Бош саҳифа » Тошкент-2200 » Тошкент-2200. Беруний ва Птолемей Тошкент ҳақида

Тошкент-2200. Беруний ва Птолемей Тошкент ҳақида

Тошкентнинг 1983 йилда нишонланган 2000 йиллиги ёдимизда. Ўшанда, асосан археологик қазишмаларга асосланиб, ўша сана нишонланган эди. Тошкент ҳақида тарихий манбаларда эслатилиши ҳам қарийб 2000 йилга бориб қолади. Тарихий тадқиқотлар тажрибаси кўрсатишича, бирор шаҳар ёки давлатнинг ёзма манбада эслатилиши бу объектларнинг пайдо бўлишидан 2-3 аср, баъзан эса 5 аср кеч келади. Шунинг учун Тошкентнинг тарихини ҳам бемалол икки минг йилдан ортиқ дейиш мумкин. Келинг, тарихий манбаларга мурожаат этайлик.

“Тошкент” деган атама биринчи марта ўрта асрларда Берунийнинг 1030 йилда ёзилган “Ҳиндистон” асарида учратилади. Асарида олим бундай ёзади: “Кўрмайсанми, “Тош” сўзи асли туркча исм бўлиб, “Шош” кўринишини олган, яъни туркча “Тошканд” — “тошли қишлоқ” сўзидан. Худди шунингдек “Жуғрофия” китобида “Бурж ал-ҳижора” (“Тош қалъа”) деб аталган”[1]. Беруний шунга ўхшаш сўзларни ўзининг 1037 йилда ёзган “Қонуни Масъудий” асарида ҳам айтган: “Бинкот Шошнинг маркази, туркчада Тошканд, юнончада Тош қала”[2].

Олимнинг “Ҳиндистон” асаридан олинган иқтибосга келсак, Берунийдан аввалги муаллифларнинг бирортасида туркча Тошканд атамаси учрамайди. Чунончи, 942-944 йилларда Мовароуннаҳрда, жумладан Тошкентда бўлган араб сайёҳ-географлари ал-Истаҳрий ва Ибн Ҳавқал бу атамани келтирмайдилар ва фақат Шош атамасини ишлатадилар[3].

Демак, Тошканд атамаси Шош атамасидан бироз кейинроқ қўлланилган кўринади. Шош атамасининг ўзига келсак, бу арабий атама бўлиб, шаҳарнинг қадимий аҳолиси — саклар тилидаги Чач атамасининг арабийлашганидир. Атама бу шаклда Эроннинг Сосонийлар сулоласидан иккинчи шаҳаншоҳ Шопур I (241-272) даврига тегишли ёзувларда учратилади. Бу ёзувлардан бирида “то Кат, Суғд ва Чач ҳудудларигача”[4] деган ибора келади.

Берунийнинг “Бурж ал-ҳижора” атамаси эса мусулмон олимларидан биринчи бўлиб унинг ватандоши Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг (783-850) “Китоб сурати-ларз” (“Ернинг тасвири китоби) асарида келтирилади[5]. Ал-Хоразмийдаги ном ҳам “Жуғрофия” китобидан олинган. Ҳақиқатан ҳам унинг асарининг номи “Сурат ал-арз” асарида юнонча “география” атамасининг арабчага таржимаси бўлиб, “жуғрофия” атамаси эса бу сўзнинг арабча талаффузга мослаштирилганидир.

Аслида эса “Жуғрофия” деб милодий I-II асрларда яшаган Клавдий Птолемейнинг “География” асари назарда тутилади. Бу асарнинг 6-китобида Яксарт дарёсининг, яъни Сирдарёнинг бошланиш ерларидан бирмунча шарқда кўчманчи саклар ўлкасида Lithinos Purgos (лотинча таржимасида: Turres Lapidea), “Тош қалъа” (ёки “Тош шаҳри”) ва унинг географик координатлари: узунламаси — 1350, кенгламаси — 430 келтирилади. Лекин шаҳарнинг Берунийдаги координатлари: 89010′ ва 430. Бундан кўринадики, Птолемейдаги шаҳарнинг узунламаси Берунийдагидан 40о ортиқ. Бундан ушбу хулосага келиш мумкин[6]: Птолемейдаги узунлама хато келтирилган бўлиб (чунки унинг ўзи бу ерларда бўлмаган), Берунийда у бирмунча тузатилган (шуни айтиш керакки, Берунийдаги энг шарқий топонимнинг узунламаси 1020ни ташкил қилади) ёки Птолемей бутунлай бошқа шаҳарни назарда тутган бўлиб, Беруний янглишган бўлиши мумкин. Кейинги ҳолда Птолемей Шарқий Туркистондаги Тошқўрғон шаҳрини назарда тутган бўлиши мумкин. Бунга унинг “География”сининг Лондон нашрида Tsats, яъни Чач шаҳри номининг алоҳида келтирилганлиги далил бўлиши мумкин.

А. Аҳмедов

[1] Абу Райҳон Беруний. Ҳиндистон. Танланган асарлар. II ж. Тошкент: Фан, 1965. 232-б

[2] Абу Райҳон Беруний. Қонуни Масъудий. 1-5 мақолалар. Танланган асарлар. V ж, 1-китоб, Тошкент: Фан, 1973. 426-б

[3] Бетгер Е.К. Извлечение из книги «Пути и страны». Вып. XI. Археология Средней Азии. Т. IV. Ташкент:211

[4] Луконин В.Г. Культура Сасанидского Ирана. Иран в III-V вв. Очерки по истории культуры. М.: Гл. ред. вост. лит-ры, 1969. С. 62, 126; Его же. Древний и раннесредневековый Иран. Очерки истории культуры. Гл. ред. вост. лит-ры. М., 1987. С. 219

[5] Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий. Танланган асарлар. Математика, Астрономия, География. Тошкент: Фан, 1983. 312-б

[6] KL. Ptolemaei. Geographiae Libri ato. Tabula Asiae VII, p. 81

Манба:

Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишланган Халқаро илмий конференция материаллари
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, «Фан» нашриёти, 2009

Ўхшаш мақола

XIX аср биринчи ярмида Тошкентнинг маъмурий-бошқарув тизими

Post Views: 2 XVIII асрнинг иккинчи ярмида Юнусхўжа (1784-1803) томонидан Тошкентда тўрт ҳокимлик тугатилиб, кучли …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *