Бош саҳифа » Биласизми? » Тарихи жаҳоннамойи (1-қисм)

Тарихи жаҳоннамойи (1-қисм)

…Туркистонда бўлган даҳшатли ҳодиса ва нохуш воқеалардан кейин жаноби соҳибқирон (Султон Саидхон) нинг беҳисоб лашкар ила қилғон ҳаракат ва жунбушлари, ҳазрати Авлиёота фуқаросининг шаҳидлиги, ўрус кофирларининг бедодлиги ва уларга (Алиқули) амирлашкарнинг хатму зафар билан берган танбеҳи ҳақида сўз.

…Сичқон йили — 1281 йил зу-л-ҳижжа иззиҳу ойи ўрус кофирлар беадаблик ила Олма-Ота мавзеидан ҳаёсизликнинг тошлоқ биёбонига бемуродлик қадамларини қуюб, Марка қалъасига яқинлашдилар. Бу қалъа Тошканд вилояти тасарруфида эди. Қалъа аҳолиси бу ҳолдан огоҳ бўлиб, хаммалари бирлашиб, Садди Искандардек ҳимояга турдилар. Улар ичлари қора кофирлар дафъига фурсат пойлаб мунтазир бўлдилар. Аҳли куффор (кофирлар) мусулмонлар журъатини яхшироқ кўриб билдиларким: қалъани забд этиш улар учун жуда ҳам мушкулдур, ҳатто қалъага яқинлашишнинг иложи йўқдир. Шунда ўруслар пасткаш ва дағал кишиларга хос бўлган макру ҳийладан фойдаландилар. Уларга ер тагини ковлаш иши осонроқ ва гўё дардларига малҳамдек кўринди. Тез фурсатда улар қалъа дарвозаси тагидан чуқур қазиб, ичини ҳар хил доривор ила тўлдириб, кечаси жаҳонсуз оташ билан ёқиб юбордилар. Хиёнаткор кишилар доимо шундай қиладилар. Олов шуъласи тез фурсатда манзилига етиб, шундай портладики, қалъа дарвозасини ўз жойидан девори ила кўтариб ташлади ва уни ер билан яксон этди.

Қалъа аҳолиси буни кўриб, баъзилари амонат жонини ғанимат билиб, тун қоронғисидан фойдаланиб қочиб кетдилар. Баъзилари эса жангга кириб золимлар қўлиға тушдилар. (Ўруслар) шу даҳшатли воқеадан сўнг қалъа иморатларини ер билан яксон қилиб, ҳамма одамларини олиб, Туркистон томонга Мирзо Давлат хизматига кетди. Шаҳар ўз ҳокимидан айрилди. Фаранги кофирлар (ўруслар) қўрқмасдан қалъа қамалини бошладилар. Улар тўрт томондан шаҳар ичини тўпга тутдилар. Вилоят фуқароси ҳар бир кўча ва бозорларда ғайрат ва журъатни ўзларига қалқон этиб, шаҳар дарвозасидан чиқиб, ул лаин кофирлар ила қаттиқ уруш қилди. Бу ҳам натижа бермади ва улар чекиниб, қалъа ичига яшириндилар.

Шақоват аҳли фуқарони ўзларига нолойиқ кўрди ва уларнинг журъатини ошиб, қалъа деворларини тўпга тутган ҳолда дарвозага яқин келдилар. Алдаб, тутун босишидан фойдаланиб, тезда битта тўпни ичкарига олиб киришди. Фуқаро ўз аҳлу аёлини ғайрат ила мудофаа қилди, уч кеча-кундуз кўча ва бозорларда туруб, хотун ва болалари билан оғир жанг олиб бордилар. Бундай уруш ҳали бирон бир подшоҳ даврида бўлмаган эди. (Авлиёоталиклар) Чимкент йўлига интизорлик билан кўз тикиб, Тошкент ҳокими Нор Муҳаммад қўшбегидан мадад ва ёрдам кутар эдилар.

Бу номард (Нор Муҳаммад қўшбеги) икки ойдан бери Чимкентда макон тутган эди ва ҳамма воқеани билиб туриб бечораларга бирон мадад бермади. Оллоҳ таоло амири кабир умрини узун ва давлатини фузун айласинки, унга яхши танбиҳ бериб оламга ибрат қилиб кўрсатди.

Ниҳоят, фуқаронинг аҳволи танг бўлиб, омонлик беришни сўрадилар. Кофирлар бундан ҳабар топиб, қатлни тўхтатдилар, ярашиш режасини тузиб, сулҳга рози бўлдилар.

Икки томон ҳам ўз ўликларини жанг майдонидан чиқариб, ўз ойин ва динларига кўра дафн қилдилар. Мусулмон аҳолисидан шул урушда бир мингу олти юз эркак ва аёл, каттаю-кичик шаҳидликдаражасига лойиқ бўлди. Кофир мақтуллар қурбонининг сони бу ҳисобга кирмайди.

Бу воқеалар юз бераётган вақтда бир неча минг ўрус ва кўпгина қазоқ (казак) сарбозлари Оқмасжиддан (кейинги) Ясси, яъни Туркистон шаҳрини муҳосара (қамал) қила бошладилар. Бу ернинг ҳокими Мирзо Давлат шижоат ва мардлик намунасини кўрсатди, ўз лашкари билан кофирлар урдусига қарши чиқиб, оғир жанг бошлади ва шаҳарга қайтмоқчи бўлди. Аммо (Мирзо Давлат) келиб кўрса, вилоятнинг қаллоб, касофат ва бузғунчи кишиларолдиндан ўрусларга сотилиб, уларнинг хизматларида юрган эканлар. Улар вилоятни кофирларга тақдим қилиб, шаҳар дарвозасини мусулмонларга очмадилар. Улар қалъа деворларини тешиб,кофирларни шаҳарга қўйган эканлар. (Мирзо Давлат ўз сарбозлари билан) бу хиёнат хабарини эшитиб, афсусу надомат қилиб ўз жойига қайтди. Улар кечани бир навъ ўтказиб, эрта билан Тошкент вилоятига йўл олдилар. Йўл-йўлакай Чимкентга кириб, мазкур Нор Муҳаммадни кўрдилар.бу хабарлар ва шу можаролар жаноби амир Султон Саидхонга тез-тез етказиб турдилар. Бундан соҳибқирон руҳида ғайрат, шижоат ва мардлик қайнаб кетиб, сипоҳлик анжом ва асбобларини таёрлаб, урушга отланди. (Хон) саъйи балиғ (улуғ ҳаракатлар) кўрсатиб, вилоятнинг ҳар томонига, музофот саркардаларига, қасаба сардорларига марғуб иноятномалар жўнатиб, қўшин жамлашга киришди.

АМИР САИД СОҲИБҚИРОННИ ЎРУСЛАРГА ҚАРШИ ҚИЛҒОН ЮРИШИ ВА МАЛИКИ МУСТАЪОН ИНОЯТИ ИЛА ФАТҲУ ЗАФАР ТОПҒОНИ ҲАҚИДА

Жаноби соҳибқирон (Султон Саид хон) субҳон (оллоҳ) инояти ва худо муруввати нурлари ила комронлик маснади ва шодмонлик давлатига суяниб, барқарор ва осойишта эди. Адолат нурлари ва иноят партави одамлар юзида ва раъият ҳаётида кўринарди. Жаноби ҳумоюн хотиралари мамлакат харобалиги ва унга етказаётган ҳалалларни ислоҳ қилиш йўлига тушди. Бу тинч вилоятнинг хосу омига давр ҳодисалари кўп жафолар етказарди. У киши зулм ва тааддини йўқотиб, кейин осойишталик ила ҳукм сурмоқчи эди. Замона ҳодисаларининг қазосидан ва ногаҳонлик аломатларидан шул тарих сафар ойининг ўртасида кетме-кет жаноби соҳибқиронга даҳшатли хабарлар кела бошладиким, ўруслар лашкари ҳар томондан келиб, бир қисм Марка, Авлиёота қалъалари, яна бир фирқаси эса Туркистон фатҳига азм қилиб, фитна отига миниб, аҳли давлат кўзларига душманлик ва харобачилик чангини сепибдурлар. Яна бул нобакор кишилар (ўруслар)нинг бошида Чимкент ва Тошкандни олиш фикри пайдо бўлаётган эмиш. Умидимиз шулким, аъло ҳазрат шижоат байроғи ила бу диёрга келиб, ёнган бу оловни мардлик суви билан ўчирадилар, бўлмаса (тоқатимиз тоқ бўлиб) “пичоқ суякларимизга етади”. Қитъа (мазмуни):

Агар шоҳ шамширининг кучи бўлмаса,
Шаҳарда ҳар хил шўру болалар бўлар.
Кимки яхшини ёмондан ажрата олмаса,
Ҳар фитна қўлидан келса қилар.

Бизнинг илтижоимиз шулдурким, жаноби соҳибқирон биз томонга тез ҳаракат қилиб, зафар байроғуни кўтарсунлар. Байт:

Халқни куйдурадиган оловни
Ўчирмасдан бошқа илож йўқ.

Бу хабарни эшитиб ҳазрати соҳибқирон ҳаракат қилишга азм этди ва ҳамма қасаба, вилоятларга фармон ва иноятномалар жўнатиб, ислом дини орқали таъкид ва таҳдид кўрсатиб, қўшин йиғишга киришди. Хон фармонини эшитиб ҳар томондан жасур аскарлар ва ботир сарбозлар тўплашиб келдилар. Уларнинг саноғи фалак юлдузларидан ҳам кўп эди. Ҳисобдон оқилу олимлар сипоҳ миқдорининг кўплигидан ҳайратда эдилар.

Неча-неча манзиллардан ўтиб жаноби хон (лашкари ила) Тошкандга келиб, истиқомат режасини тузди. Бир неча муддатдан кейин қолган қўшин ҳам етиб келди. Сафар анжомларининг камчилигини тўлдириб, аста-секин Рахшсифат саманд жиловини мақсад томон тортдилар…

…Манзиллар ва маҳаллаларни кезиб (хон) Шаробхона мавзеига етиб келди ва бахт хаймасини жоҳу жалол ва шавкат ила фалак авжига урди ва шу эрни манзил қилди. Тун вақти истироҳат чоғда Тошканд вилояти уруғларидан бўлмиш Ниёз Али чаққон келиб шундай ҳабар берди: “Ўрус кофирлар Чимкент вилоятига икки томондан яқинлашиб, шаҳарга ярим фарсах қолганда тўхтаганлар. Давлат арконлари ва маслаҳат соҳиблари жанобнинг ижозатисиз жангга кирмасдан сизнинг ташрифингизни кутуб турибдилар. Омонсиз жангга (келиб) киришларини талаб қиламиз”. Бу хабарни эшитгач, (Султон Саид хон) Мулла Алимқулни сардор айлаб, уни куффор жангига жўнатди. Мулла Алимқул кеч тунда кўчиб, ҳиммат рахшини мақсуд йўлига ҳайдади. Суръат билан йўлларни тай этиб, қуёш чиқаётган пайти Чимкентдан ўтиб, муддаосига етиб тўхтади. У бошараф кишилардан маслаҳат сўради. Улар, бор куч-қудратимиз билан динимиз душманларига қарши урушайлик ва зарба берайлик, шоядки кофирларга кимлигимизни кўрсатайлик, деган қарорга келишди.

Шу пайт Алимқул сардорни ҳужум қилиш хабари душман қулоғига етиб, ўзларини йўқотиб, ваҳимага тушиб, Оқмасжид ва Туркистон кофирларининг олдинги манзилгоҳи бўлган жойида нусратасар лашкарнинг йўлини Садди Искандардек тўсдилар. Улар атрофларида чуқур бир хандақ кавлаб, ҳамма ғалла ортилган арава, оту туялари, асбобу ашёлари билан маҳкам ўраб олиб, йўлда қолиб кетган ғарибларга ўхшаб турдилар.

Мулла Алимқул эшикоғаси қўлига зафар жиловини олиб, иқбол остонасига қадам қўйди, шарафи эса осмон авжига етиб, фатҳу зафар учун аскарларга ишорат қилди…

Икки томондан ҳам ҳарб ноғораси ва уруш найи чалинди. Мусулмонлар тантанаси фазода акс садо берарди. Довул садоси, ёшу қари фарёди аршдаги малак қулоғини (ҳам) кар қилди.

Ғазабнок суворийлар ва шиддаткор йигитлар душман томон ҳамла қилдилар. Омонлик товуси оромини йўқотиб, зоғга ўхшаб бир чеккада турарди. Ажал лочини уруш майдонида парвоз қилиб, руҳ қушини сайд этарди. Қатл олови шундай ёниб кетдики, осмон тоқига етарди, уруш шуъласини таъсири шундай эдики, унинг нури фалакни ёритарди. Диловар аскарлар ўз жонларидан кечиб, ширин ҳаётни унутиб, баҳордаги чақмоқ қамишзорга ургандек, курашга ташландилар. Хусусан аҳли ислом кофирларни қаттиқ жазоладилар, уларни жило тиғи билан уриб, шижоат ўқини отиб, бошларини таналаридан жудо қилиб ташладилар…

Кўп кушойишлардан сўнг зафар насими оллоҳ инояти ила мусулмонлар томонига эсди, кофирлар бошига бадбахтлик тупроғини ҳовучлаб сепди ва уларни шарманда қилди. Ўруслар тез орада омонлик сўраб, мусулмонлар олдида тиз чўкиб бош қўйдилар. Имонли ва фаросатли мусулмонлар уларга озодлик бериб, зафарпайкар отларини чодирлари томон сурдилар.

Шу куннинг эртасида фирўзлик хусрави бўлмиш қуёш ўзининг жаҳонтоб ва зарнигор байроғини осмон қалъасида зарфишон ўқлари билан ҳабаш сипоҳи — қора тун қўшинини паришон қилган пайт… кўп ўрус кофирлар бошяланг, кулоҳларини қўлга олиб, қўрқиб, узр сўраш учун Алимқул сардор қўлига келдилар. Совға-саломларини тортиқ этиб, душманлик ва адоват руҳидаги калималарни унутиб, улар ўз мақсадларини баён қилишди. Икки томон ҳам сулҳга рози бўлишди. Мусулмонлар сулҳ васиқасига имзо қўюб, (ўруслардан) икки лак миқдорида Россия тиллосида пул талаб қилишди, бу эса Хўқанди латифнинг 225 минг бир мисқолли ашрафийсига тенг эди. Улар Туркистон вилоятини ҳам қайтариб беришга рози бўлишди. (Ўруслар) рухсат олиб, ўз қўшларига қайтиб кетишди…

Мулла Алимқул сардор бу фараҳбахш хабарларни ҳамма вилоят ва музофотларга тарқатиб чиқди. Сағиру кабир ва ғанию шариф ҳамма жойда бир ҳафта хурсандчилик қилиб, бир-бирларига суюнчи берардилар. Нусратшиор мусулмонлар ўз ишларида вақтда кофирларнинг бир неча минг нафари бир-биридан бехабар Чимкент мавзеига яқинлашиб, хавфсираб, кўрсичқонлар каби бахиллар қабрига ўхшаган чуқур ва қоронғу жойларга (окопларга — Ш. В.) кириб кетдилар.

Бу воқеалар тафсилоти жаноби соҳибқирон (Султон Саид хон)га маълум бўлди ва у ҳузурига ўзининг аҳли давлат ва аҳли қонунини йиғиб, маслаҳат солди. Мартабали амирлар кайвон даргоҳида тилларидан пургавҳар сўзлар сочиб айтдиларким: “Ҳозир душманга ҳужум қилиб бўлмайди. Уларни тўрт томондан муҳосара (қамал) қилиш керак. Муҳосара қанча чўзилса, шунча фойдалидир. Чунки кундан-кунга уларнинг озиқ-овқати тамом бўлади, ислом лашкарининг кучи бўлса кўпаяди”. Бу фикрлар давлат умаросига маъқул бўлиб,ҳар бир саркарда ўз қўшини билан душман атрофини парголдек қамаб, (улардан) бохабар бўлиб турдилар.

Сафар ойининг йигирма иккинчиси кунида бир неча минг кофир ўз “гўрхона”ларидан тўсатдан чиқиб, ислом лашкарини писанд қилмасдан улардан тўпу тўфангдан ўқ отиб, Чимкент қалъаси томон йўлга тушдилар. Камози талигача етиб келиб, шу ердан шаҳар қалъасини тўпга тутип, шундай уруш бошладиларким (кўрган) одамнинг журъати ваҳимага тушиб, ҳайратдан гунг ва лол бўлди.

Мулла Алимқул сардор жаноблари ҳар бир паҳлавон гуруҳини ҳар жойга тайинлаб, Мингбой қўшбегини ўзининг орқасига жойлаштиради. Мулла Алимқул эшикоғасининг ўзи бир неча (душман) билан урушарди…

Куффор сипоҳи (умид ўқи ўрнига) тўпу тўфанга зўр берарди, мусулмон лашкари эса гинаю адоватдан ўқларини заҳарлаб курашарди. Бу зарбалардан қўрққан кофирлар симобга ўхшаб хар томонга оқиб кетардилар ва кабутарларга ўхшаб ўз жонларини асраш ҳаракатига тушардилар…

Алқисса, икки томон ҳам шу ҳатарли ҳамда хавфли жойда матонат ва сабот ила бир-бирлари билан қаттиқ олишди. Фарғона қўшини эртадан кечгача муҳораба қилди. Шунинг учун фалак тоқидаги малак шоҳодат қўлини ҳайрат тиши билан тишлаб, шу уршни мақтарди… охирда зафар шамоли Фарғона томон эсди ва кофирлар тор-мор бўлиб, қочишга ихтиёр қилдилар… (Улар) бевафолик тупроғини мурувват кўзига ташлаб, (Россия) салтанати обрўйини фано боди (шамоли)га бердилар. Назм (мазмуни):

Бири қўлидан мурод жиловини берди,
Яна бири ҳавас оти тепасидан тушиб кетди.
Бошқаси ўқдонини йўқотип беҳол бўлди,
Бири қанотсиз қушдек учолмай қолди.

Душман сипоҳи қочиб орқага қайтишни ихтиёр этди… кўп киши ул оташафрўс тиғ тобидан, пайкон шуъласидан ва жонсўз ўқдан жангда ўлиб, зоғу итларга ем бўлди. Нусратшиор аскарлар қўлига уруш асбоблари ва уруш аслаҳалари кўп ғанимат тушди.

Аҳли куффорнинг бир фирқаси Туркистон томонга, бошқаси Авлиёота тарафга кетдилар. Мусулмонларнинг бир гуруҳи қочоқлар орқасидан қувиб, шеру йўлбарсдек ҳамла қилиб, (ўрусларни) тақиб этиб кетди ва бир манзил улар билан урушиб-урушиб чекиндилар.

Шу аснода бир ўқ кофирлар томонидан отилди ва шижоат жангалининг шери, ягона ва фарзона, ул диловар ва рустамзода, мард, жасур лашкарбоши Мингбой қўшбеги баҳодир қипчоқ билагига тегди. Шу заҳмдан кейин бутун қўшин ўз манзилига қайтди. Кофирлар мусулмонлар қўлидан буткул озод бўлдилар.

Мингбой икки кун роҳат тўшагида ётип, учинчи кун шаҳодат даражасига етиб, жаннат томон йўл олди.

Шундан кейин жаноби соҳибқирон фатҳу зафардан оллоҳга шукурлар қилиб, нусратшиор лашкарни жой-жойларига қўйиб, Чимкент қалъаси деворини янгитдан бино этди. Энди (бу қалъа) Садди Искандари зул-қарнайидан дарак берарди.

Вилоят қалъаси қурилишидан кейин Чимкент ва Тошкандни Мирзо Аҳмад деган бир парвоначига тақдим қилиб, бир гуруҳ илғор чегарачи мерганларни кўмак (ҳамда қалъани муатаҳкамлаш) учун қолдирди.

Сартия, қирғизия ва бошқалар орасидан соҳибқиронга хиёнат қилганларни жазолаб, (Алимқул) занг босган хотирасига сайқал бериб, мусаффо қилди ва кўнгли жойига тушди. Ҳамда Султон Маҳмуд хон тўра, Улуғжон тўра, лашкар бошлиқларидан Нор Муҳаммад қўшбеги Муҳаммад Назарбек парвоначи, Ниёз Али додхоҳ понсодбоши шаҳодат даражасига кўтарилди. (Қатл қилинди — Ш. В.)

Шундан сўнг Алимқул сардор азамат жиловини Тошканд томон тортиб, йўл босиб Тошканд вилоятига кирди ва Султон Саид хон остонасини ўпишга муяссар бўлди. Ўн кун ичида бу эрни макон ва истироҳат учун манзил қилди. Бир неча вақтдан сўнг Султон Саид хон азамат жиловини Хўқонди латиф томонига маътуф қилиб, йўл олди. Дашту саҳро ва манзилу мароҳилни ўтиб, 15-рави ул-аввал, жумъа куни (1281 йил) манзилгоҳи бўлган ўрдага кириб келиб, хусравона тахтга хурсандли ва хушбахтлик ила чиқди.

Вилоят раъияси ва аҳолиси ҳукмдорнинг адлу инсофи ила фориғболликда яшардилар. Шу муқаддимадан кейин бу мусаввада мусаннифи (яъни муаллиф — Ш. В.) соҳибқирон фатҳу зафари ҳақида бир муносиб тарих айтди…

Жунайд Мулла Аваз Мухаммад ибн Мулла Рўзи Мухаммад Суфий Аттор

Ўхшаш мақола

Народы Узбекистана. Каракалпаки

Post Views: 3 Народ в Средней Азии, главным образом в Узбекистане, в Каракалпакстане. Язык — …

Битта мулоҳаза

  1. АССОЛОМУ АЛАЙКУМ ХУРМАТЛИ КУТУБХОНА ЖУМХУРИЯТИ СИЗЛАРДАН БИРГИНА ИЛТИМОС ДЖОН СТИНБЕРГНИНГ «СИЧҚОНЛАР ВА ОДАМЛАР ҲАҚИДА»ГИ КИТОБИ КЕРАК ИЛТИМОС ҚЎЙИДАГИ ПОЧТАМГА ТАШЛАБ ЮБОРИНГЛАР ИЛТИМОС ОЛИНДАН РАҲМАТ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *