Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. Муҳиддинбек ва Фахриддинбек Комиловлар

Сулола. Долимовлар шажараси. Муҳиддинбек ва Фахриддинбек Комиловлар

Муҳиддинбек Комилов – Комилбек Норбековнинг биринчи ўғил фарзанди, 1918 йилда туғилган. 1939 йили политехника институтига ўқишга киради ва  узоқ ҳайдалишлардан сўнг 1947 йили тугатиб, инженер-энергетик бўлиб етишади. Муҳиддин ака отаси сургун қилингандан кейин ҳам анча дабдабали ҳаёт кечирган, отасидан қолган катта бойликни жўя ва ножўя ишларга сарф қилган. Уруш жароҳатлари ҳали тугамаган, кўплаб хонадонларда аза, халқ ярим оч, ярим тўқ ҳолда яшаётган бир вақтда – 1949 йили Муҳиддин ака юқорида тилга олинган, отасига Файзулла Хўжаев эсдалик сифатида тақдим этган анча қимматбаҳо бриллиант кўзли узукни сотиб, “Правда Востока” кўчасидаги икки қаватли “Национал” меҳмонхонаси (Тўхтабойвоччанинг қўраси бўлган — ҳозир ҳам мавжуд) ресторанида 30 кишидан иборат турли-туман тоифадаги ўртоқларига катта зиёфат уюштиради. Бу зиёфат-банкет катта урушга айланиб, Муҳиддин акани қаттиқ калтаклашган, натижада, бурни қаттиқ шикастланган.  Узоқ вақт шифохонада даволанган ва катта пул эвазига бурнини пластик операция қилдирган. Бу операция жуда муваффақиятли чиққан. Муҳиддин аканинг бундай ножўя ҳаракатлари унинг кейинги ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатган. 1952 йилда шўро ҳукуматининг навбатдаги қатағон ўрами бошлангач, бойнинг боласи, бунинг устига, турли гапларда қатнашганликда ҳамда сиёсий латифа айтганликда айбланиб, қамоққа олинган. Беш йил Сибир сургунида бўлиб, Сталин ўлимидан кейин оқланиб, қайтиб келган ва аввалги инженерлик ишига тикланган. Унинг турмуш йўлдоши Муборак опа ниҳоятда гўзал аёл бўлган, узоқ йиллар Тошкент шаҳар, Собир Раҳимов (Олмазор) тумани болалар поликлиникасида бош шифокор бўлиб хизмат қилган. Улар 1946 йили Отабек исмли ёлғиз фарзанд кўришган, у ҳам отаси каби инженер бўлиб етишган. 1970 йили Отабек машҳур акулист профессор Муҳаммаджон Комиловнинг қизига уйланган. Муҳиддинбек Комилов 1994 йили, Муборак келин ойи 2000 йили ва Отабек 2003 йили вафот этишган, Тешикқопқа қабристонига дафн этилганлар.

Фахриддинбек Комилов – Комилбек Норбековнинг учинчи фарзанди, 1921 йили туғилган. Ота-онасининг суюкли фарзанди бўлиб вояга ета бошлади. У амакивоччалари Зиёдбек ва Султонбеклар каби тиббиёт институтида ўқишни орзу қилди. Унинг бу орзуси амалга ошиб, мазкур институтнинг даволаш факультетини аъло баҳолар билан тугатди ва шифокор бўлиб етишди. Узоқ вақт давомида миллионер бойнинг ўғли сифатида уни илмий-тадқиқот ишига яқинлаштиришмади. Аммо ўз олдига қўйган мақсадидан қайтмайдиган, ўта тиришқоқ Фахриддинбек 1947 йилда ТошМИнинг аспирантурасига киришга муваффақ бўлади ва 1951 йили диссертация ишини ҳимояга қўяди. Бу ҳақда кейинчалик ўзлари – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, тиббиёт фанлари номзоди, уч олий тоифага эга бўлган доктор Фахриддинбек Комилов қуйидагиларни ёзади: “Бизнинг оилага шўро ҳукуматининг таъқиб ва тазйиқлари анча кучли бўлди. Акам Муҳиддинбекни сиёсий латифа айтган, деб қамашди, ўзимни эса анча вақт илмдан четлаштиришди. 1951 йили илмий ишим тайёр бўлиб, эрта-индин ҳимоя қиламан, деган пайтимда фирқа котиби Дидченко қулоқнинг боласи, деб ишимни тўхтатиб қўйди. Энди қўлим ошга етганда, орзуларимни чил-чил синдирди. Нима қилишимни билмай, тунларни тонгга улаганларим ҳамон эсимда. Ўшанда ариза кўтариб учрашмаган одамим, кирмаган ташкилотим қолмади. Москвага хат ёздим, фойда бермади. Кейин “Тез ёрдам кўрсатиш хизмати”га оддий шифокор бўлиб ишга кирдим. Тайёр илмий ишимни йўққа чиқаришди. Ишни яна нулдан бошладим. Ҳалол хизмат қилиб, оддий шифокорликдан Тошкент шаҳар “Тез ёрдам кўрсатиш хизмати”нинг бош шифокори даражасига эришдим. 1973 йили бутунлай янги мавзуда, аввалги якунланган ишимдан 22 йил ўтгач, “Тошкент шаҳар тез ёрдам кўрсатиш хизматининг тарихи, аҳволи ва истиқболи” мазусида илмий-тадқиқот иши ёзиб, номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилдим. Бу ўша пайтда тез ёрдам кўрсатиш хизматига бағишланган собиқ иттифоқ миқёсидаги иккинчи илмий тадқиқот экан.” [Сирожиддин Аҳмад. Тараққийпарвар ака-укалар.  // Туркистон, 1997, 4 июнь]

Фахриддин Комилов узоқ йиллар Тошкент шаҳар “Тез ёрдам кўрсатиш хизмати”га раҳбарлик қилди, бу соҳа учун малакали мутахассислар тарбиялаб етиштирди. Фахриддин акада ҳеч бир қариндошларимизда учрамаган, умуман, камдан-кам одамларда бўладиган фазилат мавжуд эди. Авлодимиздаги биз ёшлар, эҳтимол, катталар ҳам уларнинг бу фазилатига ҳавас қилишар, уларга ўхшашга ҳаракат қилишарди, лекин уддасидан чиқиш жуда қийин эди. Бу Фахриддин аканинг кийиниши, юриш-туриши, ўзига алоҳида зеб беришида (яхши маънода) эди. Бу фазилат уларни аёллари Карима келинойи вафотларидан кейин ҳам тарк этмади. Фахриддин ака нима кийса, ўзига атаб тикилгандек ярашарди, ўзлари ҳам чиройли одам эдилар. Ундаги бу фазилат оталари Комилбекдан ўтган дейишарди.

1977 йил ёз кезлари Нуъмонбек амаким вафот этганларида, фотиҳа кунлари 3 – 4 кун давомида машҳур географ олим, университет география факультети профессори, собиқ СССР География жамиятининг ҳақиқий аъзоси Ҳамидилла Ҳасанов ҳам келиб турди. Амакиларим қаторида соҳиби таъзия сифатида Фаҳриддинбек акам ҳам бор эди. Ҳамидилла ака мени четроққа чақирди ва Фахриддин акани кўрсатиб:

— Улуғбек, бу одам сизларга ким бўлади? –деб сўради.

— Адам ва амакиларимнинг амакивоччаси, Долимбек отамнинг укалари Комилбек отамнинг ўғиллари, Тошкент шаҳар “Тез ёрдам” бўлимининг бош шифокори, исми-шарифлари Фахриддинбек Комилов, — деб жавоб бердим.

— Мен кўп катта-катта тўй-маъракаларда бу одамни кўраман, лекин  шу вақтгача бу одамчалик ниҳоятда ўзига эътибор бериб, тартибли кийинадиган одамни кўрган эмасман, бунақа тартиб-интизомли, ўзига алоҳида эътибор берадиган одамни сизларнинг авлодларингизда ҳам учратмаганман, — деди Ҳамидилла ака.

— Тўғри айтасиз, домла. Ёшлари улуғ қариндош-уруғларимизнинг айтишларига қараганда, бундай фазилат Фахриддинбек акамга адаларидан ўтган экан, адалари Комилбек отам ҳам худди шундай табиатли одам бўлган эканлар, — дедим.

Кунлардан бир кун укам Кенжабекнинг уйида қандайдир муносабат билан қариндош-уруғлар йиғилишди. Укамнинг қайин отаси Сафо ака Муродов (Сафо Муродович Муродов узоқ йиллар Тошкент шаҳар, Собир Раҳимов (Олмазор) тумани соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи бўлган) билан бирга Фахриддин ака ҳам келди. Улар ёшликдан бирга ўсган, институтда ҳам бир гуруҳда ўқишган “қиз ўртоқ”лардан дейишар эди. Ўлтириш узоқ давом этди: энг ноёб ичимликлардан оз-оз олишди ҳам. Қоронғи тушгач, белгиланган вақтда Фахриддин аканинг шофёри келиб, Сафо ака билан бирга уйларига олиб кетди. Фахриддин аканинг ҳамма вақт олиб юручи, ҳатто битта кичкина китоб ҳам сиғмайдиган сумкача (портмоне)лари қолиб кетибди. Юриш-туришлари, кийинишлари биз учун анча сирли туюладиган Фахриддинбек аканинг портмонесида нималар борлиги бизни жуда қизиқтирар эди. Биз жазм қилиб, сумкани очдик. Ичида озроқ пул, туфлини артиш учун қоғозга ўралган кичкина духоба парчаси, тароқ, кичкина шчётка бор экан. Демак, кўча-кўйда ҳам имкон топиб, уёқ-буёқларига қараб қўяр эканлар.

Фахриддинбек ака ва хотинлари Карима Маҳкамбой қизи 1946 йилда Улуғбек, 1949 йилда Фотима ва Зуҳра исмли фарзандлар кўришди. 1996 йили Фахриддинбек Комиловнинг 75 ёшга тўлишлари муносабати билан каттагина юбелейлари ўтказилди, Эски Жўвадаги “Гулистон” ресторанида шинам бир зиёфат ҳам бўлди. Кўп ўтмай, Фахриддинбек Комилов 2002 йилда ва ўғиллари Улуғбек Комилов 2004 йилда вафот этишди, Шайх Зайниддин бува қабристонига дафн этилганлар.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*