Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. Маънавият

Сулола. Долимовлар шажараси. Маънавият

Мустамлака ўлкада капиталистик муносабатларнинг пайдо бўлиши билан ярамас, ўта қабиҳ иллатларни ҳам олиб келди. Бу иллатлар маҳаллий халқ ахлоқига кучли салбий таъсир кўрсата бошлади: меҳмонхоналарда, ресторанларда “доим фиён” (Исҳоқхон Ибрат) бўлиб юриш ҳоллари вужудга келди. Бу ҳақда академик В.В.Бартольд ёзганидек: “Ерли аҳолининг руслар билан яқинлашиши, рус тилини ўрганиши натижасида рус ҳаётининг ташқи, салбий томонларини ўзлаштирдилар. Фаҳш ҳаёт кечиришга, вино, пиво ичишга ўргандилар”.

Бунинг устига, Русия ҳукумати ҳам мустамлака ўлка халқлари маънавиятини, диний эътиқодини бузиш учун ароқ, вино, пиво ва папирос билан савдо қиладиган махсус дўконлар тармоғини кенгайтирди, фоҳиша аёлларнинг ўлкага оқиб келишига, ресторанлар, фоҳишахоналар очишга катта имкониятлар яратди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасидаги фоҳиша аёл Лиза ва ресторан ходими Артун, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романидаги Мария Острова, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романидаги ресторан фоҳишалари образида, Исҳоқхон Ибрат, Тавалло шеърларида чор Русиясининг ушбу ўта қабиҳ сиёсати фош этилгани тасодифий ҳол эмас. Генерал-губернаторлик маъмурлари бу билан ҳам чекланмади: маҳаллий халқни ярамас иллатлардан муҳофаза қилувчи, уларни қаттиқ назорат остига олувчи, айниқса, ёшларни ичкилик, қиморбозлик, фохишабозлик каби ярамас, мусулмон ахлоқига зид одатлардан муҳофаза қилувчи муҳтасиб, аълам, раис каби лавозимларни ҳам бекор қилди ва буларнинг ҳаммаси миллат маънавиятининг, диний эътиқодининг оёқости бўлишига катта имконият яратди.

1914 йилнинг 27 февралида маънавиятимиз тарихида ҳақиқий маънода буюк воқеа содир бўлди. Тошкентнинг Георгий Мирзабекович Цинцадзе (1868 – 1919) томонидан 3000 томошабинга мўлжаллаб қурдирган энг катта “Колизей” театри (шўролар даврида Свердлов номидаги концерт зали, ҳозирда марказий савдо биржаси) биносида юқорида тилга олинган чор Русиясининг, Туркистон Генерал-губернаторлигининг ярамас сиёсатини фош этувчи, ўзбек драматургиясининг ҳамма мутахассислар якдил эътироф этган биринчи асари – Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси Мунавварқори ва Абдулла Авлоний раҳбарлигидаги “Турон” драмтруппаси ҳаваскорлари томонидан саҳнага олиб чиқилди. Матбуот бу кунни ҳақли равишда “тарихий кун” деб эълон қилди. Томоша олдидан Мунавварқори Абдурашидхонов оддий халққа қарата оташин нутқ сўзлади, театр ва унинг миллат маънавияти ривожидаги аҳамияти ҳақида ҳаммабоп маълумот берди, уни “ибратхона”, “улуғлар мактаби”, артистларни эса “табиби ҳозиқ” деб атади. Мунавварқорининг бу нутқи “Туркистон вилоятининг газети” ўша йил, 2 март сонида эълон қилинди. Бу тарихий воқеанинг катта ҳаракат, маблағ талаб қилувчи театр биноси арендаси, саҳна жиҳозлари, кийим-кечак, афиша, маромнома, чипталар ва бошқа ишлар асосан Комилбек ва Каримбек Норбековлар зиммасига тушган эди. Бу тарихий воқеа ҳақида жадид шоири Тўлаган Хўжамёров – Тавалло учта шеър битди. Учала шеър шоирнинг 1914 йилда нашр этилган “Равнақ ул-ислом” тўпламига киритилган. Уларнинг бирида шундай сатрлар бор эди:

Чўх мунаввар этди оламни Мунаввар қоримиз,
Кўрдимиз равшанлиғидин феълимиз, атворимиз.
Ибрат олинг, ёшлар, деб тўкди кўздин ёшлар,
Нутқида таҳрир этуб, бизларни йўқу боримиз.
Чин кўнгулдан биз эшитдук, чин экан айтган сўзи,
Шунча бидъатларни билдук, вой, биз иқрормиз.
Саҳнага қўйди “Падаркуш” фожиа Беҳбудидин,
Баҳра олди ўрусу арман, ўзбаку тоторимиз.
Кўрдилар нодон чужуқ, бетарбият ҳангомасин,
Дедилар бизни чужуқлар: “Эмди биз безормиз!”
“Бу бола эрмас, бало!” деб, нечалар қон оғлади,
Ваҳмиға кетди ўзидин, бир неча кўкноримиз.
Бас, Убайдулло, Каримбеку Низомиддинлара,
Жумла қатнашганга то ўлгунча миннатдормиз.
Барчадин аввал келиб жой олди, ўлтурди кўринг,
Фойдаланди, ибрат олди неча парҳездоримиз.
Кўб умид бирлан, Тавалло, боз бир ўйнаса деб,
Белни боғлаб, ўзни чоғлаб бунда хизматкормиз.

Ушбу шеър дастлаб жадидларнинг “Садойи Туркистон” газетасида, ўша йили Каримбек Норбеков муассислигида нашр этилган шоир Таваллонинг “Равнақул ислом” номли шеърлар тўпламида эълон қилинди, шу 1914 йили Мунавварқори Абдурашидхонов жадид мактабларининг юқори синфлари учун тузган “Сабзазор” дарслигига ҳам киритилди. Натижада, ушбу шеър кейинги мактаб дарсликларига ҳам кириб борди ва миллат фарзандлари тарбиясида муҳим аҳамият касб этди.

Комилбек ва Каримбек Норбековлар “Турон” театри труппаси фаолиятида сезиларли из қолдирдилар, айниқса, унинг пул, маблағ билан ҳал қилинадиган иқтисодий жиҳатларига яқиндан ёрдам бердилар. Кейинчалик Ҳожи Муин ва Нусратулло Қудратуллонинг “Тўй”, машҳур озарбайжон драматурги Мамед Саид Ўрдубодийнинг “Андалуснинг сўнгги кунлари” драмаларини саҳнага олиб чиқишдаги иқтисодий томонлари уларнинг зиммасида бўлган. Бу ҳақда 1915 йили “Садойи Туркистон” газетаси мамнуният билан “Билетлар сотиш тўғрисида кўп фойдалари теккан Комилбек Норбеков, Каримбек Норбеков афандиларга идора тарафидан кўп раҳмат ва ташаккурлар арз қилурмиз”, – деб ёзган эди.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Долимбек ҳожи Муҳаммадаминбек ҳожи ўғли

Муҳаммадаминбек ҳожининг ўғиллари Комилбек ва Каримбеклар ҳамда Рустамбек ҳожининг ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбеклар 1890-йилларда рус-тузем …

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *