Бош саҳифа » Тошкентликлар » Шошлик муҳаддислар. Абу Бакр Умар ибн Абдураҳим Шоший

Шошлик муҳаддислар. Абу Бакр Умар ибн Абдураҳим Шоший

Шошлик муҳаддислар орасида тасаввуфда ҳам шуҳрат қозониб, «шайх», «солиҳ суфий» каби даражаларга эришган олимлар ҳам мавжуд. Ана шундайлардан бири Абу Бакр Умар ибн Абдураҳим Шоший бўлиб, у тах. 450/1058 йилда туғилиб, 518/1124 йилда вафот этган. У шайх, солиҳ суфий ва муҳаддис[1]. Абу Бакр Умар ибн Абдураҳим Шоший Имом Абулмузаффар Самъоний, Абулқосим Ҳибатуллоҳ ибн Абдулворис Шерозий Ҳофиз, Абу Саъд Муҳаммад ибн Хорисий ва бошқалардан ҳадис илмини ўрганган. Тарихчи Абу Саъд Самъоний ундан Марвда ҳадислар ёзиб олган. Самъонийнинг хабар беришича, «мен ундан фотиҳа олганман ва уни тез-тез зиёрат қилардим. Ундан эшитган ҳадислар ривоятлари сирасида Ҳибатуллоҳ Шерозий тўплаб, ёзиб олган «Арбаъин» ҳам бор эди»[2]. Абу Бакр Умар ибн Абдураҳим Шоший ҳижрий 518 йил охирида Марвда вафот этган ва Розиқдарёси қирғоғи бўйига дафн қилинган.

Бу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Шош ҳам Ўрта Осиёдаги Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Хива ва бошқа шаҳарлар каби бутун мусулмон Шарқидаги маданий марказлар қаторида машҳур бўлгани ўзининг исботини топди. Ислом илмлари, жумладан, ҳадис илмида ишончли муҳаддис Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший (ваф. 947) ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар тадқиқ қилиниши натижасида алломанинг «Имом Шоший» номи билан дунёга машҳур бўлгани аниқланди.

Имом Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший элликка яқин олимлардан ҳадис илмидан сабоқ олган. Унинг энг машҳур устозларидан термизлик буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизий, маккалик Абул Ҳасан Бағовийларни кўрсатиш мумкин. Ўз навбатида, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший кўплаб шогирдлар етиштирган. Улар орасида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда Исфаҳоний, Абул Қосим Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Хузоъий, Абу Наср Бухорий Калабозий, Мансур ибн Наср ибн Абдураҳим Самарқандий каби таникли олимлар бор эди.

Ҳайсам ибн Кулайб Шоший Имом Абдуллоҳибн Муборак Марвазий, Исҳоқибн Роҳавайҳ Марвазийлар сингари ўлкамизда «Муснад» туркумидаги ҳадис тўпламини тузган[3]. Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг «Муснад» («Муснади кабир») асари «Муснади Шоший» деб ҳам юритилади.

Умуман олганда, Шош воҳасида ҳадис илми ривожланган ва бу ердан етишиб чиққан муҳаддислар нафақат Шош воҳасида, балки ислом дунёсинингтурли шаҳарларида илмий фаолият кўрсатган. Х-ХII асрларда Шош воҳасидан етишиб чиққан муҳаддис, ҳофиз, ҳадис ровийларига оид ўрта аср араб манбаларидан олинган маълумотлар монографиянинг илова қисмида берилган.

Неъматулло МУҲАМЕДОВ
ШОШ ВОҲАСИ ОЛИМЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

«Тошкент ислом университети»
нашриёт-матбаа бирлашмаси,
Тошкент — 2007

[1] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъонии. ат-Таҳбир фи муъжам ал-кабир. 1-жилд. -Б. 229

[2] Ўша манба. 1-жилд. -Б. 229

[3] Қаранг: Имомназаров М., Эшмуҳамедова М. Ислом минтақа маънавиятида Сунна босқичи // Миллий маънавиятимиз асослари. -Т.: Тошкент ислом унивсрситети, 2001. -Б. 133-134

Ўхшаш мақола

Маҳмуд Усмонов (ганчкор уста)

УСМОНОВ Маҳмуд (1910–1997.1.7) – ганчкор уста, Ўзбекистон Бадимий академияси академиги (1997), Ўзбекистон халқ рассоми (1977). …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *