Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. Рустамбек ҳожи Норбек ўғли

Сулола. Долимовлар шажараси. Рустамбек ҳожи Норбек ўғли

Энди икки-уч оғиз сўз бобокалонимиз Норбек Хайтабек ўғлининг учинчи фарзанди, Муҳаммадаминбек ҳожининг укаси Рустамбек ҳожи ва унинг фарзандлари Ҳасанбек ва Ҳусанбеклар ҳақида. Рустамбек 1845 йилда туғилди, катта савдогар бўлиб етишди, кўпроқ Ғулжа, Кошғар, Ўримчи шаҳарлари билан савдо алоқалари ўрнатган ва бу шаҳарларга тез-тез бориб турган. Рустамбекнинг биринчи оиласи Норхонбиби баланд бўйли, ниҳоятда кўркам аёл бўлган, дейишарди, ундан Ҳакимбек исмли фарзанд кўради, аммо у бир ёшга тўлмай вафот этади. Ундан кейин Норхонбибидан фарзанд кўрмайди. Рустамбек ҳамма удумларга амал қилади: 40 кун Аҳмад Яссавий қабри пойида чилла ўлтиради ҳам, аммо натижа бермайди. Бунинг устига Норхонбиби касалликка чалиниб, букур бўлиб қолади ва бошқа фарзанд кўрмаслиги аниқ бўлади.

Рустамбек кейинги сафар савдо ишлари билан Ғулжага бориб, акаси Муҳаммадаминбек топшириғига биноан у ерда Ойимхон Уйғур (исмига “Уйғур” сўзини қўшиб айтишар экан) исмли қизга уйланади, 3-4 йил Ғулжада яшаб, 1880 йилларнинг ўрталарида Ҳасанбек ва Ҳусанбек исмли эгизак фарзандлар билан Тошкентга қайтади. Узоқ йиллар давомида икки кундош – Норхонбиби ва Ойимхон Уйғур ниҳоятда иноқ яшашган: “Ойимхон туғади, Норхон тарбиялайди” дейишар экан қариндош-уруғлар. 1890-йилларнинг бошларида Аҳмадбек исмли учинчи фарзанд кўради. Уйғур хотинларининг ниҳоятда пазанда бўлганини, айниқса, манпар, манти, лағмон каби асли хитойча-уйғурча таомларни қотириб тайёрлашини ҳам айтишарди. Ҳасанбек ва Ҳусанбек амакивоччалари Комилбек ва Каримбеклар билан бирга рус-тузем мактабида ўқийдилар.

Адам Субутой Долимовнинг айтишларига қараганда, Ҳасанбек ва Ҳусанбеклар ҳам каттагина ишбилармон бойлардан бўлиб етишадилар, дастлаб чарм савдоси билан шуғулланадилар. Ҳусанбек 1905 – 1910-йилларда Истанбулда ўқишни давом эттиради, шунингдек, Туркия билан тижорат ишларини йўлга қўяди. Аммо ака-укалар анча ман-манликка, ҳашаматга берилган, димоғдор одамлар бўлиб етишадилар. Улар катта амакилари Муҳаммадаминбекдан анча олдин оталари Рустамбекни ҳаж сафарига юборадилар. Ота сафардан қайтиб келгунга қадар бир ярим-икки йил ичида Сағбондаги Норбек бувасидан қолган ҳовлини тубдан бузиб ташлаб, отаси Рустамбекнинг бутун дастмояларигача сарф қилиб, янгитдан ҳашаматли ҳовли ва бинолар қурдирадилар, ниҳоятда чиройли қилиб бўёқдан чиқарадилар: ҳар бир хонага Рустамбек ҳожи ва ўзлари кўрган шаҳарлардаги энг гўзал иморатларнинг расмларини чиздирадилар. Яқин-яқингача уларнинг уйидаги бир хонада Тожмаҳалнинг ниҳоятда катта ва чиройли ишланган расми бўлар эди. Натижа шундай бўлдики, Рустамбек ҳожи “синиб”, уйга кириб қолади, бу воқеа Рустамбек ҳожини анча мункитиб қўяди. Ҳасанбек ва Ҳусанбекларнинг бундай номуборак феъл-атвори кейинги укаси Аҳмадбек ахлоқига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Долимбекнинг қизи – Аҳмадбекнинг хотини Манзура ва унинг фарзандлари фожиали қисмати ҳам шу оиланинг номатлуб ахлоқи билан боғлиқ эди.

1964 йилда Каримбек отам Ҳасанбек ва Ҳусанбекларнинг уларга, яъни Комилбек ва Каримбек буваларимга кўрсатган баъзи бир ножўя ишлари ҳақида гапириб берган эдилар: “Рустамбек амакимнинг ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбек акамлар билан ўрис мактабини тугатганимиздан кейин 5 – 6 йил биргаликда савдо ишлари билан шуғулландик, чунки улар жуда ишбилармон, йўл-йўриқни яхши биладиган, чаққон савдогарлардан эдилар: дастлаб улар оталари каби Ғулжа, Кошғар ва Ўримчи шаҳарлари билан савдо алоқаларини йўлга қўйишган, Русия, Польша, Германия Туркия савдо марказлари билан биздан  олдинроқ алоқа ўрнатишган, уердан халқимиз эҳтиёжига керакли молларни узлукиз олиб келиб туришар эди. 1907 йилда Ҳасанбек акам билан Комилбек акам савдо ишлари билан Германияга бирга борадиган бўлишди, кетадиган кунларини ҳам белгилашди, поездга чипталар ҳам олишди. Белгиланган куни Комилбек акам кетишга тайёр бўлиб, уларнинг уйига одам чиқарсалар, улар Германияга кетганига бир ҳафта бўлган экан. Шунда акам мени ўзи билан бирга Германияга олиб кетди. Берлинда чарм фирмаси бошлиғи билан шартнома бўйича гаплашдик ва молни олиб кетиш учун келганлигимизни айтдик, чунки олдин катта миқдорда пул ўтказилган эди-да. Фирма бошлиғи шартномадаги ҳамма молни Норбеков (Ҳасанбек ва Ҳусанбек)лар олиб кетганини айтди. Биз воқеани тушунтирганимиздан кейин фирма бошқарувчиси Ҳасанбек Норбеков қилган ишидан ҳайрон бўлиб, қуруқ кетмаслигимиз учун керагича молни Варшава фирмасидан олиб беришга ваъда берди. Акам менга Тошкентга тезда қайтиб, воқеани тушунтириш, олиб келган молнинг ярмини бизга бериш ёки бермаслигини ва шунга яраша Комилбек акамнинг иш тутишини Ҳасанбекка айтишни буюрди. Амакивоччаларимизнинг бу ишларини зинҳор адамга айтмасликни, уларни ташвишга солмасликни тайинлади. Мен Тошкентга келиб, Ҳасанбек акамга воқеани тушунтирдим. У олиб келган молидан бирор қисмини ҳам беролмаслигини айтди. Буларнинг ҳаммасини Германияда кутаётган акамга телеграмма орқали айтдим. Натижа шундай бўлдики, акам Тошкентдан олиб кетган банк чекига Ҳасанбек акам олиб келган чармга нисбатан анча кўпроқ ва сифатлироқ чарм олиб келди. Аммо акам амакивоччаларимиз қилган бундай нопок ишларидан қаттиқ ранжиганини айтди:

— “Шериклик ошини ит ичмас” деб халқимиз жуда тўғри айтган экан, ука. Каримбек, билиб қўй, бундан кейин сен, Долимбек акам билан ҳар қандай иш бўлса, бирга бамаслаҳат қиламиз, аммо амакивоччалар билан бирга шериклик иш қилмаймиз. Уларнинг бу иши ҳасаддан бошқа нарса эмас. Майли, улар Германия фирмалари билан ишлайверишсин, биз Варшава фирмалари билан ҳамкорлик қиламиз, мен улар билан катта шартнома тузиб келдим, — деди.

Амакивоччаларимизнинг бу ярамас ишлари биз учун катта сабоқ бўлди, чунки бундай нопок ишни ҳатто бегоналар ҳам қилмайди-да. Савдо-сотиқ иши эса ниҳоятда покизаликни, тўғриликни талаб қилади”.

Ҳусанбек Норбековнинг ўғли Бахтиёрбек Ҳусанов (1923 – 2012) маълумотларига қараганда, Рустамбек ҳожининг анча ишбилармон, тадбиркор ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбек Норбековларнинг тақдири ҳам шўролар даврида фожиали кечди. Улар 1927 йилдаёқ қамоққа олиниб, мол-мулклари, уй-жойлари, дўконлари тортиб олинди, фарзандлари турли қариндош-уруғлариникида қувғинда яшашга мажбур бўлди. Ҳасанбек сургунда Иркутск кўмир конида ишлаб, 1930 йилда турмада, Ҳусанбек эса 1936 йили Зарафшон турмасида вафот этдилар, қабрларининг қаердалиги ҳам номаълум. Уларни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Долимбек ҳожи Муҳаммадаминбек ҳожи ўғли

Муҳаммадаминбек ҳожининг ўғиллари Комилбек ва Каримбеклар ҳамда Рустамбек ҳожининг ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбеклар 1890-йилларда рус-тузем …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *