Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. Каримбек Норбеков

Сулола. Долимовлар шажараси. Каримбек Норбеков

Тошкентга келишдан қўрқиб, Ғулжага кетишга жазм қилган Каримбек Норбековнинг ҳаёти бир оз бошқачароқ кечди. Ватанидан қувғин қилинган кўплаб ўрта осиёлик шўро муҳожирлари қаторида у ҳам Сибир сургунидан қочиб, Ғулжага паноҳ излаб кириб борди. Каримбек отам 1967 йили бизнинг ҳовлимизда бўлганларида Ғулжада кечган ҳаётлари ҳақида адам ва ойимларга бирмунча гапириб берган эдилар: “Биз тошкантлик беш киши 1936 йилнинг ёзида ҳаммамизга яхши таниш бўлган Ғулжа шаҳрига кириб бордик. Мени эски қадрдон танишларимдан қўштутлик маҳалладош Пўлатбой Носирбой ўғли яхши кутиб олди. Бир неча кун унинг меҳмонхонасида яшаб турдим. Дастлаб кичикроқ дўкон очдим. Тошкентдан яширин юборилган “қизиллар” (олтинни “қизил” дейишар экан)ни ишлатиб, ҳамма яшаш шароитлари муҳайё бўлган шинам ҳовли сотиб олдим, таниш-билишлар билан ҳамжиҳат, тотув яшадик, ватанимизда замон тинчигунча оиламни ҳам кўчириб келиш ниятида эдим. Бир-бир ярим йил ўтар-ўтмас, Уйғуристонда ҳам шўро Русияси ҳукмида бўлган Шинг Дубан ҳукумати Туркистондан қочиб келган муҳожирларни қон қақшата бошлади, ҳамма қувғинлар қатори менинг ҳам ҳаётим хавф остида қолди. Жаннатмакон ватанимиздан қувғин қилинган биз кабилар омонлик истаб, асрлар давомида яқин алоқада бўлиб келган тили бир, дини бир, урф-одатлари бир уйғур миллатдошлари ватани Ғулжага нажот истаб келган эдик. Бу ерларга ҳам шўро ГПУчиларининг шум қадами тегиши билан тинчлик-омонлик, хайр-барака барҳам топди. Айниқса шўро ҳукумати қаҳрига учраган биз каби ватанжудоларнинг аҳволи фожиали бўлди”.

Каримбек бу ерга келган вақтда совет Русиясининг кучли таъсири остида бўлган Шинг Дубан ҳукуматининг шўро салтанатидан қочиб келган муҳожирларга нисбатан қонли фожиалари 1938 – 1939 йилларда энг юқори паллага кўтарилган, бу ерда ҳам Русиядаги ЧК, ВЧК, НКВДга ўхшаш “Сиёсий милиция бошқармаси” ташкил этилган эди. Ғулжада ҳам Русия шўролар ҳукумати ўз ватанларидан бош олиб кетган ватанпарвар, миллатпарвар маърифатли инсонларни шу ташкилотлар ёрдамида йўқ қилишга киришди. Каримбек Норбеков шўро империяси таъсирида бўлган бу ҳукумат томонидан қаттиқ таъқиб остига олинди, бор-йўғи тортиб олиниб, ўзи етти йил қамоқ азоб-уқубатларига маҳкум этилди. Етти йиллик маҳбусликдан озод бўлгач, ватанига қайтиш ҳаракатига тушди: Тошкентга – оиласига хат билан мурожаат қилди. Бу ҳақда тоғам Арслонбек Каримов қуйидагиларни ёзади: “Адамлардан дастлаб 1947 йилда хат келди. Уруш тугаган бўлса ҳам замон, тирикчилик ниҳоятда оғирлиги туфайли оиламизга гап тегмасин деб, бунинг устига яна ўқишдан ҳайдалиб кетмай деб, жавоб ёзишга қўрққанмиз. Чет эл билан алоқаси бор одам қаттиқ қораланар эди. У вақтда Тошкент молия-иқтисодиёт институтида ўқир эдим. Ўша пайтларда ҳатто исмларимиздан “бек” қўшимчасини олиб ташлаб яшашга тўғри келган. Шу сабабли адамларга виза юборишга имкониятимиз бўлмаган эди. Адам раҳматли шўро ҳукуматидан шу даражада қўрқар эдиларки, мустабит тузум худди уларнинг орқасига охирги нафасларигача кўз кўриб, қулоқ эшитмас айғоқчи қўйиб қўйгандек эди”[1].

Ватанга қайтиш ҳақидаги орзулари амалга ошмагач, Ғулжадаги хеш-ақраболари маслаҳатларига амал қилиб, тақдир тақозоси билан Ғулжага бориб қолган асли тошкентлик Марҳамат исмли бева аёлга уйланади, тижорат ишларида катта тажрибага эга бўлган Каримбек Норбеков савдо-сотиқ ишларини йўлга қўяди ва анча ривожлантиради.

Сталин ўлганидан кейин ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам бир оз илиқлик вужудга келди. Чет элларда қувғинда яшашга мажбур бўлган кўплаб ўзбек муҳожирлар ҳам ўз ватанларига қайтиш имкониятига эга бўладилар. Шулар қаторида Каримбек Норбеков ҳам 1956 йили 26 йиллик айрилиқдан кейин иккинчи хотинлари ва ўгай қизлари билан бирга Тошкентга қайтадилар. Улар Қўштут маҳалласидаги кейинги хотинлари Марҳамат аянинг хонадонига тушадилар. Узоқ давом этган айрилиқдан кейин фарзандлари, набиралари билан дийдорлашадилар. Каримбек 1965 йилгача, яъни иккинчи аёллари вафотига қадар Қўштут маҳалласида яшайдилар, 1965 йилдан бошлаб умрларининг охиригача ўз хоҳишларига биноан кенжа ўғиллари Арслонбек Каримовнинг Самарқанд дарвозасидаги ҳовлисида умр кечирдилар. Каримбек Норбеков 1969 йили 85 ёшларида, Шарофат бувим 1980 йили 88 ёшларида вафот этдилар. Улар Камолон қабристонига дафн этилганлар.

Робиа Каримова – Каримбек Норбековнинг учинчи фарзанди, 1916 йили туғилди. Шўро ҳукумати оталарини қамаб, Сибирга сургун қилган вақтда Робиа эсини анча таниб қолган қизча эди. У 1938 йили Низомий номидаги Тошкент педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетига ўқишга кириб, 1943 йилда уни тугатади. Институт йўлланмаси билан Тошкент вилоятининг Янги йўл туманидаги мактабларнинг бирида она тили ва адабиёт ўқитувчиси сифатида катта муҳаббат билан иш бошлайди. Робиа Каримова Янги йўл тумани ўқитувчиларининг етакчиларидан бўлиб, туман она тили ва адабиёт ўқитиш услубий кенгашининг раҳбари бўлган эди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, кўплаб йигитлар фронтга сафарбар қилиндилар. Мактаб, таълим-тарбия тизимининг катта қисми аёллар зиммасига тушди, қизларнинг турмуш қуришлари ҳам катта муаммо бўлиб қолди. Чунки кўплаб йигитлар урушдан омон-эсон қайтмади. Шу тариқа Робиа турмуш қуриш имкониятига эга бўлмади, қариқиз бўлиб ўтди, фақат болаларга билим бериш билан ҳаётдан таскин топди. 1976 йилда нафақага чиққач, бир ўзи ёлғиз Чилонзор туманидаги кўпқаватли уйдан бир хона олиб, умрининг охиригача шу ерда истиқомат қилди ва 1982 йилда вафот этди. Робиа ҳоламнинг қабри Камолон қабристонида.

Иффатхон Каримова – Каримбек Норбековнинг тўртинчи фарзанди. Унинг қисмати ҳақиқатан ҳам фожиали кечди. У 1919 йилнинг баҳор фаслида дунёга келди. У ота-онасининг бошқа қизларига нисбатан эркароқ ўсди, унинг ҳамма орзу-истаклари муҳайё қилинар эди. Отаси ҳам уни бошқа фарзандларига нисбатан афзалроқ кўрар эди, шекилли. Отаси Каримбек қамоққа олиниб, сургун қилинган вақтда, ўн бир – ўн икки ёшларда эди. У педагогика институтининг кимё-биология факультетига ўқишга кирган вақтда нафақат гуруҳида, балки бутун факултетдаги энг кўркам қизлардан эди. Бунинг устига, ниҳаятда ноёб ва ўзига ярашадиган либослар кияр эди. У катта ҳавас билан ўқишга берилди, шу билан бирга, ўзидан бир курс юқорида ўқиётган Иззатилла исмли йигитни севиб қолди ва севилди ҳам. Иффат иккинчи курсни тугатиш арафасида даҳшатли Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Ҳамма ёш йигитлар қаторида Иззатилла ҳам Ватан ҳимоясига кетди. Иффат уни эски дард-аламлари янгиланган ҳолда урушга кузатди ва албатта кутажагини билдирди. Бир йил давомида улар ўртасида хату китобат узилмади. Афсуски, у урушдан қайтмади, “қора хат” келди, бу хат Иззатнинг қуролдош дўсти томонидан Иффатга ёзилган эди. Дастлабки ойларда у Иззатнинг ҳалок бўлганига  ишонмади, уни кутишда давом этди. Ўқишлар тугаб, таътил бошланганда, опаси Робиа билан бирга Иззатилланинг уйига – Чимкентга борадилар. Унинг ота-оналари Иффатни ўз қизидай кутиб олишди, афсуски, у ерда ҳам Иззат ҳақидаги совуқ хабарнинг тасдиғини эшитди. Қарангки, Иззатнинг онаси ва синглиси Иффатни дарров танишди: чунки у онаси ва синглисига Иффат ҳақида, унинг ота-онаси, қариндош-уруғлари бошига тушган қатағон фожиалари ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиб берган экан. Бир ҳафта ўтиб, Робиа ва Иффат Тошкентга қайтаётганларида Иззатнинг онаси Раҳима ая уларга илтижо қилиб:

– Иффатхон, сизни ўз қизимдай кўраман, оқ ювиб, оқ тараб,  сизни ўзим бахтли қилай, мен билан қолинг, – дейди.

Бечора Иффат, у қандай қилиб бошқа бир шаҳарда қолсин, уйда онаси, опаси Робиа, укалари Мунавварбек, Арслонбек. Авжи муҳаббат ёшида ҳаёт уни мана шундай фожиалар билан қарши олди. Шундай қилиб, уруш ҳам тугади. Иффат Каримова институтни тугатди, биология ва кимё ўқитувчиси мутахассислигига эга бўлди, Бешоғоч мавзеидаги мактабларнинг бирида ботаника ва зоология фанларидан дарс бера бошлади. Унинг ёшидаги йигитларнинг кўплари урушдан омон қайтмади. Унинг орзу-ҳаваслари ҳам саробга айланган эди. Энди у турмушга чиқиш ҳақида ўйламай ҳам қўйди.

Мана шундай кунларнинг бирида Иффат ишлаётган мактаб директори (ёши анча улуғ, оилали, бир неча вояга етиб қолган фарзандлар отаси) иккинчи смена дарслари тугаб, анча қоронғи тушиб қолган, Иффат уйига шошилаётган бир вақтда уни ўз хонасига чақиради. У ёш ўқитувчи қизнинг номусини поймол қилишга ҳаракат қилади. Иффат унинг ифлос чангалидан кийимлари йиртилган, баданлари шилинган ҳолда, ҳатто палтосию сумкасини ҳам ташлаб уйига қочади. Уйидагилар ҳам уни янада баттарроқ ғазаб-нафрат, таҳқирлар билан қарши оладилар, ҳатто укаси Мунавварбек уни ҳақорат қилади, қаттиқ уради. Руҳий азоб ва изтироблар чангалида қолган бечора қиз:

– Ойижон, укажон, номусим ўзимда. Бўлди, мен ҳаётдан бутунлай тўйдим, мен фақат унинг ёди билангина яшамоқчи эдим, афсус, бу фақат менгагина боғлиқ эмас экан! Ойи, энди мендан ҳеч нарса сўраб ўтирманг, ким сўраб келса, ўшанга беринг мени, ҳаммасига розиман! – дейди Иффат фарёд чекиб.

Эртаси куни мактабдаги дугонаси – физика ўқитувчиси Қумрихон Алимова унинг палтоси ва сумкасини олиб келди. Иффат унга бўлиб ўтган бутун воқеани йиғлаб айтиб берди ва энди мактабга бутунлай бормаслигини билдирди. Шу-шу Иффат мактабга қадам босмади, ўзи севиб танлаган ўқитувчилик фаолиятига ҳам нуқта қўйилди, унинг тақдирга тан беришдан бошқа иложи қолмади. Ўша кунларда ўзларидан бир маҳалла наридаги “Сиймон кўприк” маҳалласидан бир неча марта келиб-кетиб турган совчиларга розилик жавобини берадилар ва тўй ҳаракатлари бошланиб кетади. Тўй ҳам бир кунда бўлиб ўтди. Эри кўримсизроқ ва ёши каттароқ одам экан, Иффат бунга ҳам эътибор бермади. Аммо унинг кўнглида қандай туғёнлар бўлаётгани фақат Аллоҳгаю ўзига маълум эди. Иффат опам эридан дастлаб бир ўғил фарзанд кўрди-ю руҳий касалликка учраб, ўзлигини бутунлай унута бошлади. Уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқиздилар. Тошкент тиббиёт институтининг раҳбарларидан бўлмиш амакивоччаси Султонбек Долимов руҳий касалликлар бўйича етакчи олимларга, амалиётчи-шифокорларга кўрсатди, натижада, анча тузалгандай бўлди. Бу соҳанинг мутахассислари энди туғмаслик кераклигини қаттиқ тайинлайдилар. Лекин яна кетма-кет бир ўғил ва бир қиз фарзанд кўрди, касаллик авжига чиқди: яна шифохонага тушди, энди у бутунлай эс-хушидан айрилган эди. Унинг тақимига тегадиган, икки билакдай келадиган қалин сочларини таги билан машинкада олиб ташладилар. Йиллар давомида бир оз тузалгандай бўлса, уйига келиб-кетиб турарди. Бундай пайтларда кўпроқ эрлариникида эмас, “Гулистон” маҳалласидаги Шарофат бувим ҳовлисида турардилар.

1951 – 52 йиллар бўлса керак. Касалликлари анча авжига чиққан ёз кунларининг бирида Иффат опам бир ўзлари бизникига – Чимбойдаги боғ ҳовлимизга келиб қолдилар. Уйда мену чақалоқ Кенжабек билан ойим бор эдик. Бир-икки соат ойим билан гаплашиб ўтирдилар-да, кетаманга тушиб қолдилар. У вақтларда бизнинг тупроқ тиззага чиқадиган кўчаларда на транспорт бор ва на телефон. Иффат опамни уйларига олиб бориб қўювчи мендан бошқа ҳеч ким йўқ. Ойимлар:

– Улуғ, опангни уйига обориб қўя оласанми, мабодо адашиб қолмайсанми? – дедилар.

– “Гулистон”га кўп марта борганман-ку, ойи, нега адашаман, – дедим.

Шу тариқа Иффат опамни уйларига олиб кетдим. Йўлда бечора Иффат опам тез-тез менга қараб:

– Улуғбек, энди уйинга қайтиб кетавер, ўзим етиб олишимга ишонмайсанми? – дердилар.

– Ишонаман, шу баҳонада бувимни ҳам кўриб келаман-да, Иффат опа, – дердим.

Анча гавжум ва салқин “Гулистон” маҳалласига бурилганимизда, ўйнаб юрган ёш-ёш болалар Иффат опамга қараб:

– Ана, жинни келяпти, сочи йўқ жинни,- деб масҳара қила бошлашди. Иффат опам болаларга қараб мийиғида кулиб қўяр эдилар. Мен опамни уйларига қўйиб, бувимлар билан кўришдиму уйга қайтдим. Чунки ойим хавотир олишлари турган гап эди.

Кўп ўтмай, Иффат опам ётган шифохона Андижонга кўчирилади ва ҳамма беморлар қаторида у ҳам Андижонга олиб кетилади, бунинг устига сил касалига мубтало бўлади ва ўзи ётган касалхонада алоҳида ажратиб даволайдилар. Тез-тез хабар олиб туриш, энг зарур дори-дармонлар билан таъминлаш учун имконият қаерда?! Иффат опам бир йил касалхонада ётиб, туфроққа ғарибона бош қўйдилар. Бечора Иффат!

1953 – 1954-йилларда қаҳратон ва узун қиш кечаларида ойим раҳматли бизга Фердинанд Дюшеннинг “Тамилла” романини қора чироқнинг заиф нурида ўқиб берар, фожианинг кучлилигидан Тамилланинг телба бўлиб қолиши ва ўлимига бағишланган дардли саҳифаларни кўзлари жиққа ёшга тўлган ҳолда ўқир ва “Тамилланинг қисмати ғариб холанг Иффат қисматини эслатади-я,”  дер эдилар йиғи аралаш. Иффат опамдан Мансур ва Маҳмуд исмли икки ўғил ва бир қиз қолган.

Мунавварбек Каримов 1922 йилда туғилди. Каримбек унга улуғ устози ва дўсти, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг ҳақиқий маънодаги раҳбари Мунавварқори Абдурашидхоновга буюк ҳурмати ифодаси сифатида Мунавварбек деб исм қўйди. У ўрта мактабни тугатгач, амакивоччалари Зиёдбек ва Султонбек Долимовлар изидан бориб, табобат илмига муҳаббат қўйди ва 1940 йилда Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кирди. Ота сургунда, тирикчилик оғир, бунинг устига, Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан, амакивоччалари Зиёдбек ва Султонбек урушда. Мунавварбек  касалхоналарда медбрат сифатида тунги навбатчи бўлиб ишлади, шу тариқа, институтни ҳам тугатди. Институт йўлланмаси бўйича у узоқ йиллар Сурхандарё вилояти шифохоналарида шифокор, бош шифокор лавозимларида ишлади. У ёшлигидан бошқаларга нисбатан кўркамлиги, нозик табиатлилиги билан ажралиб турарди. У Сурхондарёда Вера Ивановна исмли ҳамширага уйланган. Мунавварбек Верадан Руслан, Татяна исмли фарзандлар кўрди. Руслан Тошкент политехника институтини битириб, инженер бўлиб етишди, Татяна эса Ставропол педагогика институтининг филология факултетини битириб, филолог, рус тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислигига эга бўлди. Мунавварбек Каримов 1950 йилдан Тошкент вилоят шифохонасида умрининг охиригача фаолият кўрсатиб, 2008 йили вафот этди ва Сирғали туман қабристонига дафн этилди.

Арслонбек Каримов – Каримбек бувамнинг кенжа фарзанди, 1926 йилда туғилди. Отаси қамалган вақтда у 4 – 5 ёшларда эди. Унинг болалик ва йигитлик йиллари катта машаққатлар гирдобида ўтди, мактабда анча яхши ўқиди, аммо Тошкент Молия-иқтисодиёт институтидаги ўқиши анча оғир кечди: бир томондан, иқтисодий жиҳатдан ночорлик, иккинчи томондан, оғир сил касалига мубтало бўлиши, боз устига, опалари Робиа ва Иффатларнинг фожиали қисмати ўқишининг узоққа чўзилишига сабаб бўлди. Арслонбек 1956 йилда анча кечикиб бўлса ҳам институтни тамомлаб, дастлаб Республика Давлат план қўмитасида иқтисодчи сифатида фаолият кўрсатди, 1964 йилдан умрининг охиригача Чорсудаги Марказий универсал дўкони (ЦУМ)да бош иқтисодчи бўлиб ишлади. У 1958 йилда Муборак исмли аёлга уйланиб, Гулнора, Ҳилола, Нигора ва Авазбек исмли фарзандлар кўрди. Каримов Арслонбек 1998 йилда вафот этди, у Камолон қабристонига дафн этилди.

Миллатпарвар Комилбек ва Каримбек Норбековлар ҳамда уларнинг оилалари қисмати мана шундай якунланди. “Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади” деганларидек, Каримбек Норбековдан қолган гўзал боғ шўролар даврида “Ўқитувчилар оромгоҳи”га айлантирилди ва ярим аср давомида Ватанимизнинг минглаб, ўн минглаб ўқитувчилари, зиёлилари соғлиғини тиклаб олишлари учун хизмат қилди. Бу ҳам кишига оз бўлса-да, тасалли беради. Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, атоқли публицист Абдурауф Музаффарзода “Садойи Туркистон” газетасида 1915 йили эълон қилган “Шукр ва рижо” мақоласида Комилбек ва Каримбек Норбековларни “Тошкентнинг машҳур тараққийпарвар ва ҳур фикрли зотлари” деб атаган эди. Мустақиллик, истиқлол туфайли уларнинг мўътабар номи халққа қайтарилмоқда. Ўз халқини қуллик асоратида сақлаган, кўзи очиқ зиёлиларига, олимлари ва шоиру ёзувчиларига жаллодлик қилган бундай ҳукуматнинг ҳам умри узоққа бормайди, албатта, ер юзидан супуриб ташланади. Мустабит, ноинсоний шўро ҳукуматининг тақдири ҳам шундай бўлди. Халқимиз истиқлолнинг мусаффо ҳавосидан эркин нафас олиш, ишлаш ва ижод қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

[1] Сирожиддин Аҳмад. Тараққийпарвар ака-укалар. // Туркистон, 1997, 4 июн.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. 20-30-йиллар

Post Views: 346 1924 йилда Долимбек учинчи фарзанди Насира (1902 – 1984)ни Муҳаммад Солиҳ (келажакда …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *