Тарновбоши

ТАРНОВБОШИ – Себзор даҳасидаги қадимги маҳалла. Тахтапул, Дарвозакент, Себзор, Коҳота маҳаллалари билан чегарадош бўлган. Архив материалларига кўра, 19-аср охирларида Тарновбошида 24 хонадон, 1 масжид бўлиб, элликбошининг исми Тош оқсоқол деб аталган. Аҳолиси (асосан, ўзбеклар) ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, деҳқончилик ва боғдорчилик (Юнусобод, Оқтепа, Болтамозор мавзеларида) билан шуғулланган. Тарновбошида, шунингдек, мактаб, тегирмон, темирчилик устахонаси, баққоллик дўконлари ва бошқалар бўлган (20-аср боши). Ҳозир ҳудудида замонавий турар жой бинолари қурилган.

«ТАРНОВБОШИ» МАҲАЛЛАСИ (Шоҳсанам кўчаси, 58) – Ҳамза туманидаги маҳалла. А.Назаров, Акмал Икромов, К.Худойбердиев, «Янгиобод» маҳаллалари билан чегарадош. 1958 йил 1-уй қуриш комбинати қурилиши муносабати билан ерлик аҳолига Тарнауштепанинг жануби-шарқ томонидан ер ажратиб берилган. 1966 йилдаги Тошкент зилзиласи натижасида 2- уй қуриш комбинатити қурилиши муносабати билан шу ҳудуддаги собиқ «Победа» колхози ўрнида ташкил этилган «XXI партсъезд» с-зи ишчилари учун ер участкалари ажратилиши сабабли «Қозоқ маҳалла» вужудга келган. 1968 йил Ҳамза (ҳозирги Яшнобод) тумани ташкил этилганда маҳалла номи «Тарновбоши» деб ўзгартирилган. Аҳолиси 2012 киши. Маҳалла ҳудудида ўрта мактаб, сув спорт саройи мавжуд. Маҳаллада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Сайфиддин Жалилов яшаган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*