Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. 5-қисм. Абдурашид қози Иброҳимов эсдаликларидан

Сулола. Долимовлар шажараси. 5-қисм. Абдурашид қози Иброҳимов эсдаликларидан

Марказий Осиё чор Русияси томонидан босиб олингач, Тошкент, Қўқон, Фарғона, Самарқанд, Чимкент, Туркистон каби шаҳарларнинг ўрис зобитлари, йирик бошқарув маъмурияти хизматчилари яшайдиган ҳашаматли қисми пайдо бўлди, уларнинг фаровон яшашлари учун ҳамма шарт-шароитлар: замонавий уйлар, боғ-роғлар, чароғон кўчалар, театрлар, маданият ва маърифат, таълим-тарбия масканлари яратилди. Ҳатто улар учун Петербург, Москва шаҳарларидан театр гастроллари ташкил этилган. Шаҳарларнинг бу қисмига маҳаллий аҳоли киритилмади, фақат энг қора ва оғир ишларгина уларга раво кўрилди. Тошкентнинг фон-Кауфман (ҳозирги Амир Темур) хиёбонига ўзбеклар яқинлаштирилмаган, катта ҳарфларда “Сартам ходить запрещён” деб ёзиб қўйилган. Бу ҳол Абдулла Қаҳҳорнинг “Томошабоғ” ҳикоясида ҳам ўз ифодасини топгани маълум.

1907 йилнинг охирларида Туркистон ўлкасига саёҳат қилган, ўлканинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қўқон каби йирик шаҳарларида бўлиб, уларнинг етакчи зиёлилари билан яқин мулоқотда бўлган, чор Русиясининг Туркистонда олиб бораётган аёвсиз мустамлакачилик сиёсатини ўз кўзи билан кўрган ва кескин фош этган татар ёзувчиси (келиб чиқиши бухоролик ўзбек – У.Д.), маърифатпарвар ношири, Петербургда чиқадиган “Улфат” газетасининг бош муҳаррири Абдурашид қози Иброҳимов ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган эди: “Тошканд бундан ниҳоят қирқ йил муқаддам бир мусулмон мамлакати бўлиб, бугун Русиянинг бир вилояти ва умум Туркистон ҳам Фарғона ва Сирдарё вилоятларининг марказидир. Тошканд хорижда бир шаҳар деб тасаввур қилинса ҳам, бу ерда у икки мамлакат каби икки даҳага бўлинган, бир шаҳар бўлгани ҳолда икки хил идорага бўлинур: яъни у Русия даҳаси ва аҳли ислом даҳаси деб юритилур. Рус Тошкандида ғоят тартибли бино ва савдо уйлари, текис иморатлар, электр нурларида сайр қилиб юришлар Оврўпонинг бир намунасидир. Аммо ислом Тошканди аксинча, бундан беш юз йил аввал қандай аҳволда бўлган бўлса, ҳамон ўша аҳволдадир, илк баҳорда, баҳор охирида шаҳар ичидаги уйлардан пиёда юриб ўтишнинг ҳам иложи бўлмай қолади. Буни ҳатто сўз билан таърифлаб бўлмайди, чунки бу йўлларда фақат от-улов билангина юриш мумкин бўлиб қолади. Ҳолбуки, бир шаҳардир. Умум аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардир. Даромад асосан мусулмон қисмидан олинур. Фақат христиан идораларига сарф қилинур. Ҳокимият қуввати русларда, мамлакат даромади ва ерга эгалар ҳам улардир, рус қисмларидаги йўлларга умум даромаддан пул ажратилади, аммо исломий қисмидагиларнинг йўллари нима бўлса бўлсин, бир сўм ҳам сарфланмайди, на бир текис йўл, на бир чироқ бор, ҳеч вақо йўқ… Ҳақиқатни яна ҳам очиқ англамоқ учун бу ерда қуйидаги фикрни кўрайлик: Тошканд аҳолиси жами 200000 киши ҳисобидан бўлиб, булардан 18 фойизи христианлар, бошқаси мусулмонлардир. Тошканд шаҳар идорасида жами 72 аъзодир, булардан 24 нафари мусулмон, қолганлари христиандир. Шу ҳолда инсонийлик ва тенглик, ўзаро муомала ва муносабатлар бўладими?!”

Дарҳақиқат, шундай эди. Кексаларнинг айтишларига қараганда, Тошкентнинг Сағбон, Чиғатой, Қорасарой кўчалари ёз кезлари тиззага чиқадиган тупроқ, ёғингарчилик мавсумларида эса юриб бўлмайдиган даражада лой тиззага чиқар экан. Бирор одам вафот этиб қолса, Сағбон, Чиғатой ёки Тешикқопқа қабристонларига майитни олиб бориб кўмиш катта машаққат бўлган. Хонадоннинг бирор аъзоси (кўпроқ қари ота-онаси ёки ётуғлиқ касал)нинг вафоти аниқроқ бўлиб қолса, олдиндан оила аъзолари майит солинган тобутни қабристонга олиб бориш учун (қабристоннинг узоқ ёки яқинлигига қараб) 4 ёки 8 нафар керзи этик олиб қўйишар ва ёлланган тўрт ёки саккиз одамга беришар экан. Мана шундай оғир шароитда маҳалланинг катта бойлари Долимбек, Комилбек, Каримбек Норбековлар 1913 йилда Сағбон кўчасига: Эски Жўва бозоридан Сағбон қабристонигача бўлган 5 – 6 чақирим масофага кўчани анча кенгайтириб, тош тердиришган. Натижада, маҳалла аҳлининг мушкули осонлашган. Анча режали, чиройли ва мустаҳкам қилиб терилган ушбу тош йўл 1950-йиллар охиригача халқ учун хизмат қилган, кейинроқ устига асфальт ётқизилган. Худди шундай (агар айтиш жоиз бўлса) обондонлаштириш ишини Эски Жўва бозоридан Чиғатой қабристонигача бўлган Чиғатой кўчасини ҳам кенгайтириб тош тердиришни режалаштиришган, аммо 1917 йилдаги ур-йиқитлар, Норбековларга қаратилган таъқиб ва тазйиқлар бундай хайрли ишларни амалга оширишга имкон бермади. Комилбек ва Каримбек Норбековлар бундай катта маблағ талаб қиладиган ишларни амалга оширишдек иқтисодий қудратга эга бўлган ишбилармон, тадбиркор бойлардан бўлишган, Москва, Петербург, Берлин, Париж, Варшава каби шаҳарлар билан савдо алоқаларини йўлга қўйишган, ҳар йили икки-уч марта бу шаҳарларга мол олиб борганлар ва уердан халқ эҳтиёжларига зарур бўлган турли маҳсулотлар олиб келганлар. Улар оталари Муҳаммадаминбек ҳожи номи билан йилда икки марта атрофдаги маҳаллаларнинг муҳтожларига закот берганлар. Закот пул шаклида эмас, кийим-кечак, мануфактура (газмол), пойафзал ва озиқ-овқат маҳсулотлари шаклида бўлган. Шу тариқа бу оила Эски шаҳар аҳолиси ўртасида катта ҳурмат-эътибор қозонган. Комилбекнинг Чимбойда, Каримбекнинг Чиғатойда сўлим боғлари (булар Мўминбойдан куёви Муҳаммадаминбекка мерос бўлиб ўтган), Келесда катта ерлари, мевазорлари, охири кўринмайдиган ишкомлари бўлиб, узумнинг ҳамма турлари бўлган. У ер “Катта ер” деб аталиб, хизматкорлар ва корондалар ишлаган. “Катта ер”дан тушадиган даромад, асосан, хайрия жамиятларига, газета ва журналлар, дарсликлар нашрига, театр ишларига сарф қилинган. Эътибор билан қаралса, ўзбеклар орасида Тошкент ва ўлканинг бошқа шаҳарларида ҳам пахта билан савдо қилувчи, катта-катта завод ва фабрикалари бўлган, Норбековларга нисбатан каттароқ имкониятларга эга бўлган “масковчи бойлар”, “пахтачи бойлар”, миллионерлар бўлган, аммо уларнинг мақсад ва маслаклари бутунлай бошқача эди.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ушбу китобни тақдим этган Элбек Долимовга миннатдорчилик билдирамиз

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Долимбек ҳожи Муҳаммадаминбек ҳожи ўғли

Муҳаммадаминбек ҳожининг ўғиллари Комилбек ва Каримбеклар ҳамда Рустамбек ҳожининг ўғиллари Ҳасанбек ва Ҳусанбеклар 1890-йилларда рус-тузем …

Мулоҳаза

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *