Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Чоч – Ғарбий Турк хоқонлигининг бошқарув марказларидан бири сифатида

Тошкент-2200. Чоч – Ғарбий Турк хоқонлигининг бошқарув марказларидан бири сифатида

Ҳар қандай давлат уюшмаси, у хоҳ ўтроқ этнослар томонидан барпо этилган бўлсин, хоҳ унга кўчманчи қабилалар асос солган бўлсин, ўз бошқарув марказини ҳар томонлама қулай жойда ташкил этишга уринган. Ўз географик жойлашувига кўра Еттисув худди шундай ҳудудлардан бири ҳисобланиб, Ғарбий Турк хоқонлигининг асосий бошқарув маркази вазифасини бажаришдан олдин ҳам бу ер милоддан аввалги мингйилликнинг сўнгги асрларида Усун каби нисбатан йирик кўчманчи давлат уюшмасининг, кейинроқ эса бир қатор катта-кичик қабила уруғлар томонидан ташкил этилган этно-сиёсий уюшмаларнинг бошқарув маркази вазифасини бажариб келган. Бундан ташқари, Чочнинг шимоли-шарқида жойлашган ва унга қўшни ўлароқ, мазкур ҳудудда кечган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ушбу воҳага ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаган.

Ҳозирги кун тарихшунослигида Еттисув Ғарбий Турк хоқонлигини 560-700 йилларда Ашина сулоласи бошқарган пайтда ҳам, 699-756 йиллар оралиғида Тургаш хоқонлиги ҳукм юритган паллада ҳам, ҳар иккала сулоланинг бошқарув маркази вазифасини бажариб келганлиги хусусида фикрлар муқимлашган. Ҳақиқатан ҳам, бу ердаги пойтахт шаҳарлардан бири — Суяб Ашина сулоласининг, Навокат эса Тургаш хоқонлигининг бошқарув маркази бўлганлиги масаласи ҳам ўша давр ёзма манбаларидаги маълумотлар, ҳам археологик тадқиқотлар асосида ўз тасдиғини топган. Бироқ, асосан хитой ва юнон (Византия) тилларидаги манбалар, қисман эса араб-форс тилли манбалардаги баъзи маълумотлар Ғарбий турк хоқонларининг ўз қароргоҳлари сифатида нафақат Еттисувдаги шаҳарларни танлашгани, балки вақти-вақти билан ўз бошқарув марказларини Юлдуз водийси (Шарқий Туркистон) ва Чоч воҳасига кўчиришганидан дарак беради. Кейинги йилларда аниқланган нумизматик материаллар ҳам бу масалани ҳал этишда муҳим ўрин тутади.

Гарчи, хитой йилномаларида Ғарбий турк ҳукмдорлари ўз қароргоҳини уч маротаба Чоч шимолидаги мавзеда қуришгани ҳақида эслатилган ёки араб географлари асарларида воҳанинг қадимий ҳарбий қалъа шаҳри сифатида Жабғукат номи учраши тадқиқотчиларга яхши маълум бўлса-да, бу ер хоқонликнинг сиёсий марказларидан бири бўлганми ёки аксинчалиги масаласи шу пайтгача эътибордан четда қолиб келган.

Аввало, бу масалани тадқиқ этишдан олдин, уни ҳал этишда ёрдам берадиган ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий ҳолатга назар ташласак. Маълумки, 552 йилда Олтой тоғларининг жанубий этакларида Ашина турклари ўз хўжайинлари Жуан-жуан хоқонлигига қарши бош кўтарадилар ва ушбу давлатни ағдариб, қисқа муддат ичида унинг қўл остидаги ҳудудлар устида, маркази Ўрхун водийси (Мўғулистон) бўлган Турк хоқонлигига асос солганлар. Орадан кўп ўтмай эса ушбу хоқонлик Эфталитлар давлатига барҳам бериб, ўз ҳудудларини Амударёгача кенгайтиради ва, пировардида, Узоқ Шарқдан то Шимолий Кавказ ҳамда Шимолий Қора денгиз бўйигача бўлган ҳудудлар битта давлат қўл остида бирлаштирилади. Айнан шу пайтдан бошлаб, хоқонликнинг Олтой тоғидан бошланувчи ғарбий қисмида, марказ (Ўрхун водийси) га бўйсунувчи Ғарбий қанот ташкил этилади ва унинг маркази дастлаб Юлдуз водийсидаги Оқтоғ, кейинроқ эса Еттисувдаги Суяб шаҳри бўлиб қолади. Кейинчалик ушбу қанот замирида Ғарбий Турк хоқонлиги вужудга келади.

Гарчи, Ғарбий Турк хоқонлигининг чегаралари Қора денгизнинг шимоли, Хуросон, Шимолий Ҳиндистон, Тибет ҳудудларигача бўлган кенг ҳудудни ўз ичига олган империя бўлиши билан бирга, ўзининг марказий ҳудудига эга эди. У Еттисув ва атрофлари ҳамда Юлдуз водийси билан кифояланиб, шарқда тахминан Олтой тоғининг ғарбий этаклари ва Олтой тоғларигача, ғарбдан Талас дарёси ҳавзалари, жануб ва жанубиғарбдан Чоч – Фарғона – Қошғар – Куча – Янки (Қорашаҳр) – Гаочан (Турфон) ҳукмдорликлари, яъни Тангритоғ (Тяньшань)нинг шимолий этаклари билан ўралган эди. Қолган ҳудудлар, аниқроғи Шарқий Туркистон, Амударё – Сирдарё оралиғи, Хуросон, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистондаги воҳа ҳукмдорликлари хоқонликнинг бевосита эмас, билвосита ҳудудини ташкил этиб, улар дастлабки пайтларда асосан хоқон томонидан юборилган ноиб – тудунлар назоратидаги маҳаллий сулолалар томонидан бошқарилган. Ҳатто, Исфижоб (Сайрам), Фороб (Тарбанд) каби Сирдарёнинг ўрта ҳавзасидаги кичик ҳукмдорликлар ҳам ўз географик жойлашувига кўра, одатда, Еттисувга нисбатан кўпроқ Чочга яқинлашар, ҳатто вақти-вақти билан Чоч ҳукмдорлиги таркибига кирар эди.

Энди, Чоч воҳасининг бир муддат Ғарбий Турк хоқонлиги бошқарув марказларидан бирига айланиши масаласига келсак. Гарчи, хитой йилномаларида воҳа хоқонликнинг марказий ҳудуди сифатида тилга олинмаган бўлса-да, юқорида қисқача тўхтаб ўтганимиздек, Чоч бир неча маротаба хоқонлик ўз қароргоҳини барпо этган жой сифатида қайд этилганининг гувоҳи бўламиз. Хоқонликнинг асосичиларидан бири Истами ябғу (560-576) VI асрнинг 60-йилларида, ғарбда Эфталитларга қарашли ҳудудлар ичида илк ўлароқ, Чоч воҳасини қўлга киритган палладан то шу асрнинг охиригача хоқонлик ва воҳа орасида бирор-бир жиддий воқеа содир бўлганига доир маълумот учрамайди. Бироқ, VII аср бошларига келгач, Чоч ва хоқонлик орасида жиддий воқеалар содир бўла бошлайди. Дарвоқе, хитой йилномаларида қайд этилишича, 605 йилда Ғарбий Турк хоқонлиги амалдорларидан бири, кейинчалик хоқон бўлган Шегуй (611–618) Чочдаги маҳаллий ҳукмдорни ўлдириб, бу ерни улус (удел) сифатида тўғридан-тўғри ўз тасарруфига олади ва бошқарувга бевосита хоқонликнинг бошқарувчи хонадонидан бўлмиш Тегин Тянчжи (Теле Тянчжи; 605–609)ни тайинлайди. Шу ўринда Чоч тарихи билан боғлиқ яна бир масалага тўхталиб ўтиш лозим. Шегуй хоқон бўлишидан анча аввал, яъни 611 йилгача хоқонлик бошқарувида шад мартабасини эгаллаб турган пайтда, Чоч воҳасини ўз чекига тушган улус (удел) сифатида олган эди. Хоқонлик бошқарув тизимида мавжуд таомилга кўра, шад унвони хоқоннинг ўғиллари ва жиянларига, яъни шаҳзода — тегинларга берилар ва улар ўз қўшинига эга бўлар ҳамда бирор ўлканинг бошқарувига тайинланардилар. Қисқаси, 605 йилда Чочнинг маҳаллий ҳукмдори хоқонликка тобе бўлишига қарамай, Шегуй шад билан низолашиб қолгач, бу ер Шегуйга улус қилиб берилганмиди ёки ундан аввалроқ ҳам воҳа ушбу шаҳзодага қарашли улус эдими, деган масала муаммолидир. Айнан шу йилларда воҳада хоқонликнинг бошқарувчи хонадони – Ашина сулоласига мансуб Тегин Тянчжидан бошланувчи ва то VII асрнинг ўрталаригача бош сулола мақомида бўлиб келган Чоч Тегинлари (605-750) ҳукмронлигининг илк йиллариданоқ, воҳа Ғарбий хоқонликнинг марказий бошқаруви билан бевосита алоқадор бўла бошлаганди. Жумладан, Тан-шу йилномасида қайд этилишича, Ғарбий Турк хоқони Чуло (Чура; 603–610) ўз давлати ҳудудида яна иккита “кичик хоқон” тайинлаб, улардан бирининг қароргоҳини Ши-го (луғ. Тош давлати)нинг шимолида таъсис қилади ва бутун Ху ўлкаларини, яъни ўтроқ ҳукмдорликларни ушбу “кичик хоқонлик” воситасида бошқара бошлайди. Ушбу “кичик хоқонлик”нинг айнан қачон, Чуло хоқон бошқарувининг қайси йилида ташкил қилингани аниқ бўлмаса ҳам, унга асос солинган вақт тахминан 605 йилдан кейинги саналарда, Чуло ва Шегуй орасига нифоқ тушиб, давлатнинг ғарбий қисмларида ҳокимиятни мустаҳкамлашга эҳтиёж сезилган бир пайтга тўғри келса ажабмас. Муҳими бу эмас, янада аҳамиятлироғи хитой йилномаларида “Чуло хоқон Чочнинг шимолида “кичик хоқонлик” таъсис қилди”, деб қайд этилар экан, воҳанинг айнан қайси жойини назарда тутганлигидир. Боиси, қадимдан Чочнинг ҳудуди анъанавий тарзда шимоли-шарқда Тароз, шимоли-ғарбда эса Сирдарёнинг ўрта ҳавзалари, аниқроғи, Тарбанд (Фороб/Ўтрор-Шавғар) гача бўлган ҳудудларни ўз ичига олар, шимолий ҳудудлари деганда эса Исфижоб (Сайрам) каби вилоятларни ҳам ўз ичига олувчи Тарбанд ва Тароз оралиғидаги вилоятлар тушуниларди. Бунинг мозийси, ҳатто, милоддан аввалги даврларга бориб тақалардики, манбалардан хитойликларга енгилган Ҳун шаньюйи Чжичжи Қанғ ҳукмдоридан ёрдам сўраб, милоддан аввалги 40-йилларда ўз аскарлари учун Талас дарёси бўйида қалъа қурдиргани маълум. Дарвоқе, VIII асрнинг ўрталарида ҳам Да-ло-сы (Талас/Тароз) шаҳрида Чоч ҳукмдорлари мунтазам равишда ўз гарнизонини сақлагани Тан-шу йилномасида қайд этилган. Тарозни Чочга тегишли деб билиш анъанаси, эҳтимол, Қанғ давлати (мил. ав. III – мил. III аср.) нинг ушбу мавзени ўз ҳудудига олган даврлардан бери давом этиб келган шекилли, маълум маънода унинг ворислари бўлмиш Чоч ҳукмдорлари доимо бу ерга ўз эътиборларини қаратиб келишган.

Афтидан, ўтмишда Чочнинг шимоли-шарқдаги чегараси Тароз шаҳри ва атрофларига бориб туташганлигидан хитой муаррихлари ҳам хабардор бўлса керак. Аксарият ҳолатларда Тароздан шарқда, Мерке атрофидаги Мингбулоқни ҳам Чочнинг шимолида жойлашган мавзе сифатида кўрсатишган. Жумладан, Тан-шу йилномасида Ғарбий Турк хоқонлигининг энг қудратли ҳукмдорларидан бири Тун ябғу-хоқон (618–630) ўз ҳокимиятининг дастлабки йилларидаёқ, қароргоҳини воҳанинг шимолидаги ЦяньЦюань (Мингбулоқ) мавзесига кўчиргани ва бу ердан туриб вассал Ғарбий ўлкалар устидан назоратни кучайтиргани таъкидланади. Тун ябғу-хоқоннинг сиёсий марказ моҳиятидаги қароргоҳини Еттисувдан Чоч воҳасига кўчиришдан мақсади, ҳар ҳолда воҳанинг стратегик жиҳати билан боғлиқ бўлса керак. Чунончи, Чоч ўзининг жуғрофий жойлашувига кўра Марказий Осиёнинг шимоли-шарқий қисмидаги кўчманчи-чорвадор элатлар билан минтақанинг жануби-ғарбий қисмидаги ўтроқ-деҳқон халқлар орасида сиёсий-маданий ва тижорий алоқалар учун кўприк вазифасини ўтарди. Айниқса, бу ҳудуд хоқонлик таркибига киргач, воҳада тижорий ҳаёт гуркираб ўса бошлаши, хоқонларнинг эътиборини тортмасдан қолмасди. Шу билан бир қаторда Чоч воҳасида қароргоҳ қуриш ҳам кўчманчилар устидан, ҳам ўтроқ воҳалар устидан назоратни янада қулайлаштиришга олиб келарди. Тун ябғу-хоқон ҳам Чочнинг бу каби жиҳатларини назарда тутгани учунми, хитой йилномаларида қайд этилишича, у ўз қароргоҳини Мингбулоқда барпо этгач, бу ердан туриб қўл остидаги вассал ҳукмдорликлар бошқарувчиларининг ҳар бирига элтабар унвонини тақдим этади ва уларни назорат қилиш учун бирор нафардан тудун юборади. Бинобарин, Турк хоқонлигида юқори даражали унвонлардан бири элтабар “бирор эл ёки давлатнинг бошқарувчиси”, тудун эса “бўйсундирилган ўлкалардан солиқ йиғишни ташкил этувчи ва маҳаллий ҳукмдор устидан назорат қилувчи”, яъни ноиб маъносида қўлланиларди. Демак, тобе ҳукмдорларга ҳам юқори унвон бериш, ҳам улар устидан бирор назоратчи тайинлаш каби ислоҳатларни амалга ошириш билан Тун ябғу-хоқон вассаллар устидан назоратни янада мустаҳкамлаш ниятида бўлган ва ўз қароргоҳини айнан Чочга кўчирган.

Дарвоқе, Чочнинг ўзига хос жиҳатлари Тун ябғу-хоқондан олдин ўтган ҳукмдорларнинг назаридан ҳам четда қолмаган эди. Аввало, у ўз қароргоҳини Чочнинг шимолига кўчириш билан, ўзидан бирмунча муддат олдин Чуло хоқон (603-610) томонидан амалга оширилган ишни айнан такрорлайди. Аҳамиятлиси шундаки, Чоч воҳаси Ғарбий Турк хоқонлиги учун қарийб яна ярим аср давомида стратегик аҳамиятини йўқотмаган бўлса керак, 651-657 йилларда хоқонликнинг Ашина сулоласидан бўлган сўнгги мустақил ҳукмдори, Истами ябғунинг бешинчи бўғин авлоди бўлмиш Ишбара хоқон (Ашина Хэлу/Улуғ) ҳам ўз қароргоҳи сифатида Мингбулоқни танлагани маълум.

Шунингдек, воҳанинг маркази Бинкент (ҳозирги Тошкент) шаҳрининг яқингинасида Жабғукат номли шаҳар қад кўтарган бўлиб, тадқиқотчилар унинг пайдо бўлишини хоқонлик билан алоқали ҳисоблайдилар. Бунинг асосида эса бир томондан археологик тадқиқотлар натижасида шаҳарнинг айнан VI-VII асрларда барпо қилингани, қолаверса бошқа ёқдан ушбу шаҳар номининг луғавий жиҳатдан “Жабғу шаҳри”, яъни “Ҳукмдор шаҳри” маъносини билдириши каби омиллар ётади. Маълумки, туркий халқларда қадимдан пойтахт ёки қароргоҳ шаҳар номини ҳукмдорнинг унвони билан аташ анъана эди. Жумладан, Хазар хоқонлиги (650-965) нинг пойтахти Хонбалиқ (“Хон шаҳри”) деб номланган бўлса, кейинчалик мўғуллар Хитойни эгаллагач, бу ернинг пойтахти Пекинни ҳам анъанага мувофиқ худди шундай ном билан атай бошлашганди. Демак, Чоч воҳасидаги шаҳарнинг Жабғукат деб аталишида ҳам қадимги туркий анъана ётади, деб айтишга асос бор. Гарчи, бир қатор тадқиқотчилар Жабғукатни Тун ябғухоқоннинг қишлик қароргоҳи бўлган, деб ҳисоблашса-да, ушбу шаҳарнинг ундан анча олдин, Ғарбий Турк хоқонлигининг бош ҳукмдорлари ябғу/жабғу унвони билан ҳукм юритаётган пайт – VI аср охирларида худди шу мақсадда барпо этилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айнан шу пайтларда жабғу унвони бир муддат Ғарбий Турк хоқонлигининг бош ҳукмдорларига нисбатан қўлланилгани ва улардан бир нечтаси айнан Чоч воҳасига ташриф буюрганликлари назарда тутилса, Жабғукатнинг хоқонлик билан алоқали равишда пайдо бўлгани масаласида шубҳага ўрин қолмайди. Шу ўринда араб географлари асарларида учрайдиган “Жабғукат – чиройли шаҳар бўлиб, қадимда Чочнинг ҳарбий лагери – лашкаргоҳи эди” шаклидаги маълумот ушбу шаҳарнинг нима мақсадда барпо қилинганини янада ойдинлаштиради. Бундан ташқари, араб географлари асарларида Жабғукат билан деярли ёнма-ён жойлашган Хотункат номли шаҳарнинг қайд этилиши, ҳатто, ушбу шаҳар номининг хитой йилномаларида улардан ҳам анча олдин, 640 йилларда Ғарбий турк хоқонларидан бири Эл-Билга Тулу хоқон (Иби Дулу кехан; 638–642) нинг Чочга қочиб, Кохотун-чэн (луғ. “Хотун шаҳри”) га сиғиниши муносабати билан учраши ҳам диққатга сазовордир. Аҳамиятлиси шундаки, ушбу шаҳар номи остида ҳам қадимги туркий анъана – давлат бошқарувида бош ҳукмдор — хоқон билан биргаликда, доимо унинг аёли хотун унвонли малика жой олиши анъанаси ётганлигини кўриш мумкин. Бу, аввало, қадимдан туркий халқлар кенг тарқалган ҳудудларда Хотун-балиқ (“Хотун шаҳри”), Хотунсини, Хотун-арт, Хотунсув номли топонимларнинг учрашида ўз тасдиғини топса, иккинчидан, Хотункат шаҳрининг айнан Жабғукат шаҳри билан ёнма-ён жойлашган шаҳар сифатида эслатилишининг ўзиёқ, унинг хоқонлик билан алоқали равишда қад ростлаганини кўрсатади. Шунингдек, археологик тадқиқотлар ушбу шаҳарнинг ҳам VI-VII асрларда вужудга келганини тасдиқлаши, Хотункатнинг хоқонлик билан боғлиқлиги борасида шубҳага ўрин қолдирмайди. Демак, Жабғукат-Хотункат параллели – бу хоқонлик сиёсий марказида ҳукмдор ўрдаси (ёки чодири) билан ёнма-ён малика ўрдасининг жой олиши анъанасининг Чоч воҳасида ёнма-ён жойлашган шаҳар мисолида акс этишидир, деб ҳисоблаш мумкин. Шу тариқа воҳада Хотункат шаҳрининг мавжудлиги ҳам Чоч бир муддат Ғарбий Турк хоқонлигининг бошқарув маркази бўлганига яна бир далил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Х аср араб географлари Шошнинг пойтахти Бинкетдаги маҳалла, кўча ва дарвозалар номларини қайд этар эканлар, уларнинг орасида Кўйи Хоқон номи учрайдики, “Хоқон кўчаси” маъносидаги ушбу жой номининг пайдо бўлиши ҳам, бизнингча, Ғарбий Турк хоқонларининг Чочдаги фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Агар Чоч воҳасида VI-VII асрлар мобайнида зарб қилинган тангаларнинг салмоқли бир қисми Ғарбий Турк хоқонлигига тегишли бўлиб чиқмаганида эди, воҳа хоқонликнинг бошқарув марказларидан бири бўлгани ҳақидаги масала етарлича тасдиқланмасдан қолаверарди. Кейинги йилларда Тошкент воҳасидан топилаётган нумизматик материалларни синчиклаб ўрганишимиз натижасида ушбу хоқонлик томонидан қарийб 20 типдаги суғдий ёзувли тангалар зарб қилингани аниқланган бўлиб, уларнинг 3 та типида “жабғу”, 5 та типида “жабғу-хоқон”, 5 та типида эса “хоқон” унвони ўрин олган, қолганлари эса анэпиграфик (4 та тип) ва ёзувлари ҳалигача тўлақонли ўқиб чиқилмаган (2 та тип) тангалардан иборат. Аҳамиятлиси шундаки, ушбу тангалар орасида 2 нафар ҳукмдор исми учраб, улардан бирида 576-583 йилларда Ғарбий қанот ҳукмдори бўлган, 600-603 йилларда эса Шарқий қанотни ҳам эгаллагач, Турк хоқонлигининг бош ҳукмдорига айланган Тарду хоқоннинг номи, иккинчисида эса 618-630 йиллардаги ҳукмронлиги давомида Ғарбий Турк хоқонлигини энг қудратли давлатга айлантирган Тун ябғу-хоқоннинг номи акс этган. Энг муҳими шуки, Турк хоқонлигининг марказлари бўлмиш на Ўрхун водийсида ва на Еттисувда хоқонлик билан алоқадор тангалар топилмагани боис, шу пайтгача тадқиқотчилар орасида “хоқонлик танга-пул тизимига эга бўлмаган” мазмунидаги фикрлар ҳукмрон эди. Ниҳоят, Тошкент воҳасидан Ғарбий Турк хоқонлигига тааллуқли юзлаб нусхада мазкур мис тангаларнинг топилиши бу масалага ойдинлик киритиши баробарида, ушбу хоқонликнинг давлат сифатида шаклланиш жараёнларини ҳам акс эттирганлиги аниқланди. Яъни, Ғарбий хоқонликнинг шаклланиш жараёнларини изчил ёритиш имконини бермайдиган ёзма манба маълумотларини Тошкент воҳасининг нумизматик материаллари тўлдирадиган моҳиятдадир. Дарвоқе, Ғарбий Турк хоқонлиги ўзининг шаклланиш жараёнларида учта босқични босиб ўтган бўлиб, илк босқичда у Турк хоқонлигининг Ғарбий қаноти бўлиб, бошқарувчилари ябғу унвонига эга бўлишган ва марказий ҳокимият мавқеидаги Шарқий хоқонликка бўйсунишган, яъни Ябғулик даври (VI аср 60-йиллари ва охирги чораги); иккинчи босқичда эса Ғарбий қанот ўз сиёсий фаолиятида деярли мустақил бўлиб, Шарқий хоқонликка номигагина бўйсунувчи сиёсий бирлик ўлароқ, ҳукмдорлари ябғу-хоқон унвонида ҳукм юритишган, яъни Ябғухоқонлик даври (VI аср охирлари – VII аср 30-йиллари); ниҳоят учинчи босқичда Шарқий Турк хоқонлигига 630 йилда Хитойнинг Тан сулоласи томонидан барҳам берилгач, мазкур хоқонликнинг вориси сифатида Ғарбий қанотнинг мустақил давлат –хоқонликка айланиши ва унинг бошқарувчилари олий ҳукмдор маъносидаги хоқон унвони билан ҳокимият юргиза бошлаган давр (VII аср 30-йиллари–VIII аср иккинчи чораги) ни ўзида намоён қилган. Бинобарин, Чоч, нафақат ўз тангаларида акс эттирган жабғу → жабғу-хоқон → хоқон каби унвонлар узвийлиги, балки иконографик, палеографик ва тамғалар шакли ( ) сингари хусусиятлари билан ҳам юқорида келтирилган Ғарбий Турк хоқонлигининг шаклланиш босқичларини очиб беради. Ўз навбатида Чоч бир муддат ушбу хоқонликнинг бошқарув марказларидан бири бўлиб туриши баробарида, хоқонлик учун ўша давр одатича давлат аломатларидан бири ҳисобланувчи танга-пул зарб қилишга мос ҳудуд бўлиб хизмат қилди.

Хуллас, бир-биридан фарқли тиллардаги ёзма манбалар маълумотлари ва нумизматик материаллар Чоч воҳаси маълум вақт мобайнида Ғарбий Турк хоқонлигининг бошқарув марказларидан бирига айланганидан дарак беради. Воҳанинг шимолидаги Мингбулоқ мавзеси қарийб юз йил давомида вақти-вақти билан Ғарбий Турк хоқонлигининг ёзги қароргоҳи бўлиши билан биргаликда бошқарув маркази вазифасини ҳам ўтаган, воҳанинг марказий қисмидаги Жабғукат шаҳри эса хоқонликнинг қишки қароргоҳи вазифасини бажарган. Бунда, энг аввало, воҳанинг ҳам стратегик, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим жойда жойлашгани катта роль ўйнаган.

Ғ. Бобоёров

Чач как один из центров управления Западно-Тюркского каганата

В статье предпринята попытка обоснования, на основе нумизматических данных и сведений письменных источников того, что Чачский оазис определенное время являлся одним из центров управления ЗападноТюркского каганата. В качестве доказательства исследователь приводит сведения из китайских хроник.

G. Babayarov

Chach is One of the Centers of Governance of the Western Turkic Qaghanate

In this article the author tries to give arguments on the base of numismatic data and information that Chach oasis for certain period was one of the centres of governance of the Western Turkic Qaghanate. Being related to Qaghanate, Arabian geographers inform that there was a city of Jabghukath near the capital of Shash, Binkath and there were the gates Binkath’s Kuy-i Xaqan (“the street of Xaqan”), and also the mintage of the specific coins of the Western Turkic Qaghanate with its high-rank titles such as Jabghu, Jabghu-qaghan, Qaghan in legends exactly in the territory of Chach oasis, etc.

Фойдаланилган адабиётлар:

Clauson G. A k-BeshIm Sûyâb // Asia Major, vol. 4, 1961, p. 1-13; Kармышев А.М. Раннесредневековый монетный комплекс Семиречья // История возникновения денежных отношений на территории Кыргызстана. Бишкек, 2002. С. 20.

Согдийские документы с горы Муг // Чтение. Перевод. Комментарий. Вып. II. Юридические документы и письма / Чтение, перевод и комментарии Лившица В.А. М., 1962. С. 82; Sims–Williams N., Grenet F. The Sogdian inscriptions of Kultobe // Shygys. 1. Almaty, 2006. Р. 103-107.

Буряков Ю.Ф. К истории раннесредневекового Чача // O’zbekiston tariхi. 2002. №3. С. 12.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. М.; Л., 1950. Т. 2. С. 313; Chav annes E. Documents sur les Tou-Kiue (Turks) occidentaux. СПб., 1903. Р. 141.

Togan İ., Kara G., Baysal C. Çin kaynaklarında Türkler. Eski T’ang Tarihi (Chiu T’ang-shu). Ankara, 2006. S. 80.

Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса (VI–VIII вв.). Ташкент, 2007. С. 46-49.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений… Т. 1. С. 279; Taşağıl A. Gök-Türkler. I, 2. Baskı, Ankara, 2003. S. 89

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений… Т. 2. С. 93; Зуев Ю.А. Ранние тюрки: очерки истории и идеологии. Алматы, 2002. С. 93.

Талас/Тароз – Н.Я. Бичурин баъзан ушбу шаҳар номини Хынлос шаклида келтиради (қар. Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений.., II. С. 314).

Chavannes E. Documents sur les Tou-Kiue.., р. 144.

Бичурин Н.Я. Собрания сведений… Т. 2. С. 283.

Toganİ., Kara G., Baysal C. Çin kaynaklarında Türkler. Eski T’ang Tarihi.., S. 85.

Толстов С.П. К истории древнетюркской социальной терминологии // ВДИ. 1938. № 1–2. С. 72-81.

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений… Т. 1. С. 289; Taşağıl A. Gök-Türkler. II, Ankara 1999. S. 71.

Жабғукат – ушбу шаҳарнинг ўрни ҳозирги Тошкент шаҳрининг шимоли-шарқида, Дўрмон қишлоғидан қарийб 4 км масофада жойлашган Оқ ота ёдгорлигига тўғри келади, деб ҳисобланади (Буряков Ю.Ф. Историческая топография Ташкентского оазиса. Ташкент, 1975. С. 74–75).

Байтанаев Б.А. Вопросы локализации Нуджикета // Новые исследования по археологии Казахстана. Труды научно-практической конференции «Маргулановские чтения — 15». А-А., 2004. С. 67-70, прим. 25.

al-Istakhri, Abu Ishak al-Farisi, Viae regnorum, ed. M.J. de Goeje, BGA, pars 1. Lugduni-Batavorum: E.J. Brill, 1967, P. 345; Hudud al-‘Alam, the regions of the world, a persian geography, translated and explained by V. Minorsky. London, 1970, P. 117, 357

Хотункат – ушбу шаҳарнинг ўрни ҳозирги Тошкент шаҳрининг шимоли-шарқида, Дўрмон қишлоғидан 4 км жанубда жойлашган, Оқота тепалигининг жанубидаги Туғайтепа ёдгорлигига тўғри келади (Буряков Ю.Ф. Историческая топография… С. 73–74).

Бичурин Н.Я. (Иакинф). Собрания сведений… Т. 2. С. 288; Chavannes E. Documents sur les Tou-Kiue.., р. 58. Бичурин ушбу шаҳар номини асл ҳолатида келтирмай, ўгириб “город Ханьша” тарзида берган. Бу эса О.И. Смирнова каби баъзи тадқиқотчиларни истисно қилганда, аксарият тадқиқотчиларни мазкур шаҳар номининг Хотункат билан алоқадорлиги ҳақида фикр юритишларидан чалғитган (қар. Смирнова О.И. Тюркологические заметки // СНВ. Вып.10. М., 1971. С. 65).

Бартольд В.В. Географический очерк Мавераннахра. Соч. М., 1963. Т.1. С. 228; Муҳаммаджонов А. Қадимги Тошкент. Тошкент, 1988. 43-бет.

Бабаяров Г., Кубатин А. К вопросу монетного чекана Западно-Тюркского каганата (на основе нумизматических материалов Ташкентского оазиса) // Тюркология. Туркестан (Казахстан). 2005. №6. С. 97-105; Бабаяров Г. Древнетюркские монеты Чачского оазиса. С. 9, 11-12.

Манба: Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
«Фан» нашриёти
2009

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли ички ва ташқи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *