Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. “Муаллимлар жамияти”

Сулола. Долимовлар шажараси. “Муаллимлар жамияти”

1916 йил ўрталарида Мунаввақори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ҳамда ака-ука Комилбек ва Каримбек Норбековлар ҳамкорликда “Муаллимлар жамияти”ни ташкил этадилар. Жамиятнинг асосий мақсади иқтидорли ёшларни тараққий этган чет эл олий ўқув юртларига юбориш, Ватанимизда келгусида очилажак олий ўқув юрти учун замонавий олий маълумотга эга бўлган мутахассис педагоглар тайёрлаш, жадид мактаблари ташкил этиш ва улар учун дарсликлар, ўқув қўлланмалар нашр этиш эди. Бу жамият шундай улуғ мақсадларга бағишлаб бир неча мажлислар ўтказади. “Турк эли” газетаси ёзишича, мана шундай йиғинларнинг энг эътиборлиси 1917 йилнинг 24 сентябрида якшанба куни кечқурун Мунавварқори Абдурашидхонов меҳмонхонасида ўтказилади. У ўз уйида уюштирган “миллий зиёфат”га юз кишини махсус даъватнома билан таклиф этади, унга 60 киши чамаси “даъватга ижобат қилиб”, зиёфатга ташриф буюрадилар. Зиёфатда Озарбайжондан келган атоқли педагог, маърифатпарвар Муҳаммадамин Афандизода ҳам қатнашиб, нутқ сўзлайди: “Мен бу зиёфатни “Муаллимлар жамияти” қандай мақсад ила ясағонлигининг аввалидан хабардор эмасман, лекин бу жамият тузулишидин олиб, муқаддас хидматлар ишлаб келғонлигидан ва минбаъд ҳам шундай хидматлар ила машғул бўлмоғига тамом қаноат ҳосил қилғонлигимдан сиз – муҳтарам ағниёларимиз ва аҳли ҳимматларимизни шул жамиятга ёрдам қўлларингизни чўзмоқға таклиф қиламан. Яшасун фидокор муаллимлар ва яшасун уларға ёрдам қилмоқни лозим билган мусулмон қардошлар!”

Бу “Миллий зиёфат”ни ташкил қилганлар ҳам, унда иштирок этганлар ҳам нафақат Тошканд шаҳрининг, балки бутун Туркистон ўлкасининг улуғ ҳурмат ва эътиборга лойиқ кишилари, Миллат, Ватан, маърифат фидойилари эдилар. Улар миллатнинг порлоқ келажаги учун молларинигина эмас, жонларини ҳам фидо қилган шахслар эди, уларнинг барчаси шўро қатағонларининг қурбони бўлдилар. Ҳозир халқимиз уларнинг кўпларини билмайди, лекин уларнинг биз учун, келгуси авлодлар учун муқаддас исми шарифларини бўлса ҳам ёзиб қолдиришга бурчлимиз: “Мунавварқори жанобларидан сўнгра онинг сўзини тақвия қилиб, бир неча кишилар тарафидин нутқлар сўйланди. Бундан сўнг иона қилмоқни хоҳлаған кишиларни рўйхат қилинди. Ҳурматлулар:

Бешоғоч даҳа қозиси Мулла Тўрахўжа Эшон махдум .. 200 сўм (рубл).
Шайхованд Таҳур даҳа қозиси Мулла Абдулвоҳидқори ҳожи … 100.
Мулла Ашрафхон Эшон қози … 50.
Мулла Хайриддинхон Эшон ва Мулла Нусратхон Эшон … 100.
Саид Муҳаммад Аминбек Худоёрхоноф … 25.
Шаҳар бошлуғи жаноб Саид Исломбек Худоёрхоноф … 100.
Саид Шаҳобиддинхон Тожиддинхон Эшон ўғли … 300.
Мулла Кошифхон домла Орифхон Эшон ўғли … 200.
Мулла Сиддиқ Охунд … 100.
Бобохон тўра … 100.
Абдували ҳожи Абдулмаликбой ўғли … 400.
Мулла Хўжа Аҳмад Шераҳмад ўғли … 600.
Мулла Охунджон Абдураҳмон ўғли … 100.
Абдурасулҳожи Абдумавлон қори ўғли … 200.
Одилҳожи Каримбой ўғли (чимкентлик) … 100.
Мулла Нормуҳаммадхон тўра Муҳаммад ўғли … 300.
Мирмаҳмуд ҳожи Мирражаббой ўғли … 100.
Шоҳ Абдумавлонқори Набихон ўғли … 100.
Тошҳожи Туёқбой ўғли … 50.
Мулла Мирмақсуд Мирҳодибой ўғли … 300.
Саид Аҳмадхўжа ҳожи Сулаймонхўжа ўғли … 50.
Тожихўжа Эшон … 50.
Нуриддинбек Худоёрхоноф … 100.
Мулла Муҳаммад Тоҳиржон Шокиржон ўғли … 200.
Шайхованд Таҳур даҳа бошлуғи Каттахўжа Эшон … 50.
Мулла Илҳомжон Инъомжон ўғли … 100.
Мулла Комилбек Норбекоф … 100.
Мулла Инъомжон Аҳмаджон ўғли … 100.
Мулла Каримбек Норбекоф … 100.
Мулла Иброҳимжон биродарон Мирҳидоятофлар … 200.
Мулла Нуъмон Акрамҳожи ўғли … 200.
Миртоҳирҳожи ва Мирабдулла Миршарофофлар … 200.
Абдухалил ва Турсун Муҳаммад Абдулҳаким ўғиллари … 200.
Мулла Тоҳиржон афанди … 100.
Мулла Абулқосим Зиёмуҳаммад ўғли … 100.
Мулла Отажон Назирхон ўғли … 100.
Мулла Саид Акрам Мулла Султон ўғли … 25.
Мулла Саид Абдулла Саидкаримбоеф … 100.
Мулла Ғанихон Ҳомидхон Эшон ўғли … 25.
Низомиддин Асомиддин хўжа ўғли … 10.
Башируллохон Асадуллахўжа ўғли … 25.
Миркамол ҳожи Мирали ҳожи ўғли … 25.
Мулла Тўхтажон афанди … 25.
Фозилжон Валидоф … 25.
Мулла Юнус Туёқбой ўғли … 25.
Мулла Абдувоҳид Абдурасул ҳожи ўғли … 25.
Якун: 5585 сўм (рубл).

Бу афандилардан муҳтарам Комилбек ва Каримбек Норбекоф афандилар тезда ўз хоналарида шундай бир “миллий зиёфат” ясаб, иона йиғиб бермоқға ваъда қилдилар”.

Мунавварқори ўз нутқида шаҳарнинг эътиборли кишиларини, маърифатли бойларини миллат, Ватан истиқболи учун “Муаллимлар жамияти”га моддий ёрдам кўрсатишга даъват этди. Шундан сўнг юқорида исми шарифлари тилга олинган 46 киши кўнгилдан чиқариб, имкониятлари даражасида бундай хайрли иш учун жамият фойдасига пул бердилар. Газета таҳририяти катта ҳурмат ва эҳтиром билан уларни ном-баном тилга олган. Булар орасида шўро қатағони қурбонлари Комилбек ва Каримбек Норбековлар ҳам бор эдилар. Аслини олганда, юқорида исми шарифлари тилга олинган миллат фидойиларининг ҳаммаси қатағонга учраган эди.

Бу йиғинда жамият учун иона қилинган 5585 сўм (рубл) маблағ асосан иқтидорли ёшларни чет эл олий ўқув юртларида ўқитишга сарф этилажаги таъкидланади. Мунавварқори ибн Абдурашидхон якунловчи нутқида бу маблағ “Муаллимлар жамияти” эҳтиёжларига, усули жадид мактаблари учун дарсликлар ва ўқув қўлланмалари нашр этиш ва бошқа эҳтиёжларига ҳам ажратилиши кераклигини айтиб ўтади. Газетанинг ёзишича, Тошкентнинг маърифатли бойларидан Мулла Тоҳиржон Шокиржон ўғли “Олий бир мактаб” ҳам қуриб беражагини айтади. Жамият бундай улуғ мақсадларга бағишлаб бир неча мажлислар ўтказишни режалаштирди. Тилга олинган мақолада айтиб ўтилганидек, кейинги “миллий зиёфат” Комилбек ва Каримбек Норбековлар раҳбарлигида уларнинг Сағбондаги меҳмонхоналарида ўтиши керак эди, куни ҳам белгиланган, даъватномалар ҳам тайёрланган эди. Афсуски, бир-бир ярим ойдан кейин содир бўлган инқилоб деб аталмиш ур-йиқитлар, ваҳшийликлар туфайли миллат истиқболи учун бундай хайрли ишларни амалга ошириш имконияти бўлмади, нафақат Норбековлар, барча миллат ва маърифат фидойилари ҳам қаттиқ таъқиб остига олиндилар.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. 20-30-йиллар

Post Views: 346 1924 йилда Долимбек учинчи фарзанди Насира (1902 – 1984)ни Муҳаммад Солиҳ (келажакда …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *