Бош саҳифа » Жадидчилик » Тошентдаги жадидчилик

Тошентдаги жадидчилик

ТОШКЕНТДАГИ ЖАДИДЧИЛИК – 19-аср охири ва 20-аср бошларида Туркистон минтақаси ва унга туташ ҳудудлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этган ижтимоий-сиёсий маърифий ҳаракатнинг таркибий қисми. Бу ҳаракат дастлаб 19-асрнинг 80-йилларида Қримда Исмоилбек Гаспринский раҳбарлигида вужудга келган. Туркистонда жадидчилик ҳаракати вужудга келишида самарқандлик Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳим роль ўйнаган. Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев), Тошпўлатбек Норбўтабеков бу ҳаракат тепасида турган. Мунавварқори Тошкент жадидларининг отаси деб эътироф этилган.

Жадидлар мусулмон мактабларининг таълим усули ва дастурларини ислоҳ қилиб, янги усул (жадид) мактаблари очишган. 1900 йил Тошкентда Мунавварқори ташкил қилган янги усул мактаби иш бошлаган. Кейинчалик у намуна мактабига айлантирилиб, унда 5–6 синф каби юқори синфлар бўлган. Тошкентлик маърифатпарвар Саидрасул Саидазизов шаҳарда янги усулдаги маҳаллий мактаблар очган, уларни рус-тузем мактабларидаги таълим-тарбия методикаси асосида ишланган дастур ва дарсликлар билан таъминлаган, ўзи ҳам ўқитувчилик қилган. Унинг «усули савтия» («товуш усули») методидаги «Устози аввал» (1902) дарслиги 17 марта нашр этилган. Мунавварқорининг «Адиби аввал», «Адиби соний» (1907), Абдулла Авлонийнинг «Биринчи муаллим» (1910), «Иккинчи муаллим» (1912) каби дарсликлари чоп қилинган.

Жадидчилик ҳаракати давомида уларнинг ўз матбуоти шаклланди. Жадидлар Тошкентда 1905–06 йилларда «Тараққий» (муҳаррири – Исмоил Обидий), «Хуршид» (муҳаррири – Мунавварқори), 1907–08 йилларда «Шуҳрат» (муҳаррири – Абдулла Авлоний), «Осиё» (муҳаррири – Аҳмаджон Бектемиров), «Тужжор» (муҳаррири – Саидкаримбой Саидазимбой ўғли), 1913 йилда «Садойи Туркистон» (муҳаррири – Убайдулла Хўжаев), 1917–18 йилларда «Нажот» (муҳаррири – Мунавварқори), «Кенгаш» (муҳаррирлари – Аҳмад Закий Валидий ва Мунавварқори), «Турон» (муҳаррири – Муҳаммад Амин Афандизода, Абдулла Авлоний), «Улуғ Туркистон» (муҳаррири – Кабир Бакиров), «Шўрои Ислом» (муҳаррири – Абдулла Баттол), «Турк сўзи» (муҳаррири – Темурбек Худоёрхонов), «Турк эли» (таҳрир ҳайъати) каби газеталар ва 1915 йил «Ал-ислоҳ» (муҳаррири – Абдураҳмон Содиқ ўғли) журналини нашр қилган.

Бу даврда жадидлар ижтимоий-сиёсий куч сифатида ҳам кўринди. Сирдарё вилоятидан Россия давлат думаси аъзолигига сайланган Тошкентлик Абдувоҳидқори Абдурауфқориевга Тошкент, Чимкент ва бошқа жойларнинг аҳолисидан 12 моддадан иборат талабномани давлат думасига топшириш юкланди. 1907 йил февраль–июнь ойларида бўлган биринчи давлат думаси мажлисида бу ҳужжатни мусулмон фракциясининг раиси Бигловга топширган Абдувоҳидқори орадан кўп ўтмай қамоққа олинди ва Тулага сургун қилинди. Абдувоҳидқори ва Убайдулла Хўжаев машҳур рус ёзувчиси Л.Н.Толстой билан учрашиб, у билан даврнинг ўткир мавзулари бўйича мунозара қилган.

Мардикорликка олиш (1916) даврида ҳуқуқшунос Убайдулла Хўжаев раислигида «Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси» тузилиб, у миллатпарвар бой Миркомилбой Мирмўминбоев билан биргаликда Россия жамоатчилигининг эътиборини бу масалага жалб этиш, фармонни бекор қилдириш учун Петроградга йўл олди. Давлат думасининг 1916 йил 13 ва 15 декабрда ўтган мажлисларида подшо Николай II нинг 1916 йил 25 июндаги фармони Россия империясининг қонунчилигида кўрсатилган ҳолларга зид экани тан олинди. Жадидларнинг мардикорларни юртига қайтаришга уринишлари 1917 йил февраль инқилоби бошланиши билан тўла амалга ошди.

1917 йилда бошланган жадидчилик ҳаракатининг янги босқичида Тошкентлик тараққийпарварлар ҳам муҳим роль ўйнади. «Турон» уюшмаси заминида 1917 йил 14 мартда «Шўрои Исломия» жамияти (ташкилоти) тузилди (асосчилари Мунавварқори, Абдувоҳидқори, Убайдулла Хўжаев). Жамият дастурини Мунавварқори ёзган. Тошкентда «Шўрои Исломия», «Турон», «Шўрои Уламо», «Иттифоқи муслимин» каби ташкилотлар фаолият кўрсата бошлади.

1917 йил 17–20 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг қурултойида «Шўрои Исломия» ва «Шўрои Уламо», «Турон» ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан «Иттифоқи муслимин» сиёсий партиясини тузишга келишилди.

Туркистондаги дастлабки олий ўқув юрти – Туркистон халқ университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг 1918 йилда Тошкентда очилиши ҳам жадидлар фаолияти билан боғлиқ. Мунавварқори Абдурашидхонов ташаббуси билан 1918 йил 12 майда Туркистон халқ университети таркибида Мусулмон халқ дорилфунуни ташкил қилинди. 1919 йил Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида жадидлар ташаббуси билан Туркистон халқ консерваториясининг миллий (Эски шаҳар) бўлими ташкил этилди.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Ўхшаш мақола

Мулла Аббос Фарансавий Тошкандий – жадид зиёлиси тимсоли

Турк-мусулмон дунёсининг йўлбошчиси Исмоил Гаспринскийнинг адабий асарлари жамоатга ҳали у қадар яхши таниш эмас. Исмоил …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *