Бош саҳифа » Алломалар » Шошлик олимларнинг Ислом маданиятига қўшган ҳиссаси (Х – ХII асрлар)

Шошлик олимларнинг Ислом маданиятига қўшган ҳиссаси (Х – ХII асрлар)

Тошкент – ўрта аср манбаларида Шош деб номланиб, бу ердан тафсир, ҳадис, фикҳ каби исломий илмлар билан шуғулланувчи кўплаб таниқли олимлар етишиб чиққан. Бу ерда туғилиб, фаолият кўрсатган кўплаб буюк зотлар “Шоший”, “Тошкандий” (XVI асрдан) нисбаси билан дунёга танилган.

Шош воҳасида ўрта асрларда ислом илмлари бўйича фаолият юритган 100 дан зиёд олимларнинг номлари аниқланган. Жумладан, ишончли муҳаддис сифатида танилган Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший (ваф. 335/947), “Ҳазрати Имом” деб улуғланган Абу Бакр Қаффол Шоший (904-976) ҳамда «Фахр ул-ислом», «ал-Имом ал-кабир» номларига сазовор Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший (1038-1114) номларини алоҳида қайд этиш мумкин.

Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший ишончли муҳаддис бўлиб, ҳадис илмига катта ҳисса кўшган. Унинг тўлиқ исми – Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб ибн Сурайж (баъзи манбаларда Шурайҳ деб келтирилган) ибн Маъқил Шоший Бинкасий Туркий Адибдир.

Ўрта аср араб муаллифлари юртдошимиз номини «Имом Шоший» дея эҳтиром билан тилга олиб, уни ҳадис илмининг машҳур алломаларидан бўлганини алоҳида таъкидлашган. Имом Шошийнинг «Муснад» (“Муснади Кабир”) номли асари тўлиғича ҳадисларга бағишланган. Бу асарнинг ягона қўлёзма нусхаси яқин вақтгача Суриянинг Дамашқ шаҳридаги «аз – Зоҳирия» кутубхонасида 277-рақам остида сақланган. Кейинчалик Дамашқдаги нодир қўлёзмалар сақланадиган «Мактабат ал-Асад» номли кутубхонага ўтказилган. 192 варақдан иборат ушбу қўлёзма ҳижрий 558 (милодий 1163) йилда ҳаттот ал – ҳофиз Зиёуддин ал – Муқаддасий томонидан насх хатида кўчирилган.

Шош воҳасида ҳадис илмининг ривожланишида ўрта асрлардаги анъанага мувофиқ Самарқанд, Бухоро, Хива, Насаф, Термиз, Марв каби турли шаҳарлардаги мадрасаларда фаолият кўрсаттан олимлар ўртасидаги илмий ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этган.

Имом Абдуллоҳ ибн Абу Авона Шоший, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид Шоший, Абу Саъид Исо ибн Солим Шоший, Абу Муҳаммад Жаъфар ибн Шуайб Шоший, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм Шоший, Абу Али Ҳасан ибн Соҳиб ибн Ҳамид ҳофиз Шоший, Абуллайс Наср ибн Ҳасан ибн Қосим Шоший Тункатий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм ибн Fумайр ибн Ҳоқон Шоший каби кўплаб муҳаддислар ислом дунёсининг турли мадрасаларида ҳадис илмидан сабоқ беришгани, кутубхоналарда турли диний билимларнинг айрим масалалари бўйича мунозаралар ўтказишгани араб манбаларида зикр этилган.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби «имом» даражасига эришган кўплаб буюк алломалар орасида Имом Абу Бакр Қаффол Шоший хам алоҳида ўрин эгаллайди. Араб манбаларида унга алоҳида ҳурмат бажо келтириш учун номига «катта», «улуғ» маъносини ифодалайдиган «кабир» сўзини қўшиб ёзадилар.

У ўз замонасининг имоми (пешвоси) булиб, фиқҳ ҳадис, усул, тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим эди. Қаффол Шошийнинг номи Мағрибу Машриққа ёйилган.

Абу Бакр Шоший фақиҳлар ичида биринчи бўлиб «Жадал ал-ҳасан» (“Диалектика гўзаллиги”) баҳс-мунозарага оид асар ёзган. Шунингдеқ унинг «Китоб фи усул фиқҳ» (“Фиқҳ усуллари китоби”), «Шарҳ ар-рисола» (“Рисола шархи”) асарлари хам бор. Қаффол Шошийнинг «Жавомиъ калим» (“ҳикматли иборалар тўплами”), «Адаб ал – қози» (“қозининг одоби”), «Далоил ан-нубувват» (“Пайғамбарлик далиллари”), «Маҳосин шариъат» (“Шариат гўзалликлари”) каби асарлари тўғрисида манбаларда қайд этилган. Афсуски, бу асарлардан бирортаси мамлакатимиз китоб хазиналарида мавжуд эмас.

Қўҳна Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида жойлашган Имом Қаффол Шоший зиёратгоҳи бевосита у зотнинг номлари билан боғлиқ бўлиб, халқ орасида «Ҳастимом» (ҳазрат Имом) деб аталиб, Тошкентнинг диний, илмий, маънавий ва маърифий маркази сифатида донг таратган.

Ўрта асрларда Бағдод илм-фан, айниқса ислом маданиятининг маркази бўлган. Салжуқийларнинг буюк вазири Низом ал-Мулк (1017 – 1092) ўз даврида ислом дунёсининг илмий марказларида «Низомия» мадрасасини очган. Бағдоддаги ўз даврининг академияси саналмиш ушбу номдаги мадрасада шошлик фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший (1038-1114) Абу Исҳоқ Шерозий, Абулқосим Қушайрий, Ҳаририй, Хатиб Табризий, Қози Байзовий, Хатиб Бағдодий каби йирик олимлар қаторида мударрислик қилган.

«Фахр ал-ислом» (“Исломнинг фахри”) сифатида шуҳрат қозонган Абу Бакр Муҳаммад ибн Ахмад ал – Мустазҳирий Шоший Бағдоддаги фуқаҳоларнинг раиси бўлган. У Шошда туғилиб ўсган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Бағдодга бориб, машҳур фақиҳ Абу Исҳок Шерозий, Абу Наср ибн Саббоғлардан фиқҳни ўрганиб, имом даражасига етган. Бағдоддаги улуғ шайх Абу Исҳок, Шерозийнинг яқин шогирди бўлиб, катта, улуғ имом (имом кабир) даражасига эришган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ахмад Шоший фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) илмига оид бир неча асарлар ёзган. Жумладан, аббосий халифаларидан Мустазҳир (ваф. 512/1119)нинг талаби билан ёзилган «Хилят уламо фи мазоҳиби фуқаҳо» (“Фақиҳлар мазҳабларида олимлар эийнати”) асари фақиҳ козилар этикасига бағишланган. Ана шу китоби туфайли Абу Бакр Шоший «Мустазхирий», яъни Мустазҳир тарафдори деган номни хам олган.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Ахмад Шоший араб адабиёти, грамматикаси шеърияти ва тилшунослиги ҳамда Қуръон, ҳадис илмларини ҳам пухта эгаллаган. У Бағдодда вафот этган. Унинг кабри “Боб Шероз” мақбарасидаги устози улуғ шайх Абу Исҳоқ Шерозийнинг даҳмаси ёнида.

Умуман олганда, шошлик фақиҳлар Бағдод ижтимоий, маънавий, ҳуқуқий ҳаётида муҳим роль уйнаган. IX – ХII асрларда илм-фан ва маданият марказларидан бири Бағдодга «Шоший» нисбасидаги бир қатор бошқа олимлар – машҳур муҳаддис Абу Саъид Хайсам ибн Кулайб Шоший, Жаъфар ибн Шуайб Шоший, Муҳаммад ибн Яҳё ибн Закариё Шоший, Ҳасан ибн Соҳиб Шоший, Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид Шоший, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ Абу Али Шоший ва бошкалар ташриф буюрган. Бу шаҳарда улар илм ўрганиш билан бир қаторда, мударрис ва фақиҳ сифатида фаолият кўрсатганлари ҳақида ёзма манбаларда маълумотлар келтирилган.

Шошлик олимлар ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этиш кўҳна Шош (Тошкент) тарихи, ислом илмлари ва маданиятини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Бу айни пайтда, кенг оммани улар билан таништириш, айниқса ёш авлод қалбида аждодларимиз бой илмий-маънавий меросига нисбатан ворислик ва ифтихор туйғуларини уйғотишдек хайрли мақсадларга хизмат қилади.

Н. Мyҳaмeдoв,
тарих фанлари номзоди,
Тошкент Ислом университети

«Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» (тезислар тўплами)
Тошкент-Самарқанд, 2007

Ўхшаш мақола

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Шоший Имом ал-Кабир Фахр ул-Ислом Мустазҳирий

Post Views: 870 Имом, аллома, шофиъия шайхи1, ўз асрининг фақиҳи Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *