудда урбанизация жараёнларининг кучайиши ўз навбатида шаҳар ва шаҳар типидаги йирик ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ марказларининг вужудга келишига олиб келди. Жумладан, Оҳангарон воҳаси бу даврда Чочнинг иқтисодий округи ҳисобланиб, воҳанинг турли ҳудудларидан кўплаб фойдали қазилмалар – Лашкарак кон ҳудудида – кумуш, Қизилолмада – олтин, Кўкрелда – мис, Шовгазда – темир хомашёси қазиб олинган. Бундан ташқари махсус, металлни қайта ишлаш марказлари – Тункат (Илоқ), Туқкат (Қулота), ҳозирги Ангрен шаҳри яқинида Номсизтепа, Қўрғонтепа ва Киндиктепа каби йирик ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ манзиллари ривож топади. Шунингдек, Чоч тоғларидан Шарқ мамлакатларида “бахт ва ғалабаларга ёрдам берувчи” ҳамда “кўз тегишидан, ёвуз руҳлар ғазабидан, турли заҳарли ҳашаротлар ва илон-чаёнлардан асровчи тумор” сифатида юқори қадрланган фируза (хитой манбаларида “сэ-сэ”) тоши кўплаб қазиб олинган. Тадқиқотчилар фикрича, фируза қазиб олинган асосий кон Қорамозор тоғининг шимолий қисмида, Унгурлисойнинг ўнг қирғоғида жойлашган, бундан ташқари Илоқ ҳудудида ҳам бир неча – Оқтепа, Гулдуран, Фирузакон каби унча катта бўлмаган конлардан ҳам юқори сифатли фируза қазиб олинган. Фируза Чочнинг нафақат Шарқ мамлакатлари билан олиб борилган савдо-сотиқда, балки, Сўғд шаҳарлари билан ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларида ҳам асосий маҳсулотлардан бири бўлган. Жумладан, Ерқўрғон шаҳри ибодатхонаси харобаларида (мил. III-V асрлар қатлами) олиб борилган тадқиқотлар вақтида топилган олтин тақинчоқ қисми(кулон)ни айнан, фируза тоши безаб турганлиги аниқланган.

Хулоса қилиб айтганда, илк ўрта асрлар даврига келиб Чоч мулклиги ўз тараққиётининг юқори босқичига кўтарилади, пойтахт йирик ҳунармандчилик ва савдосотиқ марказига айланади. Чочнинг халқаро карвон савдоси чорраҳасида жойлашганлиги мулкликнинг биринчи навбатда, Шарқ мамлакатларининг ғарбий ўлкалар билан олиб бориладиган савдо-иқтисодий алоқаларда фаол иштирок этишини таъминлади. Милодий III-IV асрлардаёқ Шарқий Туркистон ҳудудларида ўз савдо колонияларига эга бўлган Сўғд тужжорлари билан биргаликда чочликлар ҳам қизғин савдо-иқтисодий алоқалар олиб борадилар. Хусусан, “Эски Сўғд хатлари”га кўра “Чочликлар (миқдорига кўра – А.А.) Самарқанд ва Бухоро савдогарларидан кейинги учинчи ўринни эгаллайдилар”. Турк хоқонлиги ва Сўғд юқори табақасининг муштарак манфаатлари Сўғд тужжорларининг шарқий йўналишдаги савдо-иқтисодий алоқаларда етакчи ўринни эгаллашига замин яратган эди. Бу алоқаларда фаол иштирок этган Чоч ва чочликлар Сўғд цивилизациясининг Узоқ Шарқ мамлакатларига кенг ёйилишида муносиб ўрин эгаллайди.

А.Р. Абдуқаюмов

Чач и Согд: из истории торгово-экономических отношений

В статье рассматривается развитие ремесла и торгово-экономических связей Чача с Согдом. Определяется роль Чача в международных торгово-экономических связях и распространении согдийской цивилизации на Востоке в раннем средневековье.

A.R. Abdukayumov

Chach and Sogd: trade-economical realitions in yearly middle ages

The article considers the problem of development craftsmanship and trading-economical realitions of Chach with Sogd, also mean of Chach in the international trading-economical realitions and transformation of Sogdian civilization.

Фойдаланилган адабиётлар:

Шефер Э. Золотые персики Самарканда. Книга о чужеземных диковинах в империи Тан. М.: ГРВЛ, 1981.

Ртвеладзе  Э.В. Самарканд на Великом шелковом пути // Самарқанд шаҳрининг умумбашарий маданий тараққиёт тарихида тутган ўрни. Халқаро илмий-амалий анжуман материаллари. Тошкент-Самарқанд, 2007.

Мусаев  Н. Ўрта Осиёда деҳқончилик маданияти ва аграр муносабатлар тарихидан. Тошкент, 2005.

Коробкова Г.Ф. Древний и средневековый Самарканд на Великом шелковом пути // Самарқанд шаҳрининг умумбашарий маданий тараққиёт тарихида тутган ўрни. Тошкент-Самарқанд, 2007.

Страбон. География в XII книгах. М.,1964. Т.XI.

Древние авторы о Средней Азии (VI в. до н.э.-VI в. н.э.). Ташкент, 1940.

Горбунова Н.Г. Роль традиционных путей передвижения скотоводческих племен и сезонных перекочевок в сложении торговых путей в древности // Формирование и развитие трасс Великого шелкового пути в Центральной Азии в древности и средневековье. Тезисы докладов международного семинара ЮНЕСКО. Ташкент, 1990.

Қадимги Ўрта Осиё тарихидан лавҳалар. Тошкент, 2008.

Смирнова О.И. Очерки из истории Согда. М.: Наука, 1970.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Ч.II. Алматы, 1998.

Беруни Абу Райхан. Собрание  сведений  для  познания  драгоценностей  (Минералогия).  Пер.  и  прим. прим. Беленицкого А.М. Л., 1963.

Семенов А.А. Из области воззрений мусульман Средней Азии на качество и значение некоторых благородных камней и минералов // Мир Ислама. Вып.1.СПб., 1912. №3.

Буряков Ю.Ф. Горное дело и металлургия средневекового Илака V — начала XIII в. М.,1973.

Сулейманов Р.Х. Древний Нахшаб. Проблемы цивилизации Узбекистана VII в. до н.э. — VII в. н.э. Самарканд; Ташкент, 2000.

HennIng W. Mitteliranisch der Orientalistik.1. Abteilung.4. Band. Iranistik. Leiden; Koeln, 1958.

Абдуқаюмов А.Р. Сўғд шаҳарларида пул хўжалиги ва товар-пул муносабатлари // ЎзМУ хабарлари, 2008. 2-сон.

Манба: Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
«Фан» нашриёти
2009

Ўхшаш мақола

Тошкент-2200. Тошкент маҳалла — кўйларининг айрим тарихий номлари семантикаси

Пойтахтимизнинг тарихий манзарасида асрлар оша қад кўтарган сон-саноқсиз тураржойлар топонимиясида ўзига хос бениёз маъною сифатларни …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *