Бош саҳифа » Сулола. Долимовлар шажараси. Комилбек

Сулола. Долимовлар шажараси. Комилбек

1917 йил 25 октябр (янги ҳисобда 7 ноябр)да Петроградда тўнтариш муносабати билан Муваққат ҳукумат ағдариб ташланди ва бутун ҳокимият Ленин бошчилигидаги болшевиклар қўлига ўтди. “Ҳуррият” газетасининг 1917 йил 7 ноябр сонида болшевиклар томонидан Қишки Саройнинг эгалланиши муносабати билан бош муҳаррир Абдурауф Фитрат “Русияда яна бир бало бош кўтарди – болшевик балоси!” – деб ёзган эди. Жадидчилик ҳаракати намояндалари, раҳбарлари бундай зўравонликка, хунрезликка бутунлай қарши эдилар. Тошкентда ҳам болшевиклар ҳукуматни эгаллаш учун тўрт кечаю тўрт кундуз қирғин уюштирдилар. Шундай қилиб, болшевиклар минг-минглаб бегуноҳ ҳалок бўлганлар қони ва жони эвазига ҳокимият тепасига чиқдилар. Шундай оғир вазиятда Каримбек Норбеков тўппочасини олиб:

— Ҳамма болшавикларни пешанасидан отаман! – деб, кўчага чиқади.

Катта акаси Долимбек “ҳай-ҳай”лаб унинг йўлини тўсди:

— Тўхта, Карим! Ўзингни бос, ука! Иккитасини отарсан, учтасини отарсан. Улар кўп, ҳатто болшавойлар ваъдасига учган ўзбек қаролларини ҳам ишга солишган кўринади, ҳаммаси қуролланган, бутун авлоди-аждодимизни йўқ қилиб ташлайдилар!

— Ака, тушунинг, уларнинг нима ҳаққи бор ватанимиз, халқимиз тинчлигини бузишга! Уларга сиғинди бўлиб яшашдан кўра ўлим минг марта афзал-ку! Бир бошга – бир ўлим!

— Ука, сен фақат ўзингни ўйлама, фарзандларинг, жигарларинг, қариндош-уруғларингни ўйла! Бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Сен шу кундан бошлаб кўчага чиқмайсан, бу гаплар аканг Комилга ҳам тааллуқли, тўппончангни шу заҳотиёқ йўқот, ҳожатхонага ташлаб юбор. Ҳали улар келиб уйларимизни тинтув қилишдан ҳам тоймайдилар.

Шу-шу октябрь тўнтаришидан кейин бирор ташкилотда ва йиғинларда Комилбек ва Каримбек Норбековларнинг исми-шарифи тилга олинмайди. Улар сиёсатга аралашмасликка, тинч иш билан – савдо-сотиқ билан машғул бўлишга қарор қилдилар. Замоннинг кейинги эврилишлари уларни шундай йўл тутишга мажбур этди. Савдо-сотиқ ишида иймон-эътиқодни, ҳалолликни ўзлари учун муқаддас билган, ҳаромдан ва бировнинг ҳақига ҳиёнат қилишдан ҳазар қилган, халқининг корига ярашни ўзлари учун муқаддас билган Комилбек ва Каримбек Норбековлар фаолияти узоққа бормади. Октябр тўнтаришидан кейинги турли-туман фожиалар уларнинг бошига ҳам ёмғирдай ёғила бошлади. Болшевиклар ҳукумати уларнинг миллатпарварлик фаолияти учун, жадидчилик ҳаракатининг етакчи намояндалари бўлганликлари ҳамда миллатнинг иқтидорли болаларини чет эл олий ўқув юртларида ўқишларига катта иқтисодий имконият яратганликлари учун таъқиб остига олдилар. Энди болшевиклар ўрнатган яккаҳокимлик ва зўравонлик, айниқса, “ҳарбий коммунизм” сиёсати мустамлака ўлканинг иқтисодий аҳволини, маориф ва маданиятини парокандаликка, фожиали аҳволга олиб келди. Бу сиёсат очликка маҳкум этилган Туркистон аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга эмас, аксинча, уларнинг бор-йўғини тортиб олиб, болшевиклар тузумининг ҳимоячилари бўлмиш қизил аскарларни, “марказ”ни боқишга хизмат қилди, мустамлакачилик зулми ҳам авжига чиқди.

1920-йилларнинг бошларида вақтинча бўлса-да, НЭП – янги иқтисодий сиёсат туфайли барча соҳаларда нисбатан эркинлик ҳукм сурди. Чунки шўро ҳукумати икки фронтда: ҳам фуқаролар урушида, ҳам жадид зиёлилари ҳамда бадавлат қатлам билан баравар кураш олиб бора олмас эди. Норбековлар ҳам оиласи билан 2 – 3 йил тинч-осойишта ҳаёт кечирдилар. Болшевиклар “босмачилик ҳаракати” деб номлаган, аслида истиқлолчилик ҳаракатини қонга ботириб, 1925 – 26-йиллардан бошлаб ўз мавқеини мустаҳкамлаб олгач, ҳамма эркинликларга чек қўйди. Улар йўқсиллар билан бадавлат қатлам ўртасида синфий адоватни кучайтиришга зўр бердилар, уларни сув ва олов каби бир-бирига ғирт душман қилиб қўйди, хусусий савдога қарши кураш кескин тус олди, миллат манфаатлари учун курашган жадидлар қаттиқ таъқиб остига олинди. Бундай ишларнинг тепасида Москвадан – РКП (б) МҚ томонидан юборилган Средазбюро (дастлабки номи РКП(б) МҚнинг Туркбюроси) ташкилоти турди. Маҳаллий раҳбар ходимлар шўро бошқарув тизимидан сиқиб чиқарилди. Комилбек ва Каримбекларнинг ишлаб турган дўконларига қулф солинди, савдо-сотиқ ишлари бутунлай тўхтатилди, натижада, ака-укалар уйга кириб қолдилар. Бу вақтларда Долимбек укаларидан анча кейин бошлаб қўйган уйи ҳали битмаган, лекин оиласи анча катталашган, 12 фарзанди билан ота ҳовлисида укалари Комилбек ва Каримбеклар билан бирга яшар эди. Дунё кўрган, юрт сўраган ака-укалар ишсизлик, мустабит шўро ҳукуматининг таъқиб ва тазйиқлари, оилавий келишмовчиликлар гирдобида азоб чекардилар.

Муаззам аммам (1919 — 2001) ўша вақтларда Комилбек отам билан кечган бир воқеани айтиб берган эдилар: “Адашмасам, 1927 – 1928 йиллар баҳори эди. Ойим кир ювиш учун катта жомашўйни тўлдириб, кирларни бўктириб, зина устига қўйдилар. Шу пайт опододам (биз жиянлар Комилбек ва Каримбек амакиларимизни “оподода” дер эдик) хоналаридан чиқиб, жомашўйни кир-пири билан улоқтирдилар, жомашўй ҳовлининг нариги бурчагига бориб, деворга қарсиллаб урилди, қалин сополдан ишланган жомашўй иккига бўлиниб кетди ва ойимга:

— Бу уйда тинчлик борми-йўқми!? Қачон ўз уйларингга кўчиб ўтасанлар!? – деб ойимга бақирдилар.

Худди шу воқеа устига Қозоқбой бувамнинг келинлари – Салоҳиддин тоғамнинг хотинлари Башорат келин ойим келиб қолсалар бўладими. Бўлиб ўтган воқеанинг ҳаммасини кўриб, кузатиб, эшитиб, эшик олдида бирпас туриб қолдилар ва:

— Бек, отдан тушсангиз ҳам, эгардан тушмас экансиз-да! Сиз ва Каримбек Долимбек поччамга тегиши керак бўлган, Мўминбойдан қолган боғ-роғларда, шинам ҳовлиларда яшаб, катта-катта дўконларига эгалик қилинг-да, яна уларга зулм қиласизми?! Ахир, сиз ва Каримбекнинг Мўминбойга заррача алоқангиз йўқ-ку! Сизда оз бўлса-да инсоф борми? Шошмай туринг, эртага сизни “Муштум”да шундай дўмбра қилайки, халқ билиб қўйсин кимлигингизни!

Ниҳоятда шаддот, бетга чопар Башорат келин ойимнинг бу гапларини эшитиб, опододам бир оғиз ҳам гапира олмай, хоналарига кириб кетдилар. Кейинроқ Каромат келин ойим (опододамнинг хотинлари, Йўлдошбек бувамнинг қизлари)дан эшитдим: опододам ниҳоятда қўрқиб кетган эканлар, чунки замон оғир, Комилбек ва Каримбек амакиларимга қарши кураш авжига чиққан, дўконларига қулф тушган, иккаловлари уйга кириб қолган, уларнинг амакивоччалари Ҳасанбек ва Ҳусанбек Норбековлар аллақачон қамоққа олинган, бунинг устига, “Муштум” журналида бирор киши танқид қилинса борми, омон қолмас эди. Ўта оғир замонлар эди”.

Бундай кўнгилсизликлардан кейин Долимбек оиласи билан укалари Комилбек ва Каримбеклар янги ҳовлисининг орқа томонидаги сомон сувоқда бўлган I-Сағбон охири берк кўчадаги 29-ҳовлисига кўчиб ўтди. Бу ҳовлига II-Сағбондан эмас, I-Сағбондан кирилар эди.

Мунавварқори Абдурашидхонов ва унинг сафдошлари қамоққа олиниб, отиб ташлангач, у билан яқин ҳамкорликда бўлганларнинг, шу жумладан, Комилбек ва Каримбек Норбековларнинг ҳам ҳаёти хавф остида қолди. 1930 йилнинг куз ойларида Комилбек Чимбойдаги, Каримбек Жарариқдаги боғ ҳовлиларидан қамоққа олинадилар ва истиқлол фидойилари ҳаётининг сўнгги дамлари шоҳиди бўлган Тошкентнинг “Москва” (“Олой” бозори ёнидаги ҳозирги “Юлдуз” фирмасининг бир қисми жойлашган) турмасига ташлайдилар. Бу зиндоннинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоб-уқубатлари, терговлари бир йил узлуксиз давом этди. 1932 йилнинг баҳор ойларида Комилбек ва Каримбек Норбековлар “Мунаввақорининг давомчилари”, “миллатчи” ва бошқа айблов ҳамда туҳматлар билан 10 йил озодликдан маҳрум этиладилар ва Новосибирскка сургун қилинадилар. Бечора маҳкумлар ноинсоний тузумнинг отиб юбормаганига ҳам шукурлар айтган эканлар. 1933 йили Муҳаммадаминбек ҳожи 90 ёшида вафот этгач (маҳалла-кўй Ҳожи қарғаб юбормасин деб, анча ҳайиқиб туришган экан, шекилли), Комилбек ва Каримбек Норбековларнинг ҳовли-жойлари, ер-сувлари, дўконлари, мол-мулклари тортиб олинди.

1930-йилларда мустамлака Туркистонда кечган узлуксиз қатағонлар ҳақида бирор ҳақиқатни айтиш ва шўро матбуотида эълон қилиш асло мумкин эмас эди. Шундай бўлса-да, “Ёш Туркистон” журнали ҳақгўй, эркин матбуот сифатида имконияти доирасида шўро қатағонлари ҳақида туркум мақолалар бериб борди. “Ёш Туркистон” журнали сонларидан бирида бу ҳақда қуйидагиларни ўқиймиз: “Мунаввар, Салимхон, Тўлаган домла – Туркистондаги рус пролетарёти диктатурасининг сўнгинчи қурбонлари эмасдир. Йиллардан бери совет турмаларида, сургунларида азоб чекаётган кўб-кўб маъруф одамларимиз ҳақинда ҳеч бир маълумотимиз йўқдир. Улардан қанчаси йўқолди? Тирик қолғонлари борми, йўқми? Бу тўғрида ҳеч бир нарса билмаймиз. Балки қадар (тақдир) бизга янги қайғули хабарлар ҳозирламоқдадир,” — деган жуда тўғри тахминларни баён қилган, қатағонларнинг сон-саноғи йўқ эди. “Ёш Туркистон” журнали саҳифаларида Сибирга сургун қилинган минглаб ҳаммаслакларининг фожиали аҳволи ҳақида уларга ҳамдардлик билдириб, Ватанидан жудо қилинган туркистонлик муҳожирларнинг шеърлари ҳам эълон қилинган:

Сургун(даги) ўртоғимдан
Кафанга ўролғон Сибирия чўлида,
Кишанлар, занжирлар қўл-оёғимизда,
Тепки, от туёғи доим бошимизда,
Ҳамда қонли қамчин, аччиқ изғиринлар!
Туганмак билмаган бу қийнов йўлида:
Гала-гала қузғун теварагимизда,
Йиғламоқда қорлар босган изимизда,
Суягимизнинг-да мақбари бу қорлар!

1934 йили шўролар даврида масъул лавозимда фаолият кўрсатган, фирқа аъзоси Комилбекнинг қайниси ҳам амакивоччаси Қосимбек Йўлдошбеков (1900-1958) жиянлари – Комилбекнинг ёш-ёш ўғиллари Муҳиддинбек ва Фахриддинбекни, Каримбекнинг катта ўғли Анварбекни Новосибирскка олиб боради ва катта қийинчиликлар натижасида болалар ўз оталари билан дийдор кўришадилар, аммо улар бир ҳафтадан кейин яна узоқ муддатга айрилишадилар.

1936 йили иккинчи марта Қосимбек Йўлдошбеков Новосибирскка бориб, поччаси Комилбекни Тошкентга олиб келади, аммо Каримбек эса Тошкентга келишдан қўрқиб (чунки уларни Тошкентда шўро ҳукумати омон қўймаслигини яхши билар эди), Синьцзян Уйғур автоном районининг Ғулжа шаҳрига ўтиб кетади. Комилбек эса ўлимни бўйнига олган ҳолда Тошкентга оқшом пайтида – қош қорайганда кириб келади. Сағбон маҳалласидаги уй-жойларини шўро ҳукумати тортиб олганини билиб, Гулистон маҳалласидаги яқин қариндошиникига тушади. Қариндошлар уни хурсандчилик билан кутиб олиб, дарҳол уйига одам юборадилар. Аммо унга оиласи, фарзанди аржумандлари билан кўришиб, уларни бағрига босиш ҳам насиб этмади. Унинг бу келишидан олдиндан хабар топган ГПУ айғоқчилари қочқин сифатида ўша соатдаёқ уни олиб кетиб, сургунга маҳкум этадилар. Яна саккиз йиллик сургун давомида шўро ҳукуматининг турли-туман ғайриинсоний азоб-уқубатларини кўравериб толиққан Комилбек Норбеков 1943 йилда сургун муддатини тугатиб, ич терлама касали билан оғрийди ва чалажон ҳолда Тошкентга – ўз оиласи қучоғига қайтади.

1932 йилда ёзувчилар Зиё Саид билан Назир Сафаровнинг Долимбек, Комилбек ва Каримбек Норбековлар ҳамда уларнинг оиласи бошида калтак бўлиб синган “Тарих тилга кирди” драмаси ёзилмай туриб саҳнага қўйилади (бу драманинг матни сақланган эмас – У.Д.). Адам Субутой Долимов шу асар муносабати билан кечган бир воқеани айтиб берган эдилар: “Асар саҳнага қўйилгач, оиламиз учун аччиқ воқеалар содир бўлди. Иккала Комилбек ва Каримбек амакиларим қамоқда. Ўша йиллари Каримбек амакимнинг қизлари Рожиага уйланган эдим. Мен бир неча ой давомида соатлаб ГПУ, НКВД идораларида допрослар (саволлар)га, терговларга жавоб беришга мажбур бўлдим. Уларнинг ушлаб олган жойи менинг Каримбек амакимнинг қизларига уйланганим эди. Мени ўша кунлардаёқ педагогика институти (ҳозирги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети) талабалари сафидан ҳайдашди. 1943 йили Комилбек амакимнинг Сибир сургуни муддатини тўла ўтаб, қайтиб келишлари муносабати билан Кўкча маҳалласидаги қайиноталари ҳовлисига уларни кўргани бордим. Аҳволлари ниҳоятда оғир, ориғлаб кетган, иситмалари анча баланд, ҳатто юришга ҳам мадорлари йўқ бўлишига қарамай, мен билан узоқ суҳбатлашдилар. Шунда амаким Зиё Саид билан Новосибирск сургунида учрашиб қолгани, у билан анча суҳбатлашгани ҳақида батафсил гапириб берган эдилар. Амаким ёзувчига:

— Зиё ака, мени танимадингиз, шекилли, Назир Сафаров билан бирга ёзган “Тарих тилга кирди” асарингиздаги ўз ҳисобидан тилла бериб, миллат ёшларини чет эл олий ўқув юртларига ўқишга жўнатган ака-ука Каримбек ва Комилбек Норбековлар биз эдик, — деб, ўзимни таништирдим. Шунда бечора ёзувчи мени қучоқлаб, кўзига ёш олиб:

— Сиз Комилбек Норбековмисиз? Мен сизни бир неча кундан бери кузатаман. Бундай покиза инсон қандай қилиб бу жаҳаннамга тушиб қолди экан? деб ўйлайман.

— Ўзбек ҳам ёруғ кунларни кўрармикан, Ватанимиз ҳам обод ва озод бўлармикан, деб биз шундай ишларни қилган эдик, Зиё ака. Мен сизнинг ўзбек матбуоти тарихига бағишланган асарингизни ҳам ўқиганман. Қори ака (Мунавварқори)ни, Фансуриллоҳбек, Абдулла Авлоний, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Музаффарзодаларни тилга олибсиз, лекин улар сиз ёзгандек, миллат ва Ватан душманлари эмас, аксинча, миллат, Ватан учун куйиб-ёнувчи, бу мақсад йўлида улар нафақат молларини, ҳатто жонларини ҳам фидо қилувчи инсонлар эди. Вақтлар келиб, авлодлар албатта уларга ўзининг ҳақиқий баҳосини берар.

— Начора, сиз ҳақсиз, нопок тузумнинг даҳшатли қўғирчоғига айланиб қолибмиз, Комилбек ака, – деди ўкинч билан.

— Бизларни – Мунавварқори бошчилигида миллатини, ватанини Русия истибдодидан озод қилиш учун курашаётганларни генерал-губернаторлик ҳам, шўро ҳукумати ҳам яхши билар эди. Шунинг учун ҳам ноинсоний тузум бизларни йўқ қилишга киришди. Мени ҳайрон қолдирадиган нарса шундан иборатки, Зиё ака, болшавик ҳукуматининг энг масъул лавозимларида фаолият кўрсатган, “уларнинг отган ўқи”дек хизмат қилган сизни ҳам шу аҳволга солишибди.

— Комилбек ака, Худо хоҳласа, сиз бу шўро жаҳаннамидан омон-эсон қутуларсиз, лекин менга Ҳамза театрининг директори сифатида “Чўлпон, Фитрат каби халқ душманларининг аксилинқилобий руҳдаги асарларини саҳналаштириш ишига кенг имкониятлар яратган, уларни катта маблағ билан рағбатлантириб турган” деган айбловлар қўйишганки, улардан омон-эсон қутулиб кетиш жуда мушкул.

— Мен сиздан хафа эмасман, Зиё ака, Аллоҳ сизга ҳам бу зиндондан соғ-саломат озод бўлишни насиб айласин. Сиз ва Назир Сафаров бу асарни ёзмасаларингиз ҳам болшавиклар ҳукумати бизларни тинч қўймас эди, фақат турли ўқув юртларида таълим олаётган фарзандларимга, қўша-қўша жиянларимга жуда оғир бўлди, энди уларни ҳам тинч қўйишмайди — деб амаким ҳикояларини тугатган эдилар”.

Шўро ҳукумати ўз мақсадига эришиб бўлган эди: Комилбек уч ой ётиб, оиласи, болалари ва қариндош-уруғлари билан видолашиб, 63 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Ўз халқининг порлоқ истиқболи учун нафақат молини, ҳатто азиз ҳаётини ҳам бахшида этган инсон Комилбек Норбеков мустабит шўролар мустамлакачилик сиёсатининг қурбони бўлди. 1955 йили аёллари Каромат бувим ҳам вафот этдилар. Уларни Кўкча дарвозасидаги Зайниддин бува қабристонига дафн этганлар.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*