Бош саҳифа » Тошкентликлар » Шош воҳаси фақиҳлари мероси

Шош воҳаси фақиҳлари мероси

Фиқҳ илми исломшуносликнинг етакчи тармоқларидан бири. Айни пайтда кам ўрганилган соҳаси саналади. «Гарчи фиқҳ илми ҳақида К.Броккельман, О.Прицак, Ю.З.Кавакжи ва бошқа Ғарб олимлари ишларида бирмунча сўз юритилса-да, лекин улар Мовароуннаҳрда ўрта асрлардаги фиқҳ илми тарихи тараққиётини ўрганишда етарли манба бўла олмайди»[1].

Кейинги йилларда бир қатор ўзбек олимлари А.Саидов[2], А.Мўминов[3], М.Камилов[4], О.Қориев[5], А.Жўзжоний[6], С.Исҳоқов[7] томонидан тадқиқотлар амалга оширилди. Шунингдек, буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя»[8] асари, Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа қаламига мансуб «Мажмаъ ул-мақсуд ёки Мухтасар ул-Виқоянинг ўзбекча шарҳи»[9] ва бошқа кўплаб китоблар нашрдан чиқди. Ҳозирги кунда мазкур соҳа бўйича бир қатор ҳуқуқшунос, исломшунос олимлар тадқиқотлар олиб боришмоқда. «Зеро, Ўрта Осиёлик фақиҳларимиз жаҳон ҳуқуқий маданияти тараққиётига қўшган ҳиссасини атрофлича тадқиқ қилиш давр талабидир»[10].

Маълумки, фиқҳ илми нафақат диний ва ҳуқуқий масалалар, балки маънавий, ахлоқий қадриятларни ҳам ўрганади. Юридик фанлар доктори, проф. А.Саидов ёзганидек, «Фиқҳ — ислом қонуншунослиги Шарқ халқлари ва ислом маданияти эришган буюк қадриятдир»[11].

Фиқҳ ислом ҳуқуқшунослиги соҳаси сифатида XIII-Х асрларда шаклланди ва унинг методологияси вужудга келди. Фиқҳ илми мустақил ҳуқуқшунослик соҳаси сифатида ривожлана бориб, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига оид бўлган масалаларни қамраб олди: имон асослари, ақида талаблари, инсон турмуш тарзига хос бўлган муомала, ахлоқ, ибодат қонун-қоидалари. Бу жараён икки ярим аср давом этиб, ислом ҳуқуқшунослигининг шаклланишида «олтин аср» деб номланади[12].

Ҳижрий I асрда ислом ҳуқуқи шакллана бошлаб, ҳижрий II ва III асрларда тараққиёт босқичларига кўтарилди. Ҳижрий II аср бошларида илк ҳуқуқий мактаблар (мазҳаблар) юзага кела бошлади ва янги шаклланган ислом жамияти ўзининг бошланғич ҳуқуқий ва қонуний институтлари — муассасаларини қуришга муваффақ бўлди. Фиқҳ илми ўз ривожланиш босқичларини шу йўсинда босиб ўтди. Асли араб бўлмаган кўп халқлар, айниқса, Мовароуннаҳр фақиҳлари ва муҳаддислари унинг ривожига беқиёс даражада катта ҳисса қўшиб келдилар[13].

Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби буюк намояндалари ёзган нодир асарлар туфайли ўз тараққиётига кўтарилган Ислом қонуншунослиги халқимиз маънавий-ҳуқуқий меросининг узвий ажралмас қисми сифатида асрлар давомида Марказий Осиё халклари ҳаётида муҳим омил бўлиб хизмат қилиб келган[14].

Жумладан, бу соҳада шошлик фақиҳлар ҳам ислом ҳуқуқшунослигида қимматли асарлар яратишган. Фиқҳ илми ривожида шубҳасиз, буюк имом Абу Бакр Қаффол Шошийнинг ҳиссаси катта бўлган.

Ўрта асрларда «Фахр ал-ислом» («Ислом фахри») сифатида шуҳрат қозонган Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Мустазҳирий Шоший (1038—1114) ўз даврида Бағдоддаги фуқаҳоларнинг раиси бўлган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Бағдодга бориб, машҳур фақиҳ Абу Исҳоқ Шерозий, Абу Наср ибн Саббоғлардан фиқҳни ўрганиб, таниқли имом даражасига етди[15].

Таниқли исломшунос Ризоуддин Фахриддин ўзининг «Имом Ғаззолий» асарида «Абу Бакр Шоший Абу Исҳоқ Шерозий, Абулқосим Қушайрий, Ҳаририй (соҳиби мақомот), Абу Исҳоқ Воҳидий, Абулмаҳосин Рўёний, Хатиб Табризий, Хатиб Бағдодий, Қози Байзовий каби йирик олимлар замонида яшаган эди», деб ёзган[16].

Маълумки, салжуқийларнинг буюк вазири Низом ал-Мулк ислом оламидаги бир қанча йирик шаҳарлар каби Бағдодда ҳам «Низомия» мадрасасини қурдирган. Ушбу мадраса ўз даврида академия даражасида бўлган. Чунки «ўша кезларда бу мадраса энг муҳташам ва йирик саналар, бу ерга араб мамлакатлари марказларидангина эмас, ҳатто, Ўрта Осиёнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби қатор шаҳарларидан, Хуросон ва Шошдан ҳам талабалар келиб таълим олар эди. Мадраса икки қаватли бўлиб, бу ерда бир йўла тўрт юз талаба дарсга қатнашар, мантиқ, калом, луғат илми, сарфу наҳв (грамматика), одоб каби фанлар ўқитилган»[17].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший Бағдоддаги «Низомия» мадрасасида таълим олган ва кейинчалик унинг мударриси этиб тайинланган. У бу ерда кўп таниқли олим ва алломалар билан мулоқотда бўлган. «Йирик файласуф Абу Ҳомид Ғаззолий (1059—1111), Абу Исҳоқ Шерозий (ваф. 1083), Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шошийлар бир вақтда мана шу «Низомия»да дарс берганлар»[18].

Ўрта асрларда (IX—XII) илм-фан ва маданият марказларидан бири Бағдодга «Шоший» нисбасидаги бир қатор олимлар — машҳур муҳаддис Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб Шоший[19], Жаъфар ибн Шуайб Шоший[20], Муҳаммад ибн Яҳё ибн Закариё Шоший[21], Ҳасан ибн Соҳиб Шоший[22], Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид Шоший[23] Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исҳоқ Абу Али Шоший[24] ва бошқалар ташриф буюрган. Бу ерда улар нафақат илм ўрганишган, балки мударрис, аллома, фақиҳ, имом сифатида машҳур бўлишган.

Неъматулло МУҲАМЕДОВ
ШОШ ВОҲАСИ ОЛИМЛАРИНИНГ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИ

«Тошкент ислом университети»
нашриёт-матбаа бирлашмаси,
Тошкент — 2007

[1] Камилов М.М. Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожида Алоуддин ас-Самарқандийнинг ўрни ва «Туҳфат ал-фуқаҳо» асарининг аҳамияти: Тарих фанлари номзоди… дис. автореф. -Т.: 2000. -Б. 3

[2] Саидов А.Х. Бурҳониддин Марғиноний — буюк ҳуқуқшунос (шариат ва ўзбек миллий маънавий-ҳуқуқий мероси тарихидан лавҳалар). -Т.: 1997

[3] Муминов А.К. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II—УП/УП1—XIII вв.): Автореф. дисс. на соиск. учен. степ. док. ист. наук. -Т.: 2003

[4] Камилов М.М. Мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожида Алоуддин ас-Самарқандийнинг ўрни ва «Туҳфат ал-фуқаҳо» асарининг аҳамияти: Тарих фанлари номзоди… дис. автореф. -Т.: 2000

[5] Кариев А.А. Бурхан ад-дин ал-Маргинани и его место в истории фикха: Автореф. дисс. канд. ист. наук. -Т.: 2001

[6] Жўзжоний А.Ш. Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. -Т.: Тошкент ислом университети, 2002

[7] Исҳоқов С. Бурҳониддин Марғиноний ва фиқҳ илми. -Т.: Адолат. 2000

[8] Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ҳидоя. -Т.: Адолат. 2000. 1-жилд. -848 б

[9] Мақсудхўжа ибн Мансурхўжа. Мажмаъ ул-мақсуд ёки Мухтасар ул-Виқоянинг ўзбекча шарҳи. -Т.: Адолат, 1996. -640 б

[10] Қаранг: Саидов А. Мовароуннаҳр фиқҳшунослигига кириш // Жўзжоний А. Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. -Т.: Тошкент ислом университети, 2002. -Б. 4

[11] Саидов А. Усулул фиқҳ — ислом қонуншунослигига бир назар // Усулул фиқҳ. -Т.: Адолат, 1997. -Б. 209

[12] Қаранг: Баҳодиров Р., Расулов Д. Ислом илмларининг буюк алломалари. -Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2000.-Б. 10; Сюкияйнен Л.Р. Мусульманское право. -М., 1986. С. 68

[13] Жўзжоний А.Ш. Ислом ҳуқуқшунослиги ва ҳанафий мазҳаби тараққиётида Ўрта Осиё фақиҳтарининг ўрни. Юридик фанлар номзоди… дисс. автореферати. -Т., 2005. -Б. 11

[14] Саидов А. Усулул фиқҳ — ислом қонуншунослигига кириш // Усулул фиқҳ. -Т.: Адолат, 1997. —Б. 207

[15] Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб Субкий. Табақот аш-шофиъия ал-кубро. -Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1999. 3-жилд. -Б. 341; Шамсуддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 19-жилд. -Б. 393

[16] Ризоуддин Фахриддин. Имом Ғаззолий. ЎзР ФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фонди. Инв. № 9122. 16-саҳифа

[17] Муниров Қ., Ирисов А., Носиров А. Тошкент тарихида баъзи сиймолар. Т.: Фан, 1983. -Б. 16-17

[18] Ўша манба. -Б. 17

[19] ат-Тақйид. 1-жилд. -Б. 479

[20] Тарихи Бағдод. 7-жилд. -Б. 195

[21] Ўша манба. 3-жилд. -Б. 216

[22] Тазкират ал-хуффоз. 3-жилд. Б. 780; Тарихи Багдод. 7-жилд. -Б. 333

[23] Муъжам ал-булдон. 3-жилд. -Б. 382

[24] Тарихи Бағдод. 4-жилд. -Б. 392

Ўхшаш мақола

Маҳмуд Усмонов (ганчкор уста)

УСМОНОВ Маҳмуд (1910–1997.1.7) – ганчкор уста, Ўзбекистон Бадимий академияси академиги (1997), Ўзбекистон халқ рассоми (1977). …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *