Бош саҳифа » Алломалар » Табаррук сиймо. Мунавварқори

Табаррук сиймо. Мунавварқори

Ўзбек халқи тарихининг сўнгги 130 йилга яқин даври “оқ” ва “қизил” салтанатлар таркибида кечди. Ўзбек диёрининг моддий ва маданий бойликларини талон-тарож этишини ўз олдига мақсад қилиб қўйган чор ва совет давлатлари халқнинг шу даврда яшаган пешқадам вакиллари – уни ҳур ва озод кўришни истаган, шу йўлда фаолият кўрсатган кишиларни узлуксиз равишда маҳв этиб келди. Шундай мудҳиш сиёсат оқибатида авлодлар ўзбек халқи ичидан ХХ асрда етишиб чиққан буюк сиймоларни узоқ йиллар мобайнида билмай-танимай келдилар.

Эли учун куйиб-ёнган, бағри қонидан маёқ кўтарган кишиларнинг номи ҳеч қачон унут бўлмайди. Бундай инсонларни сиёсатбозлар қанчалик қораламасинлар, ўзлари эл-юрт, тарих ва замон олдида шарманда бўлиб қолаверадилар. Зеро, фидойи кишиларни эл-юрт ҳам, тарих ҳам ўз юрагида асраб авайлайди.

Халқимиз арзанда қилиб, авлоддан-авлодга узатаёган ана шундай сиймолардан бири адиб, шоир ва педагог, жамоат арбоби Мунавварқори Абдурашидхоновдир.

Мунавварқори Абдурашидхонов ўзбек халқининг машаққатли ХХ асрда дунёга келган Ф.Хўжаев, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат сингари буюк сиймоларидан биридир.

Мунавварқори халқимиз бошига тушган чоризм ва большевизм мустамлакачилиги йилларида “Мен-сендамен: сен-мендасен” ҳикматига мувофиқ элимиз, миллатимиз қалбига маърифат ва озодлик, эрк ва ҳурлик уруғини сочиб, юрт ҳаётининг серташвиш йўлларини мунаввар қилган йўлчи юлдуз эди.

МУНАВВАРҚОРИ АБДУРАШИДХОНОВНИНГ ҲАЁТИ ВА ИЖОДИ

Munavvarqori_2_“Мунаввар” – нур олган, нурли дегани. Туркияда ҳозир ҳам бу сўзни зиёли ўрнида қўллайдилар. “Қори” деб Қуръонни маромига етказиб ўқийдиганни айтганлар. У Тошкентнинг маърифатли бир хонадонида туғилиб, исмига муносиб бўлиб ўсди. Ҳужжатлардан унинг Шайхонтоҳур даҳа, Дархон маҳалласида туғилиб ўсгани маълум бўлади. Отаси Абдурашидхон Сотиболдихон Олимхон ўғли мударрис бўлиб, ўзи яшаб турган маҳалладаги Эшонқули додхоҳ мадрасасида ва ўз ҳовлисида мактаб очиб, 40 нафар ўқувчига дарс берган. Онаси Хосиятхон отин ҳам ўз ҳовлисида хотин-қизларни ўқитган.

Абдурашидхон ва Хосият отин уч ўғил кўришган. Катталари Аъзамхон, ўртанчаси Муслимхон, кичиги Мунаввархон эди. Аъзамхон домла маҳалла мактабида болаларни ўқитарди. Унинг 1910 йилда Сирдарё вилоят ўқув юртлари инспекторига усули жадид мактабини очиш учун рухсат берилишини сўраб ёзган аризаси ва ўқув дастури сақланган. Ариза ва дастурга қараганда, у болаларга тўрт синф даражасида сабоқ берган. Ўқув дастурини Мунавварқори тузган. Муслимхон домланинг тақдири ўзгачароқ кечган. У шўро ҳукуматининг барча зулм ва тазйиқи “лаззати”ни тотди. У акаси ва укаси каби дастлаб саккиз йил мобайнида муаллимлик билан шуғулланган бўлса-да, кейинги тўққиз йил мобайнида маҳалладаги Мирза Абдуллабой масжидига имомлик қилади, ҳаёти доимо таҳликада кечади.

Муслимхон домла 1942 йил 27 январда давлат сирларини ошкор қилишда айбланиб қамоққа олинади. Терговчилар уни отишга ҳукм қилишни таклиф қилиб махсус мажлис (особое совещание) ҳукмига юборади. Лекин унинг жиноятини тасдиқловчи далиллар бўлмагани учун, қамоқда ўтирган кунлари жазога ҳисоб қилиниб, 1942 йил 28 ноябрда озод қилинади. Турли жойларда оддий ишчи бўлиб юриб, 69 ёшида вафот этади.

Кичик фарзанд бўлмиш Мунаввархон дастлабки таълим-тарбияни онасидан олиб, хат-саводи чиққач, ўша даврда довруғи чиққан Усмон домладан сабоқ олади, акалари таъсирида вояга етиб боради. Қуръони Каримни хатм қилиб, “қори” унвонини олгач, ҳали илмга яхши кириб бора олмаганини фаҳмлади.

“Юнусхон подшо” мадрасасида бир неча йил таҳсил кўрди, бироқ олган илмидан қониқмади. 1898 йилда Бухорога бориб ҳадис, фиқҳ, илми тафсир ва бошқа соҳалар бўйича таҳсилни давом эттирди.

Мунаввар ёшлигидан Ватан тақдири, халқнинг ижтимоий турмуши, “оқ пошшо” ва унинг ўлкадаги мустамлакачилик, руслаштириш ва дини исломни бузиш сиёсати ҳақида ўйлай бошлайди. Мунавварқори ўтган асрнинг 90-йилларида Исмоилбек Гаспирали томонидан Қримда асос солинган “усули жадид” – “усули савтия” (товуш усули)даги янги мактабни очишга бел боғлайди. 1901 йилда Мунавварқори 23 ёшида Тошкент шаҳрида илк усули савтия мактабини очади. Зикр этилаётган даврда Туркистонда, хусусан, Тошкентда мактаб ишига татарлар билан бирга қримлик муаллимлар ўз ҳиссаларини қўшганлар.

“Туркестанские ведемости” газетасининг мухбири Г. Андреев билан қилган суҳбатида Мунавварқори усули жадид мактабларининг ташкил этилиши ҳақида тўхталиб, бундай дейди: “Шахсан менинг ўзим оғир ҳаёт йўлини босиб ўтдим. Бирон нарсани ўрганиш учун аввал Тошкент, сўнг узоқ муддат Бухоро мадрасаларида таҳсил олишимга тўғри келди. Ҳар ҳолда, мадрасаларда фанларни узоқ йиллар мобайнида ўқишимга қарамай, мен ҳаёт учун зарур бўлган кўп нарсани ола олмадим. Ана ўшанда мадрасаларда йиллар мобайнида ўқитиладиганларни билимга тез, осон ва енгил олиб борадиган яхши йўлни топиш ҳақидаги фикрга келдим. Мен янги қўлланмали, фундаментал замонавий педагогика асосида кичик мактаб-мадрасаларни ташкил этишни ҳоҳлардим”.

Мунавварқори бошлаган янги мактаб усули Туркистонга тез ёйилади. Унинг ташаббускор жонкуярлари “тараққийпарвар” деб ном олади. Мунавварқори эса уларни бирлаштирувчи раҳбар ва йўлбошчига айланади. Ушбу мактаблар учун “Адиби аввал”, “Адиби соний” каби алифбо ва хрестоматиялар, “Тавжид ал-Қуръон” (“Қуръон қироати”), “Ер юзи” (“География”) сингари қўлланмалар тузиб, нашр этади. Бу дарсликлар 1901-1917 йиллар оралиғида энг ками 2-3, кўпи 9-10 мартагача алоҳида- алоҳида ҳолда нашр этилган.

Мунавварқори ва унинг мактаби юксак нуфузга эга эди. Масалан шундай бир далилни келтириш мумкин: “Ойна” журналининг 1914 йилги сонларидан бирида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Туркистонда олий миллий таълим истиқболи ҳақида берган муштарийларнинг саволига жавоби босилган.Беҳбудий унда Тошкентда Мунавварқорининг мактабини мана шундай олий таҳсилга замин бўла олиши мумкинлигини айтган эди.

Мунавварқори миллатнинг юксалиш ва уйғониши фақат мактабгагина боғлиқ деб тушунмайди. У диний, дунёвий ва ижтимоий-сиёсий мазмундаги китобларни, журнал ва газеталарни севиб ўқийди. Айниқса жадидчиликнинг “отаси” Исмоилбек Гаспирали Қримда чоп этаётган “Таржумон” (1881-1914) газетаси Мунавварнинг миллатпарвар ва халқчил бўлиб етишишига катта таъсир қилади.

Мунавварқорининг шогирдларидан бири Лазиз Азиззоданинг ёзиб қолдиришича, инқилоб арафасида Туркистонга, жумладан, Тошкентга Ўрусия, Туркия, Миср, Эрон ва бошқа шарқ мамлакатларидан юзлаб турли хил илғор руҳдаги журнал, газета ва тўпламлар келиб турган. Улар зиёли ва ёшлар орасида, мадрасаларда қўлдан-қўлга ўтиб ўқилган. Булардан Мунавварқори ҳам баҳраманд бўлгани шубҳасиз. У туркий тиллардан ташқари, рус, форс тилларини ҳам яхши билган. У кенг халқ оммасини дунё воқеаларидан хабардор бўлиши зарурлигини тушуниб, газета-журнал ва бадиий-илмий тўпламлар нашр этишга катта эътибор беради.

Ўзбек матбуотининг майдонга келишида Мунавварқорининг хизматлари катта бўлди. У ўзбек матбуотининг дастлабки намунаси 1906 йилнинг 27 июнида чиққан “Тараққий” газетасининг ташкилотчиларидан ва муаллифларидан эди. Ўша йили Мунавварқорининг ўзи “Хуршид” газетасини чиқарди. Газетанинг фаол муаллифларидан бири Худоёрхоннинг ўғли Фансуруллобек эди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Иштирокиюн (социалистик) партиясини кескин рад этган машҳур “Хайрул умури авсотухо” мақоласи мана шу газетада (1906, №6) босилган эди. “Хуршид” газетаси ўз саҳифаларида шариатга оид масалалар билан бир қаторда халқнинг аҳволи, иқтисод ва сиёсат муаммоларини ёритгани учун мусодара қилинади.

Кейинчалик Мунавварқори “Садойи Туркистон” (1914-1915) ни майдонга чиқаришда жонбозлик кўрсатди. 1917 йилнинг мартида эса ўзи муҳаррирлигида “Нажот” газетасини чиқарди. Шу йилнинг июнида эса Тошкентда Аҳмад Заки Валидий томонидан “Кенгаш” журнали ўртага чиқди. Кўп ўтмай, унинг муҳаррирлигини Мунавварқори олиб бора бошлади.

Умуман ўзбек матбуотининг майдонга келишини ҳам, тарихий тараққиётини ҳам Мунавварқорисиз, унинг юзлаб эҳтиросли мақолаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мунавварқори ХХ аср бошидаги ижтимоий-сиёсий ҳаракатчиликнинг, миллий озодлик кўтарилишининг энг эътиборли намояндаларидандир. Абдулла Авлонийнинг таржимаи ҳолидан маълум бўлишича, 1901 йиллардан бошлаб Тошкентда маҳаллий ёшлардан “Жадидлар тўдаси” ташкил топган эди. 1914-1915 йилларда “Садоий Туркистон”да муҳаррирлик қилган, 1909 йилда Лев Толстой билан хат ёзишган адвокат Убайдулла Асатиллахўжаев, шоир Абдулла Авлоний, Низомиддин Хўжаев кабилар бу гуруҳнинг фаоллари бўлиб танилдилар. Авлоний унга 1904 йилда аъзо бўлганини маълум қилади. Мунавварқори шунинг асосчиларидан эди. 1909 йилда у бошқа маърифатпарвар жадидлар билан бирга “Жамияти хайрия” тузади. 1913 йилда “Турон” жамиятини таъсис этади. “Мактаб”, “Нашриёт” каби ширкатлар очади. Жамиятнинг мақсади ерли мусулмон аҳолиси орасида маориф-маданиятга рағбат уйғотиш, уларга моддий-маънавий ёрдам бериш, улар учун саҳна асарлари тайёрлаш ва кўрсатиш эди. Мунавварқори ёшларни ривожланган мамлакатларда ўқитиш, шу орқали Миллат ва Ватанни фарзандларга танитиш, дунёни англатиш ишларига алоҳида эътибор берди. 1908 йилдан 1923 йилга қадар унинг ғайрат ва ташаббуси билан юздан ортиқ туркистонлик четда ўқиб келди. 1920-1923 йилларда бу ташаббусни Бухорода Фитрат ва Файзулла Хўжаев қўллаб-қувватлаб чиқдилар.

Маълумотларга қараганда биргина 1922 йилда Олмонияда ўқиётганларнинг сони 60 га етган. Мунавварқори гарчи театр асари ёзмаган бўлса-да, Туркистондаги театрчилик ишларининг йўлга қўйилишида Абдулла Авлоний ёнида турди. 1913 йилда тузилган “Турон” жамияти низомида театрчилик ишлари алоҳида таъкидлангани, унинг заминида “Театр ҳаваскорлари труппаси” ташкил топгани бежиз эмас. 1914 йилнинг 27 февралида Тошкентдаги “Колизей” (ҳозирги Савдо биржаси биноси)да мана шу труппа томонидан “Падаркуш” драмаси биринчи маротаба саҳнага қўйилади. Томоша олдидан нутқ сўзлаган Мунавварқори мазкур тантанали маросимда шундай деган эди: “Туркистон тилида ҳануз бир театр ўйналмағонлиғи барчангизга маълумдир. Шул сабабли баъзи кишиларимиз театрға эҳтимолки ўйинбозлик ёҳуд масхарабозлик кўзлари ила боқурлар. Ҳолбуки театрнинг маъноси “ибратхона” ёки “улуғлар мактаби” деган сўздир. Театр саҳнаси ҳар тарафи ойнабанд қилинғон бир уйга ўхшайдурки, унга ҳар ким кирса, ўзининг ҳусн ва қабиҳини, айб ва нуқсонини кўриб ибрат олур”. Матбуот бу кунни “Тарихий кун” деб эълон қилади. Шоир Тавалло эса шу муносабат билан шеър ёзади. Унда шундай сатрлар бор эди:

Чўҳ мунаввар этти оламни Мунавварқоримиз,
Кўрдимиз равшанлиғидин феълимиз, атворимиз.
Ибрат олинг ёшлар, деб тўкди кўздин ёшлар,
Нутқида таҳрир эдуб, бизларни йўқу боримиз.
Чун кўнгулдан биз эшитдук, чин-ачиғ айтган сўзи,
Шунча бидъатларни билдук, вой, биз иқрормиз.

Мунавварқори адиб сифатида ҳам маълум эътибор ва нуфузга эга эди. Хусусан, унинг “Адиби аввал”, “Адиби соний” китоблари дарслик-мажмуа йўсинида ёзилган бўлиб, кўплаб шеърий ва насрий ҳикояларни ўз ичига олган. Ҳар бирининг сўнггида “ҳисса” — хулоса чиқарилган. Улар мавзуига кўра ҳар хил. Кўпчилиги тарихий мавзуда. Йўл-йўналишга кўра ибратомуз пандлардан ташкил топган. Тили содда, ўқилиши қизиқарли.

Ҳикоялар орасида ХХ аср бошидаги тарихий воқеалар, ижтимоий-маиший турмуш манзаралари ҳақида ёзилганлари ҳам анчагина. Маълум бўлганидек, Мунавварқори бадиий адабиёт билан яқиндан шуғулланган зиёлиларимиздан эди.

У 20-йилларда тилшуносликка оид асарлар ёзди. Унинг 1925 йилда эълон қилган Қаюм Рамазон ва Шорасул Зуннун билан ҳамкорликдаги уч бўлимлик “Ўзбекча тил сабоқлари” китоби шу йўлдаги жиддий ишлардан бўлди. Муаллифлар туркча тилшунослик атамалари эндигина шаклланаётган бир пайтда шундай мураккаб ишни амалга оширган эдилар.

Лекин Мунавварқори миллат тарихида биринчи навбатда жамоат ва сиёсий арбоб сифатида қолди. У XIX асрнинг 90-йиллари охиридан умрининг сўнггигача Миллат ва Ватан равнақи, озодлиги йўлида кураш олиб борди. Унинг бутун ижоди ва фаолияти мана шу икки масала атрофида кечди. Айниқса унинг 17-йиллардаги фаолияти қизғин бўлди. У машҳур 1917 йил феврал воқеаларидан кўп ўтмай, ўша йилнинг мартидаёқ “Шўройи исломия” жамиятини тузди. Миллий, диний заминга суянган, шариатга асосланган мустақил Туркистон ҳукуматини тузиш ғоясини илгари сурди. “Шўройи исломия”нинг 16-23 апрелда Тошкентда бўлиб ўтган биринчи қурултойида “Туркистон мусулмон депутатларининг марказий Шўроси” тузилиб, Мунавварқори раис этиб сайланди. “Марказий Шўро”да Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мустафо Чўқаев каби таниқли маърифат ва сиёсат кишилари бор эди.

1917 йилнинг ёзига келиб большевиклар фаоллашдилар. Улар маҳаллий зиёлиларнинг бир қисмини, айрим камбағал тоифаларнинг ўз изларидан эргаштиришга муваффақ бўлдилар. Мунавварқори бундан қаттиқ ташвишга тушди. Октябрь тўнтаришини ташвиш ва саросима билан кутиб олди. Қўқон (Туркистон) мухториятининг қизғин тарафдорларидан бўлди. Мухторият хоинона бостирилгандан кейин халқни уйғотиш, кўзини очиш йўлларини қидирди. Октябрь тўнтаришидан сўнг Мунавварқори янги мактаб, ўрта махсус ва олий таълим ташкилотчиларидан бири сифатида фаолият кўрсатди. Мунавварқори ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети пойдеворини қўйган кишилардан бири. У Мусулмон халқ дорилфунунини ташкил этиш мақсадида 9 кишидан иборат ташкилот комиссиясини тузади. Комиссия Мусулмон халқ дорилфунунини уч босқичда ташкил этади: юқори босқич –дорилмуаллимин (ўқитувчилар институти); ўрта босқич – ўрта ҳунар мактаблари; қуйи босқич – бошланғич мактаблардан иборат бўлади. Шу йилнинг майидан декабрига қадар ушбу Мусулмон халқ университетининг ректори вазифасини бажарди. Туркистондаги замонавий олий таълимнинг майдонга келишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Русча Туркистон халқ дорилфунуни ва унинг бўлими Мусулмон халқ дорилфунини тўла маънодаги олий ўқув юрти бўла олмаса-да, бўлажак давлат университети, ҳозирги – Ўзбекистон Миллий университети учун моддий-техникавий ва илмий-педагогик асос бўлди.

1919 йилда “Туркистон комиссияси” тузилиб, Масков назоратни қўлга ола бошлагач, Мунавварқори ишдан бўшатилди. 1920 йилда Бухорода халқ жумҳурияти ағдарилганда у Бокуда Шарқ халқлари қурултойида эди. Бокудан қайтгач, Бухоро халқ маорифига ишга юборилади. Лекин тўрт ой ўтар-ўтмас, 1921 йилнинг 20 мартидан Тошкентга чақириб олинади. Икки ойча ишлагандан сўнг, қамоққа олинади. Тўғри, у 1917 йилнинг октябридан кейин ўзининг шўроларга қарши курашини яширин равишда давом эттирган. Жумладан, Октябрь арафасида “Иттиҳод ва тараққий” жамиятида қатнашган, жамият совет даврида ҳам фаолият кўрсатгани маълум бўлади. Бироқ кўп ўтмай Мунавварқори қамоқдан чиқарилади ва яна ўқитувчилик қила бошлайди.

1929 йили ГПУ томонидан Мунавварқори иккинчи маротаба қамоққа олинади.Унга миллатчилик айби қўйилади Уйида тинтув ўтказилиб, барча ҳужжатлари, китоблари ҳовлисида ёқиб ташланади. Агидуллин сўроқ бошлайди. Дастлабки уч ой мобайнида ўтказилган терговда Мунавварқори ҳам, шериклари ҳам ўзларини айбсиз ҳисоблаб, сўроқ варақасига имзо чекмайдилар. Аммо Давлат Сиёсий бошқармаси(ГПУ) Шарқ бўлимининг бошлиғи К.Бельскийнинг шахсан ўзи ва Агидуллин жисмоний тазйиқ бошлайдилар. 18-20 рақамли азобхоналарда конвейр усулида олиб борилган сўроқлар, узлатхонада сақлашлар, оддий инсоний заруратлардан маҳрум қилишлар маҳбусларнинг иродасини синдириб, сўроқ варақасига имзо чекишга мажбур қилади. Агар сўроқ варақалардаги имзолар, ҳарфларнинг ёзилиши руҳий-графологик нуқтаи назардан таҳлил қилинса, маҳбуслар матнларни аллакимларнинг тазйиқи остида ва улар фикрини қўшиб ёзганлари маълум бўлади. У 1931 йилда халқ душмани сифатида отиб ташланди. Мунавварқори бор-йўғи 53 баҳорни кўрди. Шундан 39 йили “инқилоб”дан олдинги чоризм мустамлакачилиги азоби остидаги болалик, балоғат ва фаолллик даври бўлса, қолган 14 йили империя ва ленинча қатағонлик сиёсати томонидан маънавий хўрланиш замони бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг собиқ ДҲК – ҳозирги Миллий хавфсизлик хизмати архивида Мунавварқорининг “миллатчилик” фаолиятига оид юзлаб тўқиб чиқарилган гувоҳликлар, айбловлар” сақланиб келади. Мунавварқори узоқ йиллар давомида душман сифатида қораланиб келинди. Унинг тарихимиз, маданиятимиз ривожидаги хизматларини ўрганиш ва тақдирлаш ишларининг ҳаммаси олдинда турибди.

Методик-библиографик қўлланма

© Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2008 й.

Поделиться

Битта мулоҳаза

  1. thanks for tyhe great info

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*