Бош саҳифа » Сулола. Долимовлар шажараси. Жадид қиёфаси

Сулола. Долимовлар шажараси. Жадид қиёфаси

Каримбек ва Комилбек Норбековлар ҳисоб-китоб, иқтисод илмини анча яхши билган, исрофгарчиликдан жуда эҳтиёт бўладиган, ортиқча ҳашаматни, ман-манликни ёмон кўрадиган, ниҳоятда тартибли одамлар бўлишган, тўй ва маъракаларни ҳам анча мўъжаз қилиб ўтказишган, халқнинг гап-сўзларидан қаттиқ андиша қилишган. Бу ҳақда Тошкент шаҳрининг қассоблар сулоласига мансуб, ота-боболари ҳам қассоб бўлиб ўтган, бизнинг қўшнимиз, иймон-эътиқодли машҳур Ғофир қассоб Абдунаби қассоб ўғли (менинг яқин маҳалладош дўстим, университетда 1983 – 1988 йилларда хўжалик ва иқтисодиёт ишлари бўйича проректор бўлиб ишлаган Абдуҳамид Ғофурович Набиевнинг отаси – У.Д.) шундай гапларни айтган эди: “1910-йилларда Қўштут гузарида гўшт дўконим бўлиб, Каримбек ва Комилбек акаларнинг оиласи гўштни ҳаммавақт мендан олишар эди. У вақтларда аёллар пул билан муомала қилишмас эди. Ўзлари эса тез-тез узоқ давом этадиган сафарларга кетишар, оиласига неча қадоғи ёзилган ва уларнинг муҳри босилган 10 – 15 та кичкина-кичкина карточка картон қоғоз ташлаб кетар эканлар. Мана шу карточкаларга мен гўшт берар эдим ва уларни йиғиб қўйиб, Комилбек ва Каримбек акалар келгандан кейин ҳисоб-китоб қилишар эди. Бундай тартибни бошқа ҳеч кимда кўрган эмасман. Уларнинг уйидаги қўй-молларни ҳам ўзим сўяр эдим. От сўйдирадиган бўлсалар, қазиларигача ўзим тайёрлар эдим. Шаҳарнинг катта бойларидан бўлишларига қарамай, ортиқча ҳаражатлар, исрофгарчилик, ман-манликдан узоқ одамлар эди.”

Дарҳақиқат, тижорат иши бошқа касб-корларга нисбатан алоҳида диний, ахлоқий ва иқтисодий покликни талаб қилади. Узоқ ўтмишда ўзбек тужжорлари ҳозирги савдо-сотиқ аҳли каби махсус савдо ва иқтисодиёт олий ўқув юртларида таълим олмаган бўлсалар-да, улар фаолиятида инсонийлик, исломий қонун- қоидалар биринчи ўринда турган, Қуръони карим ва Ҳадиси шариф даъватларига асло ҳилоф ҳаракат қилмаганлар, фойда олиш фақат шариат қонунлари асосида бўлган, ундан ортиғи ҳаром ҳисобланган. 1911 йилда Комилбек ва Каримбек Норбековлар ўзлари раҳбарлик қилаётган “Мактаб кутубхонаси” матбаасида савдо-сотиқ билан шуғулланувчиларга қўлланма сифатида Маҳкамбой исмли муаллифнинг тижорат қонун-қоидаларига бағишланган “Муомалот” асарини босмадан чиқардилар. Унда савдо ишлари билан боғлиқ ҳамма масалалар фиқҳ илми, шариат қонунлари асосида ҳал қилиб берилган. Агар ортиқча даромад ҳосил бўлиб қолса, (тижорат ишида бундай ҳоллар тез-тез бўлиб турган) шариат қонуни асосида бева-бечораларга закот сифатида тарқатилган.

Комилбек ва Каримбеклар ҳар бир ишда, ҳатто шахсий ҳаётда ҳам тартиб ва интизомга, покизаликка: юриш-туриш, кийиниш, муомала маданиятига алоҳида аҳамият берганлар. Комилбек ҳар қандай ёғингарчилик, лойгарчилик бўлганда ҳам лой унинг туфлиси ёки махси-кавши зийидан юқорига кўтарилмас экан. Қариндош-уруғлари, дўстлари: “Комилбек осмондан тушдими, шундай лойгарчилик бўлса ҳам лой туфлисига юқмабди”, — дейишар экан.

Туркистон жадидлари замонавий кийинишлари, юриш-туришлари, муомала маданияти, умуман, ташқи қиёфалари билан ҳам халқ орасида ажралиб турганлар. Улар биринчилардан бўлиб, миллий кийимлар билан оврўпо кийимларини мутаносиблаштиришга, мусулмонлар учун мувофиқлаштиришга ҳаракат қилганлар. Буюк ёзувчи Чўлпон “Кеча ва кундуз” романида жадид тимсолини яратар экан, дўстлари, ҳаммаслаклари Комилбек ва Каримбекларнинг ўта саранжом-саришта ташқи қиёфасидан ҳам ўринли фойдаланган. Мана, ёзувчи томонидан яратилган жадид Шарафиддин Хўжаевнинг ташқи қиёфаси: “Вагонимизда янги нусха Тошкент тўпписи кийган, сочини бир энликкина ўстирган, пўрим кийимли бир одам пайдо бўлди. Калтагина, чиройликкина мўйлови бор… Оқ юзли, ўзи ҳам чиройлик, жуда олифта қадам қўяди. Тошкент одамига ўхшайди. Масковчи савдогармикин? Ҳар қалай, ўрис тилига омил бўлса керак, қўлида ўрис газетлари кўраман. Танишиб олдик. Тошкентлик савдогар. Финландияга бораётир эмиш”.

Чор Русиясининг Биринчи жаҳон уруши гирдобига тортилиши, мустамлака халқлар ҳаётининг кескин оғирлашуви, халқ озодлик ҳаракатлари, 1917 йилги инқилобий кўтарилишлар даврида жадидчилик ҳаракати, ўзликни англаш кескин тус олди. Мана шундай шароитда Мўминбой отанинг замон билан ҳамнафасроқ бўлган бешинчи ўғли Мавлон тоға (Долимбек отамнинг ўртанча тоғаси) ака-укаларига бундан буён Николайнинг қоғоз пулларини йиғмаслик, иложи борича, қоғоз пул билан баробар қимматга эга бўлган ва эркин ишлатилувчи олтин тангаларга алмаштириш зарурлигини қайта-қайта таъкидлайди. Чунки ўзбек бойлари эса олтин тангаларни зилдек қилиб, чўнтакда шалдиратиб кўтариб юришдан кўра қоғоз пулларни олиб юришни афзал кўрар эдилар. Мўминбойнинг тўнғич ўғли, Долимбекнинг энг катта тоғаси Абдурасулбой эса “Николай подшоҳ пулида 7 та улуғ давлатнинг даҳли бор, бу пул ҳеч қачон синмайди” дер экан. Узоқ вақт ўтмай, 1917 йил Февраль инқилоби уч юз йиллик Романовлар тахтини барбод қилди, қисқа вақт ичида октябр тўнтариши натижасида ҳукумат болшевиклар қўлига ўтди, курси анча баланд, олтин қийматида бўлган Николай Романовнинг қоғоз пуллари синди, оддий қоғозга айланди. Шунда Мавлон тоға акалари Расулбойга:

— Ака, қанча қоғоз пулингиз бор эди? – деб сўраганда,
— Икки катта ястиқ бор эди, ука — деб жавоб берган экан.

Расул тоға октябрь тўнтаришидан кейин шўро ҳукумати ўзгаради ва Николайнинг қоғоз пуллари ҳам ўз кучига қайтади, деб икки ястиқ пулни бир неча йил сақлиб юрган экан. Долимбек отамнинг айтишларига қараганда, Расул тоға ҳамма бойлигидан буткул айрилиб, телба бўлиб қолган ва узоқ яшай олмай вафот этган экан.

Дарҳақиқат, 1917 йил жадид мутафаккирлари, шу жумладан, Комилбек ва Каримбек Норбековлар учун ҳам қувонч ва изтиробларга тўла йил бўлди. Феврал инқилобининг Романовлар тахтини барбод қилиши жадидларда миллат ва Ватаннинг мустамлака зулмидан озод бўлишига ишончини кучайтирди. Лекин бу ишонч узоққа бормади: ҳокимият фақат тўнини ўзгартирган мустамлакачилар қўлида қолаверди. Муваққат ҳукумат Туркистон генерал-губернаторини Туркистон қомитаси билан алмаштирди, холос. Бу ҳукуматнинг фаолияти ҳам тезда барбод бўлди.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Поделиться

Жавоб қолдириш

Электрон почтангиз чоп қилинмайди.Шарт қаторлар белгиланган *

*