Бош саҳифа » Шош ҳокимлари » Суюнчхўжахон

Суюнчхўжахон

СУЮНЧХЎЖАХОН, Суюнчакхон, Суюнчик султон (тахминан 1452–1525.23.06) – шайбонийлардан бўлган Тошкент хони (1503–25). Абулхайрхон ва Улуғбекнинг қизи Робия Султон бегимнинг фарзанди. Шайбонийхон Мовароуннаҳрни эгаллагач, Самарқандни пойтахт қилиб, Туркистонни Кўчкунчихонга, Тошкентни Суюнчхўжахонга берган. Хожа Абулбақо ибн Баҳоуддиннинг «Жоме ал-мақомот» асари (17-аср)да ёзилишича, Суюнчхўжахон бошлиқ шайбонийлар қўшини Тошкентни қамал қилганда Шайх Хованди Тоҳурнинг авлоди – Хожа Тоҳир шаҳар мудофаасига раҳбарлик қилган, бироқ шаҳар Суюнчхўжахон қўлига ўтган. Суюнчхўжахоннинг чиғатойлардан Султон Сайидхон билан Тошкент учун кураши халқ бошига кўп кулфатлар келтирган.

1510 йил Шайбонийхон ўлимидан сўнг Самарқанддаги Бибихоним масжидида шайбоний султонлар Тошкент ҳокими Суюнчхўжахонга қасамёд қилганлар. Суюнчхўжахон сулола бошлиғи деб эълон қилинган. Суюнчхўжахон қариндош-уруғларига Шайбонийхон тортиб олган мулкларини қайтариб берган. Лекин шунга қарамай шайбоний султонлар оиласидаги иттифоқ ўз ўрнига тушмаган. 1510 йил шайбонийларнинг ёши улуғи Кўчкунчихон янги хон этиб сайланган. 1511–12 йилларда Суюнчхўжахон шайбонийларнинг Бобурга ва Султон Саидхонга (1512–14), сафавийларга (1523–24) қарши курашларида қатнашган. Суюнчхўжахон эсдаликлари Маҳмуд ибн Усмон Кўҳистонийнинг «Тарихи Абулхайрхоний» асарига асос қилиб олинган. Суюнчхўжахон Тошкентдаги Бароқхон мадрасасида дафн этилган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*