Бош саҳифа » Тошкентликлар » Шошлик муҳаддислар. Абу Али Ҳасан ибн Соҳиб ибн Ҳамид Ҳофиз Шоший

Шошлик муҳаддислар. Абу Али Ҳасан ибн Соҳиб ибн Ҳамид Ҳофиз Шоший

Абу Али Ҳасан ибн Соҳиб ибн Ҳамид Ҳофиз Шоший (ваф. 314/926) — кўплаб ҳадисларни ёд билувчи ҳофиз, ишончли муҳаддисдир[1]. Шошда туғилиб ўсган. Ҳасан ибн Соҳиб Шоший имом, ҳофиз, кўп юртларни кезган сайёҳ бўлиб, у илм талабида Хуросон, Ироқ, Шом, Ҳарамайн (Макка ва Мадина), Яман, Мисрдаги турли табақалардан ҳадислар эшитган[2]. Ҳалимийнинг айтишича, Соҳиб Шоший катта ҳофиз бўлиб, Хуросон шайхларидан ҳадислар ёзиб олган[3]. «Тарихи Бағдод» китобида Соҳиб Шоший Хуросон шаҳарлари ва тоғлари, Ироқ, Ҳижоз, Шом ҳақида турли маълумотлар ёзганлиги қайд этилган[4]. У ҳижрий 311 йилда Бағдодга келиб, Али ибн Хашрам[5], Исҳоқибн Мансур, Абу Зуръа Розий[6], Амир ибн Абдуллоҳ Ўдий, Муҳаммад ибн Авф Химсий, Абдо ибн Сулаймон Басрий, Исо ибн Ғийлон, Хубайра ибн Ҳасан Зоҳид, Муҳаммад ибн Абдулазиз Дайнурий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган[7]. Ҳасан ибн Соҳиб ибн Ҳамид Ҳофиз Абу Али Шоший тўғрисида «Иршод» асари муаллифи қуйидагича баён қилган: «У Хуросон шайхларининг китобларида зикр этилган катта ҳофиз эди»[8]. Соҳиб Шоший нафақат ҳадислар, балки юқорида айтилганидек, ўзи сафар қилган мамлакатлар шаҳарлари, шунингдек, катта олимлар, шайхлар тўғрисида маълумотлар қолдирган. Жумладан, Соҳиб Шоший тўрт мазҳаб асосчиларидан бири Имом Шофиъийдан Қуръон ҳақида қуйидагиларни эшитган: «Уф, уф, Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Кимки, уни махлуқ деса, кофир бўлади (Бунинг исноди саҳиҳдир)»[9]. Ўша даврда муътазилийлар томонидан «Қуръон махлуқми ёки илоҳийми?» деган масалада ихтилофлар чиққан. Имом Шофиъийдан бу ҳақда сўрашганида, у «уф» тортиб, кейин жавоб берган.

Маълумки, Соҳиб Шоший Жазирага ҳам ташриф буюрган, у ерда шайх, фақиҳ, аллома Абулқосим Умар ибн Муҳаммад ибн Икрима ибн Базрий Жазарийнинг шогирди бўлган[10]. Соҳиб Шошийдан Абу Али Найсобурий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жуъабий[11], Муҳаммад ибн Исмоил Варроқ, Абу Бакр Қаффол Шоший[12], Абу Али Ҳофиз, Муҳаммад ибн Музаффар[13] ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Буюк аллома Абу Бакр Қаффол Шоший Ҳасан ибн Соҳиб Шошийдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: «Шеърни ўрганинглар, чунки унда ҳикмат ва масаллар бордир»[14].

Ҳасан ибн Соҳиб Шоший 314/986 йилда вафот этган[15]. Бу сана бошқа манбада ҳам қайд этилган: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Найсобурий Ҳофизнинг хабар беришича, «Ҳасан ибн Соҳиб Шошда 314 йилда вафот этган»[16]. «Тарихи Бағдод», «Табақот ал-хуффоз», «Тазкират ал-хуффоз», «Ансоб», «Сийар аълом нубало», «Иршод» каби қатор араб манбаларида Ҳасан ибн Сохиб Шоший номи «Ҳофиз» дея ҳурмат билан тилга олиниб, ишончли муҳаддис сифатида эътироф этилган.

Неъматулло МУҲАМЕДОВ
ШОШ ВОҲАСИ ОЛИМЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

«Тошкент ислом университети»
нашриёт-матбаа бирлашмаси,
Тошкент — 2007

[1] Тазкират ал-хуффоз. 3-жилд. -Б. 780; Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий. Табақот ал-хуффоз. -Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1403 ҳ. 1-жилд. -Б. 329; Тарихи Бағдод. 7-жилд. -Б. 333

[2] Сийар аълом ан-нубало. 14-жилд. -Б. 431

[3] Табақот ал-хуффоз. 1-жилд. -Б. 329

[4] Тарихи Багдод. 7-жилд. -Б. 333

[5] Тарихи Багдод. 7-жилд. -Б. 333; Тазкират ал-хуффоз. 3-жилд. -Б. 780; Сийар аълом ан-нубало. 14-жилд. -Б. 431

[6] Табақотал-хуффоз. 1-жилд. -Б. 329; Тарихи Бағдод. 7-жилд. -Б. 333

[7] Тарихи Бағдод. 7-жилд. -Б. 333

[8] Тазкират ал-хуффоз. 3-жилд. -Б. 780

[9] Сийар аълом ан-нубало. 10-жилд. -Б. 18

[10] Такмилат ал-икмол. 1-жилд. -Б. 399

[11] Сийар аълом ан-нубало. 14-жилд. -Б. 431

[12] Тазкират ал-хуффоз. 3-жилд. -Б. 780; Сийар аълом ан-нубало. 14-жилд. -Б. 431

[13] Сийар аълом ан-нубало. 14-жилд. -Б. 431

[14] Ўша манба. 14-жилд. -Б. 431

[15] Ўша манба. 14-жилд. -Б. 431

[16] Тарихи Бағдод. 7-жилд. -Б. 333

Ўхшаш мақола

Саид Аҳмад

САИД АҲМАД (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳусанхўжаев Саид­аҳмад) (1920.10.6–2007.5.12) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўзбекистон Қаҳрамони …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *