Бош саҳифа » Тарих » Сўнгги бронза ва илк темир даврларида Ўрта Осиёда содир бўлган этник жараёнлар

Сўнгги бронза ва илк темир даврларида Ўрта Осиёда содир бўлган этник жараёнлар

Бронза даврининг охирларида Ўрта Осиёнинг ўтроқ аҳолиси суғорма деҳқончилик маданиятини ва ҳунармандчилик сирларини яхшигина эгаллаган эдилар. Бу даврда асосан шимолий худудлардан Ўрта Осиёга кириб келган кўчманчи чорвадор қабилалар чўл ва дашт зоналарига жойлаша бошладилар. Вақтлар ўтиши билан тубжой аҳолининг ўтроқ ҳаёти ва деҳқончиликка асосланган хўжалиги чорвадорларнинг турмуш тарзига ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлади. Чорвадор жамоалар ҳам ўзларига дастлаб вақтинчалик бўлсада қароргоҳлар ва маконлар қурганлар. Улар асосан Амударё, Сирдарё ва Зарафшоннинг қуйи ҳавзаларида, тоғ ён бағирларидаги сой бўйларида истиқомат қилганлар. Чорвадор қабилалар маданий ва хўжалик тараққиёти жиҳатидан жанубнинг ўтроқ жамоаларидан анча орқада эдилар.

Моддий манфаатдорлик ва маҳаллий аҳоли томонидан бирор-бир жиддий қаршиликка учрамаслик, чорвадор қабилаларнинг деҳқончилик зоналарига кириб келишларини тезлаштирган. Жумладан, мил. ав. II минг йиллик ўрталарида Қозоғистон чўлларида яшаган чорвадорлар (улар фанда «Андроново маданияти» аҳолиси дейилади) аввал Ўрта Осиёнинг шимолий районларига, сўнг эса унинг жанубий чегараларигача кириб борганлар.

Тадқиқотлар қадимги Хоразмнинг Тозабоғёб маданиятини яратган чорвадор қабилалар қисман қадимги сув ҳавзаларининг пастқам ва захкаш қисмларида ибтидоий деҳқончилик билан ҳам шуғулланганликларини кўрсатади. Тозабоғёб маданиятига хос бўлган ярим ертўла турар жойлар, қўлда ясалган ва турли геометрик нақшлар билан безатилган сопол идишлар Қозоғистон ва Сибирнинг чўл зоналаридаги сопол буюмларга ўхшайди. Шуларга асосланиб, С.П.Толстов тозабоғёбликларни Андронова қабилаларининг авлодлари деб ҳисоблаган. Археологик манбаларда бу даврларга оид ёдгорликлардан икки зона аҳолиси ўртасида кескин тўқнашувлар содир бўлганлигига гувоҳлик берувчи маълумотлар учрамаган[1].

Тозабоғёб маданиятига хос бўлган хусусиятлар Зарафшон дарёси этакларида яшаган чорвадор қабилалар ўртасида ҳам мавжудлиги аниқланди. Қуйи Зарафшон уруғ жамоалари яшаган ярим ертўла ва чайлалар, улар ясаган сопол идишларнинг шакли ва нақшлари, ишлов бериш ва пишириш технологияси тозабоғёбликларникидан деярли фарқ қилмайди. Бундай ўхшашликлар, ҳар иккала жамоанинг ўзаро яқин иқтисодий, маданий ва этник алоқада бўлганликларидан далолат беради.

Чўл зоналарида яшаган қабилаларга хос ёдгорликлар Фарғона водийсида ҳам бир қадар кенг ўрганилган. Булар жумласига Водил ва Карамкўл қишлоқларидан топилган қадимги қабристонларни, Хўжанд вилоятидаги Қайроққум маконлари ва Даҳана қабристонларини кўрсатиш мумкин. Қайроққумда ўтказилган тадқиқотлар жараёнида 60 га яқин қадимги манзилгоҳлар топилган. Қайроққумнинг ғарбида жойлашган Шўркўл атрофидаги Тақир ягона деб аталган марказий ва шарқий манзилгоҳлар ҳам шулар жумласидандир. Булардан ташқари, 60 дан ортиқ чорвадор уруғ жамоаларининг мавсумий қароргоҳлари ўрганилди. Бу маконлардан минглаб чизма нақшли сопол парчалари, бронза ва тошдан ишланган меҳнат қуроллари, ҳайвон суяклари, кулларнинг қолдиқлари топилди. Сопол парчаларининг нақшлари, шакли, қўпол ва мўртлиги жиҳатдан Тошкент воҳаси, Зарафшон водийси ва Амударё этакларида ўрганилган бронза даври чорвадор қабилалариникига ўхшашдир.

Бронза даврида Қозоғистон чўллари, Жанубий Урал, Олтой ҳамда Жанубий Сибирь ҳудудларида яшаб туркий тилларнинг турли лаҳжаларида сўзлашган кўчманчи қабилаларнинг турмуш тарзи ва маънавий ҳаёти бир-бирларидан деярли фарқ қилмаган. Қадимги хитойчада «бэй» сўзи илк Хитой подшоликлари даврида улардан шимолда яшовчи туркий тилли чорвадор ҳунну қабилаларига нисбатан ишлатилган. Демак, бу даврда Жанубий Урал, Марказий ва Шарқий Қозоғистон, Олтой ва Жанубий Сибирь минтақаларида яшаган ва археологик манбаларда «Андроново маданияти» деб ном олган маданиятни яратган чорвадор аҳоли туркий тилда сўзлашган[2].

Юнон манбаларида Евросиё чўл зоналарида яшаган аҳоли скифлар деб аташган. Бу ҳақда Плиний қуйидаги фикрни билдирган: «форсийлар уларни (скифларни — Н.М.) ўзларига яқин яшовчи қабилаларнинг номи билан саклар деб атайдилар»[3]. Қадимги Эрон манбаларида шак (сак) ҳамда скиф этник номлари учрайди[4]. Қадимги эронликлар Ўрта Осиёнинг чўл зоналарида яшаган қабилаларни шундай этник номлар билан аташган. Эроншунос В.Абаев «Авесто»нинг «Яшт» қисмида тилга олинган турларни Ўрта Осиё саклари билан, «тез чопар отли турлар» ҳамда даной (Сирдарёнинг қадимги номларидан бири) турларини эса Сирдарё бўйларида яшаган саклар деб ҳисоблайди[5].

Тадқиқотлар Сирдарё ва Амударё оралиғида сак қабилаларининг катта гуруҳлари яшаганлигини кўрсатмоқда. Сак қабилаларининг маданиятида скифлар билан умумийлик мавжудлигига қараб, уларнинг антропологик тузилиши, тили ва турмуш тарзи жиҳатидан Қора денгизнинг шимолий қисми, Қозоғистон чўллари ва Сибир ҳудудларида яшаган скифларга яқин бўлиши керак деган хулосага келиш мумкин. Беҳистун қояларига ўйиб ишланган суратларда сўғдиёналиклар, бақтрияликлар ва хоразмликларнинг ҳам тасвирлари бўлиб, уларнинг тасвирлари сакларга ўхшатиб ишланган. С.П.Толстов қадимги сўғдлар ва хоразмликларнинг тиллари бир-бирларига яқинлигини, шунингдек, Қора денгиз бўйларида яшаган скифларнинг тиллари ҳам уларга яқин бўлганлигини қайд этган.

Тадқиқотчилар шаклар асосан тўрт гуруҳдан иборат бўлганлигини таъкидлашган. Буларнинг уч қисми, яъни хаумаварқа, тиграхауда ва тиайтарадарайа шаклари Персепол яқинидаги нақширустам дарасидаги қабр тошларининг ёзувларида учрайди, тўртинчиси эса «сўғдийлардан кейин, нариги томонида» яшовчи шаклар Персеполдаги ҳамда Экбатондаги ёзувларда акс этдирилган[6]. Антик тарихчилар тиграхауда сакларини массагетлар билан ҳам тенглаштирадилар. Мил. авв. VI-IV асрларда массагетлар йирик қабилалар уюшмаси бўлиб, жумладан, таркибига дербеклар, даҳлар, сакарауклар, апасиаклар, ассианлар ва бошқалар кирган.

Ҳиндларнинг «Маҳабхарата» достонида баён этилишича, подшо Юдхишхира ўтказган қурбонлик маросимида турли мамлакатлар ва элатлардан келишган меҳмонлар иштирок этишган. Улар орасида Сирдарёнинг шимоли-шарқидан келган шаклар, тоҳарлар ва қанқалар (қанғарлар) ҳам бўлганлиги қайд этилган[7].

Бу даврда Турон замин кенгликларида яшаган этник гуруҳлар ва қабилалар ўртасида ўзаро яқинлашиш, қўшилиш каби мураккаб жараёнлар кучайган. Бу жараёнлар таъсирида кўчманчи гуруҳларнинг ўтроқлашиш жараёнлари янада тезлашган. Жумладан, Ўрта Осиёнинг Орол денгизи шимоли-ғарби ва жануби-шарқий қисмлари, Тангритоғ ва Олойда туркий тилли гуруҳлар пайдо бўла бошлайди. Бу гуруҳларнинг туб ерли аҳоли билан аралашиши натижасида мил.авв. II – милодий I асрларда (Ўрта Осиё икки дарё оралиғи) типига хос хусусиятлар пайдо бўлган. Милодий эранинг биринчи ярмига оид материалларда Ўрта Осиёнинг марказий вилоятларида ҳам бу типга хос антропологик гуруҳлар яшаганлиги яққолроқ кўринади[8].

Сирдарёнинг ўрта оқимларида олиб борилган тадқиқот ишлари жараёнида антик даврига оид муҳим маълумотлар қўлга киритилган. Жумладан, антрополог Т.Хожайовнинг Тошкент воҳасида олиб борган изланишлари Қовунчи маданиятини яратган ўтроқ ва чорвадор аҳолининг ирқий хусусиятларини ойдинлаштиришга ёрдам берди. Тадқиқотчининг хулосаларига кўра, европоид ирқига мансуб бўлган туб ерли халқнинг қиёфаси антик давридан бошлаб ўзгара бошлаган.

Шундай қилиб, милоддан аввалги II минг йилликнинг II ярмида Ўрта Осиё воҳаларида деҳқончилик билан шуғулланган қабилалар билан бир қаторда, тоғ олди районлари, чўл ва дашт зоналарида чорвадор қабилалар кенг тарқалган эди. II минг йилликнинг охирларида уларнинг деҳқончилик жамоалари худудларига кириб келиши Ўрта Осиёда этник жараёнларнинг фаоллашувига ва ўзаро товар алмашинувининг кучайишига ижобий таъсир кўрсатди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ўтроқ ва чорвадор қабилалар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқалар мулкий тенгсизликни тезлаштирди. Натижада, ибтидоий жамоа тузумига зарба берилиб, унинг негизида синфий жамиятнинг шаклланишига замин яратилди. Ана шундай туб ўзгаришлар асосида икки хил хўжалик жамоалари орасида этник алоқалар кучайди. Ўрта Осиё худудида юз берган миграция ва этник жараёнлар ўзбек халқининг дастлабки этник қатламларини шаклланишида муҳим ўрин тутган.

Юқорида келтирилган маълумотлар асосида, деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланган ўтроқ аҳоли ҳамда кўчманчи сак, массагет қабилаларининг ўзаро яқинлашуви ва аралашиб бориши натижасида Ўрта Осиё аҳолиси (жумладан ўзбек халқи)нинг кейинги асрлардаги этник тараққиётига замин яратилган деган хулосага келиш мумкин.

Н.У. Мусаев (Тошкент Давлат Аграр университети)

[1] Асқаров А. Ўзбекистон тарихи (Энг қадимги даврлардан эрамизнинг V асригача). – Тошкент, 1994. 61-б

[2] Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси. 7-жилд. – Тошкент, 2004. 667-б

[3] Древние авторы о Средней Азии. –Тошкент, 1940. — С. 126

[4] Дандамаев М.А. Иран при первых Ахеменидах. – М., 1963. –С. 262-269

[5] Абаев В.И. Скифский быт и реформа Зороастра. Аоч. XXIV. 1956, №1

[6] Шониёзов К. Қанғ давлати ва қанғлилар. –Т.: «Фан», 1990. 8-б

[7] Махабхарата. Книга 1-2. –М-Л., 1956-1962

[8] Ходжайов Т.К. Краткие итоги изучения антропологии Средней Азии в связи с проблемами этногенеза узбекского народа. В кн: Материалы к этнической истории населения Средней Азии. –Т., 1986. –С. 94, 95

Ўхшаш мақола

К этнической истории узбеков Бухарского оазиса в XIX-начале XX вв.

Бухарский оазис, располагавшийся в долине нижнего Зеравшана, является самым населенным оазисом Среднеазиатского междуречья. Он окружен …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *