Бош саҳифа » Тошкентликлар » Шошлик муҳаддислар. Абуллайс Наср ибн Ҳасан ибн Қосим Шоший Тункатий

Шошлик муҳаддислар. Абуллайс Наср ибн Ҳасан ибн Қосим Шоший Тункатий

Ўрта аср ислом мамлакатлари тарихи, маданияти ва жуғрофиясини ўрганишда машҳур тарихчи Абу Саъд Абдулкарим Самъонийнинг «Ансоб»асари муҳим аҳамият касб этади.

Абу Саъд Самъоний «Тункатий» деб, Шош воҳасидаги шаҳарлардан бирининг нисбатини келтиради. Тункат шаҳри Сирдарё ортида жойлашган. Бу шаҳардан кўплаб илм аҳллари етишиб чиққан[1]. Хусусан, Абуллайс Наср ибн Ҳасан ибн Қосим ибн Фазл Тункатий Тункат аҳлидан бўлиб, уни Абулфатҳ деб ҳам аташган[2].

Машҳур тарихчи Шамсуддин Заҳабий, «улуғ шайх, ишончли муҳаддис Абулфатҳ Наср ибн Ҳасан ибн Қосим Туркий Шоший Тункатий Шош юртининг шаҳарларидан бири Тункатга мансубдир»[3], деб таъкидлаган. Жумладан, бу ҳакда «Такмилат ал-икмол»да ҳам қайд этилган: «Тункат Мовароуннаҳрдаги шаҳарлардан бири бўлиб, унга Наср ибн Ҳасан Тункатий Шоший мансуб. У Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»идан ҳадис айтган[4].

Абуллайс Наср Шоший Тункатий илм талабида узоқ мамлакатларга сафар қилган. Жумладан, у Мисрда Абулҳасан Тиффол, Абу Иброҳим Аҳмад ибн Қосим ибн Маймун ибн Ҳамза Ҳусайний[5] дан, Нишопурда Абулҳусайн Форисий[6], Абулфатҳ Носир ибн Ҳасан ибн Муҳаммад Умрий, Абу Ҳафс Умар ибн Масрур Мовардий, Абу Бакр Аҳмад ибн Мансур ибн Халаф Мағрибий[7]дан Искандарияда, Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Маъофий, Абу Муҳаммад Абдулвоҳид ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Матор Муъофирий[8], Тунисда Абу Муҳаммад Абдушокир ибн Убайдуллоҳ ибн Али Зиёдий, Абулҳусайн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Варроқ[9] Мағрибда Абу Аббос Аҳмад ибн Умар ибн Анас Узрий[10], Сур (Тир) шаҳрида Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатиб Ҳофиз[11] Тароблус (Триполи) шаҳрида Абу Мансур Абдулмуҳсин ибн Муҳаммад ибн Али Тожир ва Абу Наср Аҳмад ибн Салом Шерозий ва бошқа табақалардан ҳадис илмини ўрганган[12].

Абуллайс Наср ибн Ҳасан Тункатий Мағриб, Миср, Тунис, ҳаттоки, Андалус[13](Испания)га ҳам борган ва у ерда бир неча муддат яшаган. У муҳаддис бўлиш билан бир қаторда, машҳур савдогар (тижоратчи) ҳам эди. Абуллайс Наср ибн Ҳасан Тункатийдан Абулқосим ибн Самарқандий, Наср ибн Наср Укбарий[14] ҳадис илмини ўрганган. У асосан буюк муҳаддис Муслим ибн Ҳажжожнинг «Саҳиҳ ал-Муслим» китобидан дарс берган[15]. Тункатий умрининг сўнгги йилларида Нишопурда яшаган. Абу Саъд Самъонийнинг хабар беришича, у Нишопурда жомеъ масжидида қудуқ қазиб сув чиқазган ва бошқа хайрли ишларга бош-қош бўлган[16].

Тункатий Самъонийнинг таъкидлашича, ҳижрий 406 йилда Тункатда таваллуд топган ва 486/1093 йилда Зулқаъда ойида Нишопурда вафот этиб, «ал-Ҳайрат» қабристонига дафн этилган[17].

Неъматулло МУҲАМЕДОВ
ШОШ ВОҲАСИ ОЛИМЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

«Тошкент ислом университети»
нашриёт-матбаа бирлашмаси,
Тошкент — 2007

[1] ал-Ансоб. 3-жилд. -Б. 88

[2] Ўша манба. 3-жилд. -Б. 88; ад-Дибаж. 1-жилд. -Б 100; Ҳилйат ал-авлиё. 8-жилд. -Б 136

[3] Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 91

[4] Такмилат ал-икмол. 1 -жилд. -Б. 504

[5] Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 91; ал-Ансоб. 3-жилд. -Б. 88-89

[6] Ўша манба. 19-жилд. -Б.91

[7] ал-Ансоб. 3-жилд. -Б. 88-89

[8] Ўша манба. 3-жилд. -Б. 89

[9] Ўша манба. 3-жилд. -Б. 89

[10] Ўша манба. 3-жилд. -Б. 89

[11] Ўша манба. 3-жилд. -Б. 89; Сийар аълом ан-нубато. 19-жилд. -Ь. УI

[12] ал-Ансоб. 3-жилд. -Б. 89

[13] Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 91; ал-Ансоб. 3-жилд. -Б. 89

[14] Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 91; Такмилат ал-икмол. 1-жилд

[15] ал-Ансоб. 3-жилд. -Б. 90; Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 91; Такмилат ал-икмол. 1 -жилд. -Б. 504

[16] ал-Ансоб. 3-жилд. -Б. 90; Яна қаранг: Абдулкарим Самъонии. Насабнома. -Бухоро, 2003. -Б. 203-204

[17] Ўша манбалар. Ўша жойда

Ўхшаш мақола

Саид Аҳмад

САИД АҲМАД (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳусанхўжаев Саид­аҳмад) (1920.10.6–2007.5.12) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўзбекистон Қаҳрамони …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *