Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. Долимбек ҳожи Муҳаммадаминбек ҳожи ўғли

Сулола. Долимовлар шажараси. Долимбек ҳожи Муҳаммадаминбек ҳожи ўғли

Муҳаммадаминбек ҳожининг ўғиллари Комилбек ва Каримбеклар ҳамда Рустамбек ҳожининг ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбеклар 1890-йилларда рус-тузем мактабида ўқишлари муносабати билан боболарининг исми Норбекдан келиб чиққан ҳолда “Норбеков” фамилиясини олишган эди. Чунки ўрисча таомилга кўра, рус ва рус-тузем мактабларида ўқиган ёки губернаторлик идораларида ишлаганларга, Русия ва чет эллар билан савдо ишлари олиб борувчиларга фамилия жорий этилган эди. 1920-йилларнинг иккинчи ярмидан Норбековларга нисбатан шўро ҳукуматининг таъқиб ҳамда тазйиқлари, қатағонлари кучаяди ва улар қамоққа олиниб, Сибирга сургун қилинадилар. 30-йиллардан бошлаб собиқ иттифоқ миқёсида фамилия жорий этилгач, Долимбек ҳам дастлабки фамилияси “Норбеков”ни отаси Муҳаммадаминбек исмидан келиб чиққан ҳолда “Аминов”га ўзгартиришга мажбур бўлади, фарзандлари “Долимов” ҳамда укалари Комилбек ва Каримбек Норбековларнинг фарзандлари эса “Комилов” ва “Каримов” фамилияларини олишган. Чунки “Норбеков” фамилияси авлод истиқболи учун анча хавфли бўлиб қолган эди.

Долимбек – Муҳаммадаминбекнинг биринчи хотини Марзиябибидан 1868 йили туғилган энг катта ўғли бўлиб, онаси томонидан Тошкентнинг машҳур бойларидан Тўйчибой ўғли Абдумўминбойнинг невараси. Онаси 1875 йилда вафот этиб, 6 – 7 ёшли Долимбек ўгай онаси Умрибуви қўлида азоб-уқубатлар кўриб катта бўлгани, ўгай укалари уни кўп турткилаганликларини гапириб, ўзлари билан кечган бир қизиқ воқеани айтиб берган эдилар: “Етти-саккиз ёшларда бўлсам керак. Уй турли-туман хотин-халажлар билан тўлган: кимдир ҳамирни юпқа қилиб ўқловилайди, кимдир уни тавага солиб пиширади, кимдир унга қайла суриб, юпқани тахлайди. Мен ҳам бошқа болалар қаторида Умри ойимга “юпқа беринг, юпқа беринг” деб ҳиқиллай бошладим ва менга “ма” деб, юпқа берди. Ўша юпқани еб, роса қайд қилдим, уч-тўрт кунгача ўзимга келолмай жуда қийналиб юрдим. Кейинроқ билсам, Умри ойим пиширилган ҳамирни қизитилмаган зиғир ёққа булғалаб берган экан. Ўша-ўша зиғир ёғига пиширилган юпқани кўрсам, мана, 75 – 80 йиллар ўтиб кетган бўлса-да, кўнглим айнийди”.

Бу воқеа туфайли кейинги вақтларда уйда юпқа қилинса, албатта, Долимбек отам учун оқ ёғдан қилинган юпқа тайёрланар эди.

Долимбек ёшлигидан ўқишга берилди: дастлаб маҳалла мактабида, сўнгра Ҳазрати имомдаги Бароқхон мадрасасида, ўзлари айтишларига қараганда, “Ал-Ақоид”ни якунлаб, ўқишни тўхтатишга мажбур бўладилар. Демак, отамнинг мадрасадаги таҳсили 5–6 йил давом этган кўринади. Кейин Мўминбой буваси куёви, яъни Долимбекнинг отаси Муҳаммадаминбекка хатлаб берган Чорсудаги дўконида савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланади, отасига тирикчилик ишларида ёрдам беради. Бу вақтларда укалари Комилбек, Каримбек, Абдураҳмонбек ва синглиси Тожихон туғилган, оила ҳам анча катталашиб қолган эди.

Долимбек баланд бўйли, шижоатли, барваста йигит бўлиб вояга етди. У эс-хушини таниб, кўп нарсага ақли етадиган бўлгач, катта амакиси Рустамбек билан ҳамкорликда (унинг ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбеклар ҳали вояга етмаган эди) савдо-сотиқ ишлари билан бир неча марта ўзбек савдогарлари тез-тез қатнайдиган Ғулжа, Кошғар, Ўримчи сафарларида бўлади. Бундай сафарлар баъзан йиллаб давом этар эди. 1880-йилларнинг охирларида Долимбек Ғулжада амакиси Рустамбек ёрдамида каттароқ дўкон очиб, 5 – 6 йил тижорат ишлари билан қолиб кетган. Шу тариқа, у кўп ишларда Рустамбек амакиси билан маслаҳатлашар, унинг айтган сўзидан чиқмас эди. Унинг бу ишлари отаси Маъдамбекка у даражада маъқул эмас эди, чунки укаси Рустамбекнинг иккинчи хотини уйғур бўлиб, уларнинг феъл-атвори эса ўзбеклар ахлоқига тўғри келавермас эди. Долимбекнинг авжи йигитлик даври уйғурлар орасида – Ғулжада кечмоқда эди. Шунинг учун бўлса керак, 1950-йилларда саксондан ошиб қолган Долимбек отам ҳар шанба мунтазам соат 6 – 6,30ларда радио орқали бериладиган уйғурча концерт дастурини канда қилмасдан тинглар, Ғулжада амакилари Рустамбекнинг қайин оналари уйида яшаганликлари, бу аёлнинг унга оналарча ғамхўрлик қилгани ҳақида кўп гапирар эдилар. Шундай қилиб, Долимбекнинг узоқ йиллар давом этган Ғулжадаги тижорат ишлари бекорга кетмайди, каттагина маблағ билан Тошкентга қайтади ва Чорсудаги дўконини кенгайтириб, савдо-сотиқ ишларини анча ривожлантиради, яқин дўстлар орттиради.

Долимбек отамнинг айтишларига қараганда, уларнинг дўкони яқинида – Чорсунинг орқа томонидаги катта сой бўйида Шоюсуф деган шинаванда инсон 1895 йили анча кўркам чойхона очади ва тез кунда унинг давруғи бутун шаҳарга ёйилади. Бунда Шоюсуф аканинг катта ташкилотчилиги-ю санъатсеварлиги ҳамда одамохунлиги муҳим аҳамият касб этади. Чойхона, айниқса, жума кунлари санъаткорлар ва уларнинг муҳлислари билан гавжум бўлар эди. Чойхонанинг фазилати шундан иборат эдики, унда шаҳарнинг созанда ва хонандалари Мулла Тўйчи, танбурчи Шобарот, ҳофиз Шожалил, Норхўжа-аския, Саид Али (нонвой) масҳарабоз ўз санъатларини намойиш қилишар эди. Долимбек ҳам ушбу чойхонада ҳар жума уюштириладиган анжуманларнинг фаолларидан бирига айланади. Йиғинларда анча машҳур шоир Каримбек Камий Хислат, Мискин, Сидқий-Хондайлиқий, Тавалло каби шогирдлари билан бирга қатнашар, шеърхонлик ҳам авжига чиқар эди.

1898 йили Долимбек каттагина сармоядор сифатида Тўйчи Ҳофизнинг Қўқон сафарида ҳамроҳ бўлади. У бу сафар давомида тижорат ишлари билан банд бўлишига қарамай, шоиру санъаткорлар анжуманларига мунтазам қатнашиб турди. Долимбек отам айниқса Қўқон сафари ҳақида, фарғоналик ҳофизлар билан бўлган “беллашув”ларда Тўйчи Ҳофизнинг ниҳоятда юқори мавқеда турганлиги ҳақида ўғилларига кўп гапирар эдилар. Долимбек узоқ йиллар давомида Тўйчи Ҳофиз, Шобарот танбурчи, Шожалил Ҳофизлар билан бўладиган улфатчиликларига ҳар қандай оғир вазиятларда ҳам вақт ва имконият топар эди. Шу тариқа улар ўртасида яқин ва самимий дўстлик вужудга келган эди. 1909 йили Эски Жўвадаги машҳур Илҳом самоварчининг чойхонаси шийпонида Тўйчи Ҳофиз очган граммофон ва пластинка дўконидан укалари Комилбек ва Каримбек Норбековлар катта карнайи билан иккита граммофон ва пластинкалар билан тўлдирилган албомлар сотиб оладилар. Илҳом самоварчи саводсиз одам бўлса-да, ўлкага кириб келаётган, ўша давр учун мўъжиза ҳисобланган янгиликларни зўр қуванч билан қарши олар, эл-улусга кенг тарқатишга катта эътибор берар эди. Граммофон ва пластинкалар ҳам дастлаб шу ерда сотилган. Унинг чойхонасида ҳаммавақт Мадумар Ҳофиз, Содирхон Бобошариф, Ҳожи Абдулазиз, Тўйчи Ҳофиз қўшиқлари граммофон орқали янграб турарди, халқ ўртасида унинг обрў-эътибори баланд эди, чойхона ҳаммавақт қўшиқ шинавандалари билан гавжум эди. Ҳозирда Каримбек отамнинг граммофони пластинкалар албоми билан бизнинг уйимизда сақланади.

Нуъмонбек амаким маълумотларига қараганда, Долимбек каттагина дастмояга эга бўлгач, Тошкентнинг янги шаҳар қисмида – Пиёнбозорда (ҳозирги Навоий театри майдони атрофида) анча катта дўкон очади. У энди янги шаҳарга яқин яшовчи Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Саидрасул домла Саидазизов каби ўлканинг етакчи зиёлилари билан яқиндан алоқада бўлади. Отам шу муносабат билан Саидрасул Саидазизов ва мутаассиб шариат-дин пешволари ўртасида кечган бир воқеани айтиб берган эдилар: “Саидрасул домла мендан бир оз каттароқ эди. Уларнинг Баландмасжид маҳалласидаги болахонали ҳовлисида тўй-маъракаларда бўлганман, Саидрасул домла ҳам Сағбондаги ҳовлимизга кўп марта келган. Домла мендан кўра Комилбек ва Каримбек оталаринг билан яқинроқ муносабатда эди. У зиёлилар ўртасида катта ҳурмат-эътиборга лойиқ одам эди. Айниқса, унинг “Устоди аввал” алифбо китобчаси чиққач, Саидрасул домлани “Устоди аввал” деб атай бошладилар. Бир неча йил узоқ-яқин вилоятлардан Тошкент китоб дўконларига бу алифбони сўраб келувчиларнинг кети узилмади. Лекин диндорлар уни ёқтиришмас, “насоро домла” деб ном қўйишган эди. Бунга бир воқеа сабаб бўлган эди: 1900 йилларнинг бошларида губернаторлик доирасида бир катта ўрис мансабдори вафот этади. Саидрасул домла ҳам ўзбек амалдорлари билан бирга дафн маросимида қатнашади. Маросимда ўрис одатига биноан марҳум ҳақида турли мансабдорлар илиқ фикрларни баён қиладилар. Маросимни бошқараётган катта мансабдор мусулмонлар ҳам марҳум ҳақида ўз фикрларини билдиришсин, деб таклиф этади. Биз, мусулмонларда эса марҳумни кўмиш маросимида ваъз айтиш одати бўлган эмас, фақат Қуръон ўқилган. Бу кутилмаган таклиф туфайли анча ноқулай вазият вужудга келади. Шунда Саидрасул домла Қуръон тиловат қилади. Маросимдан кейин шариат-дин пешволари Саидрасул домлани ғайридинга Қуръон ўқигани учун (ғайридинга Қуръон ўқиш жойиз эмас) қаттиқ сиқувга оладилар. Шунда домла: “Мен сизларни ноқулай вазиятдан қутқариш учун ўқиган эдим ва Қуръони каримдан келадиган савбини насроний руҳига эмас, ота-онам руҳи покига бағишлаган эдим,” – деб қутулган эди. Лекин шунга қарамасдан, улар катта олим Саидрасул домлага “насора маҳзум” (кофир маҳзум) деб ҳақоратомуз, таҳқирловчи лақаб қўйган эдилар.”

Муҳаммадаминбекнинг фарзандлари анча одобли, илм-маърифатли, диёнатли, ишбилармон, ҳар ким ҳавас қилса арзийдиган йигитлар бўлиб етишдилар. Савдо-сотиқ ишлари билан узоқ давом этган сафарларда юриб ёши анча улғайиб, ўттизларга яқинлашиб қолган Долимбекнинг оила қуриш вақти ҳам ХIХ аср охирларига тўғри келди, у 1896 йили 28 ёшида Тошкентнинг каттагина бойларидан бўлмиш Қозоқбойнинг Марзиябиби исмли қизига уйланади. Бу вақтда Марзиябиби 14 – 15 ёшлар чамасидаги қизча бўлган экан. Марзия бувимнинг ҳикояларига қараганда, уни унаштиришадиган куни ёш болалар билан кўчада қўллари лой ҳолда “ҳаммом пиш” ўйнаб ўтирганда, онаси Рузвон буви: “Сени турмушга узатаяпмизу, ёш болага ўхшаб, “ҳаммом пиш” ўйнаяпсанми?” – деб койиб, уйга олиб кириб кетган экан.

Бобокалонларимиздан бўлмиш Қозоқбой бува ҳақида унинг набираси, Салоҳиддин тоға (Марзия бувимнинг укаси)нинг ўғиллари профессор Зуҳриддин Қозоқович Салоҳиддинов[1] шундай ҳикоя қилади: “Қозоқбой бувам анча барваста, ҳалим табиатли одам бўлиб, уларнинг асли исми Муҳаммаджон бўлган экан. Асосан, Чимкент, Туркистон, Авлиёота шаҳарлари, қозоқ овулларида савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланганликлари учун уларни “Қозоқбой” деб аташган. Қозоқ тилини яхши билганлар, ҳатто Туркистон ва Чимкентнинг қозоқ овулларида қозоқлардан гумашталари ҳам бўлган, ўзлари кўп ҳолларда қозоқча кийиниб юрганлар. Уйларида қази-қарта, қотириб дудланган тўш, қимиз, овқатлардан шилпилдоқ (бешбармоқ) ҳеч аримас, қозоқ бойлари ҳам тез-тез меҳмондорчиликка келиб туришар эди, назаримда, улар билан улфатчиликлари ҳам бор эди, ҳатто аёлларнинг ҳам борди-келдиси бўлиб турарди. Ҳар келишганда махсус мешларда қимиз олиб келишар эди. Уларнинг бир меҳмондорчилигини яхши эслайман. 1912 ёки 1913 йилнинг кеч кузи эди. Уйда меҳмондорчилик учун катта тайёргарлик бўляпти: турли-туман овқатлар пишириляпти, меҳмонхонага ўн-ўн беш чоғли одам учун жой тайёрланган. Одатдаги меҳмон кутишдан фарқли равишда русча таомилда: стол-стул, ҳар қайси меҳмон учун алоҳида бир хилда тарелка, кумуш санчқи, қошиқ, пичоқлар, турли-туман ичимликлар учун жуда нозик ишланган рюмка-фужерлар ва бошқа жиҳозлар қўйилган. Бир вақт от ва извошларда меҳмонлар келиб қолишди, улар асосан қозоқлар бўлиб, икки-уч нафар ўрис ҳам бор эди. Улар узоқдан келишгани учун ҳар сафардагидек бизникида ётиб қолишди ва эрталабки нонуштадан кейин кетишди. Қозоқ меҳмонлар қази қилиш учун махсус боқиб семиртирилган ёш отни олиб келишган экан”.

Қозоқбойнинг турмуш йўлдоши Рузвон бувининг укаси Шермуҳаммад тоғанинг фарзандлари Мирмулла, Мирмуҳсин (Фикрий), Мирмуслим Шермуҳамедовлар ҳамда куёвлари Элбек (Машриқ Юнусов – Муборак аянинг эри) ўзбек халқининг атоқли маърифатпарвар зиёлилари – жадидчилик ҳаракатининг етакчи намояндалари бўлиб, ака-ука Долимбек, Комилбек ва Каримбекларнинг яқин дўстлари, қариндоши, маслакдошлари эди. Улар маънан етук, жисман ниҳоятда бақувват ва баланд бўйли одамлар бўлишган экан. Улар Эски Жўванинг Махсидўзлик маҳалласида яшашган. Уларнинг уйи ҳамма вақт Ватанимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатган жадид зиёлилари, ижодкорлари Ҳамза, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Саъдулла Турсунхўжаев, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Саидносир Миржалилов, Шокиржон Раҳимий, ака-ука Норбековлар билан гавжум эди. Ҳар ҳолда, адабиётшунослар, театршунослар ёзганларидек, бу оила ўта ночор аҳволда бўлмаган. Адам Субутой Долимов уларни шундай хотирлайдилар: “Комилбек ва Каримбек амакиларим билан уларнинг йиғинлари бўлиб турар, мен акам Нуъмонбек билан бирга уларнинг хизматиларини бажарар эдик. Улар ўлтиришда кўпроқ губернаторликнинг мустамлакачилик сиёсати, бу сиёсатга қарши Беҳбудий, Мунавварқори, Убайдулла Асадуллахўжаев, шу билан бирга, Исмоилбек Гаспринский, Ризо Фахриддин, Фотих Каримий, Жалил Мамадқулизода, Тоҳирзода Собир каби татар ва озарбайжон мутафаккирларининг жўшқин фаолияти, улар муҳаррирлигида нашр қилинаётган “Таржимон”, “Мулла Насриддин”, “Хўп-хўпнома” “Шўро”, “Вақт” каби газета ва журналлар ҳақида ёниб гапиришар, уларнинг баъзи сонларини олиб келишар эди. Улар замонавий фикрлайдиган одамлар бўлиб, турмуш тарзи ҳам бутунлай янгича эди. Уларнинг уйида пианино бўлар, синглиси Муборак опа пианинони жуда чиройли чалар эди. Айниқса, мутаассибларнинг уларни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди. Мирмулла тоға француз тилини анча мукаммал билар, уларнинг уйида француз тилида нашр қилинган китоблар, журналлар ҳам бўларди. Мирмулла кўпроқ театр танқидчилиги билан шуғулланган, Ҳамза Ҳакимзода билан яқин дўст бўлган, унинг драмаларига анча салмоқли ва мазмундор тақризлар битган. Унинг мақолалари давр матбуотида босилиб турган, театр ҳаваскорлари ўртасида катта эътиборга эга бўлган. Амакиларим Комилбек ва Каримбекнинг улар билан бўладиган суҳбатлари узоқ давом этар эди. Ўлтиришлардан кейин кўп ҳолларда Мирмулла ва Мирмуҳсин тоғаларим (бир қорин нари бўлсалар ҳам биз уларни “тоға” дер эдик) бизникида ётиб қолишар эди. Улар дароз одамлар бўлиб, қиш кезлари устиларига бир кўрпа калталик қилиб, иккита кўрпа ёпилар эди”.

Фарзандлар вояга етгач, Долимбек Мўминбойнинг набираси бўлишига қарамай, отаси Муҳаммадаминбек қайин отаси хатлаб берган боғ-роғларни, мол-мулкни бевосита эгаси бўлмиш катта ўғил, бунинг устига, серфарзанд Долимбекка эмас, кейинги хотини Умрибувидан туғилган Комилбек ва Каримбекка берган. Шунинг учун бўлса керак, Долимбекнинг иқтисодий ҳаёти анча қийинчилик билан кечган, баъзи ҳолларда улар ўртасида нохуш гап-сўзлар ҳам бўлиб турар экан. Бундай ишларда ўгай она Умрибувининг фарзандларни ола-қора кўриши ҳам сабаб бўлган.

Долимбек ва Марзиябиби 1897 йили тўнғич фарзанд – қиз кўрадилар, унга Манзура деб исм қўядилар, ундан кейин 1899 йили Зоҳида, 1902 йили Насира исмли қизлар кўрадилар. 1906 йили Нуъмонбек, 1907 йили Усмонбек (Субутой), 1909 йили Акбарбек, 1911 йили Довудбек (бу фарзанд икки ойлик бўлиб ўлган), 1914 йили Зиёдбек, 1915 йили Султонбек исмли ўғил фарзандлар кўрадилар. 1917 йили Муаззам, 1921 йили Фотима ва Зуҳра (Зуҳра чақалоқлигида ўлган), 1924 йили Мастура ва 1926 йили эса Маҳбуба исмли қиз фарзандлар кўрадилар.

Октябр тўнтаришидан кейин Шўро ҳукуматининг “Ҳарбий коммунизм” сиёсати Туркистон иқтисодий ва сиёсий-маърифий аҳволини тушкунликка, ҳалокатга олиб келди. 1921 йилдан эътиборан янги иқтисодий сиёсат (НЭП)нинг қабул қилиниши билан товар-пул муносабатлари бирмунча жонланди, савдо ишлари учун чекланган бўлса-да, имкониятлар вужудга келтирди. Долимбекнинг НЭП даврида чарм билан савдо қилувчи каттагина дўкони бор эди. 1924 йилда ушбу ёғочдан қурилган дўконига ўт тушиши билан кулга айланади. Катта ўғил Нуъмонбек унинг ўрнида пишиқ ғиштдан ундан каттароқ дўкон қуради, уни газмол, мўйна маҳсулотлари билан савдо қилишга мослаштиради ва отасининг оқ фотиҳаси билан ишга туширади. Пиён бозордаги дўконида эса Долимбекнинг ўзи ишлайди. Шўро ҳукуматининг хусусий савдога қарши кураши, қатағонлари авжига чиққан бир вақтда Долимбекнинг ўн икки нафар фарзанди бор эди. Шунинг учун ҳам тирикчилик ишларида йигирма ёшлардаги тўнғич ўғил Нуъмонбек отасига ёрдам берди, ука ва сингилларини ўқитди, ўзи эса мустақил мутолаа билан шуғулланди. Ҳар ҳолда, 20-йилларнинг бошларида НЭП (янги иқтисодий сиёсат) туфайли шўро ҳукумати Долимбекнинг дўконини 20-йилларнинг охирига қадар ўзида қолдирган, савдо ишларига рухсат берган, кўринади. Бўлмаса, ҳамма вақт таъқиб ва тазйиқда бўлган Норбековлар, кейинроқ Долимовлар оиласининг бошини силармиди бу ҳукумат?! Ахир, ўн икки ейман-ичаман-кияман деган болаларни, ота-онаси билан 14 жонни шўро ҳукумати боқмайди-ку! Ҳар қандай вазиятда ҳам бундай катта оила билан иқтисодий жиҳатдан бой бўлиш амри маҳол эди. Бу даврга келиб, Долимбекнинг катта қизлари Манзура, Зоҳида ва Насиранинг бўйи етиб қолган, турмушга чиқадиган ёшга кириб қолишган эди. Долимбек 1918 йили тўнғич фарзанди Манзурани амакиси Рустамбек ҳожи кенжа ўғли Аҳмадбекка сўраётганини отасига айтади, лекин Маъдамбек ҳожи бу тадбирга кескин қарши чиқади:

— Ўғлим, сен жуда яхши биласан, Аҳмадбекнинг онаси Ойимхон Уйғур. Уйғурлар хулқ-атвори билан ўзбеклардан анча фарқ қилади, нисбатан енгилтаклик уларнинг ҳаёт тарзига хос. Ахир, ўзинг ҳам бир неча йиллар давомида уйғурлар ичида яшадинг. Амакивоччаларинг Ҳасанбек ва Ҳусанбекларнинг феъл-атворини, укаларинг Комилбек ва Каримбекка қилган ножўя ҳаракатларини кўргансан-ку. Шуларни била туриб, қизинг Манзурани ўз қўлинг билан ўтга ташлама, ўғлим, — дейди.

Комилбек акаси Долимбекка ҳамма вақт: “Ака, Манзурани янги мактабда ўқитинг, у шеър ёзишга жуда қизиқади, қобилияти бор, келгусида Нозимахондай катта шоира бўлади. Мен ўзим бир неча шеърларни ёддан ўқитиб кўрдим”, деб такрорлар экан.

Адам Усмонбек опалари Манзуранинг адабиётга бўлган катта қизиқишлари ҳақида гапириб берган эдилар: “Адашмасам, 1920-йилларнинг охирлари эди. Манзура опам ўғиллари Маҳмудбек билан келиб қолдилар. Ойим, синглим Муаззам ва мен билан узоқ гаплашиб ўтирдилар, кетишлари олдидан менга:

— Усмон, сен берган “Гўзал ёзғичлар”, “Адабиёт парчалари”, “Ўзбек ёш шоирлари” мажмуаларидаги Чўлпон, Фитрат, Элбек, Нозимахон шеърларини ўқиб чиқдим, жуда яхши шеърлар экан. Айниқса, “Ўзбек ёш шоирлари” тўпламидаги Чўлпоннинг “Гўзал” шеъри ниҳоятда гўзал, уни сўз билан таърифлаб бўлмайди, уни фақат қалб билан ўқиш керак. Менга бу шеър ёд бўлиб кетди. Менимча, ҳеч бир шоир ўз суюклисини бунчалар чиройли ардоқлай олган эмас:

Мен йўқсил на бўлуб уни суюбмен?!

Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куюбмен.

Бошимни зўр ишга бериб қўюбмен.

Мен суюб… мен суюб… кимни суюбмен?

Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!!!

Ҳозир тўпламлардаги кўнглимга ёққан энг гўзал шеърларни алоҳида дафтаримга кўчириб оляпман.

— Кўчириб ўтирманг, опа, у китоблар сизга.

— Усмон, сенга кўп эркалик қиламан-да, тағин кўнглингга қаттиқ ботмасин. Ҳамманинг оғзида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” рўмони, шунақа зўр китобми? Айниқса Кумуш ва Отабек муносабатларини кўп гапиришади. Менга ҳам топиб берсанг, ўқир эдим, — деб қолдилар.

Бир ҳафтача ўтгач, опамга “Ўткан кунлар”ни олиб келиб бердим ва:

— Мана бу рўмонларни ҳам ўқиб кўринг, опа, жуда чиройли ёзилган, — деб, Фердинанд Дюшеннинг “Тамилла” ҳамда “Қамар” (бу икки роман ўзбек тилига Зариф Баширий таржимасида 1926 йилда босмадан чиққан, иккалови ҳам кутубхонамизда сақланади – У.Д.) рўмонлари ўзбекча таржимасини ҳам қўшиб бердим. Манзура опам сингиллари Зоҳида ва Насира опаларимга нисбатан бадиий завқи анча баланд, нозик табиатли, анча саводхон, кўплаб шеърларни ёддан ўқир, ўзи ҳам шеър машқ қилар, дуторни ниҳоятда яхши чалар, шу билан бирга, анча хушрўй аёл эдилар.”

Долимбек отасининг қаршилигига қарамай, амакиси Рустамбек ҳожининг раъйига қарши бора олмайди, бунинг устига, кейинги қизлари Зоҳида ва Насиранинг ҳам бўйи етиб қолган эди. Шунинг учун бўлса керак, у қизини амакиси оиласига турмушга узатади. Манзура амма тўй куни онаси ва сингилларига “Адам мени жаҳаннамга юборяпти” деб йиғлаган экан. Кейинчалик Долимбек бу ишидан қаттиқ пушаймон бўлади. Манзура бу оилада кўп азоб-уқубатларни, хўрланишларни бошидан кечирди. Аҳмадбек ва Манзурадан Маҳмудбек, Ёқиббек, Рафиқа, Адҳамбек исмли фарзандлар дунёга келди. Аҳмадбек Рустамбек ҳожининг кенжа ўғли сифатида анча эрка ўсган, каттароқ бўлганда маиший бузуқлик йўлига ҳам кирган, ресторанма-ресторан юришни одат қилган. Отаси вафотидан кейин эса ҳеч кимдан ҳайиқмайдиган, ҳатто уйига турли-туман аёлларни ҳам олиб келадиган, хотини Манзурани уларга хизмат қилишга, дастурхон тайёрлашга, овқат пиширишга мажбур қиладиган одат ҳам чиқаради. Ойлаб оилани қаровсиз қолдириб, отасидан қолган давлатни совурди. Бечора Манзура 10 – 11 ёшли икки катта фарзандини етаклаб, эрини қидиради, кирмаган кўчалари қолмайди. У отасиникига бир неча марта йиғлаб келади. Долимбек қизини ажратиб олмоқчи бўлади, лекин отаси Муҳаммадаминбек “Менинг шаънимга қизини қайтариб олди, деган иснод тўғри келмайди, чиққан қиз чийриқдан ташқари, буларни олдинроқ ўйлаш керак эди. “Бир парча гўштни мушук олиб қочди”, дегин, вассалом!”.

Долимбек отасининг бундай кескин гапига қарши бора олмаслиги аниқ эди, албатта.

1930-йилларнинг бошида, айниқса, мустамлака Туркистонда иқтисодий ҳаётнинг кескин оғирлашуви, очарчилик, бунинг устига турли-туман касалликларнинг авжга чиқиши туфайли бутунлай қаровсиз қолган Манзура амма оиласи тутдай тўкилди. Ўша йилларда болалар ўртасида тарқалган “қора чечак” касали бир ҳафта-ўн кун ичида тўртала фарзандини она бағридан юлиб олди. Манзура амма этакларини силкиб, фарёд чекиб, ота ҳовлисига кириб келди. Келди-ю тўшакка михлангандек ётиб қолди. Раҳматли ойим Рожиабонунинг айтишларича, “Бирор ножўя гап бўлиб қолса, Манзура опага тегиб кетар ва “эр хўрлади – эл хўрлади” деб йиғини бошлар эдилар, ниҳоятда гийранда аёл бўлиб, тўртала фарзанди номини қўшиб шеър қилиб йиғлар ва “менинг дардларимни ёзса, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”и-ю, “Меҳробдан чаён”, Фердинанд Душеннинг “Тамилла”-ю “Қамар”ларидан кўра фожиаларга тўла рўмон бўлиши мумкин”, дер эдилар. Султонбек ТошМИдан тез-тез ўрис пропесорларни олиб келар ва опаси ҳамда Адолат келинойисини кўрсатар эди.”

Манзура амма ўша даврнинг бедаво сил касалига мубтало бўлади. Умуман, 30-йилларда бу касал жуда авжига чиққан экан, Нуъмонбек амакимнинг биринчи хотинлари Адолат келинойи ҳам шу касал билан оғриб, оғир ётар эди. Бу икки беморга қараш жафокаш Марзия бувимнинг зиммасида эди. Долимбек оиласи ниҳоятда машаққатли – ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий фожиаларни бошидан кечирмоқда эди. Унинг уйидан ҳам кетма-кет ўликлар чиқа бошлади: 1933 йилнинг ўзида дастлаб 90 га кирган отаси Муҳаммадаминбек ҳожи, ундан кейин Адолат келинойи 24 ёшида уч фарзанди билан ва Манзура амма тўрт фарзанди билан 35 ёшида вафот этишди. Бутун оила ғам-ғусса, фожиалар гирдобида қолди. Онам Рожиабону айтишларига қараганда, Манзура амма икки йил давомида ота уйида кечалари тинимсиз йиғлаб чиқар экан, шекилли, ёстиғи кўз ёшидан гардиш-гардиш доғ бўлиб, ичидаги парлари чириб кетган экан. Манзура аммани ҳам васиятига биноан Сағбон қабристонидаги тўртала фарзанди бағрига дафн этганлар.

1919 йили Долимбек иккинчи қизи Зоҳида (1899 – 1958)ни тоғаси Расулбойнинг ўртанча ўғли Тошмуҳаммад (1898 – 1955, уни Тошмуҳаммад бойвачча дейишган)га узатади. Маълумотларга қараганда, Тошмуҳаммад кўркам йигитлардан бўлиб, каттагина бойликка ҳам эга бўлган савдогарлардан экан. 30-йилларнинг бошларида шўро одамлари кечаси уйини тинтув қилгани бостириб келган вақтда қоронғида зинадан йиқилиб, орқа умуртқаси қаттиқ лат еган ва умрининг охиригача букур бўлиб қолган. Улар Тўлаган, Қутбиддин, Нажмиддин, Низомиддин, Муаттар, Мушарраф, Ҳавохон, Ботир исмли саккиз фарзанд кўрдилар. Улардан ҳозирда фақат Мушарраф ва Ботир ҳаёт бўлиб, Мушарраф – уй бекаси, Ботир кўз шифокори сифатида узоқ йиллар фаолият кўрсатди, шу кунларда нафақада. 1955 йили Тошмуҳаммад Расулбой ўғли ва 1958 йили Зоҳида аммам вафот этадилар, улар Чиғатой қабристонига дафн этилганлар.

[1]Салоҳиддинов Зуҳриддин (Олтой) Қозоқович (1905 — 1975) – асли исми-шарифи Зуҳриддин Салоҳиддинов – 1923 – 1927 йилларда Навоий номидаги “Намуна” таълим-тарбия техникумида Ойбек, Миркарим Осим, Искандар Икромов, Азиз Мақсудов, Ҳомил Ёқубов, Субутой Долимов каби маънавиятимиз дарғалари билан бирга ўқиган. “Олтой” унинг тахаллуси бўлиб, Туркистон давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг қишлоқ хўжалиги факултетида ўқиган. У ўзбеклар орасида биринчилардан бўлиб қишлоқ хўжалик фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган ва умрининг охиригача Тошкент давлат қишлоқ хўжалик институти (университети)да доцент, профессор лавозимларида фаолият кўрсатган. Умрининг охиригача буваси Қозоқбойдан қолган боғда – Кўкча даҳасининг Оқлон маҳалласида яшаган. Ҳамма қариндошлари уларни “Олтой тоға” дер эди.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Рустамбек ҳожи Норбек ўғли

Энди икки-уч оғиз сўз бобокалонимиз Норбек Хайтабек ўғлининг учинчи фарзанди, Муҳаммадаминбек ҳожининг укаси Рустамбек ҳожи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *