Бош саҳифа » Биласизми? » Сибирга Ислом дини ёйилишига доир

Сибирга Ислом дини ёйилишига доир

“Мюзеум-студия” илмий текшириш маркази директори, ўлкашунос олим Ришат Раҳимов Сибир тарихини ўрганиш мақсадида минг­лаб километр масофани босиб ўтди. У Ислом динини бундан саккиз аср олдин бир гуруҳ олимлар ёйишганини исботлади.

Шу пайтгача тарихчилар Сибирга Ислом динини 1394-95 йиллари Ба­ҳоуддин Нақшбанд шогирдлари ёйишган деб ҳисоблашарди. Ушбу фикрни Қозон университети турк-татаршунослик кафедраси профессори Николай Катанов илгари сурган эди. У Тобол музейида сақланадиган “Сачара” (Шажара) номли қўлёзмани таржима қилиб, унда келтирилган “Баҳоуддин” сўзини бевосита ҳазрат Нақшбандга боғлайди.

sachara
“Сачара”дан парча

Омск вилояти шимолида топилган ўн олти нафар шайх қабри Раҳимовни мавзуни янада чуқурроқ ўрганишга ундади. У баъзи маълумотларга суяниб, олимларнинг Сибирга келиши XIV асрдан олдинроқ бўлганини исботлаяпти. Яъни, тарихда “Баҳоуддин” исмли шахслар кўп ўтган. Баҳоуддин Нақшбанд 1394 йилдан камида 5 йил олдин вафот этган. У даврда Бухоро Амир Темур қўл остида эди. “Сачара”да эса амир деб бошқа одам исми кўрсатилган. Туймен князлиги XIV аср бошларида Олтин Ўрда ҳудудига кирган, аср охирига келиб эса бутун Сибир Исломни қабул қилиб бўлган эди. Ришат Раҳимов фикрича, Сибирга Ислом XIII аср биринчи ярмида ёйила бошлаган. Олимлар сафарини эса Мавлоно Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Балхий уюштирган. Айнан шу киши Сибирга бир гуруҳ шогирдларини юборган. Яъни топилган қабрлар ана шу зотларникидир. Сибирга Ислом дини XIV аср охирида келмаганини “Сачара”да Туймен князлиги пойтахти Чимғитўра номи қайд этилмагани ҳам исботлаб турибди.

“Сачара”да шайхларнинг Иртишга Ишим дарёси бўйлаб йўл олишгани ҳам ёзилган. Гуруҳ Чимғитўрадаги Тўра дарёсига эмас, балки Ишимга қараб йўл олгани тасодиф эмас. Айнан XIII асрда Туймен ва Искер шимоли-шарқидаги Қизилтўра Сибир пойтахти бўлган. Қизилтўра қолдиқлари эса Омск вилояти шимолидаги Уст Ишим туманининг Красноярка қишлоғи яқинида сақланиб қолгани маълум.

ostona-qabriston
“Остона” қабристонлари харитаси

Қўлёзмада яна бундай сўзлар битилган: “Буюк авлиёлар Ишим қирғоғидан то Ир­тишгача етиб боришди. Иртиш аҳли жоҳиллари 360 нафар авлиёни ёвузларча қириб юборишди. Бухорои шарифга эса фақат 60 нафари қайтди”. Матнда шайхларнинг дафн этилган жойи ва силсиласи ҳам келтирилган. Сибир татарлари “Остона” деб атовчи қабристон ҳозирги жуғрофий харитада Туймен ва Омск вилоятларида, биргина мақбара Ханти-Мансия ҳудудидаги Цингалада экани аён бўлди. Қўлёзмада айтилишича, шайхлар қозоқ Ўрта Ўрдаси хони қўшини билан Ишим дарёси бўйлаб шимол томон йўл олади. Ўрмон ва даштларни кезиб, Иртиш дарёсининг чап қирғоғи (Омск вилояти Уст Ишим тумани)га чиқадилар.

Авлиёлар қабри ҳозирги Уст Ишим тумани Улла Бурян қишлоғи ҳамда Туймен вилоятининг Вагай ва Тобол туманларида ҳам топилган. Демак, шайхлар карвони дарё­ бўйлаб йўлда давом этиб, ўрмонзор ва ботқоқликлардан ҳам ўтишган.

ostona-qabriston-1
Тахтагулово қишлоғи яқинида жойлашган “Остона”

Ришат Раҳимов “Остона”ни ўрганиш жараёнида қабрларнинг етмишдан ортиғини кўздан кечирди. Шайхлар қабрлари уч минг квадрат километрдан ортиқ майдоннинг турли жойларидан топилган. Бу ҳудуд Омск вилояти Кускун Тевриз туманининг шимоли-шарқий бурчаги, Юргадаги Цингалнинг шимоли-ғарбий бурчаги, Туймен ҳудудидаги Андреевск кўлининг жануби-ғарбидан тортиб то вилоятнинг Аромашево қишлоғигача бўлган жойларни қамраб олади.

Қўлёзмада келтирилган ҳужжат-далиллар, “Остона” қабристони топилмалари Сибирга келган халқ орасидаги ривоятлар, карвонда егулик, кийим-кечак ва қурол-яроқ ортилган аравалар, Ўрта Ўрда аскарлари, табиблар ва ёрдамчилар ҳам бўлганини тасдиқлайди. Шунингдек, қўлёзмада “Остона”да дафн этилган шахслар исмлари ҳам кўрсатилган.

Олимлар карвони Ишим ва Иртиш туташган Қизилтўрадан ўтиб, ҳозирги Туйменгача борган. Йўлда кўпгина шайхлар шаҳид бўлишса-да, маҳаллий аҳолининг кўпчилигини Исломга чақиришган. Шу боис “Сачара” охирида: “Бундан сўнг бу заминда Ислом нур таратиб, бу ердан кўпгина олиму фозиллар ва уламолар етишиб чиқди”, деб битилган.

1994-95 йиллари Туймен ва Омскда Сибирга Ислом дини ёйилишининг 600 йиллиги нишонланди. “Мюзеум-студия” илмий текшириш маркази директори Ришат Раҳимовнинг изланишлари эса бу шарафли воқеага 800 йил бўлганини кўрсатмоқда.

Азизхон ҲАКИМОВ тайёрлади.

Манба

Ўхшаш мақола

«Тараққий»

Post Views: 174 «Тараққий» – жадидлар газетаси. 1906 йил 14(27) июндан Тошкентда чоп этилган. Ношири …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *