Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Чоч Турк хоқонлиги таркибида: шаҳар маданияти тараққиётининг айрим сабаблари

Тошкент-2200. Чоч Турк хоқонлиги таркибида: шаҳар маданияти тараққиётининг айрим сабаблари

Ашина қабиласи томонидан барпо этилган Турк хоқонлиги ўзининг ҳарбий ва иқтисодий қудрати туфайли қисқа фурсатда Марказий Евросиё минтақасининг йирик империяларидан бирига айланади. Гарчи, минтақанинг бу янги ҳукмдорлари ўзларигача бўлган давлат уюшмаларидан бири Жуан-жуан хоқонлиги (402-555) дан бепоён дашт ҳудудларини куч билан тортиб олишга муваффақ бўлсалар-да, фақат шунинг ўзи билан чекланиб қолмасдан, бирин-кетин дашт ҳудудларига чегарадош воҳаларни ҳам қўлга кирита бошлади. Ушбу воҳалардаги ҳукмдорликлар эса қадимдан асосан ўтроқ деҳқончилик турмуш тарзи устувор бўлган кўплаб катта-кичик шаҳар ва қишлоқларга эга эдилар. Айнан шунинг учун ҳам, турк хоқонлари ўз давлат чегараларини кенгайтира бошлаган дастлабки пайтларданоқ, ана шу воҳаларни бўйсундиришни ўзларининг энг асосий вазифалари этиб белгилашади.

Лекин турклардан аввал минтақанинг жануби-ғарбий воҳа ҳудудларида Эфталитлар ҳукмронлиги ўрнатилган эдики, бу ҳудудларни уларнинг қўлидан тортиб олиш хоқонлик учун Жуан-жуанларни енгганчалик осон кечмаган кўринади. Чунки турк қўшинларининг эфталитлар билан ҳарбий тўқнашуви бу ердаги кўплаб шаҳарларга салбий таъсир кўрсатгани ҳақидаги маълумотлар манбаларда сақланиб қолган.

Ана шундай воҳалардан бири бўлган Чочни хоқонлик қўшинлари ўзларининг ғарбга юришлари давомида биринчилардан бўлиб қўлга киритган эдилар. Бу пайтда Чоч ҳукмдорлиги шимолда Ўтрор (битиктошларда Кангу Тарман), Исфижоб (Сайрам) атрофлари, шарқда Илоқ (Оҳангарон) водийси, жанубда Сирдарёнинг ўрта ҳавзалари ҳамда жануби-ғарбда Усрушона ўлкаси билан чегараланувчи ҳудудларни ўз ичига оларди. Афтидан, 560 йиллардан эътиборан хоқонликка бўйсунувчи маҳаллий сулола томонидан бошқарилган Чоч, VII аср бошларига келиб, бир қатор сиёсий курашлар учун саҳна бўла бошлайди. Хусусан, Хитой йилномалари 605 йилда хоқонликнинг асосчиларидан бири Истами ябғу авлодидан бўлмиш бўлажак хоқон Шегуй (611-618) томонидан Чочнинг маҳаллий ҳукмдори ўлдиртирилиб, ўрнига Ашина уруғидан Дэлэ Тянчжи (Тегин Тянчжи) нинг бошқарувга тайинлангани хусусида хабар беради.

Бугунги кунда Чоч тарихига оид кўплаб янги тадқиқот ишларининг яратилаётгани ижобий ҳолдир, албатта. Хусусан, ёзма манбалар ва нумизматик материаллар асосида Чоч воҳасининг Турк хоқонлиги билан боғлиқ сиёсий ва ижтимоий тарихи янгича илмий қарашлар асосида ёритилмоқда. Бироқ, воҳанинг шаҳар маданияти ва умуман, урбанизация жараёнлари масаласида эса ҳалигача аввалги қарашлар устуворлик қилиб келмоқда.

Тошкент воҳасининг урбанизация жараёнларига энг кўп эътибор қаратган археолог олим Ю.Ф. Буряков ўзининг узоқ йиллик изланишлари давомида воҳадаги шаҳар маданиятининг ривожланиб боришини 5 та босқичга ажратади. Жумладан, у VI аср ўрталаридан то VIII аср ўрталаригача бўлган давр билан белгиланувчи Мингўрик босқичида воҳада шаҳар маданияти ўзининг энг юқори чўққисига чиққанини эътироф этади. Ҳақиқатан ҳам Чочда бу даврга оид жами 293 та манзилгоҳ (шулардан 32 таси шаҳар) археологлар томонидан қайд этилган бўлиб, бу аввалги даврларга нисбатан шаҳарларнинг сони 2,5 баробарга кўпайганини кўрсатади.

Шаҳар маданиятидаги бу тарздаги кескин ўзгариш қандай омиллар билан боғлиқ эди, деган савол ўйлашимизча, ҳаммасидан муҳим бўлиб, нима сабабдан VI–VIII асрлардан аввал ҳам, кейин ҳам воҳада шаҳарларнинг бунчалик юксак даражадаги ўсиши бошқа кузатилмади? Бу каби саволлар узоқ вақтдан бери мутахассисларнинг диққатини тортиб келаётгани учун ҳам унга ҳар ким ўзича жавоб беришга ҳаракат қилган. Улар орасида қулай географик жойлашув, дашт ҳудудларига яқинлиги туфайли савдо ва иқтисодий алоқаларнинг жадаллашуви, Буюк ипак йўли тармоқларидан бирининг шу ердан ўтиши ва у билан боғлиқ тарзда тижорат марказларининг вужудга келиши, тоғкон саноатининг юксалиши, марказлашган давлат уюшмасининг вужудга келиши, чорвадорларнинг ўтроқлашуви, ҳукмдор марказларининг айнан шу ҳудудларда жойлашуви каби қатор омиллар кўрсатилади. Буларнинг ҳаммасига бирма-бир тўхтаб ўтирмаган ҳолда, фақат улардан бири, бизнинг назаримизда, энг асосийларидан ҳисобланувчи сиёсий жараёнлар, аниқроғи, давлатчилик ва урбанизация жараёнларининг боғлиқлиги омилига ўз эътиборимизни қаратсак. Чунки юқорида келтирилган сабабларнинг аксарияти бевосита марказлашган кучли давлатнинг вужудга келиши билан боғлиқдир.

Маълумки, суғорма деҳқончилик, демографик ўсиш, ишлаб чиқаришнинг ихтисослашуви, тижорат ва урушлар каби бир қанча сабаблар туфайли вужудга келган илк шаҳарлар кейинчалик дастлабки давлатлар кўринишини ола бошлаган. Шу пайтда пайдо бўлган шаҳар ва давлат ўртасидаги узвий боғлиқлик ҳалигача давом этиб келмоқда. Чунки шаҳарлар ҳар қандай давлатнинг нафақат иқтисодий асосини, балки сиёсий ва маданий даражасини ҳам кўрсатиб берувчи энг муҳим белгилардан саналади. Бу борада цивилизация назариётчиларининг у ёки бу халқнинг цивилизацияга мансублигини аниқлашда энг муҳим белгилардан бири сифатида шаҳарни олишгани ҳам бежиз эмас. Шундан келиб чиқиб, масалани шу тарзда қўйсак: Турк хоқонлигининг минтақада, хусусан, Чоч воҳасидаги ҳукмронлиги бу ердаги шаҳар маданиятига қандай таъсир кўрсатди? Юқорида кўриб ўтганимиздек, воҳа хоқонлик таркибида бўлган даврда шаҳарларнинг ўсиши ўзининг энг юқори даражасига чиққан. Демак, аввалдан айтиш мумкинки, бу жараёнлар шаҳарларга ижобий таъсир кўрсатган. Лекин бундай ижобий ўзгаришлар қандай омиллар эвазига рўй берди ва унда хоқонликнинг роли нималар билан белгиланади? Қуйида айнан шу масалаларни таҳлил этамиз.

Турфон ва Олтойда моҳир металлурглар сифатида ном чиқарган туркларнинг Ашина уруғи ўз хоқонликларининг пойдеворини ташкил этувчи ҳарбий юришлар муваффақияти ҳамда барқарор иқтисодиётни энг аввало, тоғ-кон саноати билан боғлиқ ишлаб чиқариш орқали таъминлар эдилар. Буни жуда яхши англаган турк хоқонлари доимо биринчи навбатда тоғли ҳудудларни ўзлаштириш билан тоғ-кон ва металлургия саноатини йўлга қўйиш ҳамда шу йўл билан ўзларининг стратегик мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилганлар. Бу эса ўз-ўзидан Чоч воҳасининг тоғли зоналарида кўплаб янги манзилгоҳларнинг вужудга келишига олиб келган. Мутахассисларнинг эътироф этишича, бу даврда воҳа шаҳарларида, айниқса, металлургия ва металлга ишлов бериш, қурол-яроғ ва эгар-жабдуғ тайёрлаш каби ҳунармандчилик соҳалари жадаллик билан ривожланган. Демак, воҳа шаҳарсозлиги тараққиётида қадимдан асосий роль ўйнаб келган металлургия саноати турк хоқонларининг мақсадли сиёсати туфайли янада тезлашади.

Чоч воҳасида илк ўрта асрлар, яна ҳам аниқроғи, VI аср охирларида вужудга келган Жабғукат ва Хотункат шаҳарлари ҳам тадқиқотчиларнинг аниқлашларича, Турк хоқонлиги билан боғлиқ равишда қад кўтарган бўлиб, улар хоқон ва унинг аёли – хотуннинг маълум вақтларда истиқомат қилишлари учун мўлжалланган сиёсий марказлари эди. Қолаверса, баъзи тадқиқотчилар воҳанинг шимолий ҳудудларида шаҳарларнинг ўсиши ва воҳа марказининг Қанқадан араб манбаларида Мадина аш Шош деб тилга олинувчи Мингўрик шаҳрига кўчирилишини хоқонликнинг воҳадаги ноиби – турк тудунининг Сирдарёнинг ўрта ҳавзасидаги туркий қабилалар билан алоқаларни янада кучайтиришга қаратилган фаолияти билан боғлайдилар. Туркиялик санъатшунос олима Э. Эсин эса 605-819 йилларда турк тудунларининг ўрда шаҳари Юнусобод Оқтепаси бўлган, деб ҳисоблайди. Бироқ, бу соҳа мутахассислари ушбу масалада бирор-бир фикр-мулоҳазаларни билдиришмаган бўлиб, фақат ушбу ёдгорликни илк ўрта асрларда Ўрта Осиёнинг барча воҳаларига хос бўлган зодагон қасри сифатида баҳолашган. Демак, ушбу масала, қолаверса, воҳадаги яна бир туркий сулола бўлмиш Чоч Тегинларининг шаҳар марказлари қаерда жойлашганини аниқлаш кейинги муҳим вазифалардан саналади.

Бироқ, нима учун Чоч, Суғд, Усрушона каби ўлкаларда айнан VI–VIII асрларга келиб, қаср-цитаделлар этагида сарой иншоотларини бунёд этиш одатга айлангани ҳақидаги савол ҳалигача очиқ қолмоқда. Бу ҳол ўша даврга тааллуқли ёзма манбалар ва моддий-ашёвий буюмларда ҳам ўз аксини топган бўлиб, айниқса, турк-суғд анъаналарининг синтези натижасида шаклланган минтақанинг тасвирий санъат ёдгорликларида яққол намоён бўлади. VI–VIII асрларга оид ҳукмдор саройларига ишланган бундай деворий расмлар (Афросиёб, Панжикент, Қалъаи Қаҳқаҳа, Шаҳристон, Қува, Ажинатепа кабилар) да ўша давр турк сиёсий ҳокимиятининг изларини кўришимиз мумкин. Мазкур санъат асарларида аъён ва жангчилар тасвирлари қадимги туркийларга хос бўлиб, бу уларнинг кийим-кечаклари, қурол-яроғлари ва ҳ.к.ларида аниқ кўзга ташланади. Ушбу маълумотлар, гарчи, келгусида янада кўпроқ тадқиқотларни талаб этишига қарамай, турк хоқонлари ва уларнинг жойлардаги бошқарувчилари ўзларига сиёсий ва маъмурий марказ сифатида танлаган жойларда янгидан ёки аввалги кичик манзилгоҳлар ўрнидан йирик шаҳарлар қад кўтарган, деган дастлабки хулосаларни илгари суриш имконини беради (масалан, Фарғонадаги Косон шаҳар харобасининг шарқий қисми VI–VIII асрларда қад кўтарган).

Энди, қўйилган масала билан боғлиқ яна бир муаммога ўтсак. Жуда кўпчилик палеоурбанологлар VI–VIII асрларда минтақада шаҳарларнинг равнақ топишини халқаро савдо йўлининг жадал ривожланиши билан боғлайдилар. Агар эътибор берилса, Турк хоқонлиги даврида Буюк ипак йўлининг шимолий тармоғи, яъни Сирдарё–Тяньшань– Олтой қисмлари жанубий тармоққа нисбатан анча ривожлангани кўзга ташланади. Бунинг сабаби, энг аввало, Эрон Сосонийлари билан ўзаро дипломатик муносабатларнинг бузилиши оқибатида хоқонлар томонидан суғдий Маниах бошчилигидаги савдо ва дипломатик элчилик ҳайъатининг Византия империясига янги йўл орқали юборилиши бўлди. Ушбу элчилик миссияси Еттисув орқали Сирдарё ва Оролбўйи, у ердан Манғишлоқ орқали Каспийбўйи ва ундан Шимолий Кавказга, Кавказ тоғларидан эса Византия империясининг пойтахти Константинопол шаҳри (Истанбул)га етиб борганди. Бу ҳол, ушбу йўл бўйлаб жойлашган эски шаҳар ва манзилгоҳларнинг янада тараққий этишига, янги тижорат марказларининг эса тезлик билан қад кўтаришига сабаб бўлди. Чоч воҳаси ҳам айнан Шимолий йўл бўйидаги муҳим аҳамиятга эга ҳудудлар қаторига кирар эди.

Қолаверса, айнан шу ҳудудлар, аниқроғи, Олтой, Еттисув ва Чочда турк хоқонларининг марказ қароргоҳлари жойлашган эдики, бу ҳолат мазкур воҳалардаги шаҳарсозликнинг ривожланишига ўз таъсирини кўрсатмай иложи йўқ эди. Ваҳоланки, Кушонлар ва ундан кейинги хоқонликкача бўлган давлатларнинг ҳукмронлиги даврида Амударё ва унга туташ ҳудудлардан ўтувчи Жанубий тармоқ анча тараққий топганди. Маълумки, Кушонлар, Хионитлар, Кидаритлар, Эфталитлар каби давлатларнинг сиёсий марказлари асосан Жанубий йўналиш бўйлаб жойлашган эди. Турк хоқонлигининг ғарбий қаноти марказлари эса, аксинча, Шимолий тармоқда ташкил топганди. Демак, давлатларнинг сиёсий марказлари халқаро савдо ва иқтисодий ҳаётга таъсир этибгина қолмай, урбанизация жараёнларида ҳам сезиларли роль ўйнаган. Шу ўринда, асосий бойликлар сиёсий марказга қараб оққанлигини назарда тутиш зарур.

Чоч воҳаси турк хоқонларининг танга зарб қилдирадиган марказларидан бири ҳам бўлган. Буни сўнгги пайтларда Тошкент воҳасидан топилаётган кўпчилик тангаларнинг шу даврга оидлиги тасдиқлайди. Ушбу қимматли нумизматик материалларга таянган ҳолда, турк хоқонлари аввалги эски қарашлардан фарқли ўлароқ, ўзларининг тангапулларини зарб эттиришгани ҳақидаги хулосалар ҳозирда тобора ўзининг илмий тасдиғини топмоқда. Бизга яхши маълумки, давлатларнинг зарбхонаси қайси шаҳарда ёки шаҳарларда жойлашган бўлса, ўша шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудлар жадаллик билан тараққий этиб борган. Афсуски, ҳозирча Турк хоқонлигининг зарбхонаси айнан қайси шаҳарда жойлашгани аниқланмаган бўлса-да, топилаётган нумизматик материалларнинг аксарияти Чочдан чиқаётганлиги сабабли ҳам, бундай марказ Чочда бўлган, дейиш учун тўла асос бўлади.

Хуллас, юқоридаги барча маълумотлар бизга VI–VIII асрларда минтақа шаҳар маданияти, хусусан, Чоч воҳаси шаҳарлари тараққиёти асосан Турк хоқонлигининг шаҳарсозлик сиёсати билан боғлиқ эди, деган янги хулосани илгари суриш имконини бермоқда. Хўш, турк хоқонларининг ҳамда уларнинг қўли остидаги воҳаларнинг бундай шаҳарсозлик сиёсатидан манфаатдорлиги нимада эди? Хоқонлар учун, албатта, бундай манфаатлар биринчи навбатда юқорида кўриб ўтилган ҳарбий ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, тижорат ва сиёсий-молиявий марказлар билан белгиланса, уларнинг тобелари учун эса энг аввало, бу минтақанинг ягона марказлашган давлат қўли остида бирлаштирилиши бўлди.

Марказлашган ҳокимият минтақада осойишталикни таъминлайди, бу эса ўз-ўзидан иқтисодий ва маданий тараққиётнинг жадаллашувига олиб келди. Хусусан, улкан мамлакатнинг иқтисодий қудратини таъминловчи омиллардан бири тижоратга давлат томонидан ҳомийлик қилиниши (давлат протекцияси) турк хоқонларининг халқаро савдо битимларини тузиши, янги тижорат йўлларига асос солиши ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаши кабиларда ўз ифодасини топган. Буларнинг барчаси эса азалдан тижоратга моҳир суғдий савдогарларнинг карвон йўллари бўйлаб ўз тижорат факторияларига асос солишлари учун қулай имконият яратарди. Шунинг учун ҳам Марказий Евросиё минтақаси тарихи билан шуғулланувчи кўплаб олимлар воҳаларнинг Турк хоқонлиги таркибида бўлган қарийб икки аср вақт давомида уларда нафақат ижтимоий-сиёсий жараёнлар, балки, этник-маданий жараёнларнинг жадаллашуви ҳам кузатилганини ёзишади. Шу ўринда турколог олим Л.Н. Гумилевнинг “фақатгина сиёсий бирлашув тижорат карвонлари, гуллаб-яшнаган боғ-роғлар, ҳунармандчилик устахоналари билан тўла шаҳарларнинг хавфсизлигини таъминлай олиши мумкин эди. Ашина уруғидан бўлган турк хоқонлари мамлакатда зарур осойишталикни таъминлайди”, деган фикрига қўшилмай иложимиз йўқ.

Хуллас, Турк хоқонлигида мавжуд шаҳар маданияти жаҳон тарихшунослиги учун деярли янги мавзулардан бири бўлгани сабабли ҳам, ҳали бу мавзуда қилиниши керак бўлган масалалар анчагина. Бироқ, ҳозирдан шуни айтиш мумкинки, Чоч воҳасида минтақанинг бошқа воҳалари каби қадимданоқ туркий халқларнинг роли катта бўлган. Бунинг биргина исботи воҳанинг энг қадимий номларидан бири – Чоч сўзининг қадимги туркий тил асосидан ясалиб, “тош” (феруза тоши) маъносини билдиришидир. Агар, шу маълумотдан келиб чиқиб, унга бошқа ёзма, археологик ва этнографикфольклор манбалари ҳам жалб этилса, Тошкент воҳасининг қадимги ва илк ўрта асрлар даври тарихини қайтадан кўриб чиқишга тўғри келиши ойдинлашади. Мана бу масала энди келажакдаги тадқиқотчилар олдида турган энг долзарб масалалардан биридир.

М.М. Хатамова

Чач в составе Тюркского каганата: некоторые причины развития городской культуры

В статье проанализированы некоторые аспекты развития городской культуры Тюркского каганата на примере Чачского оазиса. В частности, рассматриваются градостроительная политика тюркских каганов, связанная с реформами в горнорудной промышленности, политические и административные центры каганов и их наместников, торговля и монетное дело. Обосновывается, что в период господства Тюркского каганата в регионе были обеспечены необходимые условия для развития городской культуры оазиса в результате создания централизованного государства.

M.М. Khatamova

Chach in structure of Turkic Khaghanate: some reasons of development of urban culture

In the article the author has tried to analyze some aspects of development of urban culture of Turkic khaghanate based on an example of Chach oasis. In particular, the town-planning policy of Turkic khaghans is considered in such areas as the reform of mining, political and administrative centers of khaghans and his representatives, trade and coinage. However, the most important is that during the domination of Turkic khaghanate in the region necessary conditions for development of urban culture of an oasis was supplied as the result of creation of the centralized state.

Фойдаланилган адабиётлар:

Гумилев Л.Н. Древние тюрки. М., 1993. С. 152-153.

Бабаяров Г.Б. Древнетюркские монеты Чачского оазиса VI–VIII вв. Т., 2007; ўша муаллиф. Türk Kültürünün esas temelleri: Köktürklerde para sistemi // Bilim ve Utopya. Şubat, 2005 (Ïstanbul), Sayı 128, s. 16-24; Исхаков М., Камолиддин Ш., Бабаяров Г. Заметки по истории нумизматики раннесредневекового Чача (III–VIII вв.). Серия «Рабочие документы ИФЕАК». Вып. 26. Ташкент, 2007.

Esin E. Orduğ (Başlangiçtan Selçuklulara kadar Türk Hakan şehri) // Tarih araştırmaları dergisi. Ankara Üniversitesi Dil-Tarih-Coğrafya Fakültesi, 6 (10-11), Ankara, 1972. S. 135-215.

Филанович М.И. Ташкент: зарождение и развитие города и городской культуры. Ташкент: Фан, 1983. С.117-118.

Филанович М.И. Взаимодействие элитных субкультур Согда и Чача в раннем средневековье // Самарқанд шаҳрининг умумбашарий маданий тараққиёт тарихида тутган ўрни. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейига бағишланган халқаро илмий симпозиум материаллари. Тошкент-Самарқанд: Фан, 2007. С. 66.

Гюль Э.Ф. Диалог культур в искусстве Узбекистана. Античность и средневековье. Ташкент: PRINT-S, 2005.

Альбаум Л.И. Живопись Афрасиаба. Ташкент: Фан, 1975. С. 106-109; Литвинский Б.А., Соловьев В.С. Средневековая культура Тохаристана (в свете раскопок в Вахшской долине). М.: Наука, 1985. С. 145-146; Распопова В.И. Поясной набор Согда VII-VIII вв. // Советская археология. М., 1965. № 4. С. 78-91; Аржанцева И.А., Иневаткина О.Н. Еще раз о росписях Афрасиаба: новые открытия, которым четверть века // Центральная Азия. Источники, история, культура. Материалы Межд. науч. конф., посвященной 80-летию Е.А. Давидович и Б.А. Литвинского. М.: Вост. лит., 2005. С. 118-144; Arzhantseva I., Inevatkina O. Afrasiab wall-paitings revisited: new discoveries twenty-five years old // Royal Nauruz in Samarkand Proceedings of the Conference Held in Venice on the Pre-Islamic Paintings at Afrasiab. Rivista Degli Studi Orientali. Nuova Serie Vol. LXXVIII, Supplemento № 1 (2004). Ed. M. Comparetti, E. de la Vaissiere. PisaRoma, 2006. Р. 185-211.

Байпаков К.М. Средневековые города Казахстана на Великом шелковом пути. Алма-Ата: Гылым, 1998; Buryakov Y.F., Baipakov K.M., Tashbaeva K.H., Yakubov Y. The citits and routes of the Great Silk Road (on Central Asia documents). Tashkent: IICAS, 1999; Байпаков К.М., Шарденова З.М., Перегудова С.Я. Раннесредневековая архитектура Семиречья и Южного Казахстана на Великом шелковом пути. Алма-Ата, 2001. С. 30; Буряков Ю.Ф., Грицина А. Мавераннахр на Великом шелковом пути.

Чайльд Г. Прогресс и археология. М., 1949. С. 29; Массон В.М. Первые цивилизации. Л., 1989. С. 8.

Буряков Ю.Ф. Из прошлого Чаткало-Кураминского промышленного района (К истории горной металлургии средневекового Илака): Автореф. дис… канд. ист. наук. Ташкент, 1966; ўша муаллиф. Горное дело и металлургия средневекового Илака. М., 1974; ўша муаллиф. Генезис и этапы развития … С. 140.

Бабаяров Г.Б. Древнетюркские монеты … С. 29; Байтанаев Б.А. Вопросы локализации Нуджикета // Новые исследования по археологии Казахстана. Труды научно-практической конференции «Маргулановские чтения-15». Алма-Ата, 2004. С. 67-70, прим. 25.

Буряков Ю.Ф. Археологические материалы к этнической истории бассейна Средней Сырдарьи в древности и средневековье // Материалы к этнической истории населения Средней Азии. Ташкент: Фан

Бобоёров F. Ўзбек халқи давлатчилиги тарихида Чоч воҳасининг тутган ўрни (Илк ўрта асрлар мисолида) // Ўзбекистонда миллий давлатчилик назариясининг тарихий-фалсафий ва ҳуқуқий асослари. Илмий-назарий мақолалар тўплами. Тошкент, 2005. 49-57-бетлар; ўша муаллиф. Чач в эпоху Тюркского каганата (по нумизматическим данным) // Ўзбекистон тарихи моддий маданият ва ёзма манбаларда. Ташкент, 2005. С. 203-205; ўша муаллиф. Древнетюркские монеты Чачского оазиса VI–VIII вв. Ташкент, 2007.

Буряков Ю.Ф. Динамическая и статистическая модель процесса урбанизации по материалам Ташкентского оазиса // Аскаров А.А., Буряков Ю.Ф., Квирквелия О.Р., Радзилиловский В.В. Теоретические и методологические проблемы исследования в археологии. Ташкент: Фан, 1988. С. 128, 134.

Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития … С. 167-168.

Маргулан А.Х. Из истории городов и строительного искусства древнего Казахстана. Алма-Ата: Наука, 1950. С. 28; Буряков Ю.Ф. Генезис и этапы развития … С. 47, 50; Байпаков К.М. Средневековая городская культура Южного Казахстана и Семиречья. Алма-Ата: Наука, 1986; ўша муаллиф. Средневековые города Казахстана на Великом шелковом пути. Алма-Ата: Гылым, 1998; Байпаков К.М., Шарденова З.М., Перегудова С.Я. Раннесредневековая архитектура Семиречья и Южного Казахстана на Великом шелковом пути.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Т. 2. М.; Л., 1953. С. 273, 288; Chavannes E. Documents sur les Tou-kiue (Turcs). Occidentaux // Сборник трудов Орхонской экспедиции. Вып. 4. СПб., 1903. Р. 140-142; Малявкин А.Г. Танские хроники о государствах Центральной Азии. Новосибирск, 1989. С. 166, 270, коммент. 638.

Буряков Ю.Ф., Филанович М.И. Чач и Илак // Средняя Азия в раннем средневековье. Археология. Средняя Азия и Дальний Восток в эпоху средневековья. М., 1999. С. 78-92;

Буряков Ю.Ф. К истории раннесредневекового Чача // Ўзбекистон тарихи. 2002. № 3. С. 10-20; ўша муаллиф. Палеоэкологические и этнические процессы в контактных зонах Средней Азии в древности и средневековье (на примере бассейна Яксарта) // International Journal of Asian Studies, vol. 8, Seoul-Tashkent, 2003. С. 69-82;

Буряков Ю.Ф., Грицина А. Мавераннахр на Великом Шелковом пути. Самарканд-Бишкек: IICAS, 2006;

Мукминова Р.Г., Филанович М.И. Ташкент на перекрёстке истории (Очерки древней и средневековой истории города). Ташкент: Фан, 2001;

Ходжаев А. Наиболее ранние сведения китайских источников о государстве Шаш (Ташкент) // O’zbekiston tarixi. 2005. № 1. С. 3-17;

Ртвеладзе Э.В. История и нумизматика Чача (вторая половина III — середина VIII в. н.э.). Ташкент, 2006;

Шагалов В.Д., Кузнецов А.В. Каталог монет Чача III–VIII вв. Ташкент, 2006;

Исхаков М., Камолиддин Ш., Бабаяров Г. Заметки по истории нумизматики раннесредневекового Чача (III-VIII вв.). Серия «Рабочие документы ИФЕАК». Вып. 26. Ташкент, 2007;

Kamoliddin S., Babajar G. Some Notes on the Titles of the Pre-Islamic Rulers of Chach // Archivum Eurasiae Medii Aevi. Tom 15 (2006/2007). Wiesbaden, 2007.

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *