Бош саҳифа » Тошкентликлар » Шошлик муҳаддислар. Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший

Шошлик муҳаддислар. Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший

Имом Шоший номи билан танилган юртдошимиз Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший ҳадис илмига ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Унинг номи жуда кўп араб манбаларида ишончли муҳаддис сифатида эътироф этилади.

Унинг тўлиқ исми — Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб ибн Сурайж[1] (баъзи манбаларда Шурайҳ[2] деб келтирилган) ибн Маъқил Шоший Бинкасий[3] Туркий Маъқилий[4] Адиб[5] бўлиб, унинг туғилган йили манбаларда аниқ кўрсатилмаган. Аммо муҳаддиснинг вафот этган йили ҳижрий 335 (мил. 947) деб аниқ кўрсатилган.

Маълумки, ҳижрий учинчи (мил. IX) асрда Мовароуннаҳр ва Хуросонда ҳадис илми ўзининг энг юксак чўққисига кўтарилган. Ушбу давр барча манбаларда ҳадис илмининг олтин даври сифатида эътироф этилади.

Ҳайсам ибн Кулайб Шоший айнан мана шу олтин даврда фаолият кўрсатди. Манбаларда келтирилишича, Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший илм-маърифат ўрганиш мақсадида Бухоро, Самарқанд, Насаф ва Термиз каби шаҳарларда бўлиб, таниқли муҳаддислардан сабоқ олган. У ўз илмини янада бойитиш мақсадида хорижий юртларга ҳам сафар қилган. Жумладан, Балх шаҳрида Закариё ибн Яҳё ибн Асад Марвазий, Исо ибн Аҳмад Асқалоний[6], Бағдодда Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Яҳё ибн Жаъфар Забарқон[7] ва бошқалардан ҳадис илмини ўрганган.

Машҳур араб тарихчиси Шамсуддин Заҳабий (1274-1348)нинг таъкидлашича, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший Исо ибн Асқалоний, буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизий[8], Закариё ибн Марвазий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ ибн Мунодий, Ҳамдон ибн Али Варроқ, Аҳмад ибн Мулоъиб, Муҳаммад ибн Исо Мадоъиний, Абу Бухтарий, ибн Шокир, Али ибн Саҳл, Иброҳим ибн Абдуллоҳ Қассор, Яҳё Абу Толиб, Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Муҳаммад ибн Исҳоқ Соғаний ва бошқалардан ҳадис эшитган ҳамда ўрганган[9].

Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг илм бобида етукликка етишишига оиладаги маърифат ўчоғи муҳим аҳамият касб этди. Маълумки, муҳаддис яшаб ўтган аср ҳадис илми шаклланишидаги олтин давр бўлиши билан бир қаторда, олтита буюк муҳаддис, шунингдек, Абу Ҳотам Розий, Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Солиҳ Жазра, Абу Яъло Мавсалий, Ибн Жаруд ва бошқа муҳаддислар пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадиси шарифларини тўплаб ва уни муҳофаза қилишда ўзларининг кучларини аямадилар.

Ҳайсам ибн Кулайб Шоший яшаган даврда Самарқанд, Бухоро ва Термиз илм-маърифат ўчоғи сифатида юксак даражадаги илмий муҳити ҳамда олимлари билан донғи кетган эди. Имом Шоший илм олишни илк болалик чоғлариданоқ бошлаган. Бирор нарсани истеъфода этиш ниятида у киши олимларнинг турли мавзудаги илмий мажлисларида қатнашарди. Шунингдек, Исо ибн Аҳмад Асқалонийдан ҳадис илмини ўрганиб, кун сайин уни бойитиб борар эди. Асқалоний Имом Ҳайсам ибн Кулайб Шоший вафотидан 67 йил олдин, 268 йили вафот этади. Кулайб Шоший ҳадис илми билан шуғулланишда давом этди[10].

Кўриниб турибдики, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизий ва бошқа кўплаб муҳаддислардан ҳам сабоқолган. Тарих фанлари доктори У.Уватов ёзганидек, «Имом Шошийнинг устозлари жуда кўп бўлиб, элликдан ортиқ машҳур олиму машойихлардан ҳадис ўргангани ҳақида аниқ маълумотлар бор. Унинг энг машҳур устозларидан термизлик буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизий, маккалик Абул Ҳасан Бағовийларни кўрсатиш мумкин»[11]. Шу ўринда, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший устозларидан энг машҳурларини санаб ўтишни лозим деб топдик:

  1. Иброҳим ибн Абдуллоҳ Қасор Абасий Куфий (ваф. 279/892).
  2. Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Муоъз Абу Муслим Кажий Басрий (ваф. 292/905).
  3. Аҳмад ибн Хозим ибн Абу Ғарза Абу Амр Куфий (ваф. 276/890).
  4. Аҳмад ибн Зуҳайр Абу Ҳайсам ибн Ҳарб Абу Бакр Насоий Бағдодий (ваф. 279/892).
  5. Аҳмад ибн Али ибн Фазл Абу Жаъфар Хаззоз Муқриъ (ваф. 286/899).
  6. Аҳмад ибн Мулоъиб ибн Ҳайон Абу Фазл Бағдодий (ваф. 275/889).
  7. Хорис ибн Муҳаммад ибн Абу Асома Доҳир Абу Муҳаммад Тамимий Бағдодий (ваф. 282/897).
  8. Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Абу Исо Термизий (ваф. 279/892).
  9. Муҳаммад ибн Юнус ибн Мусо ибн Сулаймон Кадимий, Басрий (ваф. 286/899).
  10. Яҳё ибн Абу Толиб Жаъфар ибн Забарқоний (ваф. 275/889)[12].

Йирик тарихчи Шамсуддин Заҳабий ўзининг «Сийар аълом ан-нубало» («Олижаноб алломалар сийратлари») асарида «Ҳайсам ибн Кулайб Шоший мовароуннаҳрлик таниқли ва ишончли муҳаддис, сайёҳ (у жуда кўп шаҳарларни кезган), ҳофиз (ўша даврда йигирма минг ҳадис ёдлаган киши «ҳофиз» номи ила улуғланган), адиб бўлган»[13], деб ёзган.

Машҳур библиограф Ёқут Ҳамавий(1179-1229) нинг хабар беришича, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший имом, ҳофиз, сайёҳ, муҳаддис ва адиб бўлган. Адаб илмини Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Қутайбадан Бағдодда таҳсил олган[14].

Баъзи манбаларда Имом Шошийнинг адиб деб таърифланишидан у адабиётга оид асарлар ҳам яратган бўлиши керак. Келажакда унинг илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш бу масалага аниқлик киритади деб ўйлаймиз[15].

Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Қайсароний қаламига мансуб «Тазкират ал-хуффоз» («Ҳофизлар тазкираси») асарида шундай ёзган: «Шоший — ал-Ҳофиз ишончли муҳаддис — Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб ибн Шурайҳ ибн Маъқил Маъқилий Шоший Мовароуннаҳр муҳаддиси бўлиб, «Муснади кабир» асарининг муаллифидир»[16].

Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший ишончли муҳаддис ва унинг «Муснад» («Муснад ал-Кабир») асари тўғрисида олимнинг номи зикр этилган деярли барча манбаларда эътироф этилган. Жумладан, биз фойдаланган манбаларда Ҳайсам ибн Кулайб Шоший «Имом, ҳофиз, ишончли муҳаддис ва «Муснад ал-Кабир» муаллифи»[17] сифатида ёзилган. Машҳур тарихчи Шамсуддин Заҳабий ўзининг кўп асарларида Ҳайсам ибн Кулайб Шошийни зикр этган. Шунингдек, «Табақот ал-муҳаддисин» («Муҳаддислар табақалари») асарида қуйидагича ёзган: «Ҳайсам ибн Кулайб Шоший ҳофиз бўлиб, «Муснад» асари муаллифи(соҳиби)дир»[18].

Юқоридаги фикрлар Ҳайсам ибн Кулайбни Мовароуннаҳр муҳаддиси Имом Шоший сифатида бутун дунёга машҳур бўлганини кўрсатади. Ўрта аср араб муаллифлари унинг номини «Имом Шоший» дея эҳтиром билан тилга олиб, уни ҳадис илмининг буюк алломаларидан бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишган.

Имом Шоший кўп шогирдлар етиштирган. Улар орасида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда Исфаҳоний, Абулқосим Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Хузоъий, Абу Наср Бухорий Калабозий, Мансур ибн Наср ибн Абдураҳим Самарқандий каби таниқли олимлар борлиги қатор манбаларда қайд этилган.

Имом Шоший илмий фаолиятининг аксар қисми Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида кечган, чунки унинг кўп шогирдлари мана шу шаҳарларда яшаганлар[19]. Хусусан, Ҳайсам ибн Кулайб Шошийдан аллома, шофиъиянинг шайхи Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Басир[20], имом, ҳофиз, сайёҳ, муҳаддис Абу Абдуллоҳ ибн Манда[21], имом, ҳофиз Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Али ибн Рустам Бухорий Калабозий[22], Абулфазл Мансур ибн Наср ибн Абдураҳим Коғазий[23], Мансур ибн Наср ибн Абдураҳим Самарқандий[24] лар ҳадис илмини ўрганишган ва ундан ҳадислар ривоят қилишган.

Шамсуддин Заҳабий Имом Шошийни 335/947 йилда Самарқандда вафот этган деб хато кўрсатган. Аслида, Имом Шоший умрининг охирги йилларида Бухорода истиқомат қилиб, кейин Шошга қайтиб келган ва 335/947 йилда Шошда вафот этганлиги қатор ишончли манбаларда қайд қилинган[25].

«Муснад» асари ҳақида

Имом Шошийнинг «Муснад» («Муснад ал-Кабир») номли асари ҳадисларга бағишланган. Бу асарнинг ягона қўлёзма нусхаси яқин вақтгача Суриянинг Дамашқ шаҳридаги «Зоҳирия» кутубхонасида 277-рақам остида сақланган, кейинчалик Дамашқдаги нодир қўлёзмалар сақланадиган «Мактабат ал-Асад» номли кутубхонага ўтказилган. 192 варақдан иборат ушбу қўлёзма 558/1163 йилда хаттот Ҳофиз Зиёуддин Муқаддасий томонидан насх хатида кўчирилган. Ушбу қимматли асар Дубай шаҳридаги «Марказ ад-даъват вал-иршод» аъзоси, йирик ҳадисшунос олим, доктор Маҳфуз Раҳмон Зайнуллоҳ томонидан тадқиқ этилиб, бир неча жилдда Мадинаи мунавварада нашр этилган[26]. Ҳозирда бизда унинг фақат 1-жилди мавжуд. Тарих фанлари доктори У.Уватов ёзганидек, доктор Маҳфуз Раҳмон Зайнуллоҳ томонидан ҳар тарафлама мукаммал илмий асосга таяниб бажарилган ушбу нашр, шубҳасиз, бундан минг йиллар муқаддам буюк ватандошимиз Имом Шоший ҳазратлари яратган улкан илмий-маънавий меросни ўрганишда катта аҳамиятга моликдир[27]. Доктор Маҳфуз Раҳмон Зайнуллоҳ Имом Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг «Муснад» асарини тадқиқ этиш натижасида ушбу китоб айнан Ҳайсам ибн Кулайб Шоший қаламига мансуб эканлигини қуйидагича асослаб берган:

  1. Бу китобда мавжуд ҳар бир ҳадиснинг исноди Ҳайсам ибн Кулайбнинг шайх(устоз)ларидан бошланиши, яъни Аббос ибн Муҳаммад Дурий, Абу Исо Термизий, Абу Ҳотам Розий, Исо ибн Аҳмад Балхий, Абдуллоҳибн Муҳаммад ибн Шокир ва бошқалар.
  2. Китобдаги ҳадислар иснодида Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший шогирдларининг бўлиши, масалан, Абулқосим Али ибн Аҳмад Хузоъий ва Абулқосим Аҳмад ибн Абу Мансур Халилий[28]. Шунингдек, доктор Маҳфуз Раҳмон Зайнуллоҳнинг таъкидлашича, бу асар асли 15 жилддан иборат бўлиб, биз фойдаланаётган «Муснад» китоби 7-жилддан бошланган. Лекин бешинчи-олтинчи жилдларнинг охирги саҳифалари топилган. Ундаги ҳадисларнинг ҳаммаси Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)га тегишлидир. Асарнинг қолган топилган қисмларини ўқиб бўлмайдиган даражага етиб қолганлиги учун уларни тадқиқ қилиш мушкул[29].

Ислом оламида ҳадис илмига доир «Саҳиҳ», «Муснад» ва бошқа турдаги кўплаб асарлар ёзилган. Уларни ёзишда муаллифлар турли услубларни қўллашган. Ҳайсам ибн Кулайб Шоший ҳам «Муснад» асарини ёзишда ўзига хос йўлни тутди. Муаллиф ҳадисни тўғри ёки тўқималигига қараб эмас, балки саҳобаларга қараб жойлаштирган. Саҳобалардан ҳар бирининг ҳадисини алоҳида-алоҳида қилиб келтирган.

Мазкур китобнинг мавзуси унинг «Муснад» номидан маълум бўлиб, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший уни саҳоба муснадлари бўйича тартиблаган ва ҳар бир саҳоба ривоят қилтан ҳадисларни жамлаган. «Муснад» китобида ҳадислар қуйидаги услубда берилган:

— Аввал тўрт (чоҳорёр) халифанинг муснадлари, кейин жаннат башорати келган ўнта саҳоба ҳамда бошқа саҳобаларнинг ҳадисларини алифбо тартибида келтирган;

— муаллиф баъзи ҳолларда саҳобанинг қисқача таржимаи ҳолини айтиб ўтади. Баъзида эса унинг фақат исми, куньяси ва нисбаси билан чекланади;

— саҳобаларнинг иснодларини улардан ривоят қилинган тартибга кўра жойлаштирган;

— ҳадисларни ривоят қилишда уларнинг иснодлари, матнлари тўғрисида сўз юритилмаган. Айрим ҳолларда ҳадиснинг исноди, матни тўғрисида тўхталиб ўтилган;

— муаллиф ҳадисларни саҳиҳ ёки ҳасанга ажратмай, уларни аралаш ҳолда берган. Барча ҳадисларни аниқ баён этган;

— айрим ҳадисларнинг исноди бир хил бўлса, ҳадис матнини келтириб, «мислаҳу» ёки «наҳваҳу», яъни «унга ухшаш», «унга тегишли» каби сўзларни келтириш билан чекланган.

Муҳими, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший «Муснади Шоший» асарида ҳадисларни аниқ баён этган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса кофирликдир», — дедилар. Демак, бирор кишини ҳақорат ва мазах қилиш, айниқса, сўкиш фосиқлик аломати экани ушбу ҳадисдан яққол кўриниб турибди. Айнан шу мазмундаги ҳадисларни асардан келтириш мумкин. Жумладан, 602-ҳадисда шундай ёзилган: «Аҳмад ибн Хозим, Авн ибн Солим, Абу Бакр Нақшалий, Аьмашдаи, у Шақиқдан, Шақиқ Абдуллоҳдаи Абдураҳмон Сафога юзланиб, «Эй тил, яхши нарсаларни айт, мукофот оласан. Пушаймон қилишингдан олдин жим тур, тинч бўласан». Шақиқ деди: «Бу сен эшитган нарсами?!» У деди: «Расулуллоҳдан одам болаларининг аксар гуноҳи тилидан бўлади» деганларини эшитганман[30].

Ҳайсам ибн Кулайб Шоший Имом Бухорий, Термизий, Асқалоний ва Ибн Ҳиббон каби муҳаддислар қатори ўзининг «Муснад»ида ижтимоий ҳимоя масалаларига катта эътибор қаратгани ва бу борада нақл қилинган саҳиҳ ҳадисларни жамлаб келтирганлигини кузатиш мумкин. Ижтимоий ҳимоя масалаларига доир ҳадислар бева-бечораларга ҳар томонлама кўмаклашиш, қариндош-уруғлар бир-бирига ёрдам қўлини чўзишга ундайди. Жумладан, Савод ибн Али ибн Жобир Куфий Намирнинг набираси Абу Бакр Айн Осим ибн Алидан, у Қайсдан, у Абу Ҳусайндан, у Яҳё ибн Висобдан, у Масруқдан, у Абдуллоҳдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «(Эй) Билол Аллоҳ таоло (ризқни) озайтириб қўйишидан қўрқмай хайри эҳсон қилинг»[31]. Ушбу ҳадисни Абу Бакр Аҳмад ибн Амр ибн Абдулхолиқ Баззор Ҳофиз[32] (ваф. 292/905) ўзининг «Муснад» асарида Иброҳим ибн Зиёд Осим ибн Алидан келган ривоят билан келтирган. Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад Табароний[33] (ваф. 360/971) ўзининг «Муъжам» асарида Жаъфар ибн Муҳаммад Фирёбийдан келган санад билан нақл қилган. Табароний нақл қилган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га Билол бир сават хурмо бераётганида: «Эй, Билол, бу Саватдаги нима?» дедилар. Билол: «Мен буни сизга атаб тердим» деб жавоб беради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Билол жаҳаннам оловининг тутунидан қўрқмайсанми? Аллоҳ ризқни камайтиришидан қўрқмай хайри эҳсон қилгин» дедилар[34]. Бу ҳадиснинг гарчи лафзи бошқа бўлгани билан Шошийнинг «Муснад»ида келтирилган ҳадис мазмуни билан бир хилдир. Булардан ташқари, ушбу ҳадисни Аҳмад ибн Ҳажар Маккий, Ҳайсамий, Шофиъий[35] (ваф. 973/1565) «Мажмаъ аз-завоид» асарида, Жалолидцин Абдураҳмон ибн Абу Бакр ас-Суютий[36] (ваф. 911/1505) «Жомиъ ал-масонид ва ал-маросил» асарида, Аҳмад ибн Али ал-Мавсалий[37] (ваф. 307/919) «Муснад»асарида, Валиаддин Муҳаммад ибн АбдуллоҳХатиб Табризий «Мушкот ал-масобиҳ» асарида келтирганлиги Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг «Муснад» асари қанчалар ишончли эканлигидан дарак беради.

Ушбу ҳадисда бева-бечораларга хайри-эҳсон қилиш ғояси илгари сурилмоқда. Бу ғоя замирида муҳтож инсонлар ва кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам қўлини чўзиш, энг муҳими, жамиятда ўзаро қадр-қиммат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш каби олижаноб мақсадлар ётади.

Исо ибн Аҳмад Асқалоний Язид ибн Ҳорундан, у Ҳажжож ибн Артотдан, у Сулаймон ибн Саҳимдан, у Талҳа ибн Убайдуллоҳдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Аллоҳ сахийликни ва ҳусни-хулқни суяди. Ёмон хулқни эса, ёмон кўради. Аллоҳ таолони эъзозлаш уч нарсани ҳурмат қилиш билан амалга ошади: ислом хизматида сочи оқарганларни, қориларни ва адолатли подшоҳларни»[38]. Ушбу ҳадис Ҳофиз Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба Абасий (ваф. 235/849)нинг[39] «Мусаннаф Абу Шайба» номли асарида, Шаҳобиддин Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний(ваф. 852/1448)нинг[40] «Фатҳал-борий» асарида келтирилган. Лекин иккала асарда ҳам ушбу жумла «Аллоҳ таолони эъзозлаш уч нарсани ҳурмат қилиш билан амалга ошади: ислом хизматида сочи оқарганларни; қориларни ва адолатли подшоҳларни» шаклида келтирилмаган. Бундан кўриниб турибдики, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший доимо ҳар томонлама ишончли ҳадисларни ривоят қилган.

Абдулкарим ибн Ҳайсам Абулямандан, у Шуайбдан, у Абдуллоҳ ибн Абу Ҳусайндан, у Навфал ибн Мусоҳиқдан, у Саъид ибн Зайддан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Раҳим Раҳмондан бир бўлакдир. Кимки қариндош-уруғларига силаи раҳм қилса, Аллоҳ у банда билан Ўзининг ўртасини боғлайди, кимки уни узса, Аллоҳ у бандани Ўзидан узоқлаштиради» дедилар[41]. Ушбу ҳадисни Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Исо Термизий, Абу Ҳотам Муҳаммад ибн Ҳиббон Бустий (ваф. 354/965)[42] каби муҳаддислар ўзларининг шоҳ асарларида келтиришган. Ушбу ҳадис «Жомиъ ас-Саҳиҳ»да 585-рақам остида ривоят қилинган бўлиб, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший келтирган ривоят билан бир хилдир. Бошқа муҳаддислар келтирган ривоятларнинг матнларида турлича қўшимчалар бўлишига қарамай Шошийнинг «Муснади»да келтирилган ҳадис маъносига мос келади.

Умуман олганда, Имом Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший қаламига мансуб «Муснад» китобида инсонларни одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат, ҳалоллик, поклик, адолат, имон-эътиқодга даъват этувчи ҳадислар билан бир қаторда кишиларни қотиллик, разолат, фитна-фасод, зулм каби иллатлардан қайтарувчи ҳадислар ҳам ўз ифодасини топган.

Неъматулло МУҲАМЕДОВ

ШОШ ВОҲАСИ ОЛИМЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

«Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси,
Тошкент — 2007

[1] Абу Фазл Иёз ибн Мусо ибн Иёз Яҳсабий. ал-Икмол. Дор ат-Вафо, 1998. 4-ж. -Б. 276; 50-сП5к: Ал-Мактабат адфия ли суннати набавия. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулгани Багдодий. Тақйид. -Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1408 ҳ. 1-жилд. -Б. 479; Шамсуддин Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. -Байрут: Муассаса ар-рисола, 1413 ҳ. 15-жилд. -Б. 359; Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. Муснад. -Мадинаи мунаввара. Мактабат ал-улум вал-ҳикам. 1990. 1-жилд. -Б. II

[2] 50-(И5к: Ал-Мактабат алфия ли суннати набавия. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Мақдисий. ал-Аҳодис ал-мухтор. -Маккаи мукаррама: Мактабат ан-наҳдат ал-ҳадис. 1-жилд. -Б. 120; Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Қайсароний. Тазкират ал-хуффоз. -ар-Риёд: Дор ас-самиъий, 1415 ҳ. 3-жилд. -Б. 827

[3] Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. -Байруг: Дор ал-фикр. 1-жилд. -Б. 58

[4] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний. ал-Ансоб. -Байрут, 1988. 8-жилд. -Б. 12; Шамсуддин Муҳаммад Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. -Байрут, 1997. 15-жилд. -Б. 359

[5] Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. ал-Муснад. -Мадинаи мунаввара: Мактабат ал-улум вал-ҳикам, 1990. 1-жилд. -Б. 11 —12

[6] Қаранг: Самъоний. ал-Ансоб. -Байрут, 1980. 2-жилд. -Б. 317; Яна қаранг: ЗБ-сПзк: Ал-Мактабат алфия ли суннати набавпя. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулгани Багдодий. ат-Тақйид. -Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1408 ҳ. 1-жилд. -Б. 479; Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Қайсароний. Тазкират ал-хуффоз. -ар-Риёд: Дор ас-самиъий, 1415 ҳ. -жилд. -Б. 827

[7] ат-Тақйид. 1-жилд. -Б. 479; Тазкират ал-хуффоз. 2-жилд. -Б. 634; Сийар аълом ан-нубало. 15-жилд. -Б. 359

[8] Самъоний. ал-Ансоб. 2-жилд. -Б. 312; ат-Тақйид. 1-жилд. -Б. 479; Тазкират ал-хуффоз. 3-жилд. -Б. 827; Яна қаранг: Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани Багдодий. Такмилат ал-икмол. -Маккаи мукаррама: Жомиъат умма ал-қура, 1410 ҳ. 3-жилд. -Б. 487

[9] Шамсуддин Заҳабий. Снйар аълом ан-нубало. 15-жилд. -Б. 359

[10] Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. ал-Муснад. -Мадинаи мунаввара: Мактабат ал-улум вал-ҳикам, 1410 ҳ. 1-жилд. -Б. 13

[11] Уватов У. Имом Шоший ҳаёти ва ижодига оид баъзи маълумотлар //Тарихий манбашунослик муаммолари. -Т.: Университет. 2003. -Б. 48

[12] Қаранг: Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. Муснад. -Мадинаи мунаввара: Мактабат ал-улум вал-ҳикам, 1990. 1-жилд. -Б. 14—17; Яна қаранг: Шамсуддин Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 15-жилд. -Б. 359; ЁқутҲамавий. Муъжам ал-булдон. 1-жилд. -Б. 500; ат-Тақйид. 2-жилд. -Б. 298; ат-Тазкират. 3-жилд. -Б. 848; Шазарат аз-заҳаб 2-жилд. -Б. 342

[13] Шамсуддин Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 15-жилд. -Б. 359

[14] Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. 1-жилд. -Б. 500

[15] Уватов У. Имом Шоший ҳаёти ва ижодига оид баъзи маълумотлар // Тарихий манбашунослик муаммолари. -Т.: Университет, 2003. -Б. 49

[16] Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Қайсароний. Тазкират ал-хуффоз. 3-жилд. -Б. 848

[17] Самъоний. ал-Ансоб. 2-жилд. -Б. 317; Шамсуддин Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 15-жилд. -Б. 359; Ёқут Ҳамавий. Муъжам ал-булдон. 1-жилд. -Б. 500; Хожа Халифа. Кашф аз-зунун. 2-жилд. -Б. 1684; Абу Бакр Муҳаммад ал-Багдодий. Такмилат ал-икмол. 1-жилд. -Б. 504; Абу Бакр Муҳаммад Бағдодий. ат-Тақйид, 1-жилд. -Б. 173, 396, 403, 425, 479; Яна қаранг: Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. ал-Муснад. -Б. 5-18

[18] Шамсуддин Заҳабий. Табақотал-муҳаддисин. -Аммон: Дор ал-Фурқон. 1404 ҳ. 1-жилд.-Б. 111

[19] Уватов У. Имом Шоший ҳаёти ва ижодига оид баъзи маълумотлар // Тарихий манбашунослик муаммолари. -Т.: Университет, 2003. -Б 48

[20] Шамсуддин Заҳабии. Сийар аълом ан-нубало. 16-жилд. -Б. 466

[21] Ўша манба. 17-жилд. -Б. 30

[22] Ўша манба. 17-жилд. -Б. 94

[23] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Багдодпй. Такмилат ал-икмол. Маккаи мукаррама: Жомиъат умма ал-қура, 1410 ҳ. 1-жилд. -Б. 232

[24] Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Қайсароний. Тазкират ал-хуффоз. 3-жилд. -Б. 848

[25] Қаранг: Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулгани Багдодий. ат-Тақйид. -Байрут: Дор ат-кутуб ал-илмия. 1408 ҳ. 1-жилд. -Б. 479; Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулгани Багдодий. Такмилат ал-икмол. -Маккаи мукаррама: Жомиъат умма ал-қура, 1410 ҳ. 3-жилд. -Б. 487; Абу Саъд Самъоний. ал-Ансоб. -Байрут, 1980. 7-жилд. -Б. 246

[26] Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. Муснад. -Мадинаи мунаввара. Мактабат ал-улум вал-ҳикам, 1990

[27] Уватов У. Имом Шоший ҳаёти ва ижодига оид баъзи маълумотлар // Тарихий манбашунослик муаммолари. -Т.: Университет, 2003. -Б. 49

[28] Қаранг: Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. ал-Муснад. Мадинаи мунаввара: Мактабат ал-улум вал-ҳикам, 1990. -Б. 7—10

[29] Қаранг: Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. ал-Муснад. -Мадинаи мунаввара: Мактаб ал-улум вал-ҳикам, 1990. 1-жилд. -Б. 29

[30] Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. ал-Муснад. -Мадинаи мунаввара: Мактаб ал-улум вал-ҳикам, 1990. 2-жилд. -Б. 78

[31] Абу СаъидҲайсам ибн Кулайб Шоший. Муснад. Мадинаи мунаввара. Мактаб ал-улум вал-ҳикам. 1990. 1-жилд. — Б. 388, 389, 390, 391

[32] Хожа Халифа. Кашф аз-зунун.. -Маккаи мунаввара: Мактабат ал-Файсалий, 1981. 1-жилд.-Б. 1160

[33] Ўша манба. -Б. 1198

[34] Ўша манба. -Б. 342

[35] Ўша манба. -Б. 1041

[36] Ўша манба. -Б. 4042

[37] Ўша манба. -Б. 1159

[38] Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. Муснад. -Мадинаи мунаввара. Мактаб ал-улум вал-ҳикам. 1990. 1-жилд. Б. 80-81

[39] Хожа Халифа. Кашф аз-зунун. -Маккаи мукаррама: Мактабат ал-Файсалий, 1981. 1-жилд. -Б. 1158

[40] Ўша манба. -Б. 55

[41] Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший. Муснад. -Мадинаи мунаввара. Мактаб ал-улум вал-ҳикам. 1990. 1-жилд. -Б. 273

[42] Хожа Халифа. Кашф аз-зунун. -Маккаи мукаррама: Мактабат ал-Файсалий, 1981. 1-жилд. -Б. 7343

Ўхшаш мақола

Саид Аҳмад

Post Views: 271 САИД АҲМАД (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳусанхўжаев Саид­аҳмад) (1920.10.6–2007.5.12) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *