Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. 6-қисм. Норбековлар матбааси

Сулола. Долимовлар шажараси. 6-қисм. Норбековлар матбааси

Ўтган асрнинг 10-йилларидан бошлаб, оилалари катталашиб қолган уч ака-ука Долимбек, Комилбек ва Каримбеклар оталари Муҳаммадаминбек ҳожи маслаҳати билан Сағбондаги жойларини алоҳида-алоҳида уч ҳовлига бўлиб, бутунлай янгитдан иморатлар қурдирадилар. Каримбек ва Комилбек ҳовлиларидаги янги уйларни ўша вақтда машҳур бўлган Тошкентнинг синчкор усталаридан Наби уста қуради. Катта гулзор ҳовли ичкари ва ташқари қисмлардан иборат бўлиб, алоҳида меҳмонхоналар бино қиладилар, махсус хоналарни европача мебель билан жиҳозлайдилар. Иккала оила учун қурилган ҳовли-бино бир хилда эди. Булардан ташқари, Каримбек ва Комилбекнинг Тошкентнинг Янги шаҳар – ўрислар яшайдиган қисмида ҳам қўралари бўлган. Кўп ҳолларда Москва, Петербург ва чет эллардан келган шериклари, мижозлари ва ҳамкорларини, асосан, шу ерда кутиб олишар ва уларга бир неча кун бемалол ишлашлари ва яшашлари учун яхши шароит яратиб беришар эди. Шаҳарнинг руслар яшайдиган қисмида бундай қўралар ҳамма ўзбек йирик бойларида бўлган (Ойбекнинг “Қутлуғ қон”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романларини эсланг).

Муҳаммадаминбек ҳожининг биринчи хотини Марзиядан бўлган, нисбатан камбағалроқ ўғли Долимбек қўли калталиги туфайли укалари билан баробар қурилиш бошлай олмади. Оиласи анча катталашиб қолгани учун отаси уни бўлак қилиб қўйган эди. Ҳар ҳолда, катта бойликка эга бўлган ака-ука Комилбек ва Каримбеклар нисбатан камбағалроқ бўлган ўгай акалари Долимбекни ўз ишларига кўпда аралаштирмаганлар. Муҳаммадаминбек ҳожининг 1892 йилда туғилган кенжа фарзанди Абдураҳмонбек эса жисман заифроқ бўлиб, ота-онаси билан бирга яшар эди. Уни акалари узоқ муддат Қримдаги энг эътиборли санаторийларда даволатишган, ҳатто Истанбулда ўқитишган, аммо унинг ўқишга ҳам у даражада иқтидори бўлмаган, кўринади: ўқишни ташлаб келган.

1914 йилнинг 4 апрелидан Тошкентда Туркистон зиёлиларининг энг севимли нашрларидан бўлмиш “Садойи Туркистон” газетаси Каримбек Норбековнинг яқин дўсти, биринчи ўзбек замонавий юристи Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (1885 – 1938) муҳаррирлигида Норбековлар матбаасида нашр этила бошланди. Газетани ташкил қилиш, уни иқтисодий жиҳатдан: катта ҳажмда қоғоз, бўёқ, ҳарфлар ва бошқа анжомлар билан таъминлаш Комилбек ва Каримбек Норбековлар зиммасида бўлган, долзарб масалаларга бағишланган мақолалари билан газета саҳифаларида қатнашиб турганлар. Каримбек ўзининг “Бизим ёшларга миллий тарбия” мақоласида ёшлар тарбиясига миллат ва миллият масаласи нуқтаи назардан қарайди. Муаллиф қалбини эзган нарса миллатдошларининг хору залолатда, фақирликда яшашлари миллий ифтихор-ғурурнинг йўқлигида, ҳақ-ҳуқуқларини билмасликларида ва айниқса уларнинг илм-маърифатдан маҳрум этилганликларида эди. Мана, унинг мазкур мақоласидаги дил сўзлари: “Қариндошлар! Бу тарбия эса болаларимизни миллатимизнинг шаън ва шарафин сақлайдургон даражада қилиб ўқутмакдур. Шаръи шарафимизнинг буюришига биноан болаларимизни ўқутмоқ барча мусулмон қардошларга фарздур. Болаларин ўқутмай қолдиргани учун ота-оналар айблидурлар. Ислом шариатида ўқушдан қайтмоқ учун ҳеч бир узр йўқдур. Шундай бўлса, барчаларимиз болаларимизни ёшликдан ўқутиб, келажакда номусли, тарбияли ва миллатни суювчи бир инсон бўлишларига ҳаракат қилайлук! Эй қариндошлар! Ўйлаб кўрингиз; ўқумаган болалар тавфиқсиз бўлурлар, ота-онанинг қадрини билмаслар, улуғларга таъзим ва кичикларга шафқат қилмаслар, сўнгра ёмон ишларга кириб, ичкилик, қимор ва шунга ўхшаган ҳаром ишлардан қайтмайдурғон бўлуб, бора-бора ўзларининг ислом динида яшаганларин ҳам билмай бошларлар. Ҳурматлуларим! Ибрат кўзларингизни очиб қарасангиз, шояд, кўзларингиздан милдираб ёшлар тўкилур. Чунки тирикчилик жиҳатидан қарағанда, бизим мусулмонлар йиғланадурғон ва ачинадурғон бир ҳолдадурлар. Масалан, қоровулчи, ойлиқчи, йиллиқчи, ташишкачи, ҳаммолчи ва бошқа шундай оз оқча ва қаттиғ меҳнат ила кўблари умр ўткарадурлар. Қисқаси, қайдағина қарасангиз, бизнинг мусулмонларнинг ёш ва қарилари бошқаларнинг қули манзиласида бўлуб хизмат этмоқдадурлар. Ушбуларнинг ҳаммасин бош сабаби ўқумағонлиқ ва миллий тарбиясизликдур. Қариндошларим! Яна соф кўнгилларингиз ила бизим ёшларга қарангиз. Бизим ёшлар ёз ва қиш демай, доим самоварчиликда қолиб, бекорчилик ва сафсата сотишдан бўшамайдилар. Ҳурматлу ота-оналар! Жонингиздан азиз фарзандларингизни шундай бўлишларига кўнгилларингиз асло рози бўлмаса керак, балки ҳар қайсингиз яхши бўлишларини хоҳлайсиз. Буларни яхши қилиш янги мактабда ўқуш илагина бўладур. Ҳурматли қариндошлар! Ҳолларимизга тушуниб қарайлук. Яқинда камина бир ишим бўлуб, Тошканд “Окружной суд” маҳкамасига бориб эдим. Каттақўрғонлик мусулмон савдогарларнинг бир катта жанжаллари кўрилур экан. Мазкур шаҳардан келган йигирма нафарга яқин гувоҳларнинг ҳар қайсиларига судлар: “Сўзлаган сўзларингиз учун қўл қўйингизлар” деганларида, ул жаноблар: “Қўлимиз йўқ, ёза билмайдургон авоммиз”, деб жавоб бердилар. Бу жанобларнинг бошларида катта салла ва устларида олабайроқ чопонлар бўла туруб, ўз исмларини ҳам ёза билмаганларига ниҳоятда қаттиқ уёлдук. Шариатимиз жиҳатидан қарағанда, бу иш жуда ор ва номусдур. Чунки ислом шариатида бўлғон мусулмон эр ҳам хотунларнинг билимли ва маърифатли бўлишлари лозимдур. Шундай бўлса, ҳар қайсимиз динимизнинг устимизга юклаган фарзини адо қилганлардан бўлайлик десак, ҳеч шубҳасиз, букундан бошлаб жонимиздан азиз бўлган фарзандларимизни ўқутайлик. Дунёда бахтли ва охиратда юзларимиз оқ бўлуб, жаноб Ҳақнинг ризолиғиға етушмакни хоҳласак, болаларимизни ўқутайлик, ўқутайлик ва ўқутайлик!”

Каримбек Норбеков мақолаларида мактаб ва матбуотга миллатни миллат қилувчи, уни тараққий этган халқлар билан ҳамқадам қилувчи, унинг шарафини улуғловчи асосий восита деб қаради. Шунинг учун ҳам унинг кўпроқ амалий фаолиятида усули жадид мактаблари очиш, матбуотни халқ ҳаёти билан боғлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Долимбек ҳожи Муҳаммадаминбек ҳожи ўғли

Муҳаммадаминбек ҳожининг ўғиллари Комилбек ва Каримбеклар ҳамда Рустамбек ҳожининг ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбеклар 1890-йилларда рус-тузем …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *