Бош саҳифа » Сулола » Долимовлар шажараси » Сулола. Долимовлар шажараси. Тўйлар ва йўқотишлар

Сулола. Долимовлар шажараси. Тўйлар ва йўқотишлар

…Мана шундай оғир ва машаққатли дамларда уйланиш навбати Усмонбек (Субутой)ка келди. Серфарзанд Долимбек эски удумга амал қилиб, анча илгари – 1910 йили узоқ вақт фарзанд кўрмаган укаси Комилбекка ўғли 3 – 4 ёшли Усмонбекни фарзандликка топширади. Бу тадбирда оталари Муҳаммадаминбек фармонбардор бўлди. Бу воқеадан икки-уч йил ўтгач, Комилбек дастлаб қиз фарзанд кўради ва Кимёхон исмини қўядилар. Акасидан хурсанд бўлган Комилбек қизи Кимёхон омон-эсон катта бўлса, Усмонбекни куёв қилажагини айтади ва ака-ука Долимбек ва Комилбек қуда бўлишга аҳду паймон қилишади. Йиллар ўтиб, фарзандлар муҳаббат ёшига етадилар. Комилбек: “Акамнинг болалари кўп, катта оила, бунинг устига зўр-базўр оила тебратади. Битта-ю битта қизим қийналиб қолади”, – деган андиша билан сўзидан қайтади. Бу ишда айниқса хотинлари Каромат буви катта фаолият кўрсатади. Долимбек: “Шу ерда ҳам ўгайлигини қилди,” деб ундан қаттиқ ранжийди.

Муҳаммадаминбекнинг иккинчи хотини Умрибувидан туғилган қизи – Долимбекнинг ўгай синглиси (отаси бир, онаси бошқа) Тожихон ниҳоятда тадбиркор, ўз сўзини ака-укаларига, ҳатто Долимбекка ҳам ўтказа оладиган, шаддот, ишбилармон, узоқни кўра оладиган аёллардан бўлиб, отасининг ҳамма келинлари ҳам унинг измидан чиқа олишмас эди. Айниқса, оилавий масалалар унинг маслаҳати ва фаол иштирокисиз ўтмас эди. Шундай вазиятда Тожихон акаси Долимбекка:

– Ака, шунга ҳам хафа бўласизми, Комилбек акам Усмонга қизи Кимёни бермаса бермасин, Каримбекнинг қизи Рожиани келин қилинг, Кимёдан ҳам эсли-хушли, чиройли, ёши ҳам баравар, – дейди.

– Эй Тожихон, қўйсанг-чи, бу димоғдор аканг қизини бермади, укаси Карим берармиди?! Яна иккинчи марта бўйнимни эгишга мажбур қилма. Худо хоҳласа менинг ҳам фарзандларим кўчада қолмас, – дейди Долимбек ўкинч билан.

– Ака, мен сизнинг юзингизни ерга қаратмайман. Ишонинг, бу ишнинг бошидан охиригача тепасида ўзим тураман. Карим, албатта, рози бўлади, – деб, бутун ишни ўз қўлига олади ва қамоқдаги укаси Каримбекка воқеаларни батафсил ёзиб, хат киритади.

Каримбек хатни олиб, узоқ ўйлайди: “замон оғир, ўзимнинг аҳволим нима кечади – фақат Худо билади. Икки ёш ўғлим Мунавварбек ва Арслонбек бир амаллаб кунини топиб кетар, бировнинг ҳасми бўлмиш қизларимнинг аҳволи нима бўлади? Рожиадан кейинги қизларим Робиа ва Иффат ҳам эрта-индин вояга етиб қолади. Жуда бўлмаса, Рожиани акам паноҳига топширсам, норасидаларимга ҳам оталик қилар. Қолаверса, Усмонбек ҳам ақлли-хушли, ўқимишли йигит бўлди”, деган хаёллар билан хат орқали розилигини билдиради. Шу кунларда уйларига шўро одамлари келиб, мол-мулкларини мусодара қилишлари хавфи жуда катта эди. Шунинг учун бу воқеанинг эртаси куниёқ келиннинг сепини акасининг уйига ташиб чиқа бошлайдилар.

Шундай қилиб, тўй ҳаракатлари ҳам бошланиб кетди. Долимбек анча бой укасининг қизи Рожианинг кўнгли ўксимайдиган чиройли тўй қилишга қарор қилди. Тўй куни белгилангач, Қўқон, узоқ Кошғар ва Ғулжа сафарларида бирга бўлган, яқин дўст тутунган Тўйчи Ҳофизни ҳам хизматга, ҳам дўст сифатида таклиф қилгани уйига борди. Салом-аликдан кейин бир пиёла чой устида Тўйчи Ҳофиз сўраб қолди:

– Долимбек, қайси ўғлингизни уйлантиряпсиз?

– Усмонни, – деб жавоб берди Долимбек.

– Ҳа, Усмонбекни яхши биламан, ажойиб овози бор, дуторни ҳам жуда яхши чалади. Менинг 60 йиллик таваллуд кунимда ажойиб қўшиқ айтиб, дутор чалганидан ҳамма катта-ю кичик, ҳатто машҳур санъаткорлар ҳам ҳайратга тушган эдилар. Худо хоҳласа, у яхши санъаткор бўлади. Дарвоқе, ким билан қуда бўляпсиз?

– Укам Каримбек билан.

– Жуда яхши бўлибди-да, укаларингиз Комилбек ва Каримбеклар – шаҳримизнинг энг эътиборли, халқ учун куйиб-ёнадиган кишилари.

– Ҳозир иккови ҳам қамоқда, уста.

– Эшитдим, бек, шоир Абдулладан (Абдулла Авлоний бўлса керак – У.Д.) эшитдим. Аллоҳ уларни ўз паноҳида сақласин. Шундай вазиятда укангизнинг қизини келинликка олиб, жуда яхши иш қилибсиз, Каримбекнинг ҳам юкини анча енгиллатибсиз. Худо хоҳласа, албатта бораман, бек, – деб хайрлашдилар.

Адам ва ойимнинг айтишларига қараганда, тўй кўнгилдагидек жуда чиройли ўтади. Тўйчи Ҳофиз ва созандаларнинг оромбахш куй-қўшиқлари тўйга ўзгача файз, тароват бағишлайди, устоз санъаткор тўяна сифатида машҳур Уста Усмон ясаган жуда чиройли дутор совға қилади: дутор пардалари ичига “Уста Усмон” деб нақш билан битилган. Ҳозир бу дутор Тошкент Педиатрия тиббиёт институти доценти Кенжабек Долимов уйида сақланади.

Шу тариқа, Тожихон амманинг оқилона тадбирлари туфайли ойим Рожиабону Усмонбекка турмушга чиқдилар, Долимбек унга ҳам оталарча ғамхўрлик қилди, акс ҳолда у ҳам сингиллари Робиа ва Иффат каби бахтсиз бўлиши ҳақиқатдан узоқ эмас эди.

Ҳар қандай оғир, фожиали шароитларда ҳам ҳаёт тўхтаб қолмас, инсон яшаш учун курашар экан. 1935 йили Долимбек қизи Манзура, катта келини Адолат ва набираларининг йиллик таъзия маросимларини ўтказиб, Нуъмонбекни Исамуҳаммаднинг қизи Инобатхонга уйлантиради.

Долимбек отам ва Марзия бувим 1936 йили “Турон” кутубхонасида ишлаётган олтинчи фарзанди Акбарбекни Тожихон исмли қизга уйлантиришади. Улар 1937 йилда Тўхтабек ва 1939 йилда Чингизбек исмли ўғиллар кўришади. Бу оила ҳам отам Долимбекнинг кичкина ҳовлисида истиқомат қилади.

1939 йили Долимбек отам ва Марзия бувим қизлари Муаззамни Муслим заргарнинг ўғли Қаюмжон Муслимовга узатадилар. Қаюмжон психология ўқитувчиси бўлиб, педагогика техникумида дарс берар эди. Қаюмжон ва Муаззам 1940 йили ўғил кўрадилар, унга буваси Муслим заргар Паромуз деб исм қўяди. Қаюмжон Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки ойларидаёқ Ватан ҳимоясига кетади ва бир йил ўтгач, қаттиқ ярадор бўлиб қайтади. Тошкентда у операция қилдиради, аммо жарроҳлик столидан омон чиқмайди. 1944 йилда Муаззам аммам ўғиллари Паромуз билан биз яшайдиган ота ҳовлисига қайтиб келади. Биз Паромуз билан Сағбондаги – эски қабристон орқасидаги 11-мактабда ўн йил бирга ўқиганмиз, ўша йилларда мактаб бўйича ўқишда унинг олдига тушадиган, мактаб жамоат ишларида фаол қатнаша оладиган ўқувчи йўқ эди, мактаб, туман, шаҳар ва ҳатто республика олимпиада ва конференцияларида фаол иштирок этар, даста-даста мукофот китоблар билан тақдирланар эди. 1957 йили мактабни олтин медал билан битириб, ТошМИнинг даволаш факултетига ўқишга кирди. У институтда ҳам жуда яхши ўқиди – Ленин стипендиати (собиқ шўро давридаги энг катта стипендия олувчи аълочи-талаба) бўлиб ўқиди ва институтни имтиёзли диплом билан тугатди. У ўқиш давомида Бешоғочдаги кушхонада медбрат сифатида кечалари навбатчилик қилди, бева онасига рўзғор ишларида ёрдам берди. 1963 – 1967 йилларда Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани шифохонасида, кейинроқ Вилоят шифохонасида жарроҳ бўлиб хизмат қилди. 1968 йили Ўзбекистон сил касалликлари ва уни даволаш илмий-тадқиқот институти аспирантурасига катта танловдан муваффақият билан ўтди. 1972 йили академик Шокир Алимович Алимов раҳбарлигида сил касалини жарроҳлик йўли билан даволаш бўйича номзодлик диссертациясини катта муваффақият билан ҳимоя қилди ва ўзи ҳам катта жарроҳ бўлиб етишди, энг мураккаб операцияларни мустақил амалга ошириш даражасига етди. Афсуски, бундан кейин у илмий ишни давом эттирмади, бўлмаса, бу соҳадаги изланишларини давом эттиришда катта илмий имкониятга, иқтидорга эга эди, етакчи олимларнинг ҳам эътиборини қозонган эди. Тошкент давлат педиатрия институтининг хирургия кафедрасида шу кунга қадар доцент лавозимида ишлаб келди, ҳозир нафақада. Паромуз ва хотини Клара – Хондамир, Нигора, Санжар ва Жамшид исмли тўрт фарзанднинг ота-оналари. Улар ҳаммаси олий маълумотли.

Муаззам аммам давримизнинг улуғ шоири Абдулла Орипов ёзганидек:

                   Севгидан етиму умрдан ярим,
                   Қақраган кўксида ёлғиз беланчак.
                   Абадий фироқни, ҳайҳот, дўстларим,
                   Абадий висол деб билди келинчак, –

ёлғиз ўғиллари Паромузга бутун умрларини бахшида этдилар. Муаззам аммам 1999 йили 82 ёшларида вафот этдилар ва васиятларига биноан улар Сағбон қабристонига – оналари Марзия бувим ва энг катта опалари Манзура аммам ёнига дафн этилганлар.

Шу тариқа, Иккинчи жаҳон уруши ҳам Долимбек оиласи бошига катта фалокат ва фожиа тошларини ёғдириб, қиличини қайраб кириб келган эди. Долимбек отам ва Марзия бувим Тошкент тиббиёт институтини янги битирган икки ўғли Зиёдбек ва Султонбекка халқ, Ватан ҳимояси учун оқ фотиҳа беришди. Худди шу 1941 йили ноябрь ойида совет ҳукумати 32 ёшли Акбарбек Долимовни миллатчи, халқ душмани каби айбловлар билан қамоққа олади. Иккала ўғил – Зиёдбек ва Султонбек урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб, япон милитаризмига қарши курашда ҳам фаол қатнашдилар.

Иккинчи жаҳон уруши халқимизнинг буюк ғалабаси билан тугади. Омон-эсон қолганлар, ҳатто майиб-мажруҳлар ҳам она-Ватанига қайтмоқда, қурбонларнинг оилалари абадий битмас-тугамас дард-изтиробда, яна баъзиларнинг қайтишини эса ҳар кун, ҳар соат сабрсизлик билан кутадилар. Зиёдбек ва Султонбек ҳам ота-она қучоғига соғ-саломат, ёруғ юз билан қайтишди. Шўро ҳукуматининг қатағонлари жаҳон урушидан ҳам ўз халқи учун даҳшатлироқ эканки, Акбарбек Долимов қайтмади. Акбарбек Долимовнинг фожиали қисматига махсус бобда тўхталамиз.

1947 йил. Қаҳратон қишнинг аёзли кечаси. Марзия бувим чарақлаб турган юлдузларга қараб: “Юлдузлар! Жигаргўшам Акбарга салом айтинглар! Мен ундан мингдан-минг розиман!” дея Аллоҳга илтижо қилиб, ҳаёт билан видолашганлари ҳамон кўз олдимда. Бундан кейин яна қанча ўн йилликлар ўтиб кетди, лекин Акбарбек Долимовдан дарак бўлмади. Ўн тўрт фарзандни дунёга келтириб, уларни тарбиялаган, Ватан ва Халқ хизматига топширган Марзия бувим фарзанди Акбарбекнинг ўлик ёки тириклигини ҳам билмай фарзанд доғида ҳаёт билан видолашдилар. Раҳматли қадрдонимиз, акамиз Тўрабек Долимов қуйидаги сўзларни айтганда, минг бора ҳақ эди: “Ҳеч бир ўзбек оиласи Долимовларчалик шўроларнинг минг хил фожиасини, қабоҳатларини ўз бошидан кечирган эмас. Жаҳон тарихида ҳеч бир ҳукумат ўз фуқароларига бунчалар даҳшатли, узлуксиз қатағонларни ёғдирган эмас. Буни ҳеч қачон унутиб бўлмайди”.

Вафотлари олдидан Марзия бувим қизлари Муаззам аммамга шундай васият қилган эканлар: “Дунёга келиб ҳеч бир рўшинолик кўрмаган ғариб қизим Манзураой ва бокира, норасида набираларим бағрига дафн этинглар. Чунки уларнинг бир умр бахтсиз бўлиши ва ҳаётининг фожиа билан тугашида менинг ва отасининг ҳам айблари бордир. Аллоҳ ўзи кечирсин”. Васиятларига биноан бувим бутун аждодлари дафн этилган Зайниддин бува ёки Чиғатой қабристонига эмас, Сағбон қабристонига – қизлари Манзура ва тўрт набиралари ёнига дафн этилганлар. 1975 йили тўрт ака-ука оналари Марзия бувим, опалари Манзура аммам ва унинг тўрт фарзандига бағишлаб мармар лавҳа ўрнатишди.

Ўша 1947 йили Марзия бувимнинг қабрлари сўвимасдан Долимбек оиласи бошига янада катта фалокат тушади. Долимбекнинг энди 20 ёшга кирган ниҳоятда кўҳли кенжа қизи Маҳбубани ўлдириб кетишади, лекин унинг тириги ҳам, ўлиги ҳам топилмайди. Опододам Нуъмонбек бошчилигида тўртала ака-ука ҳар қанча ҳаракат қилишмасин, энг эътиборли давлат ва партия ташкилотларига мурожаат қилишмасин, жиноятчилар топилмайди. Шўро ҳукумати ва партия органлари бу жиноий ишни, ҳақиқатни аниқлаш йўлидан эмас, аксинча, яшириш, босди-босди қилиш йўлидан боради. Натижада, бу фожеий иш Долимовлар оиласи учун сирлигича қолиб кетди. Шу тариқа, Долимовлар оиласи шўро ҳукуматининг ибтидосидан то интиҳосига қадар роҳатини эмас, фожеаларини, адолатини эмас, қабоҳатини, чучугини эмас, заҳрини кўп татиб кўрди, ҳаммавақт совет ҳукуматининг қора рўйхатида турди. Улар ҳар қанча илм-маърифатли бўлишмасин, фанда улкан муваффақиятларга эришишмасин, жафокаш ўзбек халқининг ҳурмат-эътиборини қозонишмасин, 75 йилик шўролар даврида рўшнолик кўришмади, унинг таъқиби остида яшашга мажбур бўлдилар. Ҳақиқатан ҳам шўро ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати чор Русиясининг мустамлакачилик сиёсатидан юз чандон даҳшатли, фожиали эди. Чунки шўро ҳукуматида болшевистик тоталитаризм билан мустамлакачилик сиёсати бирлашиб кетган эди.

Болшевиклар томонидан қўйни пуч ёнғоққа тўлдирилган маҳаллалар йўқсиллари “замон-замон бизнинг замон” деб юравердилар: на бирор ўқишнинг ва на бирор ҳунарнинг бошини ушладилар. Ўн беш-йигирма йил ўтгач, ўша-ўша “бой хўжанинг таёғи” бўлиб қолавердилар.

Давоми бор…

Улуғбек Долимов
«Аҳли ирфон»

Тошкент, «Академнашр», 2015

Ўхшаш мақола

Сулола. Долимовлар шажараси. Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович

Post Views: 354 Тошмуҳамедов Тўлаган Расулович – Зоҳида аммам ва Тошмуҳаммад поччанинг энг катта ўғли, …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *