Бош саҳифа » Биласизми? » Tарихимиздаги талаба-ректор ҳақида биласизми?

Tарихимиздаги талаба-ректор ҳақида биласизми?

1918 йилда фидойи маърифатпарвар Мунавварқори Абдурашидхонов ташаббуси билан Туркистон халқ миллий дорилфунуни сифатида фаолият бошлаган Ўзбекистон Миллий университети бу йил бир юзи бир ёшни қаршилади.

Унинг мусулмон халқ дорилфунунидан то бугунги Миллий университетгача босиб ўтган йўли, жумладан, 1918 йилда Туркистон халқ университети, 1919–1923 йилларда Туркистон Давлат университети, 1923–1960 йилларда Ўрта Осиё Давлат университети, 1960–2000 йилларда Тошкент Давлат университети, 2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети даврлари ҳам мураккаб, ҳам ибратли кечди.

Бу даргоҳ ҳақида сўз кетганда, инсоният тараққиётида ўзига хос инқилоб ясаган телевидениенинг 1928 йилда илк бор худди шу даргоҳда кашф этилганини ва буни 1971 йилда ЮНEСКО эътироф этганини эслаш кифоя. Бу – ана шундай муҳим воқеалардан бири, холос.

Унинг тарихида бу каби ноёб ҳодисалар кўп. Ватанимиз тарихида талабалар орасидан сайланган ягона ректор ҳам ана шундайлардан. Мазкур мақолада Туркистон Давлат университети – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетига бошчилик қилган талаба-ректор ҳақида сўз юритамиз.

ЯНВАРЬ ВОҚEАСИДАН КEЙИН УНИВEРСИТEТ ЁПИЛГАН

1919 йил 18 январда Туркистоннинг 23 ёшли ҳарбий комиссари – ҳукумат аъзоси Константин Осипов бошчилигида совет режимига қарши исён кўтарилди. Унинг буйруғи билан 19 январга ўтар кечаси Туркистоннинг 14 комиссари отиб ташланди. Тошкент шаҳри деярли исёнчилар қўлига ўтди. Бироқ тез орада коммунистлар қизил аскар отрядларини чақириб, исённи бостиришди. Натижада 21 январда исёнчилар тор-мор қилинди.

Бу воқеага мутлақо алоқаси бўлмаса ҳам, бош қўмондон Михаил Фрунзе кўрсатмаси асосида Туркистон Давлат университети ёпиб қўйилди. Кейин Инқилобий ҳарбий кенгаш ва Халқ маорифи комиссарлиги рухсатномаси билангина 26 февралдан машғулотлар бошланди.

Коммунистларга қарши кўтарилган январь воқеаси университетда коммунистик ҳукмронликни, синфий душманлик ва васвасани сунъий равишда кучайтириб юборди. Бунгача университет талабалари орасидаги коммунистлар 1918 йилнинг охирида техника факультети талабаси бўлган Андрей Солькин раҳбарлигида уюшган эдилар. Бу ҳақда Марказий Давлат архивининг 368-фонди 1-описи 34-ҳужжатининг 78-варағида қайд этилган.

Улар ўша январь воқеаларидан кейин ёпилган университетни тезроқ очишни талаб этиш баҳонасида ўз мавқеларини ошириб, ўқитувчи ва талабалар орасида тобора мустаҳкамлана бордилар. Бу жараёнда 1918 йилдаёқ Туркистон Халқ университети талабаси бўлган Андрей Солькин катта фаоллик кўрсатди. Даставвал у ҳақда бироз тўхталиб ўтсак.

ЮҚОРИ РАҲБАРЛИК ЛАВОЗИМЛАРИДА

Андрей Солькин 1895 йилда Россия империясининг Пензен губернясида туғилган. Унинг таваллуди санаси айрим адабиётларда 1893 йил деб ҳам қайд этилган. У 1910 йилдан бошлаб онаси билан Тошкентда яшай бошлайди. Унинг ўгай отаси Николай Шумилов Тошкент темирйўлчилари большевик ячейкаси раҳбарларидан бири бўлиб, 1918 йил ноябрдан Тошкент ишчи ва солдат депутатлари совети раиси эди. Шумилов – Осипов исёни пайтида отилган 14 комиссарлардан бири.

Солькин ҳам ўгай отасининг йўлидан борди. У 1917 йилда Тошкент ишчи ва солдат депутатлари совети аъзолигига сайланди. 1918 йилнинг майидан сентябригача Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Комитетининг раиси лавозимида фаолият юритди. 1918 йил 10 сентябрдан 1919 йил 31 майгача Туркистон Коммунистик партияси Муваққат Марказий Қўмитасига раҳбарлик қилди.

Айрим адабиётларда Солькин 1920 йил октябридан Туркистон Давлат университети техника факульетида ўқишни бошлагани қайд этилган. Бироқ юқоридаги архив ҳужжатида унинг 1918 йилдаёқ талаба бўлгани ёзилган. Аммо шуниси аниқки, у 1920 йилнинг декабридан 1921 йилнинг майигача талабалик билан бир қаторда Туркистон Давлат университетида ректорлик қилди, 1921 йилдан проректор вазифасида ишлади. Хуллас, унинг 1920–1922 йиллардаги ҳаёти талабалик ва ректорлик, сўнгра проректорликда ўтди.

1922 йилда соғлиғи ёмонлашгани туфайли Москвага чақириб олинди. У бу ерда Москва темирйўл транспорти муҳандислари институтида дарс бера бошлади. 1925 йилдан 1927 йилгача у Туркманистон Халқ хўжалиги Марказий совети раиси ва Туркманистон Халқ комиссарлари совети раиси ўринбосари вазифаларида фаолият юритди.

1927-1930 йилларда Турксиб (Туркистон-Сибир магистрали) қурилиши бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлади. 1930–1936 йилларда СССР Алоқа йўллари Халқ комиссарлигидаги масъул лавозимларда меҳнат қилди. Айни шу даврда у Қизил профессорлар институтида ўқиди. Бироқ “Транспорт қурилиши” журналидаги “партияга қарши” мақоласи учун ўқишдан ҳайдалди.

Орадан кўп вақт ўтмай, 1936 йил 26 декабрда Андрей Солькин Сталин рўйхати асосида қамоққа олинди ва 1937 йилда отиб ташланди.

ТАЛАБА РEКТОРЛИККА САЙЛАНДИ

1920 йил 15 декабрда университет илмий кенгаши аъзолари ректоратга сайлов ўтказиш учун тўпланишди. Компартия ячейкаси университет ректори лавозимига партия сиёсатини қўллаб-қувватловчи 47 ёшли профессор Николай Димо (1873–1959)ни таклиф этди. Бироқ кўпчилик унинг номзодини қўллаб-қувватламади.

Шундан сўнг, 19 декабрда яна қайта сайлов бўлиб, Владимир Буш (1888–1934) ректор этиб сайланди. Аммо бунга коммунистик партия ташкилоти ячейкаси раиси талаба Андрей Солькин норозилик билдирди ва Халқ маорифи комиссарлигидан сайлов натижаларини тасдиқламасликни талаб қилди.

1920 йил 26 декабрда бўлган сайловда ректор лавозимига кўпчилик овоз билан техника факультети талабаси, 24 ёшли Александр Солькиннинг ўзи сайланди. У университетни олти ой бошқарди. Солькин қарши чиққан Владимир Буш эса унинг талабалар ишлари бўйича проректорига айланди.

Солькин ректорлиги даврида – 1921 йилнинг бошида физика-математика ва тарих, филология факультетлари “функционал эмас” деб топилди ва ушбу факультетлар ёпилди. Уларнинг ўрнига уч бўлимдан: филология, табиий-тарихий ва математика бўлимларидан иборат педагогика факультети ташкил этилди. Шу йилнинг 17 майида Туркистон университетини ташкил этишдаги ёрдами учун Москва университетига ташаккурнома ҳам юборилди.

1921 йилнинг майида ректорликка мазкур лавозимни 1926 йилнинг ноябригача эгаллаган профессор Абрам Бродский (1882–1943) сайланди. Ректорликдан кетган талаба Солькин эса 1921–1922 йилларда маъмурий-хўжалик ишлари бўйича проректор лавозимида фаолият юритди.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Лотинчадан таржима қилганда “бошқарувчи, раҳбар” маъноларини англатувчи ректорлик лавозими Ватанимиз ҳудудида жорий этилганига бир аср бўлди. Юқорида номи тилга олинган Мунавварқори Абдурашидхонов тарихимиздаги биринчи ўзбек ректори сифатида ном қолдирди. У 1918 йилнинг 3 май куни Мусулмон халқ дорилфунуни раҳбариятини сайлаш учун ўтказилган сайловда 20 овоз билан раис – ректорликка сайланди.

Умрининг ўн йилдан ортиғини Тошкентда ўтказган Андрей Солькин ҳам тарихимиздан ўрин олди. Давр тақозоси билан коммунист бўлган Солькин – 24 ёшли талаба университетда таҳсил олиш билан бир қаторда Туркистон Давлат университетини олти ой давомида ректор сифатида бошқарди ҳам.

Тўғри, унинг ректорликка сайланиши, ёки кейинги фаолияти коммунистик партия фаолияти билан боғлиқ бўлсада, энг муҳими, талабанинг ректорликка сайланиши, 1920 йилги статистик маълумотларга қараганда, 2671 нафар талаба таҳсил олган университетни бошқаришидир. Чунки бу тарихда кам учрайдиган ноёб ҳодисалардан.

Башарти Андрей Солькин Ўрта Осиё ва Қозоғистондаги биринчи университет – ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг раҳбари лавозимида, қисқа муддат бўлсада, фаолият юритган экан, бу жараённи янада чуқурроқ ўрганиш, холис таҳлил қилиш ва талаба-ёшларни бундан бохабар қилиш мақсадга мувофиқ вазифа ҳисобланади.

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси

Ўхшаш мақола

Буюк ипак йўли: нега чўл ўртасидаги қудуқларда доим сув бўлган?

Post Views: 731 Хитой ва Марказий Осиё шаҳарларини Ўртаер денгизи мамлакатлари билан боғловчи Буюк ипак …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *